воскресенье, 29 апреля 2018 г.

143. Қипчоқлик Қиличбек


Қароргоҳимнинг кунботаридан этак тарафга эниб борилса, Қипчоқ қишлоғи бор. Жанубий лаҳим-ерости йўлагидан чиқилса, трансформатордан жануб йўналиши бўйича тортилган симёғочларни санаб кетаверсангиз, ҳув олисда Чирчиқ дарёсининг сатҳи ялт-юлт этиб кўзингизни қамаштира бошлайди. Уч-тўрт чақирим шарққа қараб юриш керак. Ёки, агар Қибрайга йўл олинса, Арғин оралаб ўтилаётганда ўнг томондан иккинчи даражали йўл чиқиб асосий йўлга тақалади. Ўша иккинчи даражали йўлга бурилиб ҳар қандай нақлиёт воситасининг жилови қўйиб юборилса, нишаблик тўппа-тўғри Қипчоққа олиб боради. Ман кўпинча жанубий лаҳимдан чиқиб, адютантимни эргаштириб Қипчоққа бораман. Тўғрироғи, Қипчоқни оралаб ўтиб кетамиз, Чирчиқ бўйларига тушамиз, ям-яшил далаларни сайр этиб қайтамиз.
Қипчоқ телевизорда жумлаи жаҳонга кўз-кўзлайдиган қишлоқ эмас. Кираверишда молхонаси бор; ёнига яқинлашсангиз, ачимсиқ гўнг ҳиди гуп этиб димоғингизга урилади. Бадбўй ҳид ҳавога муаллақ осилиб қолганга ўхшайди. Ғир этган шабада эсган заҳоти атрофдаги хонадонларнинг молхонадан фарқи қолмайди. Чирчиқ хийла юқоридан оқиб ўтгани учунми, қишлоқда сизот сув ер сатҳига яқин. Шу боис сувни ёқтирмайдиган мевали дарахтлар (гилос, ёнғоқ...) бу ерда узоқ яшамайди, энди мевага кирган пайтида қурийди-қолади. Далаларда уватларга кўпинча манзарали дарахтлар экилади. Айниқса, қайрағочлар кўп. Қайрағочлар тарвақайлаб ўсади, яхшигина салқин беради. Назаримда, маҳаллий уруғчилар томонидан қайрағочнинг серсоя нави яратилган бўлса керак. Бир куни атайлаб қайрағоч остини кўздан кечирсам, соясига эски шолча ташлаб, оёқларини дарахтга тираб олиб осмонга қараб ётган кўйи китоб мутолаа қилаётган мўйловли йигит ажабланиб бошини кўтарди. Ман қайрағоч пайванд қилинганми-йўқми, шуни билмоқчи эдим. Агар ниҳолчалик пайтида худди Хоразмнинг нажоткор гужумлари каби пайванд қилинган бўлса, остида “тумбочкаси” бўлади; тупроққа туташиб турган жойида “буқоғи” кўриниб туриши лозим. Бўртган жойи кўзга ташланмади. Пайванд қилинган қисми ерга кўмилмайди; агар ўша жойи тупроққа тегиб қолса, айнан остидан бачки чиқариб ўсиб кетади, уланган қисми эса Иосиф Сталиннинг чап қўлига ўхшаб қуриб қолади.
Қалин қизил муқовали китобни шолчага ташлаб бошини кўтарган йигит чап қўлини пешонасига соябон этиб буғдойдан бўшаган пайкалда ўтлаб юрган бир тўда қўй-эчкиларни кўздан кечирди. Сўнг ҳомуза тортиб ўрнидан турди. Қиблага қараб мириқиб керишди, елка суякларининг қисир-қисир қилгани манга ҳам яққол эшитилди.
                         Ай худойим-эй, ўзингга шукр! – деб насронийга ўхшаб чўқинди-да, ёқасидан кумуш хоч чиқариб, уни ўпиб-ўпиб, пешонасига суртиб-суртиб яна ёқасидан тиқиб қўйди.
Ман қопчиқ орқалаб олган адютантимга, у манга қараб елка қисишдик.
Чўқинган йигит супадан тушиб келиб:
                         Қиличбек, – деб қўлини чўзди. Кулимсиради. – Есинбоевман. Марҳум бобом Шароф Рашидов даврида “босмачилар”нинг раиси бўлган.
Мамлакат раҳбарлигини қўлга олган кезларим фаоллар тўпланган мажлисларда олдинги қаторга келиб ўтириб, қўлларини кўксига чалиштирганча ҳар бир нотиқнинг башарасига қараб нуқул илжаядиган ғундак чол кўз ўнгимдан ўтди.
– Ман кўрганман бобонгизди, – дедим у билан сўрашиб. – Пакана ва семиз эди боёқиш. Лекин хомсемиз эмас эди, зуваласи хийла пишиқ кўринарди.
– Тўппа-тўғри! Ёшлигидан тош кўтарган, тўқсон яшар чоғларида ҳам бадантарбия билан астойдил шуғулланарди. Касал-пасал бўлганини эслай олмайман.
                         Касал-пасал бўлмаган бўлса, нега ўлди? – деди адютантим ажабланиб.
Қиличбек бошини сарак-сарак қилиб жилмайди.
– Дўлвор эди-да, дўлвор эди! – деди таъкидлаб. Бош чайқади. – Содда, гўл бўлган.
                         Манга содда-муғомбирдек кўринарди, – дедим.
– Эҳтимол, ундай қиёфаси ҳам бўлгандир, – деб фикримни қўллаб-қувватлади Қиличбек. – Ахир одам умр бўйи бир хил қиёфада яшамайди-ку! Шарт-шароитга қараб гоҳ ундай бўлади, гоҳ бундай. Бобойди кенжа шогирди Тўлқин Ёшбек деган битта журналист эди. Бобойга хос бўлган айрим хусусиятлар ана шу кишида бор. У ҳам сиртдан дўлвор, тўпори кўринса-да, аслида, ичидан пишган... Майли, ўзи йўқ одамди орқасидан ғийбат қилмайлик, яхши эмас. Бобом тўқсон йиллик мавлуд тўйини нишонлагач, нафақага чиқади. Лекин ўшанда ҳам ҳафтада икки марта “Мухбир” журналининг редакциясига бориб келарди; ўша журналнинг фахрий бош муҳаррири лавозимида қолдирилган эди-да! Бир куни яёв ишга отланади, стадион ёнидан ўтаётса, жисмоний тарбия ўқитувчиси Эркин ака юқори синф ўқувчиларининг ўғил болаларини бир сафга тизиб қўйиб уришаётган экан. Болалар бошини эгиб олган. Бирдан Эркин аканинг кўзи бекатда кулимсираб йўловчи машина кутиб турган бобомга тушиб: “Ҳув анави чол ҳозир ҳам йигирма марта бемалол отжиматса қилади, горизонтал ҳолатда қўли билан ётиб туради. Бобо, илтимос, манави галварсларга бир ўзингизни кўрсатиб қўйинг!” дейди. Бобом сўмкасини бекат ўриндиғида қолдириб йўлни кесиб ўтади; бўйинбоғини ечиб ажриқ устига ташлайди, енгларини шимариб отжиматса қилишга киришади, йигирматага етказади, ғор-ғор терлайди, ўнта қўшиб бирйўла ўттизтага етказиб қўймоқчи бўлади. “Ўттиз!” дейди-ю, юзини ажриққа босиб ётволади. Оғир-оғир нафас олади. Болалар хахолаб кулади. Эркин ака бобомни чалқанча ағдариб, бошини тиззасига қўяди. “Бибисора Бейшеналиевани ман ҳам яхши кўрардим. Лекин буни Чингиз Айтматов билмасин, илтимос...” деб жон беради.
– Йўғ-э, ростданми?! – деб юбордим.
– Бейшеналиева ким бўлган ўзи? – деб сўради адютантим.
– Балерина бўлган, СССР халқ артисти. Айтматов уни севган, Бибисора саратон касалига чалинган эди, касалини яширади, Айтматовга айтмайди; унга турмушга чиқишга ҳам рози бўлмайди. Касали хуруж қилиб касалхонага тушганидан кейингина Айтматов Бибисора бедаво дардга йўлиққанини пайқайди. Аммо кеч бўлган бўлади.
                         Ўладими Бибисора? – деб сўради адютант.
– Ҳа, ўлади, – дедим.
– Бобо ўлганини эшитиб Чингиз Айтматов ҳам ўн кундан сўнг хонадонимизга кўнгил сўраб келади. “Билардим, – дейди, – Бибисоранинг ўзи манга айтган эди; қўлимни сўраяпти, ҳамма нарсамни ташлаб Қирғизистонга қочиб келаман деяпти, нима қилай? Айт, Чингиз, нима қилай?!” деган эди. Қалбингга қулоқ сол, деганман. Бибисора манга ҳам тегмади, Зиёдга ҳам тегмади...”
– Оббо! – деб бош чайқади адютант. – Барибир ўлиб кетар экан, раз, шундоқ бўлгач, бирортасига тегиб қўяқолса нима қиларди?!
– Унда Бибисора афсонага айланмасди, “Алвидо, Гулсари” қиссасининг рамзий қаҳрамонига айланмасди, бўтам! – дедим салмоқли оҳангда.
– Айтматовнинг шунақа қиссаси борми?
– Бор, – дедим. – Гўзал қисса. Инсон матонатини чархлайдиган қисса.
– Хўш, бобом содда-муғомбирмикан ёки дўлвормикан? – деди Қиличбек кулимсираб. У яна ҳомуза тортди ва яна кўйлак ёқасидан кумуш хочни чиқариб уч марта чўқинди, оғзини ҳам чўқинтирди, сўнг уни ўпиб-ўпиб пешонасига суртди.
– Дўлвор экан, – дедим. Супага яқинлашиб қизил муқовали китобга назар солдим. – Қосимбеков, “Синган қилич”... Тарихий романми?
                         Ҳа. Худоёрхон даври тўғрисида ҳикоя қилинади. Қирғиз бўлган экан Худоёрхон.
Лабимни бурдим:
– Эшитмаган эканман, – дедим. – Лекин лашкарбоши Алимқулнинг хотини Қурмонжон додхоҳ қирғиз қизи бўлганини эшитганман. Сийдиги қаттиқ ерни ўйиб юборгани учун лашкарбоши уни яхши кўриб қолиб уйланади.
                         Йўғ-э! – деди адютант кўзларини ола-кула қилиб.
– Ҳа, хўп, Худоёрхон қирғиз бўлган бўлса, ўзингиз қачондан буён номусулмон бўп қолдингиз, бўтам? – дедим пичинг аралаш.
                         Мустақилликдан кейин номусулмон бўлдим, – деди Қиличбек пинак бузмай.
Адютантим елкасидаги қопчиқни аста ерга қўйиб, боғичини бўшатди. Қопчиқда тўппонча борлигини билардим. Индамасам у Қиличбекнинг чаккасидан дарча очиб қўйишдан ҳам тоймасди шу тобда. Бош чайқадим, кўзларим билан имо-ишора қилиб адютантимни шаштидан қайтардим. У қопчиқни яна елкасига олди.
                         Йигит, ёшингиз йигирма беш-йигирма олтида бўлса керак. Мустақилликка эса йигирма йил бўлди. Беш-олти яшар бола ўз-ўзидан насроний бўпқолмас...
Қиличбек қўлини пешонасига соябон қилиб шудгор этакларига ўтлаб кетган қўй-эчкиларини кўздан кечирди. Кулди. Бўйнига осиб олган кумуш хочини чиқариб оғзини чўқинтирди.
– Хоч билан оғиз тез-тез чўқинтирилса, одамди ичига шайтон кириб кетмайди, – деб хочни қайтариб жойига тиқиб қўйди. – Дипломатия университетини тамомлаганман, шартнома асосида ўқидим, бир қоп пулимиз увол бўлди. Дипломни олиб ишсизлар сафини тўлдирдим. Дипломли бекорчихўжа бўлиб юрган кезларимда битта танишим билан уч-тўрт марта ўрисларнинг ибодатхонасига бордим. “Агар насронийликни сидқидилдан қабул қилсангиз, йигит, биз сизга ҳар ойда юз доллардан маош бериб турамиз”, деган таклиф тушди. Ман рози бўлдим. Мана шу ўтлаб юрган қўй-эчкиларим эътиқодим учун берилган гонорар ҳисобидан харид қилинган. Хўш, бунинг нимаси ёмон?
– Ёмон жойи йўқ, лекин кишига ғалати кўринар экан. Оила аъзоларингиз ҳам шуни биладими? – деб сўрадим.
– Билади. Иккита укам ҳам яқинда насроний бўлди.
– Қишлоқда ўрисларнинг динига ўтган одамлар кўпми?
                         Аҳолининг ярмидан кўпроғи насроний бўлди, валлоҳи аълам.
Бош чайқадим. Афсусландим.
– Кетдикми? – деди адютантим. У қизариб-бўзариб кетган; афтидан, ўзини аранг тутиб турар эди.
                         Ҳозир, – дедим. – Ҳозир кетамиз. – Таёқча билан этик қўнжига шап-шап уриб, олисдан кўзга чалинаётган тоғларга нигоҳимни қададим.
– Нима, сизлар ҳам тиланчилик қилиб юрибсизларми? – деб сўради Қиличбек бепарволик билан.
– Нега ундай деяпсиз?
– Ҳозир ўзбекларнинг ярмидан кўпи тиланчи бўп кетган-ку! – деди тиржайиб. – Ўзбеклар Россияга бориб тиланчилик қиляпти, Қозоғистонга бориб тиланчилик қиляпти; Жанубий Корея билан Туркияга бориб ўзларини қул қилиб сотяпти...
Қиличбекка бошдан-оёқ разм солиб бош чайқадим.
                         Юр, кетдик, – дедим адютантимнинг қўлтиғидан олиб. Агар яна бирпас турсак адютантим Қиличбекни бир бало қипқўйиши ҳеч гап эмасди. – Кетдик.
Хийла жойгача ясама соқолимни тутамлаб миқ этмасдан бордим.
                         Ўзбек бўлганида юз доллар учун динидан қайтмасди, – деди адютантим. – Ғурури йўқ йигит экан.
– Аксинча эмасми? Манга инсоний ғурурини сақлаб қолиш учун насроний бўлгандек туюлди. Агар тиланчилик қилиб юрганда ғурурини бой берарди.
– Билмасам, – деди адютантим қовоқ-тумшуғини осилтириб. – Ичида эрки бор экан, эркини бой бермаган экан.
                         Санга ўзбеклар ички эркини бой бергандек туюлмайдими? Ўзбеклар қўрқоқ бўпқолгандек туюлмайдими?
– Билмасам, – деди адютантим бошини кўтармасдан. – Аслида, мусулмон одам эркин бўлиши керак, қўрқмас бўлиши керак.
– Ана!.. Ўзбеклар на мусулмон, на номусулмон, бўтам! Ўзбеклар аросатда қолган халқ. Андрей Платонов ёзган “Жон” қабиласи айнан ўзбекларга ўхшайди.
– Жон қабиласининг аъзолари бедаво дардга чалинган пес-моховлар эмасмиди?
– Ҳа, пес-моховлар эди, – дедим. – Дарди бедаво пес-моховлар...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...