среда, 25 апреля 2018 г.

127Г. Сувюқмасдан иқтибос


Қизиталоқ Иосиф (Йусуф) Сталиннинг кенжа ўғли Василий биринчи синфга ўқишга боргач, мактабдан гап топиб келади ва опаси Светланага арзи ҳол қилади: “Опа, биласанми, отамиз илгари гуржи бўлган экан”, дейди кўзларини ола-кула қилиб. “Йўғ-э!” деб ёқасини ушлайди Светлана.
Шунақа гаплар, оғайни.
Ҳатто Пароканд Мирзонинг ҳам илгари устози бўлган экан, унинг устозини “Сувюқмас” дейман. Шу лақаб унга узукка олмос кўздек ярашиб тушган. Баъзан Пароканд Мирзодан устозини сўраб қўяман: “Нима қиляпти? Ҳалиям норозими? Валиаҳд қизимга айтиб, китобини Фарангистонда, Қўшма Штатларда нашр эттириб берсам ҳам нолияптими?.. Шошмай турсин, унга Нобел мукофоти олиб бераман!” дейман ҳазил аралаш.
Лекин, ҳақиқатан ҳам, қизимга айтиб унинг китобини инглиз, фаранги тилларига таржима қилдириб чоп эттирдим. Майли, яхшилигимни билмаса, Холиқ билади-ку, Холиқ билмаса, ҳеч бўлмаса, балиқ билади.
Тунов куни Пароканд Мирзо устозининг “Эрталабки хаёллар” китобини кўтариб келди: “Мана, Нобел мукофотига номзодингиз китоб чиқарибди”, деди норози товушда. Унга бошдан-оёқ разм солдим; у кўзларини кўзойнак орқасига яширди. Бош чайқаб қўйдим: биламан, менга ёқмайдиган бўлса, астағфируллоҳ, Пароканд Мирзо ҳам, Сувюқмас ҳам ҳатто отасидан ҳам воз кечиб юбориши мумкин!
“Ўзбекистон” нашриётида чоп этилибди. Бу нашриётда кўпинча менинг сайланмаларим чоп этилади. Демак, Пароканд Мирзо нашриёт директорига мўйловининг учини қоқиб қўйган.
Пароканд Мирзо ўта муғомбир, қичийдиган жойини олдиндан қашлаб қўяди: агар китобда менга маъқул келмайдиган бирорта гап ўтиб кетган бўлса, дарров ўзини оқлайди; ношир билан муаллифнинг гўрига ғишт қалаб, ўзи сувдан қуруқ чиқиб кетмоқчи бўлади. Бундай чоқларда: “Қўй, мўйлов, ўзингни оқламагин энди! Сен ҳам ўша Сувюқмаснинг шогирдисан-да!” деб қўл силтайман.
Китоб 582 саҳифа экан. Аёллик ва эркаклик қувватини ҳам ўзи раҳбарлик қилаётган дўкон манфаатларига паққос бўйсундиртирган икки ходим Сувюқмаснинг 40 йиллик ижодий маҳсулотларини тирноқлаб тўплаб, ҳарфма-ҳарф кўчириб, техник жиҳатдан бенуқсон китоб чиқарибди. Ўзимга ўзим икки ҳафталик таътил эълон қилиб, қароргоҳимда ётиб китобни синчиклаб мутолаа қилдим. Диққатга сазовор парчаларини дафтарчамга кўчириб қўйдим, нутқимда фойдаланаман.
Қойил қолдим! Биласизми, нимага қойил қолдим? 582 саҳифада менга ёқмайдиган бирорта гап йўқ экан! Ҳаммаси мақсадга мувофиқ гаплар! Сувюқмас чорак аср мобайнида манга нима ёқишию нима ёқмаслигини юз фоиз ўзлаштириб олган кўринади. Ора-орада манга пахта қўйиб кетишни ҳам асло эсидан чиқармайди; гоҳ фармонимга орқа қилса, гоҳ ман амалга оширган ислоҳотларни олқишлайди. Ленин бобо тўғрисидаги ҳикояларни эзгуликка хизмат қилган деб, Ленин комсомоли мукофотини эса ҳалол меҳнат учун берилган баҳо деб талқин этади.
Мутолаани якунлаб, Хотира дафтаримга “Эрталабки хаёллар”дан салкам бир саҳифа иқтибос кўчириб қўйдим:
“Ватан – шунчаки бир жуғрофий тушунчаю миллат – мавҳум омма эмас. Ёнидаги биродарининг кўзига чўп суққан ёки кўзи ёшлиларнинг дардига малҳам бўлмоқдан қочган одамни ватанпарвар деб аташ мумкинми?! Оилангизга қарамасангиз, ота-онанинг дуосини олмасангиз, ёр-дўстга ҳамдам бўлмасангиз-у, нуқул “Ватан, Ватан!” дея ҳайқириб юрсангиз... қанақа Ватан учун курашяпсиз ўзи?!
Қайта қуриш бошланиб, тақиқ дарвозалари очилгач, ватанпарварликка даъвогар кўпайди. Бошқа соҳада ўзини кўрсатаолмаганлар ҳам шу йўлга ўтиб олди. Чайқовчилик бошланди. Сиёсий чайқов, миллий чайқов. Тўғри гапни айтиб кўринг, нақ халқ душманига чиқасиз. “Мирзо Улуғбек” фожиасидаги шоҳнинг аламнок ноласи ёдингиздадир: “Ахир, сенга ёмон фарзанд эмас эдим-ку!”
Бундай вазиятда ёзувчининг асосий бурчи ана шу жараёнларни ҳаққоний акс эттиришдан, ҳақиқатни баралла айтишдан иборат. “Мен Ватанимга хизмат қилмоққа бел боғлаган эканман, демак, адолатга ҳам хизмат қилмоғим керак” (Альбер Камю). Масалан, биродаримиз Набижон Боқий хавфсизлик қўмитасининг қора ҳужжатгоҳларида ойлаб ўтириб, Абдулла Қодирий тергов иши асосида “Қатлнома” деган каттагина китоб ёзди, ҳозир эса босмачилар тўғрисида бор ҳақиқатни халққа етказиш мақсадида беором сафарларда юрибди. Ана, ёзувчининг ватанпарварлик иши! Чунки “Ватан!” дея хитоб қилмоқни бошқалар ҳам эплаши мумкин, лекин у тўғрида ҳақиқатни ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди” (403–404 бетлар).
Қойил қолдим. Сувюқмас ҳар қандай гапни шундай бир йўсинда товлаб юборадики, қайси учидан ушлаб хулоса чиқаришингни ҳам билмай қоласан. Иқтибосда ҳам у, бир қарасангиз, муросасиз мухолифатнинг ёнини олаётгандек кўринади; яна бир қарасангиз, астағфируллоҳ, айнан ўзини ватанпарвар этиб кўрсатаётган мухолифатнинг пўстагини қоқаётганга ўхшайди! Мана сизга талант! Ҳақиқий сувюқмас шунақа бўлади-да, қандини урсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...