среда, 18 апреля 2018 г.

100. Шоҳона қулчилик


Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ҳожи Жунаидхоннинг Хирмонтепага қулчиликка борганини бутун мамлакат эшитади. Албатта, Жунаидхоннинг орқасида ким турганини ҳам ҳамма билади. Бирдан Қаламкашнинг рейтинги кўтарилиб кетади. Оммавий ахборот воситаларида Қаламкашга қарши кетма-кет уюштирилаётган хуружлар ҳам ўз-ўзидан тўхтаб қолади. Фақат “Қандолатчилик” журналида аҳён-аҳён “муштарий мактублари” чоп этилиб, муаллифи кўрсатилмаган ҳолда “Биз ҳам ёш бўлганмиз” қиссаси ҳар хил баҳоналар билан танқид қилинар, Расул ғилай билан Моҳира-Моҳигулнинг бўлажак тўйларига хайр-эҳсон тўплаш кампанияси жадал суръатларда давом этар эди.
Жунаидхон уч-тўрт кун ўтказиб яна Чеҳрагул хонадонига қулчиликка боради.
-Калишим кўчада қолгани йўқ, хотинбозга қизимни бермайман! – деб Омонгул “Қандолатчилик” журналининг етти-саккизта сонини совчининг олдига ташлайди.
-Ойи, ойижон! – деган ожизгина овоз эшитилади ошхона тарафдан.
-Сан жим тур, Чеҳра! Шошмасанг, эрга ялчийсан! Жуда бўлмаса, ўзим ота-бола эр топаман: отасига ўзим тегиб оламан, боласи санга куёв бўлади! – деб жеркиб ташлайди Омонгул қизини.
-Матбуотга ишониб бўладими! Қизиқ экансиз, – деб Жунаидхон ҳам юзига фотиҳа тортиб ўрнидан туради. – Майли, қариқизингизга эр топилмаса, ўзингиз хабар қиларсиз, – деб хонадонни тарк этади.
-Вой-вой, тешик сирға ерда қолар эканми?! – деб жавраб қолади Омонгул.
Шундан кейин кутилмаганда Қаламкаш касалхонага тушади. Кардиология бўлимига тушибди. Суриштирсам, аҳволи жиддий – перикардит. Диагноз мани хавотирга солиб қўйди: юракни ўраб турадиган халтасимон парда перикардит дейилади; одам миокард инфарктни бошидан кечирса, перикард бўшлиғида суюқлик тўпланиб қолади. Соғликни сақлаш вазирига сим қоқиб: “Қаламкашга қаранглар, агар унга бирор кор-ҳол бўлса, онагинангди Учқўрғондан кўрсатаман”, дедим.
Бир ҳафта ўтгач Жунаидхонни ёнимга олиб касалхонага бордим. Елкамга оқ халат ташлаб Қаламкаш ётган палатага кириб борганимда бемор ёстиққа суяниб ҳамшира қиз билан гаплашиб ётган экан. Ҳамшира сапчиб ўрнидан туриб кетди. Қаламкаш чойшабни устига тортиб хижолатомуз жилмайди. Сўрашдик. Жунаидхон қоғоз пакетни дераза токчасига қўйиб саломлашди. Стулларни кароватга яқинроқ суриб ўтирдик. Юзимизга фотиҳа тортдик. У ёқ-бу ёқдан хийла суҳбатлашдик. Асосий мавзуга кўчишга, гап пайновини асосий мавзуга буриб юборишга ҳадеганда журъат этолмадим. Бу орада Жунаидхон уч-тўрт марта томоқ қириб, депсиниб-депсиниб манга ўқрайиб қараб олди. Ниҳоят, чойшаб устидан Қаламкашнинг тиззаси устига кафтимни босиб жилмайдим ва мулойимона сўз очдим:
-Ҳали ўзингиз эшитдингизми-йўқми, ҳайтовур, биз сизнинг устингиздан бир иш қилиб юрибмиз, – деб Жунаидхонга маъноли разм солдим.
-Шундоқ, – деди Жунаидхон қўлини кўксига қўйиб.
Қаламкаш бизга қараб қошларини чимирди. Афтидан, ҳамма гапдан хабардор экани яққол сезилиб турарди. Шундай бўлса-да, қиёфасига жиддий тус берди.
-Ақлли кишиларнинг сўроқсиз қилиб юрган ишлари ҳам унчалик номаъқул бўлмас, – деб кулимсиради.
Биз ҳам ерга қараб кулимсирадик.
-Биз сизни хирмонтепалик Омонгул деган аёлнинг қизига унаштирмоқчимиз, сиз билан тўй маслаҳатини қилгани келдик, – деб яна Жунаидхонга қарадим.
-Шундоқ, – деб Жунаидхон яна қўлини кўксига қўйди.
-Э-э, сизларни овора қилиб қўйибман-ку, – деб яна кулимсиради Қаламкаш.
-Хайрли ишга бош қўшмоқ савобдир, иним, ҳеч оворагарчилиги йўқ, – деди Жунаидхон.
-Тўғри, оворагарчилиги йўқ, – деб тасдиқладим. – Сиз ҳеч нарсани ўйламасдан муолажа олинг, биз унгача бу ёғини пишитиб қўямиз, – деб юзимга фотиҳа тортдим.
-Бирпас ўтиринглар, – деб илтифот қилди Қаламкаш.
У илк бора самимий жилмайди. Сездимки, юрагидаги муз эриди, кўнглида илиқлик пайдо бўлди.
Ўрнимиздан турдик.
Эшик томон икки қадам ташлаб орқамга бурилдим.
-Дарвоқе, Веймар республикасининг канцлери Карл Август ҳам улуғ Гёте учун Амалия хоним хонадонига Улрика исмли қизининг қўлини сўраб қулчиликка борган, – дедим чаккамни қашлаб.
-Бироқ, мулойимгина рад жавобини олган, – деб илова қилди Қаламкаш. – Қолаверса, у пайтларда Веймар республика бўлмаган, герцоглик эди.
-Ана! – дедим кўрсаткич бармоғимни шифтга ниқтаб. – У пайтларда Веймарда республика жорий этилмаган эди, шу боис Амалия хоним канцлерга рад жавобини беришга журъат этган. Худога шукр, бизда республика жорий этилган. – Маъноли кўз қисиб қўйдим.
-Кўнмаса нима қиласиз? – деб сўради Қаламкаш.
-Бу гал кўндирамиз, – деди Жунаидхон.
-Барибир кўнмаса-чи? – деди Қаламкаш.
-Кўндирамиз, – деди Жунаидхон қатъиян.
-Илтимос, онасини зўрламанглар... – Бирпас ўйланиб қўшиб қўйди: – Чеҳрагул шундоқ ҳам манга мойил бўлиб турибди.
-Ундай бўлса, ғишт қолипдан осон кўчади, – дедим. – Фақат савдо пишса бас.
-Герцог Амалия хонимга умрбод нафақа ваъда қилган, – деди Қаламкаш.
-Бу ёғидан хотиржам бўлинг, – дедим жилмайиб. – Омонгул хонимни ҳам қуруқ қўймайман.
-Раҳмат, – деди Қаламкаш.
Нигоҳларимиз билан хайрлашдик.
Ич-ичимдан амин бўлдимки, агар шахсан ўзим Хирмонтепага қулчиликка бориб Омонгул хонимнинг розилигини олиб қайтсам, иншоолоҳ, Қаламкаш ҳам ман билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади. Балки, Пароканднинг жавобини бериб унинг ўрнига мухолифбашара Қаламкашни матбуот котиби этиб тайинларман...
Котиб  Пароканд МИРЗО

Биринчи дафтар тўлди.
* * *

Қ А С А М Ё Д

Юртменистон Президенти лавозимини бажаришга киришар эканман, республикамиз халқига садаоқат билан хизмат қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига кафолат беришга, Юртменистон Конституциясига қатъий риоя этишга, зиммамга юклатилган юксак вазифаларни виждонан бажаришга тантанали равишда қасамёд қиламан.
                 И. А. К.

                             Она юртинг омон бўлсин,
Ранги-рўйинг сомон бўлсин.
Ўзим тўқиган мақола

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...