среда, 18 апреля 2018 г.

83. Эски одам


Юз ёшдан ошган чол-кампирларга ўқтин-ўқтин “Жасорат” медали бериб, маълум бир муддат жамоатчилик фикрини чалғитиб туриш мумкинлигига тажрибада ишонч ҳосил қилдим. Радио-телевидение, вақтли матбуот асосий диққат-эътиборини “Жасорат” соҳибига қаратади. Умрида жамоатчилик эътиборига тушмаган бечора чол-кампирлар узун таржимаи ҳолини чалакам-чатти қилиб гапириб беради: битта газета мухбирига етти марта уйландим ёки эрга чиқдим деса, бошқа мухбирга умр бўйи кўз очиб кўрганим билан ҳаёт кечирдим, дейишади. Учинчи мухбир келиб: “Момо, олдинги олтита эрингизга нима қилган?” деб қитмирлик билан савол беради. “Гапирма уларни, башараси қурсин!” деб жеркиб ташлайди. Чоллар мақтанчоқроқ бўлар экан: “Саккизта хотин олдим, тўққизинчисида тўхтаб қолдим, агар Худо умр берса, ўнинчисига ҳам уйланаман... Ҳовва! Ўнинчисига оёқларимни уқалатиб ётаман. Қариган чоғимда бир мазза қилай!..”
Навбатдаги юзбойни “Жасорат” медали билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекаётиб: “Вой сувка-ей!” деб юбордим. Таржимаи ҳолига кўз югуртирсам, ХХ асрнинг бошида туғилган экан. Роппа-роса 109 ёшга кирибди. Исми Марқабой, фамилияси Остонақулов.
Кўзойнагимни ечиб, одатдагидек, деворга тираб қўйилган стуллардан бирининг учига “ариқчаси”ни тўғрилаб омонат ўтирган Парокандга ишонқирамай қарадим.
-Иккинчи жаҳон урушида бошдан-оёқ қатнашган экан. Фин урушида жангга кириб, Узоқ Шарқда японларнинг Квантун армиясини тор-мор этиб уйига қайтибди. Наҳотки, саккиз йил қон кечиб уйига эсон-омон қайтган бўлса? Нега ўлиб кетмаган?.. Ҳеч бўлмаса, бирор марта асир тушмаганмикан?
-У ёғини билмадим, – деди Пароканд ер сузиб.
-Юртимиздаги энг эски одам шу Марқабой экан-да! Ўзи билан учрашиб, медални ўз қўлим билан кўкрагига қадаб қўйсам қандай бўлар экан?
-Билмадим.
-Сан нимани биласан ўзи?! – деб стол остидаги тугмачани босдим. Дарҳол остонада адютантим пайдо бўлди. – Тайёрланиб тур, ҳозир қароргоҳга кетамиз, – дедим-да, иягимни силаб қўйдим.
-Хўп, – деб адютант бошини силади.
Нима демоқчи бўлганимни сўзсиз тушунди.
Қутичадаги “Жасорат” медалини, гувоҳномани чўнтагимга солиб ўрнимдан турдим. Дик этиб стулдан турган Парокандни елкасидан босиб жойига ўтқазиб қўйдим.
-Сан шу ерда ўтира тургин, – дедим. – Бу гал сан ёзиб берадиган нутқ матнига эҳтиёж бўлмайди.
Томга чиқиб тикучоққа-вертолётга ўтирдик. Кўз очиб-юмгунча қароргоҳга етиб бордик. Аслида, девонга машинада эмас, тикучоқда борсам ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам осон бўлади. Аммо иш кунлари шаҳар кўчаларида нақлиёт ҳаракатлари маълум муддат тақатақ тўхтатилиб, ойналари қорайтирилган қатор-қатор машиналар чорраҳалардан ўқдай учиб ўтмаса, бирпасда халқ орасида мишмиш тарқалади: “Эшитдингми, Юртменбоши оққон касалига гирифтор бўлибди. Ҳозир энагалари оғзига сув томизиб ўтирган эмиш...” Мишмиш тарқалиб халқ безовта бўлгандан кўра, кўчаларда ҳаракат тўхтагани афзал.
Қароргоҳга бориб апил-тапил кийимларимизни алмаштирдик. Ман кўкракка тушиб турадиган оппоқ соқолни иягимга ёпиштириб олдим. Адютант ҳам соқол-мўйлови ўсиб кетган девона қиёфасига кириб олди. “ГАЗ-31”га ўтириб аниқ манзилга жўнадик. Маҳалла бошида машинадан тушиб сўл тарафдаги дарвоза рақамларини кўздан кечириб, “109” рақамли дарвоза қўнғироғини чалдик. Кўккўз йигит дарвозани очди.
-Отахонни зиёрат қиламиз деб атайлаб Туячи қишлоғидан келдик, – дедим.
Бизга жирканиброқ қараб турган йигит юзида табассум пайдо бўлди.
-Туячидан келган бўлсаларинг, марҳамат, – деб ичкарига бошлади. – Тиланчилик қилиб юрибсизларми?
-Ҳа энди, тирикчиликнинг айби йўқ, болам, – дедим.
-Отамди “Жасорат” медали билан мукофотлангани Туячига ҳам етиб бордими? – деб гап қотди йигит дарвозани ёпаётиб.
Адютантим манга ажабланиб қараб қўйди.
-Хушхабарнинг қаноти бор, дейдилар, – дедим пинак бузмай. – Ўзларинг қачон эшитдиларинг?
Йигит билагидаги соатига кўз ташлаб:
-Ўн беш дақиқа бўлди, – деди. – Девондан бир йигит келиб суюнчисига минг доллар олиб кетди.
-Ие, биз кеч қопмиз-ку! – деб юбордим. – Суюнчиси шунча бўлса, медални т ў ғ р и - л а ш учун анча-мунча харажат қилингандир?
-Э-э, у ёғини сўраманг! Отам хурсанд бўлса бас, – деди йигит. – Мани отим Отабек, – деб қўл чўзди.
Сўрашдик.
Дарвозахонага бўздан парда тутилган эди. Отабек пардани бир четга суриб бизни ҳовлига ўтказди. Ҳовлига ишком қилинган, вайишдан узум бошлари тўрвадек осилиб турарди. Ҳовли ўртасида чорпоя, чорпояга пашшахона тутилган, пашшахона ичида қават-қават кўрпачаларда оқ яктак, оқ иштон кийган оппоқ соқолли оқбош чол тўрт-беш қатор ёстиққа суяниб ётарди. Чорпоя ёнига бориб салом бердик. Отабек остимизга стул келтирди. Ўтириб фотиҳа қилдик.
-Марқабой бобо, мукофотлар муборак бўлсин! – деди адютантим.
-Қуллуқ! – деди чол. – Медалини пишириб ейманми! Отабекка керак экан; майли, дедим. Ишхонасида Отабек бўлим мудири бўлиши учун бир силтов етмай турган экан. Энди ман силтовга ярамайман, ўғлим, десам, охири шу йўлини топди. Анвар Обиджон ҳам унга шунақа маслаҳат берибди. Анваржон шунақа деган бўлса, болам, майли, дедим, энди манда энангди ҳаққи ҳам қолмади, дедим.
Кулиб юбордим.
-Бобой, ўғлингизга минг раҳмат, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, – дедим. Чўнтагимдан медал қутиси билан гувоҳномани чиқардим. – Пашшахонани сал кўтариб кўкрагингизга шу медални қадаб қўйсам, нима дейсиз?
-Яша дейман, ўғлим!
Чол қўлимда ялтираб турган медални кўриб кулимсиради, холос. У ажабланмади, ҳайрон ҳам бўлмади.
-Стулга ўтиришингданоқ Туячини одами эмаслигингни билган эдим, – деди чол. – Ман эски одамман, кимни ким эканини бир қарашдаёқ пайқайман.
Пашшахонани кўтариб бобойнинг кўкрагига медални қадаб, қўлига гувоҳномани тутқаздим. Адютантим чапак чалди. Чол ҳам чапак чалиб қўйди.
Отабек чойнак-пиёла кўтариб келди. Чорпоя четига ўтириб чой қайтарди. Бир пиёладан узатди ва отасининг кўкрагига медал тақилганини кўриб кўккўзлари аланг-жаланг бўлиб кетди, тили айланмай қолди.
-Битта саволим бор. Берсам майлими? – дедим чойдан ҳўплаб оғзимни чайиб туфлаб юборар эканман.
-Рухсат сўраб нима қиласан! Аслида, ўша саволни сўраш учун келгансан-ку!
Бирпас сукут сақладим.
-Ростини айтинг, уруш пайтида Туркистон легионида хизмат қилганмисиз? Боймирза Ҳайитни танирмидингиз?
-Олтмиш олти йил ўтса ҳам легион шарпасидан қутулмаган эканман-да! Боймирзани танимайман... Танийман десам обориб тиқиб қўясизлар. Бир оёғим гўрда бўлса ҳам тинч қўймас экансизлар-да!.. – Бир оз тин олиб давом этди. – НКВД идорасидан келдиларингми? Владимир Путин жўнатдими? Тўрт йил бурун таклифнома жўнатган эди: буюк Ғалабанинг 65 йиллигини тантанали нишонлаймиз деб Москвага чақириб, ўша жойда қамоққа олишни мўлжаллаганини дарров пайқадим. Ман эски одамман, кимни ким эканини биргина ҳаракатидан пайқайман... Сенларди совунингга кир ювавериб зада бўлиб қолдим...
Отабек миқ этмасдан ер сузиб ўтирарди. Пиёлага қуйилган чойлар совиб қолди. Ноилож юзимизга фотиҳа тортиб ўрнимиздан қўзғалдик. Отабек бизни кўчага кузатиб чиқди.
-Илтимос, бу гап орамизда қолсин, – дедим Отабекка. – Биз Каттанинг одамларимиз.
-Ўзим ҳам шунақа бўлса керак деб ўйладим. Путинга “Марқабой чол ўлиб кетган экан” деб жавоб йўллашнинг иложи йўқми?
-Иложи бор, – дедим. – У ёғидан хотиржам бўлинг.
Хайр-хўшлашдик.
Уч кундан кейин эшитсам, Марқабой Остонақулов кўч-кўрони билан Туячи қишлоғига кўчиб кетибди. Отабек ҳам отасининг изидан ҳайдабди. Афсус, энг эски одам Кўҳистон такасини қора тортиб кетди. Ундан кўра, гўрга кириб кетса минг марта яхши бўларди. Шунда манга кўпроқ фойда келтирарди, элда эъзоз топарди. Ҳартугул, чолнинг бу иши мақсадга мувофиқ эмас.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...