среда, 25 апреля 2018 г.

115. Талабалар


Талабалар ниҳоятда фаол бўлиб қолган эди. Уларнинг норасмий лидерлари мухолифат билан чамбарчас боғланган бўлиб, тўғридан-тўғри кўрсатма олиб туришарди. Радий Фиш “Юз минг кишини кўчага опчиқаман, эрта-индин юз минг кишилик муддатсиз митинг уюштираман!” деганида биринчи навбатда талабаларни назарда тутарди. Пойтахт аҳолисининг эллик фоизи руслардан ёки русийзабон “чулчутлар”дан ташкил топган. Демак, аҳолининг тенг ярми мухолифатни қўллаб-қувватламайди, чунки мухолифат улардан Шўро Иттифоқи берган имтиёзларни тортиб олади (тил, алифбе, байналмилал ҳукмронлик каби). Пойтахт аҳолисининг яна тенг ярми маҳаллий миллат вакиллари бўлиб, улар асосан тижорат билан шуғулланарди, савдо-сотиқ билан овора эди. Булар сиёсатга унчалик аралашмасди, ўзининг тирикчилигидан бошқа нарсани деярли ўйламасди. Мухолифат суянадиган ягона куч – талабалар эди. Яъни, 20-25 ёшлар атрофидаги йигит-қизлар мухолифатнинг миллий ғояларини қизғин қўллаб-қувватларди. Улар асосан Студентлар шаҳарчасидаги ётоқхоналарда истиқомат қиларди. Ҳар ойда бериладиган стипендиялари ҳисобидан кун кўрарди. Ўғил болалар шанба ва якшанба кунлари норасмий “Мардикор бозорлари”га (“Ғунча” кинотеатри яқинидаги жарликда ва Қўйлиқдаги Кўприк остида) чиқиб, бир ярим кун ишлаб бир ойлик стипендия пулини топиб қайтишарди. Қизлар камхарж бўлади, улар курсдош йигитларнинг кийим-бошини ювиб, дазмол босиб беришарди, ошхона ҳам қизларга топшириб қўйилган эди. Хуллас, Юртменистоннинг турли ҳудудларидан, ҳатто Туркманистондан, Қозоғистондан, Қирғизистондан, Тожикистондан келган талабалар бир оила фарзандларидек тинч-тотув ҳаёт кечиришарди. Маҳаллийчилик иллати тамоман тугатилган эди.
Талабаларни қандай қилиб тиз чўктириш мумкин?
Талабанинг энг нозик жойи – чўнтагидир. Уни урма-сўкма, чўнтагини йиртиб қўйгин, вассалом. Чўнтагидаги бор бисоти ой охирига етар-етмас тўкилиб адо бўлса, хонасидан кўчага чиқишга уялиб, ёстиқни қучоқлаб ётаверади ёки қизларга кўринмасдан тонг-саҳарлаб “Мардикор бозори”га жўнаб қолади.
Ими-жимида оғзаки амр қилдимки, Студентлар шаҳарчасидаги ошхоналар, озиқ-овқат дўконлари, ҳатто чакана савдо нуқталари ҳам бирваракайига нарх-навони икки баробар ошириб қўйсин! Нарх-наво оширилгач, кўрамиз, мухолифат уларга қандай каромат кўрсатар экан?!
Кутилмаганда талабалар бош кўтарди. Студентлар шаҳарчасида оммавий намойиш бошланди. Энг ажабланарли жойи – ён-атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қиладиган (кўпинча талабаларни ижарага қўядиган) хонадон эгалари вилоятлардан келган талаба-ёшларни озиқ-овқат билан текин таъминлай бошлайди. Илгари уйларини ижарага бериб, беш-ўн сўм учун талашиб-тортишадиган маҳаллий аҳоли талабаларни ўз фарзандидек оқ ювиб, оқ тарай бошлайди... Э-э, воҳ!
Студентлар шаҳарчасига тахминан юзминг нафар аҳоли тўпланади. Тинч намойиш икки кун давом этади. Пойтахтнинг бошқа жойларидан ҳам одамлар намойишчиларга ҳартомонлама ёрдам беришга киришади. Агар шу ҳолат яна давом этадиган бўлса, охири намойиш сиёсий тус олиб, Мустақиллик майдонида ҳукумат истеъфосини талаб қилиб қолишлари ҳеч гап эмас.
Яна ими-жимида оғзаки амр қилдимки, кечаси ниқоб кийган махсус милиса гуруҳи Студентлар шаҳарчасини ҳар тарафдан қуршаб олиб, ётоқхоналарга бостириб кириб намойишчиларнинг ядросини яксон қилсин!
Эрталаб ўн беш-йигирма нафар талаба отиб ўлдирилгани, юз-юз эллик талаба эса майиб-мажруҳ этилиб касалхоналарга ётқизилгани маълум бўлди. Шу пайтгача талабалар намойишига аралашмасдан гўё томошабин бўлиб турган мухолифатчилар бирдан жонланиб қолди: талабаларни отиб ўлдиришга ким буйруқ берди? Буйруқ берган раҳбар – миллатнинг душмани, умматнинг душмани! Йўқолсин қотил раҳбар! Юртменбоши, истеъфо! Юртменбоши, истеъфо! Йўқолсин, Юртменбоши!..
Ол-а, ол! Иш чаппасига кетади деб сира ўйламаган эдим. Дарҳол Радий Фишни хос хонамга олдирдим. Зиёфатни қолган жойидан давом эттирмоқчи бўлдим. Лекин йўнилмаган таёқни – қайқи таёқни эслатадиган Радий Фиш манга қўлини ҳам узатмади, кўрсатилган жойга ҳам ўтирмади, қоққан қозиқдек қаққайиб тураверди.
                         Илтимос, чақиб олса ҳам креслонинг бир четига кетингизни қўйинг! Ахир, мусулмонмиз, ҳеч бўлмаса юзимизга фотиҳа тортайлик, кейин арз-додимизни дастурхон қилаверамиз, – дедим. У ноилож креслога омонат ўтирди. Юзимизга фотиҳа тортдик. Сўнг: – Ўтинаман, сиз мард йигитсиз, Студентлар шаҳарчасига бориб талабаларни тинчитиб беринг! Ёнингизга кимни олсангиз олинг, фақат талабаларни тинчитиб беринг! Ўзингиз бош бўласизми ёки бошқа бировни раҳбар этиб тайинлайсизми, ишқилиб, талабаларга ўқ отишга буйруқ берган шахсни аниқлаб, уни жазолаш ваколатини ҳам сизга бераман! Қотил жазоланиши керак! – Беихтиёр кўзларимдан шашқатор ёшлар оқа бошлади. Ман ўзим ҳам ҳайрон бўлдим; кўнглим бунчалик бўш эканини илгари билмас эдим. – Қайси ота ўз фарзандини отиш тўғрисида буйруқ бериши мумкин?! – дедим ҳиқ-ҳиқ этиб йиғлаб. – Ахир, талабалар манинг фарзандларим-ку! – Баралла ўкириб юбордим. Адютантим орқа эшикни қия очиб ичкарига мўралаб қўйди; бошим билан ишора қилганимдан сўнг яна эшикни аста ёпди.
                         Бўпти, – деди Радий Фиш, – кўнглим сезиб турибди, бу мамлакатда сиздан бошқа ҳеч ким ўз ватандошларини отиб ўлдиришга буйруқ бериши мумкин эмас! Бундан кейин ман сизнинг қўлингиздан чой ҳам ичмайман, май ҳам ичмайман! Қотилнинг қўли ман учун ҳаром... – У аста туриб хонадан чиқиб кетди.
Ман ўтирган жойимда яна бир соатча ўпкамни боса ололмадим. Қачон, Иноят Махсум оёқ учида кириб елкамдан аста ушлаб: “Қўзғалон бостирилди... Талабаларни отишга милиция бошлиғи буйруқ берган экан... Полковник Жўрабек ўзини отиб ўлдирди, ўрнига Алматов и.о. этиб тайинланди”, дедию енгил нафас олдим. Қопқоғи очиқ арақ шишасининг бўғзидан ушлаб қултиллатиб беш-олти қултум ичдим.
Радий Фиш талабалар намойишини тарқатиб юборди; тўс-тўполонга сабабчи бўлган омиллар (ким олдин стипендияни оширмасдан нарх-навони оширди? Талабаларни ўққа тутишга ким буйруқ берди?) атрофлича ўрганилиши учун махсус комиссия тузилди. Албатта, полковник Жўрабек ҳамма нарса учун айбдор бўлажак.
Комиссия хулосаси эълон қилингунича ман ҳар бир вилоят марказида зудлик билан университет ташкил этиш тўғрисида махсус фармон бердим. Шундай қилиб, пойтахтдаги фаол талабалар бутун Юртменистон бўйлаб тарқатиб юборилди. Юзминг киши бемалол сиғадиган Мустақиллик майдонини шудгор қилиб, майса эктириб қўйдим. Амир Темур ҳам ҳадеб қўзғолон кўтараверадиган Хоразм бошкентини бузиб, шудгор қилдириб, буғдой эктириб юборган экан. Ман ҳам жаҳонгирдан ўрнак олдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...