воскресенье, 29 апреля 2018 г.

146. Буюртма китоб


Якубов деган яҳудий жўрам бор. Журналист-ёзувчи. Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб юради. СССР таназзулга юз тутган кезларда Тошкентдан Исроилга кўчиб кетган. Кейин АҚШ фуқаролигини қабул қилди. Дунёнинг қайси бурчагида фисқ-фасод рўй берса, ўша жойда Якубов ҳозиру нозир!
Имомга суиқасд уюштирилгач, мингбошилардан ўнтаси қўлга олинади, юзбошилардан ўттизтаси ушланади. Ўнбошилар, муридлар катта “қозон”га ташланмайди, улар алоҳида суд қилиниб йўқотиб юборилади.
Бизда калаванинг учини чувалаштириб, охир-оқибат умуминсоний хулосалар чиқарадиган сертафаккур қаламкаш йўқ. Таниқли имом-хатиб бир ўлимдан қолганидан кейин ўша фожиага бағишлаб туркум телекўрсатувлар намойиш этилди. Салла ўраб олган пандавақилар экранга бақрайиб: “Пайғамбаримиз андоқ деган, мандоқ деган”, деб чучмал гаплар билан томошабинларнинг бошини қотирди. Ойимсупурги ҳам “отахон” газетасида уч-тўртта мақола бериб, сўнгра юқоридан кўрсатма берилишини кутиб ўтираверди. Бу алмисоқдан ҳеч қачон ташаббус чиқмайди! У Жума Намангонийга ҳам сидқидилдан хизмат қилиши мумкин. У етовдаги одам, оғувчан одам. Умуман, бунақа ижрочилар ҳам керак. Аммо уларга муҳим постларни ишониб топшириб бўлмайди. Каллани ишлатиш лозим бўлган жойда албатта қовун туширади, даббалар!
Хуллас, не-не ниятларда Иноят Махсум билан бир ёқадан бош чиқариб амалга оширилган “Имом операцияси” деярли самарасиз якунланди десам, манимча, тўғри бўлади. Ҳа, мингбошилар териб-териб олинди. Уларнинг биттаси боғдан, бошқаси тоғдан ушлаб келинди. Энди уларнинг айбини бўйнига қўйиб, жамоатчиликда уларга нисбатан нафрат уйғотиш лозим эди. Миллий матбуот ҳам, миллий қаламкашлар ҳам нуқул калланинг ўрнига салла келтиради. Манга салла эмас, калла керак, калла!
Қаламкашга махсус топшириқ бердим: “Якубов топилсин!”
                         Олқиндими? – деди Қаламкаш мийиғида кулиб. – У ниҳоятда шалтоқ яҳудий.
Кулдим.
                         Шалтоқ бўлмаган яҳудий ҳам бормикан? – дедим ўсмоқчилаб.
– Бор, – деди Қаламкаш ўйлаб-нетиб ўтирмасдан.
– Ким экан? 
                         Файнберг.
– Шоирми? Рустам Мусурмон деган Чиллаширнинг югурдаги билан ичиб юрадиган алкашни айтяпсизми?
                         Кечирасиз-у, Саша ўзи истаган одам билан улфатчилик қилади, ўзи истамаган одам билан битта дастурхон теварагида ўтирмайди.
Лабимни буриб, елка қисдим.
– Масалан, ким билан битта дастурхон теварагида ўтирмаслиги мумкин?
                         Чиллашир билан Хўроз шоҳона дастурхон тузаб таклиф этса ҳам бормайди, аммо Рауф Парфи консерва банкасида солярка ҳиди анқиб турган ясама арақ ичамиз деса, жон-жон деб боради!
– Дўстинг учун заҳар ич, дейдилар.
– Балли.
                         Манга ҳозир ўзининг ижодий принципларини ҳимоя қиладиган шоир керак эмас, “ман жанобларининг отган ўқиман!” деб букилиб турадиган Якубов керак.
– Хўп, топаман, – деди Қаламкаш. – Динадан сўраб кўраман.
– Майли, – дедим.
Қаламкаш илгари Дина билан Лайли-Мажнун бўлиб юрганини билардим. Дина ҳозир Қуддусда яшайди, Исроил фуқаролигини қабул қилган. Дина истеъдодли ёзувчи. Китоблари доим ғашимни келтиради, манга ёқмайди. Аммо талантли қалам соҳибаси. Ҳойнаҳой, Дина ҳам Якубовни ёмон кўрса керак. Чунки талантли одамлар ялоқхўрларни ёқтирмайди. Бу ҳол аксиома.
Топилди Якубов. Дарҳол уни Қароргоҳга олдирдим.
                         Бутун дунё яҳудийларининг бошини бириктириб юрибсанми? – деб ҳазиллашдим.
– Э-э! – деб қўл силтади у. – Иккита яҳудийнинг боши битта қозонда қайнамайди.
– Лекин билиб қўйгин, ошно, яҳудийлар бир жойга тўпланган куни қиёмат бошланади. Ҳа!
– Эмасам, ҳеч қачон қиёмат қойим бўлмас экан, – деб кулди Якубов. – Биласизми, ҳозир Россиянинг Яҳудий мухтор жумҳуриятида бор-йўғи бир фойиз яҳудий яшайди.
– Ўша бир фойиз ҳам этикдўзлик билан шуғулланса керак-да!
– Сталин даврида яҳудийлар асосан этикдўзлик билан машғул бўлган, ҳозир...
                         Фисқ-фасод билан машғул! – деб гапини илиб кетдим.
Якубов кулиб юборди.
                         Шунақа деса ҳам бўлади. Лекин кўпинча одамлар ўзлари бошлаб қўйган фитнани ўхшатиб охирига етказа олмайди-да, сўнг ҳамма айбни яҳудийларга ағдариб сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлади. Ана, арабларни мисол қилиб олинг! Олти юз миллиондан ортиқ халқ гугуртчўпнинг калласидек келадиган Исроилдан қўрқади, етмиш йилдан буён яҳудийларни ёмонлайди. Хўп, яҳудийлар ёмон бўлса, ўзларинг яхши бўлгин! Яҳудийлар бизни алдайди, дейди. Сен алданмагин! Нега алданасан? Яҳудийлар шохида юрса, сен баргида юрмайсанми?!
– Манга қара, мабода катта боболаринг араб эмасми? – дедим кулиб.
– Мумкин, – деди Якубов икки қўлини икки томон ёзиб. – Аслида, яҳудий билан араб битта отадан тарқалган, ҳатто тилимизда ҳам ўхшашликлар ҳамон сақланиб қолган.
                         Ана, шунақа-да! Битта отадан тарқалган ака-ука жанжаллашади, бутун дунё уларнинг ўртасига тушиб қозилик қилмоқчи бўлади!
Якубов тиззаларига шап-шап уриб хахолаб юборди.
Ман унга вазиятни тушунтирдим. Бўлажак китобининг номини ҳам қўйиб бердим: “Бўри уяси”.
                         Бироқ, турклар анча аввал ҳеч боши-кети кўринмайдиган “Бўри уяси” номли телефильм яратган. Жуда қизиқарли кино, ман ҳам бўш пайтларимда эллик-олтмиш қисмини эринмасдан томоша қиламан. Жуда жозибали кино, – деди.
– Майли, бизники китоб, кино эмас, – дедим. – Агар шу китобни худди аввалги “Талваса” (“Агония”) каби завқ билан ўқиладиган этиб ёзиб берсанг, энг камида ўттизта мамлакатда таржима қилдириб бостирамиз. Гонорарини ўзим бераман, – деб кўз қисиб қўйдим.
– Э-э, нима деяпсиз! – деб яна икки қўлини ёзиб, бошини орқасига ташлади.
                         Йўқ, ошно, дўст-оғайничилик ўз йўлига, иш ўз йўлига, – деб стол тортмасидан бир боғлам минг долларлик пулни олиб олдига ташладим. – Санаб ол!
– Қўйсангиз-чи, ман сизга ишонаман! – деб Якубов пулни олиб курткасининг ички чўнтагига солди. – Қанча муддат берасиз?
                         Шоширмайман. Муҳими – сифатли бўлсин, китобингни ўқиб Инсон хуқуқлари бўйича кузатувчилар (“HUMAN RIGHTS WATCH”) ҳам ҳайрат бармоғини тишлаб қолсин! – дедим кафтларимни бир-бирига ишқаб. Кейинги пайтларда беихтиёр кафтларимни бир-бирига ишқайдиган одат чиқардим. Назаримда кафтим увишаётгандек туюлаверади.
– Бўлди, тушундим, – деди Якубов ўрнидан туриб. – Демак, Иноят Махсум билан ҳамкорликда ишлар эканман.
– Шундай. Бугун-эрта меҳмонхонада дам олгин, кейин Иноят Махсум сени ўзи топиб олади.
Хайр-хўшлашдик.
“Пролог” ва “Эпилог”дан ташқари роппа-роса ўттиз бобдан иборат ҳужжатли китобни Якубов тўқсон кунда ёзиб битирди. Ҳажми ўн босма тобоқ экан. Ўттиз пора – ўттиз жуъз. Китоб тўхтовсиз равишда ўзбек тилига таржима қилинди. Таржимонлар номларини кўрсатишни истамади (“Замон тескари айланиб кетса, ўзимиз-ку, майли, бола-чақаларимиз ҳам Юртменистондан кўчиб кетишга мажбур бўлиб қолади”, дейишган эмиш). Майли, таржимонларнинг номлари қўйилмасин, дедим. Одамлар Якубов ўзбекча ёзибди деб ўйласа, қайтанга китоб янада ишонарли бўлади.
Китоб ўзбек ва рус тилларида бирданига чоп этилди. Ваъдага мувофиқ дунё тилларига сифатли таржима қилинди. Аслини олганда, бу китоб дунё халқини ишонтириш ёки лақиллатиш учун эмас, ўзимизнинг ўзбекларни диний ақидапарастлик балосидан огоҳлантириш ва қўрқитиш учун ёзилган. Бир пайтлар Брежнев бобонинг “Кичик ер”, “Тикланиш”, “Қўриқ” трилогияси Марказий телевидениенинг биринчи дастури орқали кунма-кун халқнинг суюкли артисти (“Штирлиц”) Н. Тихонов томонидан ифодали ўқиб берилган эди. Китоб матни ўқилаётган пайтда экранда тарихий лавҳалар пайдо бўларди; агар матнни бойитадиган лавҳа бўлмаса, актёрнинг ўзи кўрсатиларди. Ман овози қимматбаҳо Афзал Рафиқовга “Бўри уяси”ни ифодали ўқитиб, биринчи дастур орқали эфирга узатилишини таъминлаш тўғрисида Иноят Махсумга топшириқ бердим.
Дарвоқе, ҳозир Афзал Рафиқов бир саҳифа матнни ифодали ўқиб бергани учун хусусий буюртмачилардан нақд минг доллар гонорар талаб қилар экан. Қандини урсин! Овоз ўзиники бўлгач, уни хоҳлаган нархда сотади-да!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...