среда, 25 апреля 2018 г.

120. Тижорат


Эски китобларда, бараканинг ўндан тўққиз қисми тижоратда бўлади, дейилган экан. Ман малакали экономист-иқтисодчи сифатида ўша гап юз фоиз тўғри эканини тасдиқлайман. Ва яна айтаманки, деҳқоннинг косаси ҳеч қачон оқармайди, ҳеч қачон деҳқоннинг бири икки бўлмайди. Деҳқоннинг номини “фермер” деб қўясизми, “агросаноат ходими” деб қўясизми, бундан қатъи назар, моҳият ўзгармайди – деҳқоннинг косаси ҳеч қачон оқармайди. Нима учун?
Деҳқон хомашё етиштиради. Хомашёнинг таннархи, айтайлик, 1000 сўм бўлади. Деҳқон хомашёни 2000 сўмга сотиб, борингки, 1000 сўм фойда қилади. Хомашё деганда полиз ва сабзавот маҳсулотлари назарда тутилса – битта масала; ҳартугул, бундай маҳсулотлар тўғридан-тўғри харидор қўлига етиб бориши мумкин. Деҳқон уч-тўрт баробар ҳам фойда қилиши мумкин. Аммо ҳеч қачон ўн баробар фойда қилолмайди. Масалан, ўрикдан ўн баробар фойда қилиш учун ўрикни энг камида Эрон, Туркия, Болгария, Италия орқали олиб ўтиб, Швейцария супермаркетларида сотиши керак. Бир кило ўрик Швейцарияда 12 франк (қуввати еврога деярли баробар) туради. Ички бозорда эса 2000 сўмдан (яъни, 1 франкдан) ошмайди. Ўрикнинг килосини 12 евродан сотиш учун деҳқон замонавий нақлиёт воситасига (музлатгичли усти ёпиқ юк машиналари) эга бўлиши керак. Бундан ташқари, халқаро қонун-қоидаларни (божхона, чегарага оид) беш қўлдай биладиган юридик хизмат шохобчаси хизматидан оқилона фойдаланиши лозим. Шундагина хомашёни ўн баробар қимматга сотиб, мўмай фойда қилиши мумкин. Ўн баробар фойда бир мавсум давомида кўрилади. Яъни, уч ой – бир мавсум ўн баробар фойда келтиради. Қолгани уч мавсум – тўққиз ой мобайнида ўша фойда еб битирилади. Қарабсизки, деҳқон янги мавсумга бояги боягидек, бой буванинг таёғидек икки қўлини бурнига тиқиб, тишининг кирини сўриб аранг амал-тақал қилиб етиб олади.
Юртменистон шароитида деҳқоннинг косаси оқармайди.
Хўп, деҳқон саноат хомашёси етиштиради, дейлик. Биринчи навбатда пахта назарда тутилади, албатта. Пахта енгил саноатнинг асосий хомашёси ҳисобланади. Пахта етиштирадиган деҳқоннинг ҳам косаси оқармайди. Чунки у яна-тағин “ўрик савдоси”да дуч келгани каби муаммоларга дуч келади. Агар пахтани тайёр махсулотга, айтайлик, кийим-кечакка айлантирса, ўн баробар эмас, ҳатто йигирма баробар фойда кўради. Бу фойда фақат мавсумий бўлмасдан, доимий кўриниш касб этади. Яъни, пахта хомашёси баҳордан кузгача етиштирилса ҳам, лекин уни қайта ишлайдиган саноат корхонаси йил – ўн икки ой тўхтовсиз ишлайди. Даврий жараён тўхтаб қолмайди. Бироқ, саноат корхонаси барпо этиш учун деҳқонда ҳеч қачон жуда катта миқдорда ортиқча маблағ бўлмайди. Демак, деҳқончилик фақат ишлаб чиқариш жараёнининг узвий бир қисмини ташкил этиши мумкин. Деҳқончилик билан ишга яроқли аҳолининг ўн-ўн беш фоизи шуғулланса бас, шу ўн-ўн беш фоиз деҳқонлар синфи аҳолининг ўртаҳол қисмини ташкил этади. Ўртаҳол аҳоли ҳеч қачон бойиб ҳам кетмайди, қашшоқлашиб ҳам кетмайди. Доим қора қозони қайнаб туради ва миллатнинг соғлом генофонди бўлиб қолаверади (зеро, пешона тери билан тирикчилик қиладиган одамлар ҳалол турмуш тарзини танлайди, ичкиликбозликка берилмайди, ҳар хил иллатларни оиласига яқинлаштирмайди).    
Хулласи калом, биродарлар, миллатни тижоратга ўргатиш керак. Тижорат фақат савдо-сотиқ дегани эмас. Тижорат, аввало, тадбиркорлик демакдир. Тадбир – мавжуд шарт-шароитдан оқилона фойдаланиш санъатидир. Агар ўз ҳолига қўйиб берилса, одамлар тадбиркор ҳам бўлади, тижоратчи ҳам бўлади. Тўғри, ҳозирча аҳолининг фаол ҳаёт кечираётган катта қисми асосан мардикорчилик билан шуғулланяпти. Ҳалол ишлаб пул топаётган одамлар эса намозхон-мусулмонлардир. Нега бундай бўляпти? Қандай қилиб намозхон-мусулмонларни ўз томонимга қайириб олсам бўлади? Шу ҳақда кўп ўйладим. Ҳамон шу ҳақда бош қотиряпман.
Водий мусулмонлари бошимга битган бало бўлди. Уларнинг тадбиркорлиги ақл-ҳушимни шошириб қўйди. Бизга чет эллардан тўғридан-тўғри саноат маҳсулотлари киритиб бўлмайди (илгари “ЗероМакс” олди-сотди билан шуғулланарди, энди “Абу Сахий” бу ишни монополия қилиб олди). Водийликлар эса дунёнинг молини Қирғизистоннинг Қорасув шаҳарчасига келтириб, сўнг бўлтаклаб чегарадан бу ёққа ўтказади. Аввал Қозоғистоннинг Еттисув туманидан саноат моллари мамлакатга кириб келган бўлса, энди Қорасувдан ўтказиляпти. Ўшлик ўзбеклар бойиб кетди. Андижонлик ўзбекларга ҳам жир битиб қолди: бир қисми чойхоналарга танда қўйиб олган бўлса, бир қисми масжидларга ётиб олди ҳисоб. Уларда тобора биродарлик туйғуси кучайиб боряпти. Нафақат водий ҳудудида, балки бутун Марказий Осиё ўрамида бошига мусибат тушган мусулмон оиласи бўлса, дарҳол одам юбориб ҳартомонлама ёрдам қўлини чўзади (масалан, отаси қамалган мусулмон оиласининг фарзанди чет элларга жўнатилиб энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитилади, бўйи етган қизлари бўлса, тагли-тугли жойларга тўй-томоша қилиб узатилади, уй-жойлари таъмирлаб берилади, ишга яроқли оила аъзолари ўзига муносиб иш билан таъминланади...).
Ман бу ёқда (Қўқонда) жонимни жабборга бериб мутаассиб мусулмонларни авахтага тиқаман, оиласини пароканда этиб юбормоқчиман; уларни қамоқдан қутилиб келганидан кейин ҳам бошини кўтариб юра олмайдиган этиб қўймоқчи бўламан (яъни, хотинларини, бўйи етган қизларини фаҳш йўлларга киритмоқчи бўламан), улар эса...
Йўқ, энди бундай бедодликка чидаб бўлмайди. Водийни тиз чўктиришни Андижондан бошлайман. Андижон тиз чўкса, Қўқон ҳам ўз-ўзидан эмаклаб юрадиган бўлиб қолади (Ҳожи йигит “қора соқоллар”ни бирин-кетин тузоққа тушириб турса, уларнинг эмаклашга ҳам ҳоли қолмайди). Ундан кейин Ўшга ўтаман, онасини эмсин.
Хуллас, аҳолининг ўн-ўн беш фоизи деҳқончилик билан шуғуллана бошласа, халқнинг асосий қисми тижорат билан машғул бўлиб, тадбиркорликни ўрганиб, бойлик орттириб тўқ ҳаёт кечираётган бўлади. Тўқ одамни синдириш қийин кечади. Шунинг учун одамларнинг бойиб кетишига асло  йўл қўйиб бўлмайди. Ман малакали иқтисодчи-экономист сифатида мухолифатни қўллаб-қувватлайдиган бузуқиларнинг ўндан тўққиз қисми тўқ одамлар бўлади, дейилган гапга мутлақо қўшиламан. Чунки тўқ одам мустақил фикр юритади, ўзининг мустақил  фикрида собит туради. Тўқ одамларни оч деҳқонларга ёмон кўрсатиб, булари уларига олакишлаб қўйилса бўлдийди – деҳқонларнинг ўзлари уларнинг ковушини тўғрилаб қўяди. Тижоратнинг илдизига болта уришнинг энг яхши йўли – аҳолининг катта қисмини деҳқончилик билан овора қилиб қўйишдир, ҳамма қишлоқ хўжалиги соҳасига мажбуран жалб этиб турилса, тижорат ўз-ўзидан издан чиқиб кетади.
Камбағал одамларни бошқариш осон бўлади. Улар умр бўйи яхши кунларни орзу қилиб яшайверади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...