среда, 18 апреля 2018 г.

82. Тушларим


Йўлчиев, марҳум Туркманбоши, Кўҳистон такаси ва ман лолазорда улфатчилик қилиб ўтирган эмишмиз. Ҳайҳайлашимизга қарамасдан Йўлчиев яна битта шишанинг тиқинини тиши билан очди. “Буниси зўр. Наполеон Бонапарт даврида тайёрланган коньяк”, деб шишани дастурхонга қўйди. “Бирпас дам олайлик, кейин ичамиз”, деб бирин-кетин майсага ёнбошладик. Кутилмаганда шишадан виз-виз этган товуш эшитилди. Ҳаммамиз беихтиёр бирвақтда бошимизни кўтариб шишага қарадик: шиша оғзидан кўкимтир тутун кўтарилди, тутун ҳавода жинга айланди ва Йўлчиевнинг тепасига бориб: “Тила тилагингни!” деди. Йўлчиев каловланиб қолди. Охири: “Айт, рус халқи қачон одамга ўхшаб яшайдиган бўлади?” деб сўради. “Сан билан анави айиқ полвон оламдан ўтиб кетганидан кейин руслар одамга ўхшаб яшай бошлайди”, деди жин. Йўлчиев қиқир-қиқир кулди. “Кулма! Нега куласан, очиб қўйибдими?!” деб жин қип-қизил тилини чиқариб Йўлчиевнинг тумшуғига тиради. Шу заҳоти Йўлчиев қиқирлашни тўхтатди. Жин Туркманбошининг тепасига бориб: “Тила тилагингни!” деди. “Туямўйин сув омбори бизникими, бизники эмасми?” деб сўради Туркманбоши. “Энангники!” деб жавоб берди жин. Сўнг Кўҳистон такасига: “Тила тилагингни!” деди. “Халқимизнинг елкасига қачон офтоб тегади?” деб сўради. Жин ўйланиб қолди, узоқ ўйлади ва охири: “Туянинг думи ерга текканда халқингнинг елкасига офтоб тегади”, деди. Кўҳистон такаси: “Ман мўъжизага ишонаман”, деди. Жин тепамга келиб: “Тила тилагингни!” деди. “Мани президентлик муддатим қачон тугайди?” деб сўрадим. Жин ўйланиб қолди, узоқ ўйлади, ўйлайвериб қанотлари толиқди, охири уч қулоч нарига бориб майса устига қўнди, бошини чангаллаб яна ўйга толди, узоқ ўйлади, ўйлайвериб пешонасига ҳам жун чиқиб кетди. Ҳамма ҳайрон. Ниҳоят, елкалари силкиниб йиғлай бошлади, кўп йиғлади, эзилиб-эзилиб йиғлади, ҳеч йиғидан тўхтамасди. Ҳамманинг юрагини эзиб юборди. Юраклар тилка-пора бўлди. Кўзларда ҳалқоб-ҳалқоб ёш кўринди. Бир-биримиздан кўзёшларимизни яшириб тескари ўгирилиб ётиб олдик. Барибир ҳиқ-пиқ этган товушлар эшитила бошлади, ҳиқ-пиқ баралла ҳўнграшга айланди. Ҳўнграб-ҳўнграб кўзёшлар ҳам қуриди, томоқлар қақраб кетди. Кўзёш қуриса ёмон бўлар экан, томоқ қақраса ёмон бўлар экан. Ниҳоят, Йўлчиевнинг тоқати тоқ бўлди: “Ҳой, жин, юракларни қон қилдинг-ку! Айт, нима учун йиғлаяпсан? Эшитайлик, ҳеч бўлмаса, нима учун йиғлаётганимизни билайлик!” деди. Жин узун-узун уф тортди, ўпкасини босиб олди ва: “Ҳа-а, энажонингни урай! Сани президентлик муддатинг поёнига етгунча ман ҳам икки жаҳонни тарк этар эканман!” деб яна ҳўнграб юборди. Жинга бошқалар ҳам қўшилиб ҳўнграшни давом эттирди. Йиғи-сиғи оламни тутиб кетди.
Ўзим ҳам йиғлаб-йиғлаб уйғондим.
Бирпас ўйланиб ётдим. Кўзёшларимни кафтим билан артиб жилмайдим.
-Анекдот-латифа тушимга кирибди, – дедим ўзимга ўзим. – Ажаб, латифа ҳам тушга кирар экан-да! Мазмун-моҳият унчалик ўзгармаган-у, шакл-шамойил ўзгарган... Манинг фойдамга ўзгарибди, бунақа фойда учун одам тушида йиғласа арзийди.
Эснаб-эснаб ўнг томонимга ағдарилиб олдим. Тушимда йиғлаб-йиғлаб чарчаган эканманми, бирпасда ухлаб қолдим. Яна туш кўрдим.
Ўн учта зотдор ит, орасида елинлари осилиб турган қанжиқ ҳам бор. Ҳаммаси олдимга тушиб қочиб боряпти. Ман уларни қувлаб боряпман. Бир қўлимда таги тешик сатил-челак, бир қўлимда чувалашиб кетган арқон. Арқонни бошим узра кўтариб айлантираман, челакни йўл-йўлакай ерга уриб даранглатаман, ҳай-ҳуйлайман, “ушланглар!” деб қичқираман, итлар товушимни эшитиб баттар ваҳимага тушади, ер бағирлаб югурадилар, ер остига кириб кетгудек эгилиб югурадилар, ман бақир-чақир қилиб баттар шовқин-сурон кўтараман, асфальт чангиб кетади, атрофни чанг-тўзон қоплайди, теп-текис асфальтда қоқилиб мункиб кетаман, лекин йиқилмайман, йиқилсам башарам билан тушаман, қўлларим банд, бурним пачоқ бўлади, тишларим синади деб ўйлайман, итларни қувишдан тўхтамайман, ҳаллослаб тилларим осилиб қолади, ўртанаман, бағрим куйиб кетади, бошимдан тутун чиқиб осмонга ўрлайди, орқамдан буралиб кўкка ўрлаётган тутун қолади, охири қўлимдаги арқонга ўралашиб юзтубан йиқиламан. Аммо бурним мажақланмайди, тишларим синмайди. У ёқ-бу ёғимни силаб-сийпалайман, аста кўзларимни очаман. Деразадан қуёш тушиб турарди, аллақачон тонг ёришиб кетган эди.
Уйғондим. Кейинги тушим ўзимга унчалик маъқул бўлмади.
Дафъатан Аҳмад Хоразмий ёдимга тушди. Боғбонимнинг дилини оғритдим. Эҳтимол, у ростдан ҳам ҳаж ибодатини сидқидилдан адо этмоқчидир? Ахир, илгари унга ўзим ҳажга бориб келишни таклиф этган эдим. Майли, ҳажга борса бориб келсин. Ё у ҳам Ҳасаналига ўхшаб АҚШга қочиб кетармикан? Кэтрин-Каромат Лондонда бўлса, алоқаси узилиб кетган бўлса, унга АҚШда пишириб қўйибдими!
Ниҳоятда чарчаганимни ҳис этдим. Тушлар мани чарчатган эди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...