среда, 18 апреля 2018 г.

90. “Бўронларда бордек ҳаловат”


Қайнатма шўрва одамни терлатар экан. Қуёшбек пиширган шўрвани ичиб ғор-ғор терладим. Кўйлак баданимга чилп-чилп ёпишиб қолди. Болаларини суғориб қайтган типратикон онасидек бирам яйрадимки, асти қўяверасиз.
Қуёшбек билан хайр-хўшлашдим. Уни умидвор этиб жўнатдим. Терларим қуригач, душхонага кириб чўмилиб чиқдим. Ўзимни қушдек енгил ҳис этдим. Хобхонага кириб чўзилдим. Ухлаб қолдим. Кечки пайт мириқиб уйғондим. Ҳа, айнан мириқиб уйғондим. Биламан, оддий одамлар мириқиб ухлайди, лекин ман мириқиб уйғондим. Оддий одамлардан фарқим бор: оддий одамлар фақат одам холос, ман Юртменбошиман. Ҳамма манинг етовимда юради; тур десам туради, юр десам юради...
Ювиниб-тараниб боғ сайрига чиқдим. Теракзорга бориб теракларнинг чапак чалишини томоша қилдим. Терак барглари уфққа қизариб ботаётган қуёш нурларига чулғаниб лов-лов ёнаётгандек кўринарди. Лов-лов ёняпти-ю, лекин чапак чаляпти. Чотқол тоғларидан майин шабада эсяпти. Шабада теракларни чапак чалдиряпти. Ажаб, шабада терак барглари учун Юртменбоши экан-да!
Ўзини терак панасига олиб турган адютантимни кўрсаткич бармоғим билан имлаб ёнимга чақирдим.
-Нега ўғри мушукка ўхшаб пойлаб турибсан? – дедим.
-Ўзим.
-Тинчликми? Терак майдончасида сичқон-пичқон йўқмикан?
-Йўқ. Иноят Махсум ҳамма сичқонларга қирон келтирди.
-Дуруст, – дедим. – Шу ишни тарсаки емасдан олдин қилса ҳам бўларди-ку!
Изимга қайтдим. Кутубхонамга кирдим. Жавонда тизилиб турган китобларни бир-бир кўздан кечириб, креслога бориб ўтирдим. Ўтирган жойимда икки-уч марта айландим. Телефонга қўл чўздим. Гўшакни қулоғимга яқинлаштириб:
-Алё, ким бу? – деб сўрадим.
-Операторман.
-Қайси оператор? Киноларни суратга оладиган оператормисан?
-Йўғ-э, сиз истаган одамни улаб берадиган телефон тармоғининг операториман. Кимни улаб берай?
-Иноят Махсумни ула. – Бирпас кутиб ўтирдим.
-Алё, эшитаман, – деди Иноят Махсум.
-Нима қиляпсан?
-Ўтирибман. Хизмат борми?
-Майли, ўтиравер. Тинчликми ўзи?
-Тинчлик, – деди. Товушидан хавотирга тушиб қолганини яққол сездим.
-Ростдан ҳам тинчликми?
-Тинчлик, – деди ишонқирамай. – Нима, бир гап бўптими?
-Операторга айт, манга Парокандни улаб берсин. – Бирпас кутдим.
-Алё, эшитаман.
-Нима қиляпсан?
-Хотира дафтарингизни таҳрир қилиб ўтирибман.
-Камчиликлар йўқми?
-Йўқ, ҳаммаси жой-жойида.
-Бўпти, камчилик бўлса айтарсан. – Гўшакни уясига қўйдим.
Вилоят ҳокимларига бир-бир сим қоқдим.
-Тинчликми?
-Тинчлик.
-Ҳеч гап йўқми?
-Ҳеч гап йўқ.
-Ростдан ҳам ҳеч гап йўқми?
-Ҳеч гап йўқ, – деган хавотирли товуш эшитилади.
-Агар бирор гап бўлса, кейин мандан ўпкаламайсан. Этагингни ёпиб юр.
Креслода айланиб ўтириб чегараларни, чегарачиларни ҳам текшириб кўрдим. Ҳамма ёқда тинчлик ҳукм суради, ҳеч гап йўқ. Одамнинг ишонгиси келмайди. Ахир, ҳаракат давом этаётган жойда тинчлик бўлиши мумкин эмас-ку! Демак, ҳар қандай ҳаракат тақатақ тўхтаган экан-да!
Яна Парокандни гапга тутдим:
-Манга қара, Лермонтовнинг бўрон тўғрисида шеъри борми? – дедим.
-Бор, – деди.
-Ўшани ким ўзбекчага таржима қилган?
-Устоз Асқад Мухтор таржима қилган.
-Яхши таржима қилганми?
-Яхши таржима қилган.
-Қани, бир байтини айт-чи!
-“Бўронларда бордек ҳаловат...”
-Бўлди, стоп! – деб гўшакни жойига қўйдим.
Креслога суяниб кўзларимни юмдим. Наҳотки, бўронларда ҳаловат бўлса?!
Чирчиқ тарафга тақа-тақ, тақа-тақ этиб поезд ўтиб кетди. Очиқ турган форточкадан электровоз чинқириғи эшитилди. Хайрият, темирйўлда поезд қатнови давом этяпти...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...