среда, 25 апреля 2018 г.

121. Яна Сувюқмас ҳақида


Иноят Махсум топиб келган маълумотга ишонадиган бўлсам, тунов куни Жонсарак Мирзо Ижод боғининг ўн учинчи хонасида Мумтоз муаллимга тонг отгунча шикоят қилиб чиқибди: “Нимаики ёзмайин, бошимга бало ёғилади-я! Кимни ёзибди? Нима деб ёзган? Кимга қарши? Юртменбошига тегадиган гап бормикан?.. Вой худойим-эй, энди фантастикага ўтиб кетсаммикан? Ҳожиакбар Шайховнинг бўшаб қолган ўрнини хусусийлаштириб олсам, одамлар нима дейди?..”
Гарчи бошим оғриб турган бўлса-да, адибларнинг дийдиёларини мароқ билан ўқиб чиқдим:
“Аслида, феълимиз тор, адабий муҳит ҳам бижғиб ётибди, санъат асарига ибтидоий муносабатни Чиллашир қайта тирилтирган кўринади. Чиллашир ўзини ишлаётган этиб кўрсатиш учун доим тирноқ остидан кир қидиради: фалончи фалон асарида фалон-пистон демоқчи бўлган деб нуқул ваҳима кўтаради, тун-оқшом икки-уч марта Иноят Махсумга қўнғироқ қилиб, ўзи ёмон кўрадиган ёки уни ёқтирмайдиган ёзувчилар устидан чақув қилмаса, ухлай олмайди...
Ёзувчи мавзуни осмондан олмайди, адабиётнинг вазифаси ҳаётни акс эттириш бўлса-да, аммо фақат нусха кўчириш билангина иш битмайди. Бунда ҳар қандай муаллиф ниманидир ёқлайди, ниманидир рад этади; тўқима одамларни гоҳ меҳр, гоҳ қаҳр билан тасвирлаши мумкин. Зинҳор-базинҳор шахсан бировни қоралаш ёки кимдандир ўч олиш мақсадида ҳеч ким атайлаб қўлига қалам олмаса керак. Бу нарса чинакам санъатнинг табиатига ёт унсур ҳисобланади...”
Жонсарак Мирзо бекорга жиғибийрон бўлмайди.
“Биз ўрта мактабда ўқиган пайтларда адабиёт ўқитувчимиз “умумлаштириш”, “типиклаштириш” деган тушунчаларни миямизга қуймоқчи бўларди. Масалан, қайсидир бир асарда (айтайлик, “Шоирнинг туғилган йили” деган қиссада) талаба устозига кескинроқ мулоҳаза билдирса, кечирилмас бетгачопарликдек туюлар эди. Дарҳол “пед.совет” чақирилиб, синфхонада бўлиб ўтган даҳанаки жанг кап-катта одамлар томонидан жиддий муҳокама этиларди. Хўш, ҳаётда бетгачопар талаба бўлмайдими? Устозга гап қайтариш умуман мумкин эмасми? Йўқ, мутлақо мумкин эмас! Адабиёт шунга ўхшаш воқеани таниб бўлмас даражада силлиқлаштириб акс эттириши лозим. Натижада виждонлироқ ёзувчи беихтиёр замонавий “Зарбулмасал” яратишга мажбур бўлади.
Биламиз, пойдевор мустаҳкам бўлмаса, зарур чоралари кўрилмаса, аввал деворга зах уради, шўрлайди, бора-бора сувоғи кўчиб ўпирилади, бир куни қарабсизки, нураб тушади.
Чиллашир ва унинг атрофига тўпланиб олган ялоқхўрлар намкаш деворга ўхшайди. Улар саратоннинг шамолидан ҳам нам тортаверади. Чунки улар текинхўр бўлиб қолган, қўлларини қавартириб меҳнат қилишни исташмайди; уқувсиз, истеъдодсиз, мўрт кимсалар. Ким ҳақдадир нимадир дейилдими, бас, уни дарҳол Юртменбошига тақаб Иноят Махсумга сим қоқадилар, войвойлаб, қарши чора қўлламоқни бошлайдилар. Дейлик, асар қаҳрамонига “чўтир эди” деб таъриф берилган бўлса бас – демак, Юртменбоши кўзда тутиляпти; “қулоғи оғирроқ эди” дейилса, албатта “Мафкурахона” журналининг бош муҳаррири Соҳибжон Қироний назарда тутилган бўлади ва ҳоказо. Гўё бу дунёда чўтир битта, кар битта!
Ибн Арабий шогирди билан йўлда кетаётса, бир киши учраб унга ҳақорат ёғдиради: сиз ундоқсиз, сиз бундоқсиз! Устоз миқ этмайди, вайсақи хийла узроқлашгач шогирди: “Ман сизди ўрнингизда бўлганимда оғзига тупуриб юборардим”, дейди. “Қўявер, у айтган гапларнинг манга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейди аллома.
Чумчуқдан қўрқиб тариқ экмагандек, ёзувчилардан бирови Гулханийга ғойибона шогирд тушиб замонавий зарбулмасал битса, бошқаси фантастикага ўтиб осмони фалак тасвирига киришса, реал ҳаётни ким ёзади? Ёки бир замондош диний-мистик адиб  таклиф этаётганидек, яна-тағин “Чор дарвеш”, “Шоҳ Машраб”, “Пайғамбарлар тарихи” каби эртакнамо китоблар мутолааси билан машғул бўламизми?
Манимча, реалист ёзувчиларни “ўтмиш”га ёки “осмони фалак”ка қувиб юбориш шарт эмас. Улар ҳам ён-веримизда ўз ишини қилиб юраверсин. Авваламбор, ўзимизнинг феъл-атворимизга, қилиқ-қилмишларимизга бундай разм солиб қарайлик. Хўш, ғирром ёки мунофиқ эмасмизми? Дўсту ёрга хиёнатимиз йўқми? Сайлов пайтлари қаллобликдан ҳазар қиламизми? Хушомадгўй ва лаганбардорлар Оқсаройнинг доимий меҳмонлари бўлмаяптими? Уни-буни қўйиб турайлик, Худодан кўпроқ қўрқамизми ёки Юртменбошидан?
Ана шунга ўхшаган бирталай саволларга жўяли жавоб топилса, кейин ойнадан ўпкалашга ҳожат қолмайди...”
Ғазабим қўзиган чоғларда “Сувюқмас” деб хотира дафтаримга қайд этиб қўйганим Жонсарак Мирзо тўғрисидаги чақувномани кўздан кечириб ўтириб, тавба кардам, адабиётимиз қачон буюк адабиёт бўлар экан деб узоқ бош қотирдим. Охирида Адиблар Иттифоқини қайта тиклаб, унга Жонсарак Мирзони Ижрочи директор этиб тайинлашга қарор қилдим. Албатта, бундай қарорни туйқус эълон қилиб юборсам, гўё ўлиб ётган илоннинг думини босгандек кўринишим мумкин. Шунинг учун аввал меҳнаткашлар Девонга хат ёзиб, мандан “бизга алтернатив адабиёт яратиб беринг!” деб илтимос қилиши керак. Меҳнаткашлар имзо чеккан хат вақтли матбуотда эълон қилинади, бир-икки ой ҳартомонлама муҳокама этилади. Сўнгра қароримни ошкор этаман.
Энди барибир Жонсарак Мирзога Юртменистон халқ ёзувчиси унвонини бермасам бўлмас экан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...