среда, 25 апреля 2018 г.

131. “Бутилка ҳожи”


Исомиддинни чақириб уч-тўрт оғиз насиҳат қилдим.
– Қарилик палласида кишилар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқади. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар вазминлик касб этади. Ҳаётда кўп тажриба орттирган кишилар ювош ва мулойим бўлиб қоладилар. Кекса одам заифлашиб, ўзи ва ўзгаларга мулойимлик истайди. Уларга нисбатан асосан уч ҳолатда мулойимлик зарур: ширин муомалада, тансиқ таом тайёрлашда ва юмшоқ ўрин тўшашда...
Гапимни тугатиб Исомиддиннинг кўзларига маъноли тикилиб қолдим. У бечора нима дейишни ҳам, нима қилишни ҳам билмасди. Бақрайиб ўтираверди. Ман бошимни қимирлатиб давом этдим:
– Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш деганда ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқорироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан олдин қўл узатмаслик каби ҳолатлар киради. Маъқулми?
                         Маъқул, – деди Исомиддин ғор-ғор терлаб. Бечора қайта-қайта ютинар эди, юзларидан қуйилиб келаётган терларини артиб олишга ҳам ботинмасди. – Жуда маъқул, – деб такрорлади.
Сезиб ўтирибманки, у шу жойнинг ўзида қўлимга кишан солиб опчиқиб кетишади, кейин судсиз-сўроқсиз отилиб кетсам керак деб ўйлаяпти. Ҳақиқатан ҳам, шу жойнинг ўзида қамоққа олиниб, мол-мулки мусодара этилса, Иноят қарор топган бўларди. Бироқ шу тобда гап Иноят тўғрисида эмас, балки қандай қилинса мақсадга мувофиқ иш қилиниши тўғрисида бош қотирмоқда эдим. Манимча, Исомиддиндан вақти-соати келгунча мақсадга мувофиқ равишда фойдаланиш керак. Вақти-соати келган заҳоти думини тугиб, мол-мулки мусодара этилади; кейин уни қамаш шарт ҳам бўлмайди, йиққан-терганидан мосуво бўлгач, ўзи ўлиб қолади...
                         Тошкентга келганда  Ҳасти Имомга бориб муфти ҳазратнинг амри маъруфларини тинглаб турибсизми? – дедим.
                         Йўқ ҳали, – деди ерга қараб.
                         Бориб туриш керак. Мусулмончиликни қаттиқ ушлаган одам беш вақт намозини ҳам канда қилмаса, кам бўлмайди, – деб томоқ қириб қўйдим. – Нима демоқчи эканим ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак-а?
                         Ҳа, тушунарли, – деди Исомиддин бошини эгиб.
         Бирпас сукут сақладим.
                         Ман ҳам муфтининг амри маъруфларидан баҳраманд бўлиб тураман, – деб столда турган муфтининг китобларига ишора қилдим. – Кўп доно гаплар ёзилган...
                         Заводимизда намоз ўқиладиган махсус бир хона ташкил этиб қўйганмиз.
                         Балли! – дедим. – Энди гап бундоқ, заводнинг ишлаб чиқариш қувватини икки баробар ошириш мумкинми?
                         Мумкин, – деди Исомиддин.
                         Лекин маҳсулот сифати асло зарар кўрмаслиги лозим.
                         Хўп бўлади.
                         Айниқса, водийга фақат сифатли арақлар жўнатилсин. Агар бирор киши сифатсиз арақ ичиб касал бўлиб қолса, бошқалар ҳам ичишни тўхтатиб, намозга ўтиб кетиши мумкин. Тўғрими?
                         Тўғри.
                         Ҳа, яхши... Қўқонда ҳам арақ заводи бор, лекин маҳсулотлари унчалик сифатли эмас. Ман яқинда Қўқонга ижодий сафар қилдим. Ҳажга бориб келган битта тадбиркор инсон билан танишиб қолдим. У Носир Зоҳид деган маҳаллий қаламкашга “Ҳажнома” номли китоб ёздириб нашр эттирибди. Кўмакчисини келаси йили бепул ҳажга жўнатиб, сўнг ёнига ишга ҳам олмоқчи экан. Майли, янги иш ўрни яратилса, бюджетга кўпроқ кирим бўлади. Шу қўқонлик ҳожи шаҳарнинг уч-тўртта жойида замонавий арақ дўконлари очмоқчи бўляпти, унга ҳар хил сифатли маҳсулотлар етказиб бериш керак. Хўш, бир ҳафтада ўн минг шиша тоза маҳсулот етказиб бериш мажбуриятини зиммангизга олишингиз мумкинми?
                         Мумкин... – деб яна бир нима демоқчи бўлди-ю, лекин айтмади.
                         Нега давомини айтмадингиз? Айтинг, биз очиқ гаплашиб олишимиз керак. Агар ишимиз чала бўлса, қўқонликлар энди ичкиликбозликка ўрганган чоқда Навоийдан бораётган маҳсулот тўхтаб қолса, уларни диний оқим вакиллари дарҳол ўз томонига оғдириб олади. Кейин чатоқ бўлади. Гапиринг!
                         Фақат, ҳеч бўлмаса, бўш шишаларнинг ярми ўзимизга қайтариб берилса, жараён тўхтовсиз давом этиши аниқ.
                         Тара масаласи мураккаб экан-да?
                         Ҳа, шунақа. Замонавий шаклдаги шишалар чет эллардан олиняпти.
                         Демак, Навоийда ҳам шиша заводи барпо этиш керак.
                         Кошкийди. Шиша заводига ўзимиз ҳомийлик қилишимиз мумкин.
                         Агар маблағ етишмаса, муфтиятни ҳам жалб этиш лозим. Муфтига шундай таклиф билан мурожаат этиб кўринг-чи, нима дер экан?
                         Хўп бўлади.
                         Демак, қўқонликлар “Бутилка ҳожи” деб лақаб қўйиб олган тадбиркор биродаримизнинг юзини асло ерга қаратмайсиз, шундайми?
                         Шундай.
                         “Бутилка ҳожи” бизга ишониб янги арақ дўконлари қурилишини аллақачон бошлаб юборган. Унга панд бериб қўймайлик.
                         Худо хоҳласа, панд бермаймиз.
                         “Бутилка ҳожи” ҳам мусулмончиликни қаттиқ ушлаган. Яъни, сизга ўхшаб у киши ҳам хотиннинг ҳисобини рухсат этилган максимал миқдорга етказиб қўйган.
                         Шунақа камчилигимиз бор, – деб кулимсирайди Исомиддин. – Ўрисчасига “слабость” дейилади. Бошқалар бундай ишни яширинча қилса, биз ошкора қиламиз.
                         Дуруст. Аммо ҳадеб хотиннинг кўнглига қарайвериш ҳам тўғри эмас. Агар хотин кишининг бурни бўлмаса, нажас еган бўларди. Шунақа гап бор.
                         Тўғри.
                         Гап-сўз кўпаймасин. Тарозининг палласини тенг ушлаш керак.
                         Хўп бўлади.
                         Шунақа, – деб ўрнимдан турдим.
Исомиддин билан қўл бериб хайрлашдик. Кўринишидан жайдарироқ кўринган бу йигит хийла ичидан пишган экан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...