среда, 25 апреля 2018 г.

127а. Шиклгрубернинг мавлуд айёми


            Марҳум тутинган ўғлим Муҳаммад Юсуфга хотинимдан яшириб ёзиб юрадиган машқларимни кўрсатган эдим. Бир йилгача индамай юрдим: “Қани, нима дер экан?” Қайси куни машқларимни берган бўлсам, айнан ўша куни Оқсаройнинг хилватгоҳида учрашдик.
            - Ота, энди мен Марҳаматга қайтиб, ариқ бўйида япизга суяниб ўлиб қолсам керак, - деди Муҳаммад Юсуф йиғлимсираб.
            - Ундай деманг, ўғлим, ундай деманг! Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин” дейди. Уни бағримга босдим. Бечора дир-дир титрарди.
            - Ота, агар сиз шоирлик билан жиддий шуғуллансангиз, ўлай агар, Тошкентда менга иш қолмайди. Итнинг орқа оёғи бўлиб судралиб юргандан кўра...
            - Бўлди, у ёғини айтманг! – деб Муҳаммад Юсуф у ер-бу ерига қалам уриб, жузъий таҳрирдан чиқариб қўйган қўлёзмага кўз югуртирдим. Креслога чўкдим. Унга ҳам қўлим билан рўпарамдан жой кўрсатдим. – Маъқул, - дедим қўлёзмадан бош кўтармай. – Ундов аломати қўйилган сатрларим сизга жуда ёққан бўлса керак.
            - Ҳаммаси зўр, лекин ундов қўйган жойларимни... – деб бирпас ташбеҳ қидириб ўйланиб қолади ва гапини давом эттиради: - Агар Лутфий бобо тирилиб келса, ота, у бутун ижодини сизнинг ўн икки саҳифа қўлёзмангизга алмаштирган бўларди.
            - Қўйсангиз-чи, ўғлим, сал ошириб юбордингиз.
            - Ўлай агар! – деб Муҳаммад Юсуф ёқасини тутамлайди. – “Жанозамни булбул ўқисин!” деган шоҳсатр ҳазрат Навоийда ҳам учрамайди.
            - Стоп, стоп! Ҳазрат Навоийга тил теккизмайлик. Олдингилари ёки кейин ўтганларига, майли, пайров қилиш мумкиндир. Бироқ, ҳазрат Навоий билан ҳазиллашиб бўлмайди.
            - Бўпти, ота, ҳазратнинг руҳини безовта қилмайман. Аммо эрта-индин Марҳаматга бориб, гўрковга учрашиб, ўзимга қўйинди заказ қилиб қайтаман.
            - Оббо! – деб эшикдан мўралаган Пароканд Мирзога бош силкиб қўйдим. – Ҳозир чиқаман: Зелимхонга айт, анжуман қатнашчиларига чапак чалдириб турсин, - деб Муҳаммад Юсуфга кўз қисиб: - Сиз чапак чалманг, - дедим. – Сиз мусоҳибимсиз. Хўш, ўғлим, Бойқаронинг мусоҳиби ким бўлган?
            - Ҳазрат Навоий.
            - Балли! – деб ўрнимдан турдим. Уни ҳам, ўзимни ҳам чалғитмоқчи бўламан; ростини айтсам, мақтов эшитсам ўнғайсизланаман. – Бир ойдан сўнг қанақа сана бор?
            Муҳаммад Юсуф ҳам креслодан туриб, шифтга қараб ўйланиб қолди.
            - Ленин бобо туғилган кун, - деди. – Бир юзу қирқ олти ёшга кирган бўларди. Худо раҳмат қилсин. Ҳалима энам марҳум Ленинни жуда яхши кўрарди: “Ўрис бўлганимда албатта Ленинга эрга тегардим”, деб бобомни хўб жиғибийрон қиларди.
            - Йўғ-э, бобонгиз кампирни сўйиб ташламаганми?
            - Уриб-уриб, охири чарчаган, мийиғида кулиб ўтираверарди.
            - Демак, бир ойдан сўнг қанақа сана бор экан?
            - Ленин туғилган кун.
            - Ленин йигирманчи апрелда туғилганми?
            - Йўқ, йигирма иккинчи апрелда туғилган, валлоҳи аълам.
            - Бўлмасам, йигирманчи апрелда ким туғилган?
            - Узр, ота, шаҳар бердим, йигирманчи апрелда ким туғилганини билмас эканман.
            Муҳаммад Юсуфнинг елкасига аста қўл ташлаб:
            - Шиклгрубер деган буюк инсон тўғрисида эшитмаганмисиз? “Майн кампф” муаллифи ижодини лирик-фалсафий шеърлар ёзишдан бошлаган; асил фамилияси Шиклгрубер бўлса-да, ўзига “Ҳитлер” тахаллусини олиб, дунёни титратган. Мен ҳам гоҳ-гоҳ  жаҳонгирга ўхшаб шеър машқ қиламан... 1889 йилнинг йигирманчи апрел куни Адольф исмли чақалоқ Австрияда дунёга келади. Ҳозир у ерда шоир акангиз Ёдгор Обид биздан қочиб яшаяпти.
            - Ёдгор Обид менга акалик қилмаган. Дарвоқе, мадҳиямиз муаллифи унга шеър бағишлаган!
            - Биламан, ўғлим, - деб кўрсаткич бармоғимни лабимга босдим. – Чақимчилик яхши эмас. – Эшик томон бордим, тутқични ушлаб бирпас ўйга толдим ва ҳозиргина Муҳаммад Юсуф маломат қилган шоирнинг 1969 йилда нашр этилган “Онажон” тўпламидан дастабки шеърини ёдаки ўқий бошладим:
                        Ўйлайман, мангуликнинг ойнаи жамолида
                        Ким қоларкан севгидай абадий ва суюклик.
                        Ким қолар экан сонсиз авлодлар оша,
                        Кимнинг иши доимо аталарэкан савоб?
                        Ким фалакни қуёшдай мангу қилгай томоша,
                        Қайси бир зотни инсон беминнат айлар тавоб?
                        Ҳақсизликдан мазлумнинг ичга сиғмаса дарди,
                        Агар зулмат ичида кўринмай қолса ҳаёт,
                        Кимга у сажда қилиб, кимга дилин ёрарди,
                        Ҳақиқат ахтарганда айлар эди кимни ёд?
                        Жавоб бергин десалар, мен ҳам узримни айта,
                        Қолган буюк зотларнинг қошидан қайтар эдим,
                        Мен ҳам у азиз номни такрорлар эдим қайта,
                        Мен ҳам оддий сўз билан Ҳитлерни айтар эдим!

            Муҳаммад Юсуф чапак чалиб юборди.
            - Ота, хотирангизга гап йўқ, - деди. – Лекин, балки нотўғри эшитгандурман, балки вазн билан туроққа маҳлиё бўлиб, шеърдаги атоқли отни... – деб чайналади.
            Мен кулимсираб орқамга қайрилдим. Унга бошдан-оёқ синовчан разм солдим.
            - Туроқ бузилмадими? Вазнда сакталик йўқми?
            - Йўқ, - деди ёшларнинг севимли шоири.
            - Ҳамза машҳур шеърида “Турон” деганми ёки “Шўро” деб қофия қилганми?
            - “Турон” деб ёзган, ота. Уни профессор Лазиз Қаюмов “Шўро” деб ўзгартирган, замонга мослаштирган.
            - Демак, Ҳамза ўзи емаган сомсаси учун ҳақ тўлаб юрган экан-да!
            - Худди шундай, ота, унинг номи бекорга ёмонотлиқ бўлиб қолди.
            - Афсус, мен фармонга имзо чекканимдан кейин асл ҳақиқатни англадим, лекин поезд кетиб бўлган эди. Бўпти, ўғлим, кейин гаплашамиз, анжуманга киришим керак, - деб хилватгоҳни тарк этдим.
            Шундан кейин Муҳаммад Юсуф билан юзма-юз бўлмадим. У ёзнинг айни чилласида вафот этди ва Марҳаматга дафн этилди. Қаранг, яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин” дер экан-да!
            Бир ойдан сўнг Шиклгрубернинг мавлуд айёми бўлади. Ўша кунни бошқа бир жўяли баҳона топиб дам олиш куни деб эълон қилиб юбораман. Бу ҳақда ҳеч ким билан маслаҳатлашиб ўтирмайман. Маслаҳатчиларим дарҳол “Массад”га месаж (шифрланган хабар) юбориши турган гап. Улар чақимчилик қилиб, бировнинг эски иштонларини кийишга ўрганиб қолган, ярамаслар!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...