среда, 25 апреля 2018 г.

126. “Боғдон қашқири”


Ёшинг бир жойга бориб қолгандан кейин олдингга эмас, орқангга тез-тез қарайдиган бўлиб қолар экансан. Тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўймадимми? Қачон ва қаерда, кимга нисбатан ноҳақлик қилдим?
“Ўлмак хабарин берғувчи доғи қарилиқ”.
Қаламкаш Сирдарё кўпригидан ўтаётганимда SMS қилиб жўнатган тўртлик жисми жонимни чулғаб олгандек гўё. Навоий бобо бор-йўғи олтмиш йил умр кўрган. Олтмиш ёшда қариликни батамом бўйнига олади, нариги дунё тадоригини кўра бошлайди. Агар Заҳириддин Бобур ўн тўрт ёшида уйланиб, ўн беш ёшида бола кўрганини ҳисобга оладиган бўлсак, ман ҳозирги ёшимда Алишербекка ота мақомида бўлишим керак. Демак, Алишербек олтмиш ёшида ҳам салтанат низомларига тузатиш киритиб Ҳусайн Бойқаронинг подшолик умрини узайтириш тўғрисида бош қотириши лозим эди. Йўқ, ўчакишиб, нуқул ҳаж сафарига интилади; мукаррам шаҳарларга бориб бандаликни бажо келтиришни истайди.
Манимча, охиратга ишонадиган ҳар қандай мусулмон банда оёқларини узатиб бамайлихотир жон берсам, дейди. Хотири жам бўлмаган одам уч-тўрт кунлаб жон талашади, жон беролмасдан кўрпада хириллаб ётаверади.
Парвардигорим, ажалнинг осонини юборгин, жон берар чоғимда бировга оғирлигим тушмасин. Жоним чиқиб кетганини ўзим билмай қолсам дейман.
Ўн икки йил бурун юз берган тўпланти хаёлимда тез-тез жонланадиган бўлди. Ман пойтахт кўчалари портлатилганидан кейинги йиғинни назарда тутяпман. Минг-минг киши сиғадиган театрга жамоатчилик вакиллари териб-териб таклиф этилади. Раёсатдан Ички ишлар вазири, дин пешволари, махсус хизмат ходимлари жой олади. Ҳали тергов охирига етказилмаган, ҳали одил суд ҳукм чиқармаган эди. Аммо ҳукуматнинг ноғорасига ўйнайдиган оммавий ахборот воситалари аллақачон чет элларда қочиб юрган мухолифат вакилларини “худкуш” деб эълон қилган, энди фақат уларни битта-битта тутиб келиб Мустақиллик майдонида кўз-кўз қилиб осиш қолган эди, холос.
Чиллаширга Ёзувчилар уюшмасини топшириб қўйган эдим. У Дўрмон ижод боғини қўйхонага айлантириб олади: воҳадан қирқта қўй, тўртта қозоқи ит, тўртта чўпон келтириб чорвачиликни йўлга қўяди. Ижод боғига борадиган ижодкорлар ажаб манзарага дуч келиб ёқасини ушлайди. Боғ директори этиб тайинланган Олакўз Араб Чиллашир номидан бақир-чақир қилиб чўпонларни бўралаб сўкади; ижод аҳлига Чиллаширни ёмонласа, Чиллаширга ижод аҳлини ёмонлайди. Шу тарзда ўртада олов чиқариб, ўзи бир чеккада исиниб ўтирарди. Икки томонга ҳам ўзини керакли одам этиб кўрсатарди боёқиш. Дордан қочган Араб ўн беш йил ижод боғига раҳбарлик қилади.
Ўша йиғинни қароргоҳимда ўтириб битта ўзимга узатилаётган жонли кўрсатув орқали томоша қилганман. “Худкушлик” ҳаракатини нотиқлар бирин-кетин қоралайди. Бир пайт Чиллаширга сўз берилади. Минбар томон келаётганидаёқ унинг ширакайф эканини пайқаган эдим. Ишқилиб, қовун туширмаса бўлгани, баччағар! Эрталабдан ичиб олганини қаранг!
Минбарнинг икки чеккасини маҳкам ушлаб олиб, раёсатда ўтирган Ички ишлар вазирига лабини чўччайтириб, тикилиб қолади ва:
                         Холматжон ака, отиб ташланг уларни! Битта қолдирмасдан отиб ташланг, ака! Нега отмадингиз?! Агар отишга қўрқсангиз, Ёзувчилар уюшмасининг аъзоларига милтиқларингизни тарқатиб беринг, мана, биз отиб ташлаймиз уларни! – деб кўкрагига муштлайди. Кўкрагига муштлаётиб гандираклаб кетади, гандираклаб бориб деворга суяниб қолади.
Залда гурр этиб кулги кўтарилади, қаҳқаҳа авж олади.
Дастлаб, Чиллаширнинг масъулиятсизлигини кўриб роса жаҳлим чиқади, сўнг кулгим қистайди. Кулиб-кулиб телевидение раисига сим қоқдим: “Чиллаширнинг ҳамма гапини эфирга берасан, ҳайми?!” “Ҳай”, дейди ургутлик раис. “Фақат гандираклаб кетган жойини қирқиб олинглар, ҳайми?!”
Оқшом чоғи “Ахборот”дан кейин пойтахтда жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган ҳалиги машварат биринчи дастурдан эфирга узатилади. Кўрсатув ниҳоясига етган заҳоти Хорун ар-Рашид қиёфасига кириб адютантим билан шаҳарнинг гавжум гўшаларини кезиб чиқаман. Портлашлар Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан уюштирилгани тўғрисидаги мишмишлар хийла босилиб, энди ҳамма Чиллаширнинг гапларини шарҳлаш билан овора эди.
– Наҳот, эрта-индин ёзувчиларга милтиқ тарқатиб берилса?!
– Нима бўпти?! Ҳайрат Қўчқорга ўхшаган кечаги ашаддий коммунистлар нафақат худкуш деб гумон қилинаётган бегуноҳ одамларни, ҳатто Чўлпон номидаги кинотеатр соясида боласини эмизиб ўтирган хотинларни отиб ташлашдан ҳам қайтмайди.
– Анави, бурнини терлатиб телевизорда маҳмаданалик қиладиган ашақлик серҳаяжон йигитни айтяпсизми?
Ҳа, ўшани айтяпман.
                         Унақа муртадлар Юртменбошининг назарига тушиш учун Кичкинахўжанинг айағини уқалаб қўйишдан ҳам тоймайди...
Пойтахнинг гавжум масканларини кезиб юриб билдимки, Ҳайрат Қўчқорни Девонга ишга олиб тўғри қилган эканман. Машваратнинг телеэфирга узатилиши одамлар диққат-эътиборини асосий масаладан чалғитиб, Чиллаширни ғазаб оқимига рўпара қилиб қўяди.
Портлашдан сўнг мухолифат вакиллари сидирғасига ҳибсга олинади. Боғдон қашқири ҳам қамалади. У ўн тўрт йилга озодликдан маҳрум этилади. Бу йигит 1982 йилда “Шарқнинг ёруғ пешонаси” журналида “Ўлмас қоялар” номли романини эълон қилган. Ўша романда илк бора мустамлакачиларга қарши кураш ғояси илгари сурилади. 1977 йилда чоп этилган “Боғдон қашқири” қиссасида салбий қаҳрамон Юсуфбек босмачи тимсолида эрк учун жон олиб-жон берган инсонлар бадиий адабиётга олиб кирилган бўлса, “Ўлмас қоялар” романи турғунлик даврини ағдар-тўнтар этиб юборади.
Ниятимни Қаламкашга айтдим.
                         Расм аст, ки моликони таҳрир
Озод кунанд бандаи пир.
– Ҳа, тушундим, қулдорлар қариб қолган қулларини озод қилади. Қадимда шунақа анъана бўлган. Боғдон қашқири гарчанд ҳозир етмишни қоралаб қолган бўлса-да, адабиётда ёрқин из қолдирадиган ёзувчилар сирасига мансуб эмас. Қиссаси ҳам, романи ҳам ниҳоятда палапартиш ёзилган, муаллиф СЎЗни ҳис қилмайди. Умуман, истеъдодсиз ёзувчи. Қолаверса, Шўро даврида у Қобул қозоқнинг пинжига кириб олиб квартирафурушлик ва машинафурушлик билан шуғулланган. Обдан тарафкашлик қилган. Найновнинг (унинг Илонбош, Душман, Радий Фиш каби лақаблари ҳам бор) ошнаси эди...
                         Бўлди, – дедим, – тушунарли. Найновнинг ошнаси бўлса, муттаҳам экан.
Қобул қозоқ собиқ Иттифоқ даврида Халқ депутати бўлган, уюшмага раислик қилган; қурултой кунлари Москвада учрашиб қолсак, манга зўрға қўлини чўзарди, минбарга чиқса, “айтма” деган гапни айтиб, “айт” деган гапни айтмасди. Қайсар эшакка ўхшарди. Боғдон қашқири иқтисодий-молиявий масалалар бўйича “Қобул қозоқ”нинг ўринбосари бўлганини билмас эдим.
Боғдон қашқири яна уч-тўрт йил турмада ётатурсин. Эҳтимол, президентлик муддатим охирлаб қолган пайтда хусусий амнистия эълон қиларман. Амнистия эълон қилишимдан олдин Чиллашир билан Қаламкашга “Ўлмас қоялар” ва “Боғдон қашқири” асарларини мақтатиб мақола ёздираман, ҳамкорликда ёзилган мақолани марказий матбуотда ўзбек ва рус тилларида қайта-қайта эълон қилдираман.
Кечирасан, Боғдон қашқири, санга ҳозир амнистия берилса, мақсадга мувофиқ бўлмас экан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...