Хайрият, “Чўлтоқ сонет” овоза
бўлмади. Иноят Махсум модерн шоирнинг оғзига катта қулф осиб қўйди. Отқоринни
яна марказга кўчириб келтирдим, унга муҳим топшириқ бердим.
Отқорин намунавий “Тозалик комиссияси”ни
барпо этди. Сўз санъатининг сир-асрорини яхши биладиган, матнга беозор қалам
теккизиб мазмун-моҳиятни батамом ўзгартириб юборишга қодир бўлган тажрибали
муҳаррирлардан ва садоқатли ходимлардан иборат Таҳрир ҳайъати таркибидан махсус
комиссия аъзоларини танлаб олди. Девонда орттирган таниш-билишлари орқали
бировга Дипломатия университетини битириб деканатда раҳбарларга чой ташиб юрган
ўғлини Ташқи ишлар вазирлигига ишга жойлашга ёрдам берган бўлса, бошқа бировга
номзодини Давлат мукофотига даъвогарлар рўйхатига киритилишига қарашиб юборди,
яна кимгадир яқин келажакда орден ёки медал олиб беришга сидқидилдан ваъда
берди. Қарс икки қўлдан чиқади, азизлар, бунинг эвазига виждонан ишласаларинг
бас, виждонан ишлаётганларингга Ютманбошимизни ишонтирсаларинг бас, сизлардан
бошқа нарса талаб қилмайман. Редакциянинг умумий мажлисларида ҳам, ходимлар
билан яккама-якка суҳбат чоғида ҳам “Чўлтоқ сонет” тўғрисида лом-мим дейилмади.
Илгари вақтинча Бош муҳаррир вазифасини бажарган Пакананинг фаолият доираси
кескин чеклаб қўйилди; ҳар хил баҳоналар билан у тайёрлаб берган материаллар
чоп этилмади, ундан ҳеч қандай маслаҳат ёки фикр-мулоҳаза сўралмади, ўзига бино
қўйган иззатпараст кимса четга суриб чиқарилди. Бечора Пакана ўз ёғига ўзи
қовурилиб, охир-оқибат қанд касалига йўлиқди ва тез-тез касалхонада ётиб
даволанадиган бўлиб қолди.
Собиқ донишманд жорий этган янги
тартиб-қоидага кўра, газетада эълон қилинадиган материал обдан чиғириқдан
ўтказилгач, муаллиф шахсияти тўғрисида махсус хизмат идорасидан маълумот
сўраларди, илгари қандайдир гуноҳ қилиб, кейин ўзини оқлаб “пассив обектлар
рўйхати”га киритилган бўлса, маҳалла оқсоқолларига мурожаат этиларди, охирида
пойтахтдаги барча туғуруқхоналарга бирма-бир телефон қилиниб, нозик одамларнинг
энасини бўғоз этиб қўйганми-қўймаганлиги тўғрисида пойма-пой маълумот
тўпланарди. Охир-оқибат Фалончининг номи газета саҳифаларида умуман тилга
олинмасди. Яъни, Фалончи номига “табу” қўйиларди, “Лаънатга учраган кимсалар”
рўйхатига киритилиб, Бош муҳаррир ғаладонида сақланадиган қалин дафтар
саҳифасидан алифбе тартиби бўйича муқим жой оларди.
Албатта, эски цензура билан янги
ташкил этилган “Тозалик комиссияси” ўртасида ер билан осмонча тафовут бор эди.
Цензура қўлига келиб тушган материални ўқиб унинг ғоявий йўналиши коньюктурага
мос келиш-келмаслигини аниқлаб, мақсадга мувофиқ бўлиши учун у ер-бу ерига
қизил қалам теккизиб редакцияга қайтариб берарди; истисно ҳолатларда айрим
материалларнинг чоп этилишига изн бермасди – муҳр босмасди. Газетанинг нишона
нусхасига цензура муҳри босилмаса, босмахонада газета чоп этишдан тақатақ
тўхтатиларди. Цензура фаолияти конкрет материалдан бошланиб, босмахонада
ниҳоясига етарди. “Тозалик комиссияси” эса муайян пайкал-материални узунасига
шудгор қилиб чиққандан сўнг, устидан барона юргизиб гўё кесакларни майдалаб
увалатиб юборар, кейин мола босиб теп-текис этиб қўяр, нивилирда текшириб
кўрилгач, пайкал-материал кўндаланг ҳолатда ҳам шудгор этилиб, бояги жараёнлар
қайтадан ўтказилар, охирида бир четда чангга ботиб ўтирган ер эгаси
ҳартомонлама кўрикдан ўтказилар эди.
Цензурада давлат бюджетидан маош
оладиган ходимлар ишлаган бўлса, “Тозалик комиссияси”нинг аъзолари ўз зиммасига
юклатилган вазифани жамоатчилик асосида текинга жон куйдириб адо этишарди.
Муқаддам таъкидланганидек, улар маънавий томондан манфаатдор бўлишарди.
Отқориннинг намунавий тажрибаси
барча вақтли матбуот таҳририятларида, радио ва телевидениеда, нашриётларда
жорий этилди. Бирпасда оммавий тус олди. Назаримда, ижодкорларнинг ўзлари бир
умр цензор бўлишни орзу қилар экан. Ташаббуснинг қаноти бор деган гап бекорга
айтилмаган. Отқориннинг ўзимизга мос ва ўзимизга хос янгича иш услуби ҳадемай
пойтахтдан жамики вилоятларга, вилоятлардан туманларга ҳам кўчиб ўтди. Энг
қувончлиси шундаки, жомеъ масжидларининг имом-хатиблари ҳам ўз корхоналари қошида
жамоатчилик асосида “Тозалик комиссияси” ташкил этиб, мўмин мусулмонларни тўғри
йўлдан (“Сиротал мустақийм”) огоҳ қилиб, ҳақ йўлига бошлаб кетди десам, асло
муболаға бўлмайди. Хўш, “Тозалик комиссияси” масжид қошида қандай фаолият
кўрсатади? Бу савол дастлаб мани хийла ўйлантириб, қизиқтириб қўйди. Тез орада
саволимга қониқарли жавоб олдим. Комиссия аъзоларига масжид ҳужраларидан
биттаси ажратиб берилади – бир. Жума намози кунлари комиссия аъзолари кўзларига
“иссиқ кўринган” намозхонни бир пиёла чойга таклиф этади – икки. Оқ халат
кийган “тиббиёт ходимлари” гўё тасодифан ҳужрага кириб ҳаммани бир чеккадан
кўрикдан ўтказиб, айнан “иссиқ кўринган” кимсада “чўчқа тумови аломатлари”
борлигини эътироф этиб уни дарҳол жамоат жойида изоляция қилади, яъни кўчада
кутиб турган “тез ёрдам” машинасида Чуқурсойга олиб кетишади – уч. Кўзга “иссиқ
кўринган” кимсага қўйилган дастлабки “диагноз” тасдиқланмаса, унинг кет-пети
ҳидлаб кўрилгач, узр сўраб озодликка қўйиб юборилади – тўрт. Аксарият ҳолларда
“тозалик комиссияси” бир пиёла чойга таклиф этган мижоз махсус хизмат
ходимларининг “қора рўйхат”идан жой олган шубҳали кимса бўлиб чиқади ва
тўсатдан ғойиб бўлиб, орадан уч-тўрт ой ўтгач оила аъзоларини ажаблантириб
телевидение орқали ўз гуноҳларига сидқидилдан иқрор бўлиб, Юртменбошидан
кечирим сўраб, амнистия берилишини илтимос қилади, ялиниб-ёлвориб юм-юм
йиғлайди; ҳамтовоқларини ҳам бирма-бир фош этиб, уларни “тўғри йўл”га даъват
этади...
Хуллас, ана шунақа гаплар.
“Тозалик комиссияси” ман
ўйлаганимдан кўра ҳам самаралироқ фаолият кўрсата бошлади.
Тунов куни Отқоринга телефон
қилиб, алоҳида миннатдорчилик билдириб қўйдим. Сездимки, кети саксовул ёқилган
тандирга ўхшаб яшнаб кетди. Ҳойнаҳой, гўшакни қўйган заҳотим у ҳожатхонага
қараб югурган бўлса керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий