воскресенье, 29 апреля 2018 г.

157.Соғлом бола


Соғлом қўзичоқ қанақа бўлади?
Соғлом қўзичоқ қанақа бўлишини маслаҳатчиларимга обдан тушунтирдим: соғлом қўзичоқ феврал ойининг охирларида, узоғи билан март ойининг бошларида туғилади. Апрел ойига ўтиб туғилган кўзичоқ одам бўлмайди; шираси тўлган кўк еб дарҳол бўкиб ўлади. Кўк ўтлар ширага тўлгунча аста-секин ошқозонини тўғрилаб олган кўзичоқ апрел ойида кундан кунга юк олиб семириб бораверади. Уч-тўрт ойлик қўзилар ичига дармондори-витамин тўлдирилган аптекага ўхшайди. Тушунарлими?
Тушунарли, – дейишди жўровоз бўлиб пандавақи маслаҳатчиларим.
Улар рўпарамда ярим доира бўлиб туришганча бошларини кўтармасдан оғзимдан чиққан сўзларни оқизмай-томизмай дафтарига ёзиб олишади. 
Қани, Пароканд Мирзо, ўзинг буларга ётиғи билан тушунтириб қўйгин,– дейман.
Пароканд кўзойнагини тўғрилаб қўйгач, дафтаридан бош кўтармасдан гапиради: 
 Соғлом бола деганда биз мустақиллик йиллари беш-олти яшар болакайларнинг бўйлари саккиз сантиметрдан ўсиб, оғирлиги ўн килограммдан ошиб кетганини тушунамиз. Яъни, бу дегани шўравийлар даврида беш-олти яшар болакайлар бир метру ўн икки сантиметр бўлган бўлса, ҳозир улар ёппасида бир метру йигирма сантиметр бўйга эга. Улар илгари ўттиз беш килограммдан бўлган бўлса, ҳозир қирқ беш килограммдан оғирликка эга бўлади...
 Хўп, боғча ёшидаги болакайлар шунча ўсиб, шунча семирган бўлса, бошланғич синфларда ўқийдиган болалар соғломлашиб қандай кўрсаткичларни қўлга киритди?
 Бошланғич синф ўқувчилари эркак жинсдан бўлса, шўравийлар даврида ўртача ўттиз беш-ўттиз етти килограммдан тош босарди, мустақиллик шарофати билан улар ўрта ҳисобда қирқ уч-қирқ беш килограммдан тош босадиган бўлди. Аёл жинсидан бўлган бошланғич синф ўқувчилари эса мос равишда ўн икки сантиметрдан ўсиб, ўн беш килограммдан семирди...
 Жуда соз! – дейман қўлларимни бир-бирига ишқалаб. – Ие, нега аммамнинг бузоғига ўхшаб бақрайиб турибсизлар?! Нега чапак чалмаяпсизлар? Қани, босинг қарсакни! – деб ўзим чапак чалишни бошлаб бердим.
 Гулдурос қарсаклар бас дегунимча давом этади.
Хуллас, янги йил мучал ҳисобида “от йили” экан. Янги йилда тахтга чиққанимга роппа-роса чорак аср бўлади. Чорак аср ҳазилакам муддат эмас. Эштишимча, ўз даврида машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ҳам ўзининг суюкли хотини – самарқандлик Кибриё хоним билан роппа-роса чорак аср бир ёстиққа бош қўйиб яшаган экан. Демак, Абдулла Қаҳҳор шаърий-легитим рафиқасини роппа-роса йигрима беш йил хотин қилган. Кибриё хоним кейинчалик “Чорак аср ҳамнафас” номли хотиралар ёзади ва эри билан ўтказган йилларини соғиниб эслайди. Ўйлайманки, халқ ҳам ман билан ўтказган йилларини абадул абад хумор бўлиб эслаб юрса керак. Чунки ман ҳам шу йиллар давомида эркаклик куч-қудратимни тўла-тўкис намоён этдим.
Ишқилиб, ман янги йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилдим. Боя изоҳ берганимдек, ман бу халққа чорак аср оталик қилдим. Чорка аср давомида болаларим ўн миллион нафарга кўпайди.  Ўзбеклар азалдан болажон халқ бўлган. Хатто иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳам уч миллион нафар кўпайишга эришган (собиқ Иттифоқнинг ғарбий ҳудудларидан кўчиб келган одамлар ҳисобига ҳам кўпайган бўлиши мумкин). Ўрислар “кому вайна, кому уйна!” деган мақолни бежиз айтилмаган, шекилли. Ўзбеклар бўладиган иш билан машғул бўлади.
“Соғлом бола йили”ни мафкуравий жиҳатдан асослаб, тарғибот ва ташвиқот масалаларини оқилона йўлга қўйганимдан сўнг Хорун ар-Рашидга ўхшаб қиёфамни ўзгартириб Тошкент кўчаларини хуфтондан кейин сайр этиб юрдим. Бир куни эрта тонгда  айланиб юриб Чилонзорнинг Қатортол кўчасига ёндош жойлашган Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институтининг ҳовлисига кириб қолдим. Илмий тадқиқот институти дегани Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги касалхона экан. Қоравулга атаганимни қистирдим, ҳамшираларнинг думбасини силаб чўнтакларига “кўкидан” тиқиб қўйдим. Сўнг дуч келган битта беморнинг “касаллик тарихи”ни кўздан кечириб, ундан нусха кўчириб олдим:
“№4208. Қон гуруҳи 0/I/Rh+/пол/. Бола Ўктамова Машҳура, 2002 й. 2 июл куни туғилган. 2013 йилнинг 2 декабр кунидан буён касалхонада ётибди. Диагнози: ўткир миелобластний лейкоз /ОМЛ,МI/, I фаол дари. Гиперлейкоцитоз. Осл. Ички органлар-аъзолар ўзига хос инфильтрация бўлган. Касалхонага кетиш арафасида ҳолсизланган, ранги оқариб кетган, йўталган, иштаҳаси бўғилган, қорни катта бўлиб қолган....
Москва шаҳридаги РДКБда текширишдан ўтказилган. Хулоса: “бластные клетки имеют миелоидный иммунофенотип. Ўткир миелобластний лейкоз /ОМЛ,МI/”.
Цитохимия муолажаси амалга оширилган.
Кимёвий муолажа бошланган бўлса, бечора қизалоқнинг аҳволи жиддий экан.
Бошим қотиб каслхона ҳовлисида қора кўланкага ўхшаб дов-дарахтлар остида тўп-тўп бўлиб турган одамлар орасида юриб гап-сўзларига қулоқ солдим: “Соғлом бола йили”да  Юртменбоши соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам катта пул ажратса керак, порахўрликка чек қўйилса ҳам ажаб эмас; бўлмаган гап, бизда ҳеч қачон порахўрлик тугатилмайди, порахўрлик тугатилган куни ҳаёт ҳам тамом бўлади, бу йил ҳам одатдагидек хўжакўрсин учун чет эллик мунофиқ олимлар Юртменистонга таклиф этилиб, Тантаналар саройида мажлис ўтказилади, сўнг меҳмонлар Тошкент–Урганч–Бухоро – Самарқанд – Тошкент йўналиши бўйлаб сайр эттириладию уйларига  кузатиб қўйилади. Кейин чет эллик мунофиқлар оғзидан ёзиб олиган гап-сўзлар йил давомида телекўрсатувларда қайта-қайта намойиш этилади, сотқин матбуотда нотўғри таржима этилиб, Юртменбошининг тегирмонига сув қўйилаверади...
Ҳамма пичир-пичир қилади. Ҳеч ким товушини кўтариб гапирмасди. Ниҳоятда ажабландим.
Касалхонадан чиқаверишда телпак кийиб олган қирқ ёшлар чамасидаги эркакка дуч келиб қолдим. У салом берди, ман алик олдим. Қўлимни чўздим. Сўрашдик.
 Не ердансиз? – деб сўрадим жўрттага Хоразм шевасида.
 Самаркантдан, – деди эркак оғзини тўлдириб.
 Ҳовва! – дедим ўзимни бир оз орқага ташлаб. –“Қ” товушини айтолмайдиган самарқандлик одамни биринчи марта кўриб турибман.
 Э-э, оға, ҳозир ҳаммамиз самаркантликмиз, ҳаммамиз ўзбекмиз, ҳовва!
 Бу бошқа гап, – дедим. –Бу ерда нештиб юрибсиз?
 Қизим опаси билан шу касалхонада ётибди...
 Шошманг, Машҳура Ўктамова сизнинг қизингиз эмасми?  – деб сўрадим боя ўзим нусха кўчириб олганим касаллик тарихини эслаб.
 Ҳовва, сиз қайдан  биласиз?!
 Биламан-да! Отингиз нимайди, кардаш?
Атабекман. Исломов памилиям.
 Ҳм-м, – деб қўйдим унга бошдан-оёқ разм солиб. – Каллаи саҳарлаб келяпсиз...
 Нимасини айтасиз! Гоҳ қон топиб келишим керак,  гоҳ тромб топиш керак. Ишқилиб, нима буюришса, муҳайё қиляпман. Худо шифо бериб, қизим тузалиб кетса бас.
 Атабек, ишингиз зарур бўлса, майли, битириб чиқинг. Ман сизни қоравулхонада кутиб ўтираман. Хондамир билан бир-икки пиёла чой ичиб, гурунглашиб ўтирарман, – дедим. – Кейин сиз билан яна гаплашаман. Қўлимдан келса, ёрдам берарман.
 Овара бўлманг, айтган нарсасини буларга  топиб келиб турибман, – деди Атабек.
 Майли, сиз кириб чиқаверинг,  – деб қоравулхонага кирдим.
Хондамир билан боя ичкарига кираётиб танишган эдим: унга кўрсатмасдан  токчада турган битта китобни ўмарган эдим. Китоб ўғриси ўғри ҳисобланмайди. Хондамир термосдан иссиқ чой қуйиб узатди. Чой ичдим, у ёқ-бу ёқдан гаплашдим.
Ҳадемай Атабек ҳоллослаб изига қайтади. Уни деразадан кўриб қолиб, чойимни ҳам ичмасдан ташқарига  чиқаман.
 Ҳа, қаёққа кетяпсиз?  – дедим орқасидан етиб бориб.
 Дарҳол Олмаотадан таниш топиш керак ёки ўзим самалётда Қозоғистонга бориб келмасам бўлмайди.
 Нима қиласиз Қозоғистонда?
 Атабек симёғоч остига боргач, қўлидаги қоғозни кўрсатди. Қоғозни электр ёруғига тутиб ёзувни кўздан кечирдим: “I магистрал для получение тромбацитов 995е, 2 раствор антиогулянтов 426с. Олмаота шаҳри, Бородинская кўчаси, 37а.”.
 Атабек, Олмаотада танишингиз борми?
 Танишим йўқ. Танишларим Ўрисияда.
 Қоғознинг орқасига яна битта адрес ёзилган эди: “Кустанай шаҳри, Уралская кўчаси, 14”.
 Кустанайда танишигиз борми?
 Кустанайда ҳам касалхона дўхтирларининг танишлари бор экан. Сўралаётган нарсалар ўшаларда бор эмиш...
 Оббо! – дедим осмонга қараб. Тонг ёришиб келаётган эди. Тонг отмасдан қароргоҳимга қайтиб бормасам Иноят Махсум тревога кўтариб юбориши мумкин. Шу боис Атабек билан хайрлашдим:
Ман бомдодга кечикмасдан Ҳасти Имом масжидига етиб боришим керак. Бугун ман имомликка ўтадиган кун, – дедим. – Сиз билан хуфтондан кейин шу ерда учрашаман.
 Овора бўлманг.
 Оварагарчилиги йўқ, –дедим.
Хуфтондан сўнг Атабек билан яна учрашдим. У “Вестерн Юнион” орқали Остона шаҳрига пул жўнатибди. Сўралган нарса Олмаотада ҳам, Кустанайда ҳам, Остонада ҳам бор экан. Остона хийла узоқ бўлса-да, лекин ўша шаҳарда битта таниши мардикорчилик этиб юрган экан. Рецептда кўрсатилган нарсани аптекадан харид қилиб аэропортга олиб чиқибди. Битта йўловчидан илтимос қилиб, “шу нарсани Тошкентга олиб кетинг, илтимос”, дебди. Йўловчи кўнибди. Лекин божхона назоратидан ўтаётганда рецепт сўралибди. Қоғозни кўрсатади йўловчи. “Йўқ, касалхона муҳри босилган расмий қоғозни кўрсатинг”, дейди божхон ходими. Остонадан Тошкентга СМС келади: “Дарҳол Гематология институтидан рецепт ёздириб юборилсин!” Атабек касалхонага югуради, қизининг даволовчи врачига учрашиди. Даволовчи врач уни бўлим мудираси кабинетига  бошлаб киради. Мудира гап нимадалигини англагач: “Агар биз рецепт ёзиб берсак, Юртменистонда Соғлиқни сақлаш соҳасида камчилик бор экан, ҳатто оддий асбоб ҳам йўқ экан”, деган гап чет элларга овоза бўлиб кетиши мумкин. Шунақа гап тарқалса, Юртменбошининг обрўйи тўкилиб кетади... Йўқ, божхона ходимларига пора-мора бериб ўша зормандани чегарадан ўтказиб келинглар. Ман сизларга рецепт ёзиб берсам, бизга гап тегиб қолади”, дейди.
Атабек Остонага яна пул жўнатади: “Божхона ходимлари сотиб олинсин...”
Маълум бўлишича, Гематология илмий тадқиқот институти билан Москвадаги лаборатория ўртасида шартнома имзолаган бўлса ҳам, лекин биомассани у ёққа олиб бориб бериш борасида аэропорт билан келишув йўқ экан. Шу боис биомасса  ҳам яширинча Москвага жўнатилар экан. Қовурғадан тортиб олинган илик йигирма тўрт соат мобайнида текширувдан ўтказилмаса, яроқсиз ҳолга келиб қолади... Хуллас, институт ходимаси тадбиркор курьер топиб, беш-олтита эҳтиёжманд одамдан йўлкира йиғиб беради, курьер эса биомассани ўзи билган хуфя йўллар билан Масквага элтиб беради: лабаратория хулосаси эса электрон почта орқали  Тошкентга жўнатилади.
Билдимки, илмий тадқиқот институти (касалхона) теварагида “уюшган жиноятчилар” ўзаро тил бириктириб, оғир аҳволда касалхонага келтирилган беморларнинг қаридош-уруғлари ҳисобидан бойлик орттириб, одамларнинг мусибатлари эвазига кун кўрар экан.
Мана сизга “Соғлом бола йили”.
Нима қилсам экан? Яхшиси, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолгани яхши. Акс ҳолда, Наврўз арафасида Тантаналар саройида ўтказилиши режалаштириб қўйилган халқаро анжуманни бекор қилишга тўғри келади. Бу гал медицина соҳасида Нобел мукофотига сазовар бўлган бир нечта нуфузли олимларга ҳам таклифномалар (албатта, мўмайгина гонорар ҳам) жўнатиб қўйганмиз. Нобел мукофоти соҳибларига ҳам пул керак. Улар ҳам яхши яшашни истайди. Ишонаманки, ҳеч қаерда қайд этилмайдиган нақдгина миллион-миллон доллар (ёки евро) ҳар қандай машҳур олимни ҳам оламшумул кашфиётлар яратишга илҳомлантириб  юборади. Бир оз шубҳали йўл билан топилган маблағни эзгу ишларга сарфлаб, ҳалқумидан ўтадиган луқмани ҳалола этиб оладилар. “Ҳийлаи шаръий” фақат ўтмишда ёки Шарқда рўй берган ҳодиса эмас, шу кунларда Ғарбда ниҳоятда авж олган ҳаётий эҳтиёж ҳисобланади.
Бечора Атабек бир йиллик даромадини бир ойда Гематология ва қон қуйиш институтининг ичи ва ташига ин қуриб олган қассобларнинг жиғилдонини тўлдиришга сарфлаб бўлди. Ишқилиб, ўлим билан олишиб ётган жажжи қизалоқ Машҳура шифо топиб кетсин-да! Унга меҳрибон Аллоҳнинг ўзи шифо бермаса, бандалари фақат ўзларининг тирикчилигини ўйлайди, холос.
Соғлом танда соғ ақл, дейдилар. Лев Толстой эса: “Соғлом одам кам ўйлайди, соғлом одам асосан ошқозон ғамини ейди: жони оғриб турган одим эса ўткинчи дунё тўғрисида, ўлим тўғрисида кўпроқ ўйлайди”, дейди.
Чол тўғри айтган.
Қорни тўқ одамнинг қорин оч одам билан нима иши бор!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...