среда, 18 апреля 2018 г.

85. Таржимон


Дунёда шов-шув бўлган аксарият китобларимни хитой тилига урумчилик Ҳамид Алпарслон деган ўзбек йигит таржима қилган. Ўзи ҳам қалам тебратади, жўқиёна шеърлар ҳам ёзиб туради. Манга уни Хитой халқ республикасининг мамлакатимиздаги мухтор элчиси таништирган. Гап орасида: “Раис ҳам бу йигитни яхши танийди”, деб қистириб ўтган. Улар ўзларининг Туркманбошисини “Раис” дейди. “Алпарслон тахаллусингизми ёки фамилиянгиз?” деб сўраганман. “Насабим шунақа”, дейди Ҳамид. “Ўзгартириш керак, ундан туркчиликнинг ҳиди келади”, деганман бурнимни жийириб. “Бўпти, китобингиз ичида таржимон номи кўрсатилганда “Ҳамид Эрдўғон” деб ёзаман. Бўладими?” деб ҳазил қилмоқчи бўлади. Қовоғимни уяман, тишимнинг оқини кўрсатмайман. “Эрдўғондан, оғайни, диний экстремизмнинг ҳиди келади. Майли, ундан кўра ўзингизнинг насабингиз тура турсин”, деганман. Элчи жаноблари ўзаро гап-сўзларимизни кулимсираб тинглаб ўтиради ва: “Манимча, бир-бирингга маъқул бўлдиларинг, шекилли. Ҳамид, энди белни боғлаб ишга киришавер”, дейди. Ман ҳам розилик берганман. Шундан сўнг китобларим Хитойда кетма-кет нашр этилди. Ман ўйлагандимки, ҳар бир китобим энг камида юз миллион нусха босилса керак; бир ярим миллиард аҳоли учун юз миллион дона китоб етмай қолади, қайта нашр этилади... Устига устак, отнинг калласидек гонорар берилса, Швейцария банкасига қўйганим маъқулми ёки “Бунёдкор”га бирорта пенсияга чиққан футбол юлдузини ўз ҳисобимдан харид қилиб, спорт оламини ҳайратга солсам кўпроқ фойдали бўлармикан деб кечалари ўйланиб ётганимни айтмайсизми! Чучварани хом санаган эканман. Китобим бор-йўғи икки юз дона чоп этилди, холос. Рамзий тираж эмиш. Бир тийин ҳам гонорар беришмади. Ўзим сўрай десам, бетим чидамади. Балки, қалам ҳақининг ҳаммасини таржимон олгандир?! Хитойда тартиб-қоида шундай бўлса, начора.
Тунов куни ясама соқол қўйиб адютантим билан Ипподромда чайқов бозорини айланиб юрсак, рўпарамдан нохос Ҳамид Алпарслон чиқиб қолди. Ўзимни танимаганга олиб ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлсам, ҳассамдан шартта ушлаб олди.
-Хорун ар-Рашидга саломлар бўлсин! – деди тиржайиб.
-Салом, – дедим. – Илтимос, бир четга чиқиб гаплашайлик.
-Бажонидил. Ўзим ҳам, аслида, сиз билан қандай учрашсам экан деб бир ҳафтадан буён ҳар жойларда тентираб юрган эдим.
Бозордан чиқиб метро тарафга яёв кетдик.
-Хўш, хизмат? – дедим.
-Охирги китобингиз уйғур тилида ҳам чоп этилди. Хабарингиз борми?
-Хабарим бор.
-Ман уни ўзбек тилидан – аслиятдан таржима қилдим.
-Яхши. Ҳар қандай асар оригиналдан таржима қилиниши керак.
-Лекин Хитойда сиёсат бошқача. Улар нега хитойчадан таржима қилмадинг деб обориб-опкелишди.
-Маҳаллий қонун-қоидалар билан ҳисоблашиш керак, – дедим. Пинак бузмасдан ҳозиргина айтган гапимдан дарҳол қайтдим.
Ҳамид енгимдан тортиб тўхтатди; кўзларимга жиддий тикилди. Пинак бузмаганимни кўриб енгимни қўйиб юборди.
-Агар маҳаллий қонун-қоидалар ғирт бемаънилик бўлса, қандай ҳисоблашиш мумкин! Дастлаб, унчалик эътироз билдиришмаган эди. Лекин Урумчида рўй берган хунрезликдан сўнг уларнинг махсус идораси манга тинчлик бермай қўйди. Етти пуштимгача қайта-қайта текшириб кўрди, ўзимни кечалари ухлатмасдан қирқ кун тергов қилди. Охири: “Айбинг йўқ экан”, деб қўйиб юборишди. Гўё ман жосус эмишман, сиздан махфий топшириқ олиб Хитойда Шарқий Туркистон республикасини қайта тиклаш учун зимдан курашаётган эмишман... Робия Қодирга ғоядош эмишман...
-Ростдан ҳам сепаратистларга қўшилиб қолганмисиз?
Ҳамид яна енгимдан тортди. Бу гал атайлаб кўзларига тик қарамадим.
-Нима бало, сиз ҳам Хитой шовинистларига сотилдингизми? – деб сўради. – Истиқлолни орзу қиладиган одам жиноятчи ҳисобланса, Шарқий Туркистондаги ҳамма мусулмонларни қамаб юбориш керак-ку!
-Ҳазил, – дедим кулиб. – Ўзингиз ҳам ҳазилни яхши кўрасиз-ку!
-Ҳозир ҳазиллашадиган пайт эмас. Манга ёрдам беринг.
-Қанақа ёрдам керак?
-Сиёсий бошпана беришингизни сўрайман.
Кетаётган жойимда таққа тўхтадим.
-Бу гапни сиз айтмадингиз, ман эшитмадим, – дедим. – Келишдикми?
-Нимадан қўрқасиз? Орқангизда Россия турибди-ку!
-Ҳа, Россия орқамда турибди. Лекин орқадан ҳам хавф борлигини билмайсизми?! Йўқ, ман сизга нафақат сиёсий бошпана, ҳатто оддийгина уй-жой ҳам беролмайман.
-Ўзим сотиб оламан уй-жойни.
Бош чайқаб олға қадам босдим.
-Кўп миқдорда гонорар олганмисиз? Нега манинг улушимни бермадингиз?
-Қанақа гонорар?! Таржималарим учун войвояк ҳам олганим йўқ, ўлай агар!
-Қўйинг, қасам ичманг. Лекин барибир мандан бошпана сўраб овора бўлманг. Агар сизга бошпана берсам, Шарқий Туркистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи бу ёққа кўчиб ё қочиб ўтади. Шу кунларда Хитой бизга ўн тўққиз дона тунда кўрсичқонни ҳам отиб ўлдиришга қодир бўлган автомат бермоқчи. Қолаверса, Шанхайда имзоланган дўстлик шартномасида: “Бир-биримизнинг ички ишларимизга асло аралашмаймиз”, деган махсус модда бор. Модда дегани – қоида дегани, қонун дегани. Ман қонунга амал қиламан... Лафзимга хиёнат қилмайман.
-Тушунарли, – деди Ҳамид бўшашиб. – Ўн тўққиз дона эски милтиқ учун қон-қариндошларингиздан юз ўгирибсиз-да, балли!
-Эски милтиқ эмас, энг замонавий автомат беришади.
-Тунда кўрсичқонни ҳам овлайдиган автомат бутун дунёда ишлаб чиқарилаётганига йигирма йил бўлди. Ундан бошқа жойдан ҳам сотиб олиш мумкин.
-Сотиб олишга пул йўқ, Хитой бизга текин беряпти.
-Бунинг нимаси текин! Ахир, улар сизнинг инон-ихтиёрингизни сотиб олишибди-ку!
-Оғзингизга қараб гапиринг! Энди сиз билан бошқа гаплашмайман. Агар йигирма тўрт соат ичида мамлакатимдан чиқиб кетмасангиз, Ҳамидбой, кейин мандан ўпкаламанг! – деб терс бурилиб изимга қайтдим.
-Бундай дағдаға билан ўзингизнинг мухолифатингизни қўрқитасиз! Ман сиздан қўрқмайман! – деб қичқирди. – Манда дипломат паспорти бор.
-Пошёл ты!... – дедим. – Қўйдим ўша паспортингга! Ундай матаҳ Ҳасаналида ҳам бор...
-Қачондан буён қонунга амал қиладиган, лафзингизга хиёнат қилмайдиган бўп қолдингиз?! – деб қичқирди орқамдан.
-Пошёл ты!... ещё раз. Ещё, ещё много раз! – дедим яна бир марта.
Бошида бу йигитнинг насабиёқ шубҳали туюлган эди. Бекорга шубҳаланмаган эканман. Хоразмликлар каби аччиғи бурнининг учида турар экан. Оббо, қисталоғ-эй!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...