понедельник, 30 апреля 2018 г.

161. Кўзларини кимлар жавдиратади?


            Ижодкорларнинг тўқсон фоизи сотқинликка мойил бўлади. Йўқ, янглишдим шекилли, ижод аҳлининг тўқсон етти фоизи сотқинликка мойил бўлади. Уч фоизини эгиб бўлмайди, лекин синдириш мумкин. Синдирилган ижодкор офсайдга чиқиб қолади ёки асфаласофилинга равона бўлади.
        Ижод аҳлини Искандар беш қўлдай билади. Бу жабҳада Искандар катта тажриба тўплаган. Искандар қирқ йилдан буён ижодкорлар билан ҳамкорлик қилади. Шунинг учун унга ҳам “Юртменистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонини бердим. У қорачадан келган йигит, чап жағида тилла тиши бор. “Шу тишингни йўқот, - дедим бир куни, - одамлар сени таниб қолади. Ана, яқинда битта марҳум ёзувчининг “Кундаликлар”идан парча эълон қилинди. Унда сен ҳақингда ҳам эслатма бор; тилла ташингга ишора қилган”. Искандар конспиратция учун дарҳол тилла тишини оқ садафга алмаштирди...
        Ижодкор халқи мукофотга ўч бўлади. Мукофот деса, ўзини томдан ташлайди. Онасини ҳам сотиб юборади десам, асло лоф қилмаган бўламан. Айниқса, ўз қўлим билан бор-йўғи икки-уч минг доллар турадиган бирорта орден-порден ёки унвон топширсам борми, кўзларимга жавдираб, оёғимга йиқилмоққа шай бўлиб туришади, баччағарлар!  Хос суратчимга айнан кўзларини жавдиратиб турган ҳолатини тасвирга тушириб, рангли этиб чиқариб берасан, деб тайинлаб қўйганман. Ижод аҳли хийла ақлли бўлса-да, бефаросат бўлади. Бефаросат бўлмаса, кўзларини жавдиратиб манга бақрайиб турган суратларини уялмай-нетмай китобларида эълон қилармиди! Бунақа сурат уйларида деворда осиғлиқ турса, эҳтимол, уни камроқ одамлар кўрарди ва жавдирама ижодкор камроқ одамлар орасида шарманда бўларди. Йўқ, булар оммавий равишда шарманда бўлишни орзу қилади.
        Мукофотлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекишдан аввал албатта Искандарни ҳузуримга чорлайман.
–Хўш, ўртоқ полковник, манави гўрсўхталар устидан қанақа маълумотлар тўпланган? – деб Уюшмадан жўнатилган жилдтахламни нари суриб қўяман.
Искандар манга номзодларни саралаб беради. Яъни, қачондан бери КГБ-СНБ билан ҳамкорлик қилаётганини аниқ айтади. Шунга қараб бировига ундайроқ, бошқасига бундайроқ мукофот бераман. Тегирмон навбати билан, дейдилар. Катта стажга эга бўлган агент-ижодкор билан кичик стажга эга бўлган агент-ижодкор орасида фарқ бор. Кейингилар олдинга ўтказиб юборилса, адолатсизлик содир бўлади. Бизнинг ижодкорларимиз эса адалатсизликларга асло чидай олмайди. Адолатсизлик содир бўлган заҳоти бир-бирининг устидан имзосиз хатлар уюштириб, девон ходимларини ҳам ишдан қолдириб юборишади. Шунинг учун мукофотлаш чоғида субъординатцияга қатъиян амал қилиш лозим.
        “Ўзбекистон” меҳмонхонасида (учинчи қаватда) Искандар учун махсус битта люкс хона ажратилган. У пичоққа илинадиган, ҳамкорлиқ қилишга арзийдиган иқтидорли ижодкорларни пинҳоний равишда суҳбатга чорлайди. Албатта, гапни узоқдан бошлайди: мудҳиш ўттиз еттинчи йилларни эслатади, ўша пайтларда отилиб кетган шоир-ёзувчиларни бирин-бирин санаб беради, истиқлол даврида чет элларда сарсон-саргардон бўлиб юрган мухолифат вакилларини, узоқ  муддатга қамалиб кетган адибларни ҳам номма-ном эслатиб ўтади. Сўнг: “Шу соҳада ҳам иймонли, эътиқодли ижодкорлар бўлса, ўттиз еттинчи йил такрорланмайди. Курашиш лозим, яхшиларни асраб-авайлашимиз керак!” дейди тўлқинланиб. Стол устида турган қоп-қора папкага гоҳ-гоҳ  кўз қирини ташлаб қўяди-ю, аммо папкани асло очмайди. Фақат суҳбатдошига ўша папкада ҳозир айтилаётган гапларни тасдиқловчи маълумотлар борлиги тўғрисида сигнал берилади, холос. Суҳбатдош  “ман ҳақимда анча маълумот тўплаганга ўхшайди” деган хулосага келса, ҳар қандай шартлар асосида ҳамкорлик қилишга рози бўлади. Шу тобда рози бўлмаса, икки-уч кундан сўнг албатта рози бўлади. Тўғри, ҳар қандай виждонли ижодкор руҳан қийналади, кечалари тўлғаниб уйғониб кетади: “Наҳотки, мандан сотқин чиқса?!” деб сапчиб туриб юзта-юзта “дори қилади”. Барибир сотқинликка мойил ижодкорлар билан ишлаш осон. Бироқ тўқсон етти фоиз ижодкордан тоши оғирлик қиладиган уч фоиз ижодкорни эпақага келтириш ниҳоятда қийин. Уларни эпақага келтириб бўлмайди. Искандарнинг гапларига, далил-дастакларига ишонмасдан “уч фоиз”га мансуб битта беватан шоирга энг юксак унвонни ҳам бериб кўрдим. Оббо лаънати-эй, ҳатто девонга келиб қўлимдан ўша унвонни олмади-я, ярамас! Шунақаси ҳам бўлар экан.
        Кўзларини жавдиратиб қўлимдан мукофот олган битта ижодкор йил якунларига бағишланган тантанали йиғилишга таклиф этилди. Ман маъруза қилдим. Маъруза матни Жавдирамага олдиндан берилган, у матн бўйича музокарага чиқиб, ютуқларимизни кўкларга кўтариб мақташи лозим эди. Барча ютуқларни манга боғлаб, Юртменбоши шаънига ҳамд-сано ўқиб минбардан тушиб кетса, олам гулистон. Ўша куни илҳомим жўш уриб, қўл остимда турган матнни ўқиб бермасдан, эркин гапириб йиғилганларни қойил қолдирдим. Жавдирама эса ман гапираётганда ҳам олдиндан ёзиб келган нутқ матнини ёдлаш билан банд бўлиб, ман нималар деганимни мутлақо эшитмади. Йиғилиш раиси нутқимни тугатганимдан сўнг биринчи бўлиб музокара учун сўзни Жавдирамага беради. Жавдирама эса кўзойнагини бурнига қўндириб минбарга чиқиб, қоғозга қараб ифодали ўқишга киришди: “Мана, ҳозиргина Юртменбоши айтганларидек...” деб ўн беш дақиқа ҳаммани ҳайрон қолдиради. Зимдан залда ўтирганларни кузатиб ўтирдим. Аксарият одамлар ростакамига ҳайрон бўлади. Чунки Жавдирама алоҳида таъкидлаб, урғу бераётган гапларни ман асло айтмаган эдим. Тўғри, олдиндан Пароканд Мирзо ҳозирлаб берган маърузада ўша гаплар бор эди, аммо ман ўша куни негадир эркин мавзуда гапиришни хоҳлаб қолдим ва оғзимга нима келса, ўшани гапиравердим. Жавдирама эса қовун туширди. Шундан кейин ишонч ҳосил қилдимки, қўлимдан жавдираб мукофот оладиган ижодкорларга суяниб бўлмас экан. Улардан ўз ўрнида гандон сифатида фойдаланиб, бошқа пайтларда ўзим бошқача ҳимоя воситасини кўрганим маъқул экан.
        Қисқаси, узоқ ёки яқин вақтдан буён Искандар билан ҳамкорлик қиладиган ижодкорлар мукофот олаётган пайтларида кўзларини жавдиратиб туради. Кўзларини жавдиратмайдиган ижодкорлар эса умуман девонга яқинлашмайди, ҳатто ман билан  учрашишни ҳам истамайди. Шулар кўпроқ бошимни оғритади. Уч фоиз ижодкорни ҳам ўз томонимга оғдириб олсам, э-э воҳ, бу дунёда армоним қолмасди! Армонли дунё деб шуни айтсалар керак-да, жин урсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...