воскресенье, 29 апреля 2018 г.

152. Висол оқшоми


Ўзбек тили фонетикаси билан жиддий шуғуллана бошладим. Нутқимда фонетик нуқсон борлигини Қаламкаш ётиғи билан тушунтириб берди. Масалан, ман кўпинча мақол дейиш ўрнига “мақола” деб юбораман. Мандан кетса кетсин деб битта “а” ҳарфини қўшиб айтаман. Фонетика нуқтаи назаридан бу нарса хато ҳисобланади.
Фонетиканинг объекти товуш бўлгани учун ҳам у физика билан чамбарчас боғланган. Физиканинг акустика билан шуғулланадиган махсус тармоғи бор, унинг объекти ҳам товуш ҳисобланади. Бироқ, фонетика тор доирада фақат инсон товушини ўрганади. Бу жиҳатдан у физиологияга ҳам яқин туради. Товушлар талаффузи нутқ органлари артикуляцияси бўлиб, у нафас органлари ва нутқ аппаратининг ҳаракати билан юзага келади. Унинг эшитиш органига таъсири ва бу сигналлар орқали маъно, маънолар синтези орқали эса мазмун идрок этилиши бош мия физиологиясидир. Фонетиканинг акцентуация ва интонация билан шуғулланувчи тармоқлари эса субъектив муносабатларни реаллаштирувчи ҳиссиёт билан боғлиқ кечинмалар ҳосиласидир. Фонетика нутқнинг материал томони бўлгани учун ҳам у тилнинг кўпгина миллий хусусиятларини ўзида акс эттиради. Тилнинг бойлиги, грамматикаси, ҳатто хусусиятлари ҳам ундан узилган ҳолда ўрганилмайди.
Қаламкашдан ҳар куни бир соатдан фонетика бўйича сабоқ оладиган бўлдим. Бошим оғриб қоларди, икки чаккам лўқиллай бошларди. Дунё кўзимга қоронғи бўлиб кўринарди. Хайрият, Қаламкаш билан Чеҳрагулнинг бахт ва висол оқшоми яқинлашиб қолдию ман фонетика азобларидан қутулдим.
Келишувга кўра, тўй тантаналари шанба куни бошланиши лозим эди. Лекин Чеҳрагул рассом Исфандиёр Ҳайдар ижодига бағишлантан буюртма мақоласини “ЖаннатМакон” журналига ўз вақтида топшира олмапти; Собир Марғилоний деган журнал ходими ўша мақолани босмахонага тушириб юбориш бўйича масъул экан. “Чеҳра опа, агар мақолани уч кун ичида топширмасангиз, ман тўйингизга бориб тўйиб арақ ичиб оламан-да, ўртакашни уриб абжағини чиқариб қўяман!” деб дағдаға қилади. Собир гапида турадиган йигит экан. Қолаверса, Чеҳрагулнинг ўртакашга раҳми келади. Тўй (Қаламкаш билан келишилган ҳолда) уч-тўрт кун орқага сурилади. Шунда сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Собир нега ўртакашни урмоқчи бўлади? Чучмал шеърлар ўқиб ўртани олиб бораётган сухандон калтак еб даврани тарк этса, тўй тарқаб кетмаган тақдирда ҳам ниҳоятда совиб қолади. Келин-куёв илк оқшомни совуқчиликдан бошласа, кейин тонг отиши жуда қийин бўлади. Чеҳрагул Собир Марғилонийнинг талабига кўнади, Қаламкаш эса Чеҳрагулнинг таклифини қабул қилади.
Тўй чоршанба кунга белгиланди. Чоршанба – муродбахш кун. Биз Жунаидхон билан совчиликка борган кунимиз ҳам, адашмасам, чоршанба эди.
Ёш келин-куёвга кутилмаган совға сифатида Омонгулга “Юртменистон Қаҳрамони” унвони бериш тўғрисидаги фармонга душанба оқшомида имзо чекдим, сешанба куни махсус фармоним вақтли матбуотда эълон қилинди. Омонгулни Оқсаройда расмий равишда қабул қилиб, кўкрагига Олтин Юлдузни ўз қўлим билан тақиб кўйдим. Омонгулнинг кўзларида қувонч ёшлари порлади. Ўзимнинг ҳам ўпкам тўлиб кетди.
– Паспортим бўйича исмим Патилахон, – деди Омонгул кулимсираб. – Энди паспортимни янгиламасам бўлмас.
– Тўғри қиласиз, биз бир-биримизнинг камчилигимизни яширишимиз керак. Мандан хато ўтган бўлса, сиз кечиринг, сиздан хато ўтган бўлса, ман кечираман. Халқимиз ҳам кечиримли халқ.
– Халқимиз омон бўлсин, – деди Омонгул. – Қаҳрамон бўлганимни хўжайиним кўрмай кетди-да, афсус! Танк билан Афғонистонга бостириб кириб, ўлганидан кейин Қизил Байроқ ордени билан тақдирланган эркак, илойим, гўрида тинч ётсин!
– Ошном Ҳомид Карзайга қўнғироқ қилиб айтаман, эҳтимол, тўйдан кейин Саланг довонига бориб эрингиз ўлган жойга қабртош қўйиб қайтарсиз, – дедим.
– Савоб бўларди, – деди Омонгул. – Кўкрагимдаги Олтин Юлдузни кўриб толиблар ҳам етти букилиб таъзим қилса керак.
                         Бўлмасам-чи! – деб кулдим.
Омонгулнинг кўзларига синчиклаб тикилсам, бу хотин хийла қув эканини пайқадим: Олтин Юлдуз тақиб олган боши очиқ хотинни кўриб қолса, толиблар терисини тириклайин шилиб олиб, ичига сомон тиқишини ўзи ҳам мандан яхшироқ билади.
Тўй Дўрмон қишлоғининг ёзлик маросимлар масканида бўлиб ўтди. Бу масканга илгари “Қизил Юртменистон” колхозининг идораси, боғи жойлашган эди. Колхоз раиси Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлган. Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор раиснинг ошноси эди. Ошночилик ўз йўлига, ёзувчилик ўз йўлига. “Синчалак” қиссасида Қаландаров тимсолида ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган раисни обориб-опкелади. Ажабки, қисса чоп этилганидан кейин ҳам ёзувчи билан раиснинг ошночилиги эскичасига давом этаверади.
Дўрмон қишлоғининг эски боғини Холматвойга қарашли одамлар хусусийлаштириб олган. Асрий чинорлар остида замонавий тўйхона барпо этилган. Тўйхона эл-юртнинг корига бакор келяпти.
Ман келин-куёвни телефон қилиб табрикладим.
– Афсус, ўзим қатнаша олмайман, – дедим. – Ҳозир Англиянинг собиқ элчиси тўғрисида махсус буюртма асосида ёзилган “Почча” номли ҳажвий қиссани мутолаа қиляпман. Уни дарҳол ўқиб, зарур тузатишлар киритиб бермасам бўлмайди. Тез орада рус, ўзбек, инглиз тилларида бирйўла чоп этилади. Жиддий тузатиш лозим бўлса, таклифларимни тезроқ айтишим керак. Кейин кеч бўлади.
                         Қуллуқ, қуллуқ! Бошимиз осмонга етди, – деди Қаламкаш ва қўл телефонини келинга узатди.
Келинни ҳам алоҳида табрикладим. Илгари Чеҳрагулнинг товушини эшитмаган эдим; қўнғироқдай товуши бор экан.
– Товушингиз манга ёқди, қизим. Илойим, қўшганингиз билан қўша қарингиз!
– Раҳмат, ота, раҳмат! Илойим, бахтимизга дунё тургунча туринг!
                         Майли, қизим, бир-бирингизга суянчиқ бўлинг, қўш ҳўкиз бўлинг! – деб қолдим.
“Қўш ҳўкиз” дейман деб “қўшмозор” деб юборишимга бир баҳя қолди.
Ҳақиқатан ҳам икки оқшомдан буён “Почча” номли буюртма қиссасини мутолаа қилаётган эдим. Етти-саккиз йил олдин хотинидан ажралган битта бетамиз Англиянинг Юртменистондаги элчиси бўлиб келади. Тунги кўнгилочар масканларнинг доимий мижозига айланади. Раққоса қиз билан танишади. Ими-жимида у билан дон олишиб юради. Сўнг раққосанинг қўлини сўрайди. “Йўқ, – дейди раққоса. – Тунги ресторанда ярим-яланғоч рақсга тушиб юрсам-да, ўзим мусулмон фарзандиман, ман Мария Стюартни бўғизлаган мамлакат қироличаси номидан элчи бўлиб келган насронийга турмушга чиқмайман”. “Ўҳ-ҳў, Мария Стюарт қатл этилганидан сўнг қанча сувлар оқиб ўтган, ҳозирги Англия бутунлай ўзгариб кетган. Қиролича деярли ҳеч қандай куч-қудратга эга эмас. Хўп, Шаҳризоданинг қандай шартлари бор?” деб ялтоқланади ширакайф элчи. “Исломни қабул қиласиз”, дейди раққоса ҳам кўзларини сузиб. “Лекин ўзимни суннат қилдирмайман, ҳайми?” дейди элчи. “Ҳай”, дейди раққоса.
Танқидий реализм руҳида ёзилган қисса манда ёрқин таассурот қолдирди. Уни тўхтовсиз чоп этиш тўғрисида Иноят Махсумга кўрсатма бердим.
Қаламкаш тўйдан кейин қирқ кун ишга чиқмади. Чилласини чиқариб девонда кўриниш берган заҳоти уни ҳузуримга чорладим. Бечора игна ютган итга ўхшаб озиб-тўзиб кетган эди.
– Нима бўлди? – деб сўрадим ажабланиб. – Тобингиз йўқми?
– Йўқ, яхшиман, – деди ерга қараб. – Қирқ кун парҳез сақладим.
– Нима-нима?! Келинга яқинлашмадингми?
– У маънода эмас, – деб кулимсиради куёв. – Ҳали қичқирмаган хўрозчанинг  гўштидан шўрва қайнатиб ичдик.
– Битта хўрозчанинг гўшти қирқ кунлик шўрвага етдими?
– Ҳа.
– Қайнонангиз қаерда эди? Ош-овқатларингдан хабар олмадими?
                         У киши Янгийўлнинг Қовунчи қишлоғига батамом кўчиб кетди. Биз Чеҳрагул икковимиз Хирмонтепадаги уч хонали квартирада ёлғиз қолдик.
– Ие, барибир бундай қилиш нотўғри-да, Дўст! Нима, илгари уйланмаганмисиз?
– Бир-икки марта уйланган эдим-у, лекин бунчалик қаттиқ севмаган эдим.
                         Ҳа-а, тушунарли, – дедим. – Ишқилиб, келин ҳам хурсандми?
– Хурсанд.
– Жуда хурсандми?
                         Жуда хурсанд.
– Манга қаранг, Дўст, Чеҳрагул билан қандай танишиб қолгансиз ўзи?
– Прагада Содир Мўйлов деган ошном бор, бизни ўша таништириб қўйган.
– Қандай қилиб? У уёқда бўлса, Чеҳрагул Хирмонтепада бўлса.
– Севги масофа танламас экан-да! – деб кулимсиради Қаламкаш.
– Уйқу жой танламас, севги ҳусн, деган мақолани эшитган эдим. Аммо ўртада масофа ҳам борлигини эшитмаган эканман.
                         Яна мақола деб юбордингиз, мақол дейиш керак, – деб огоҳлантирди “устоз”.
 –Ие, ҳа-а, дарвоқе! – деб пешонамга шап этказиб уриб қўйдим.
Қаламкаш яна манга фонетикадан сабоқ бера бошлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...