воскресенье, 29 апреля 2018 г.

141. Касал товуқ


Эсимда, кичкиналигимда битта хўроз билан тўртта мокиёнимиз бўларди. Жайдари эди ҳаммаси. Мокиёнлар кунора тухум қиларди. Кузак кезлари қизил товуқ тухумдан қолади. Хўроз ҳам унинг устига миниб олиб пийпаламай қўяди. Кун бўйи катакнинг бир чеккасига биқиниб олиб мудраб ўтираверарди. Кечаси қўноқка чиқмасди, ерда ётаверарди. Баъзан икки оёғини узатиб ётганини кўриб, ҳойнаҳой, ўлиб қолган бўлса керак деб ўйлардим. Симтўрдан узун чўп тиқиб товуқни қитиқласам, истар-истамас кўзини очиб ўрнидан турарди: нарироққа бориб яна ўтириб оларди.
– Оча, қизил товуқ қариб қолдими? – деб сўрайман момомдан.
                         Бир ҳафтада қариб қолмагандир, касалга чалинди, шекилли. Аста товуқхонага кириб уни ҳовлига чиқариб юбор, тағин касали бошқаларига ҳам юқмасин, – дейди момом.
Эшикчадан энгашиб кириб қизил товуқни кўтариб чиқаман, чорпоя ёнига элтиб қўяман. Ўзини офтобга тоблаб қунишиб ўтириб олади. Косачага нон увоқларини тўлдириб тумшуғига тақайман, у тескари ўгирилиб нари кетади.
– Қийнама, ўз ҳолига қўй уни, – дейди момом.
– Нега емаяпти? Нонушта қилмаган, ахир. Нуқул оч ўтираверадими?
                         Кўнгли тусаса ўзи ейди, зўрлаб нима қиласан!
Томорқага ўтаман, кўчага чиқаман. Бир айланиб яна ҳурпайиб ўтирган товуқ тепасида пайдо бўламан. Уни кўтариб тандир ёнига олиб бораман: кул титишни яхши кўришини билганим учун тандирга тиқиб, тандир оғзини қопқоқ билан тўсаман. Бирпасдан сўнг қопқоқни очсам, ваҳ-эй, қандай қўйган бўлсам ўша ҳолатда ўтирган бўларди. Тандирдан чиқариб, патига ёпишган кул-пулини қоқиб ҳовлига қўйиб юбораман. Чархда ип йигириб ўтирган момом бош чайқаб қўяди.
Қизил товуқнинг туси ўзгариб боради, охири кулранг бўлиб қолади, тожи ҳам шалпайиб оқариб кетади.
Биринчи қор ёққунча касал товуқ билан овора бўламан. Эрта туриб уни айвондаги токчадан олиб чорпоя остига элтиб қўярдим. Дон-дун сепаман, у эса қайрилиб ҳам қарамасди. Дон-дунни мусича билан чумчуқлар талашиб-тортишиб еб кетарди. Кўпроқ чумчуқлар ерди. Ман чумчуқларни ҳайдаб, момом айтган Биби Фотима онамизнинг товуқлари бўлмиш мусичаларни кўпроқ боқардим. Мусичалар ношудлик қилиб тумшуғининг тагида турган дон-дунни ҳам чумчуқларга олдириб юбораверарди. Чаққон чумчуқ қайси гўрдан келиб қолганини ўзим ҳам пайқамай қолардим: уёқдан ҳайдасам буёқдан келарди, буёқдан ҳайдасам уёқдан келарди. Касал товуқни ўз ҳолига қолдириб чумчуқ овлашга киришиб кетардим. Бироқ, чўзмаотардан отилган тошча йўлига аксарият ҳолларда мусичалар тўғри келиб қоларди. Тошча “пўк” этиб қорнига тегса, оёқларини узатиб ётиб қолишарди. Мусича жасадини момомга кўрсатмасдан томга ирғитиб юборардим.
Хуллас, биринчи қор ёғади. Эрталаб турсам, ерни оппоқ қор қоплаган. Суюниб кетдим. Қорбобо ясайман деб ўйладим. Лекин қуруқ қор бир-бирига ёпишмасди; биринчи қордан кейин қора совуқ бошланади. Бет-қўлимни чала-чулпа ювиб ўзимни ичкарига ураман. Сандалга оёғимни тиқиб, бошимни ҳам кўрпага буркаб оламан.
Деворга суяниб ўтирганча сандалнинг нариги четида оқ пахтани чигитидан ажратиб чимчий қилиб ўтирган момом:
– Товуғингдан хабар олдингми? Боя кўзимга ўлиб қолгандек кўринди, – дейди.
– Нега ўлади? – дедим кўрпадан бошимни чиқариб.
                         Уч ой касал бўлди, ўзи ҳам қариб қолган эди, ўлади-да! – деб момом пинак бузмай чимчий қилишда давом этаверади.
Кўрпани сандал четига бостириб ўрнимдан тураман. Ҳайрон бўламан. Момом нега бепарво? Товуқ индамасдан ўлиб кетаверадими?
Ташқарига чиқиб токчада тумшуғини деворга тираб ётган товуқни қўлимга олиб кўрсам, тарашадек қотиб қолган экан. Оёқлари чангак бўлиб қолганди. Кўзлари юмуқ эди. Ухлаб ётганда жони чиқиб кетган, шекилли. Агар уйғоқ бўлганда, эҳтимол, жони чиқиб кетмасди. Ухлаб ётгани учун жони чиқиб кетаётганини сезмай қолган. Жони чиқиб кетишини билганимда уни тун бўйи ухлатмасдан ёнимда олиб ўтирардим. Афсус...
Девоннинг таҳририят бўлимида Уҳаммад Аҳмон деган рангпар шоир салкам йигирма йилдан буён хизмат қиларди. Нима иш қилишини ман аниқ билмайман. Ҳойнаҳой, нима иш қилишини ўзи ҳам аниқ билмасди. Ишқилиб, доим девонда ўралашиб юрарди. Издиҳомларда узоқдан кўзим тушиб қолса, бош силкитиб ғойибона сўрашар эдим; кафтларимни жуфтлаб бошим узра кўтариб қўярдим.
Итларга қирон келган йили ман уни қайта кашф қилдим. У «Товушқонлар товуши”га “Кичик хунрезлик катта хунрезликнинг йўлини тўсиб қолди” деган сарлавҳа остида бир саҳифа мақола ёзиб чиқди. Шов-шув авж олган кезларда очиқ-ойдин қатъий бир позицияни ҳимоя қилди. Манга содиқ эканини кўрсатди. Ўшандан кейин унга ихлосим янада ортиб кетди.
Билардимки, Уҳаммад Аҳмон кўп ичарди, бир ичса – бир ҳафта-ўн кунгача бош кўтармасдан “запой” қиларди. Суриштирсам, жигари тамом бўлган экан: “Ичса ҳам, ичмаса ҳам бир йилга етиб бормайди, барибир ўлади. Ўлишини ўзи ҳам билади”, дейди девон шифохонасининг духтири.
Ярим йиллик якунларига бағишланган ҳисобот мажлисида нутқ сўзладим. Дунёда иқтисодий бўҳрон давом этаётган бир пайтда бизнинг экономикамиз ўтган йилга нисбатан ўн фойиз ривожланган эди. Экономикамиз ривожланаётганини ёлланма халқаро экспертлар ҳам тасдиқлайди. Кайфиятим кўтарилиб кетади. Мажлисдан мамнун бўлиб чиқаётсам, бир чеккада мунғайиб турган Уҳаммад Аҳмонга кўзим тушиб қолди.
– Эй, ҳой, кел мунда! – деб у томон юрдим.
                         Ассалому алайкум! – деб шоир қўшқўллаб сўрашди.
Бечора би-ир аҳволда эди; озиб-тўзиб кетган, рангида ранг йўқ, кўзлари ҳам кирттайиб қолган, афт-ангорига ўлим нуқси уриб қолган эди.
                         Санга нима бўлди? Мазанг йўқми? – деб сўрадим елкасига қўлимни қўйиб.
– Сал шунақароқ бўп қолдим, ака, – деди хижолатомуз кулимсираб. – Қолаверса, ака, буёғи энди қарияпман.
– Йўғ-э, сан ҳам қарияпсанми! – деб юбордим нохос.
– Ҳа, энди... – Шоир айбдордек ерга қарайди.
                         Ҳа, тўғри, ҳаммамиз қарияпмиз, – дедим маъюс тортиб. Унга тикилиб ўйланиб қолдим. Афсуски, қариликнинг давоси йўқ. Унинг биттаю битта давоси – ўлим.     
 “Ўлмак хабарин берғувчи доғи қарилиқ...”
Атрофим сув қуйгандек жимжит бўлиб қолади. Хаёлларим узоқ-узоқларга олиб қочади.
– Эй, Уҳаммад ака, қанақа аҳмақ одамсиз ўзи?! Шу тобда қариликни эслатишингиз шартмиди?! Ахир сизни ҳеч ким нафақага чиқариб девондан ҳайдаб юбораётгани йўқ-ку! Бетобман, алкаш бўп қолганман десангиз ўлармидингиз!
                         Ие, ие! Айбим нима ахир? Ўзлари аҳволимни сўраяптилар, ман тўғрисини айтяпман, холос.
Даҳанаки жангни эшитиб паришон бўп кетган хаёлларимни жамлаб олдим. Мундоқ қарасам, Пароканд Мирзо ман билан шоирнинг орасига кириб олиб бечорани обориб-опкеляпти.
– Эй, мўйлов, сан нари тур! – деб Парокандни итариб юбордим. – Биз ўзимиз гаплашяпмиз! Сан аралашма! – Ҳув нарида турган Соғлиқни сақлаш вазирини имлаб ёнимга чақирдим: – Манави йигитни танийсанми? – деб сўрадим ундан.
– Танийман, бир жойданмиз – икковимиз ҳам Паландарадан бўламиз.
– Ундай бўлса, жуда зўр! Бу йигитга қарагин, қандай муолажа зарур бўлса, ёрдам бер! – дедим.
                         Хўп бўлади, хўжайин.
– Раҳмат, ака, – деб шоир кўзларига ёш олди.
Ман унинг елкасига қоқиб қулт этиб ютиндим, дарҳол орқамга ўгирилиб Оқсарой томон жадал йўл олдим. Кўнглим бузилиб кетди, бўғзимга муштдек бир нарса келиб қадалиб қолди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Уҳаммад Аҳмон вафот этди. Гарчи унинг Халқ шоири деган унвони бўлмаса ҳам эски Коммунистлар мозорига дафн этишга рухсат бердим.
Салкам йигирма йил девонда ишлаб вафот этган шоирни ўйласам, эсимга лоп этиб касал товуғим тушиб қолади.
Пароканд бекорга унинг дилини оғритди. Манга садоқатини кўрсатиш учун дилозарлик қилиши шарт эмас эди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...