понедельник, 23 апреля 2018 г.

110. Мустақиллик декларатсияси


Тозақул ишончимни оқлаяпти. У илгари одамлардан яшириб намоз ўқиб юрарди. Энди яширинча намоз ўқишни ҳам йиғиштириб қўйди. Фақат манга сиғиняпти, нажот мандан эканини тугал англаб етган кўринади. Сочлари оппоқ оқариб кетди. Сочи оқарган одамнинг ақли ҳам тўлиб қолар экан. Тозақул бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин.
Тозақулга топшириқ бердим: “Йигирма беш йиллик архивни титкилаб, ҳужжатли китоб тайёрлансин! Мустақиллик меъмори ким эканини одамлар яна бир бора билиб қўйсин! Пароканд Мирзо  сизни ортиқча безовта қилмайди”, дедим. Уч ой деганда “Юртменистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобим “Юртменистон” нашриётида ўн минг нусха босилди. Нашриёт омборидан олиб чиқиб кетиш баҳоси – етти минг сўм. Донаси етти минг сўм бўлса, ўн мингтаси етмиш миллион сўм бўлади. Етмиш миллионнинг йигирма фоизи, тахминимча, ўн бир миллион сўм бўлади. Ўн бир миллион сўм – қалам ҳақи. Қалам ҳақини Тозақулга бағишладим. У давлат баҳосида “Нексия” сотиб олсин, дедим. “Нексия” олиб минди. Ёзувчилар боғидан ҳовли ҳам берилди.
Юртменистон Олий Советининг 1990 йил 20 июнда бўлиб ўткан Иккинчи сессиясида қабул қилинган “Мустақиллик Декларатсияси”ни китобимга киритиш ё киритмаслик масаласида бир тўхтамга келишим осон кечмади. Чунки бу Декларатсия муаллифи, аслида, мухолифат (хусусан, “Шайбонийнома” автори Радий Фиш) эди. Эсимда, икки варақ қоғозни Радий Фиш (Ўзиннинг оти қурсин! Оти қурғурни оғзимни ҳаром қилиб ҳадеб такрорлайвермаслик учун биронта жуҳуднинг... масалан, Радий Фишнинг оти билан ифодалаб турсам, манимча, мақсадга мувофиқ иш қилган бўламан. Шу ифлос ўзбекдан жуҳуд манга яқинроқ! Ё гапим тўғримасми?) кабинетимга кўтариб киради. Республика раҳбари лавозимига ўтирганимга энди бир йил бўлган эди.
                         Агар Мустақиллик Декларатсияси эълон қилинмаса, мухолифат намойиш уюштиради ва Сизнинг истеъфога чиқишингизни талаб этамиз! – дейди Радий Фиш томдан тараша тушгандек.
Бундай тарзда муомала қилишини кутмаган эдим. Радий Фиш шоирликдан ташқари депутат ҳам эди, мухолифатнинг амалдаги лидери ҳам шу йигит ҳисобланарди. У йўнилмаган таёққа ўхшарди, юз-хотир қилиб ўтирмасди. Ичида нима гапи бўлса, бетга айтиб кетаверарди. Уни ёмон кўрардим десам, ёлғон гапирган бўламан. Яхши кўрардим десам ҳам ёлғон гапирган бўламан. У билан ҳисоблашишга мажбур эдим. Одамлар унга эргашарди. Тўғри, амалдорлар ишора қилишимни кутиб турарди; салла келтир десам, калла келтиришга шай бўлиб турган навкарларим ҳам бор. Бироқ мухолифат билан ҳатто СССРнинг президенти М. С. Горбачёв ҳам ҳисоблашаётган замон эди. Ман ҳам ҳисоблашишга мажбур эдим. Энди 37-йилларни такрорлаб бўлмасди.
                         Хўп, эълон қиламиз шу Декларатсияни, – дедим матнни кўздан кечириб. – Шу холосми?
Радий Фиш масаланинг бунчалик осонгина ҳал бўлишини асло кутмаган экан: ҳайрон бўлиб манга тикилиб қолди. Стол ёнидаги тугмачани босдим. Хонага ёрдамчим кириб келди.
                         Дарҳол дастурхон ҳозирланг, Золимхон, – дедим. Радий Фишга юзланиб: – Оқидан кетадими, қизилидан? – деб сўрадим.
                         Манга барибир, – деди Радий Фиш. – Лекин қизилини кўпроқ хуш кўраман.
                         Бўпти, икковидан ҳам бўлсин, – дедим.
           Ёрдамчим хонани тарк этгач, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик.
Эшикдан ёрдамчим кўриниш бергач, хос хонага ўтдик. Дастурхон тўкин эди. Ўзим коньяк шишасини қўлимга олиб, битта пиёлага яримлатиб қуйдим. Коньякни унга узатиб, ўзимга арақ қуйиб олдим. Ёрдамчимни чиқариб юбордим. Пиёлани баланд кўтариб:
                         Юртменистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат Мустақиллигини эълон қиламан! – дедим тантанавор оҳангда ва арақни сипқордим.
Радий Фиш ҳам бир томчи қолдирмай пиёлани бўшатди. Санчқида бир паллам помидор олиб оғзига солди. Газак қилгач, сочиққа лаб-лунжини артиб:
                         Раҳмат, – деди. – Эркак шунақа бўлиши керак.
                         Биз эркакчасига ишлаймиз, – деб яна пиёлаларга ичимлик қуйдим. – Бирга ишлаймиз. Ўладиган дунёда ўзимиздан яхши ном қолдириб кетишимиз керак.
Яна ичилди. Коньяк шишаси яримлаб қолди. Тиқинини тиқиб қўйдим. Радий Фишга Юртменистон олдида турган муаммолар тўғрисида гапириб бердим.
                         Ерни одамларга тақсимлаб бериш керак, – деди Радий Фиш. – Ер хусусий мулк бўлса, одамлар нима қилишни, нима экишни ўзлари ҳал қилади. Давлат фақат ер солиғи олиши керак. Деҳқоннинг ишларига аралашмаслик керак...
                         Ҳозир ерни хусусийлаштириб бўлмайди. Лекин одамларга томорқа тақсимлаб бериш мумкин, томорқадан ҳам даромад қилса бўлади, – дедим.
                         Томорқа одамларни алдаш учун ўйлаб топилган тадбир, холос.
                         Тўғри. Лекин ҳозир бошқа иложимиз йўқ, бошқасига Москва рухсат бермайди.
Радий Фиш вазиятни тўғри тушунди.
                         Аввало, халқимиз тўқ бўлиши керак.
                         Ман раҳбар бўлиб турсам, худо хоҳласа, халқ ҳеч қачон оч қолмайди.
                         Раҳмат, – деди Радий Фиш ва ўрнидан турди.
Ман ҳам ўрнимдан турдим.
                         20 июнда бўладиган Иккинчи сессияда Мустақиллик Декларатсияси эълон қилинади, – дедим.
                         Раҳмат, – деди Радий Фиш. – Муборак бўлсин!
                         Сизга ҳам муборак бўлсин! – деб қолдим.
Қўл бериб хайрлашдик.
Мана, ўша воқеа бўлиб ўтганига ҳам 22 йил бўлди. Радий Фиш деярли 19 йилдан буён қувғинда – қочоқ. 
Мустақиллик Декларатсиясини Сиз эълон қилгансиз! Унинг муаллифи ҳам ўзингиз, унга ҳеч ким шерикчиликни даъво қилолмайди, – деди Тозақул.
                         Балки, мустақиллик байрамини ҳам биринчи сентябрдан йигирманчи июнга кўчириш керакдир? – дедим ўзимни гўлликка солиб.
                         Йўқ, мустақиллик байрами биринчи сентябрь куни нишонланаверсин, агар йигирманчи июнга кўчирилса, халқ қинғир тушуниши мумкин, – деди Тозақул.
                         Майли, халқ тўғри тушунадиган замон келса, мустақиллик байрами ҳам йигирманчи июнга кўчирилар, – дедим пичинг аралаш.
Ман ҳазил аралаш “Шайбонийнома” муаллифини “Радий Фиш” десам, унга китоб бағишлаган Қаламкаш ҳам уни орқаворатдан “Радий Фиш” дейдиган бўлди.
Дўстлик ҳам нисбий тушунчами дейман-да, жин урсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...