понедельник, 30 апреля 2018 г.

162. Қайтар дунё экан, Сафарали!


Истиқлол нашидаси авж пардадан нишаблик сари тойиб бораётган дамларда Радий Фиш ҳокимият шерикчиликка асло тоқат қилолмаслигини тушуниб етади ва: “Яхшиликча Юртменистондан чиқиб кетса, индамайман. Акс холда, партия-мартиясига қўшиб дўзахга жўнатаман”, деган таклифимни тўғри қабул қилади. Душман мамлакатдан чиқиб кетади. Олти ойгача унинг ўлик-тиригидан дарак бўлмайди. Бирор жойда тасодифан безорилар билан ёқалашиб тан жароҳати олса ҳам ман жавобгар бўлар эдим, гўё ман унга суиқасд уюштирган бўлардим. Ниҳоят, жанубий Қозоғистонда (Сариоғочда) чиллахонага қамалиб олиб муттасил тоат-ибодат билан машғул экани тўғрисида маълумотга эга бўлдим. Қаршимда кучли душман бўлмаса, ҳаётим бемаъни бўлиб қолажагини ўшанда илк бора англаб етдим.
        Энди ман ҳам қўл қовуштириб ўтира олмасдим. Душман тоат-абодат билан тинч ётмаса керак. Эрта-индин барибир бир балони бошлайди. Шу учун қичийдиган жойларимни олдиндан қашлаб қўймоғим лозим. Душманнинг “думлари”ни таъқиб этишни кучайтирдим; уларни битта-битта кесиб юборишдан осон иш йўқ. Бироқ, халқ орасида уларга тарафдорлар тобора кўпайиб бораверади. Ноҳақ жазоланган тарихий шахслардан миллий қаҳрамон яратилади. Биз ўз қўлимиз билан Душман тарафдорларидан миллий қаҳрамон ясаб, илдизимизга болта урмаслигимиз керак.
        Душманнинг битти “думи” чекка бир қишлоқ музейидан директорига тилхат бериб, эски тангани пойтахтга келтиради. Тангани экспертларга кўрсатиб, ўзича хоразмийлар ҳукмронлик қилган даврда ҳам пул зарб этилганлигини исботламоқчи бўлади. Дарҳол Иноят Махсумни ҳузуримга чақириб топшириқ бердим: “Душманни бадном қилиш учун баҳона топилди. Уни “ўғри”га чиқарасан, “миллий осори атиқаларимизни чет элга олиб чиқиб кетаётган битта гумаштаси қўлга тушди. Ҳозир суриштирув, тергов жараёнлари қизғин давом этяпти ва ҳоказо”, деб сотқин оммавий ахборот воситаларини оёққа турғазгин, ҳайми?!” “Ҳай!” деб қўлларини чаккасига қадаб, товонларини бир-бирига уриштиради.
        Хуллас, Сафарали исмли Душманнинг “думи” танга ўғриси сифатида суд қилинади. Тўрт йилга озодликдан маҳрум этилади. Сўнг соддадил йигитга раҳмим келиб, унга амнистия бериб қамоқдан чиқартириб юборган эдим. Кўнгилчанлигим учун мана энди бошимга муштлаб, сочларимни юлиб ўтирибман. Ўшанда Сафаралига амнистия бермасдан, уни янги қурилган Жаслиқ констлагерига жўнатсам бўлар экан. Шунда қулоғим тинч бўларди. Эҳтимол, бирорта бедаво дардга чалиниб ўлиб кетармиди, худо билади.
      Гап шундаки, валиаҳдкаларимнинг каттаси шўхроқ чиқди. Дастлаб, турмуши бузилди. Лекин бир жуфт меросхўр туғиб олишга улгуради. Шундай қилиб, ўзига катта йўл очиб олади. Шунчалар катта йўлки, нақ автобан дейиш мумкин: хоҳлаган “ҳайдовчиси”ни йўлдан уради, хоҳлаганига урдиради. Унга бокс бўйича жаҳон чемпионлари ҳам бас келолмайди. Ўзим ҳам арқонни узун ташлаб қўйдим. Майли, дедим, кўнгли яримта, беш кунлик дунёда ўйнаб-кулсин, дедим. Вақти-соати келгач, босилиб қолади. Унга бир куни жўяли маслаҳат бердим: дунёнинг ҳар жойларидан уй-жой қилиб қўйгин, кўчмас мулк сандан ош-нон сўрамайди, бир кун кор-ҳолингга яраб қолади, дедим. Хўп, деди суянган тоғим.
Орқаваротдан қулоғимга чалинди, валиаҳдкам Айритомдан топилган будда ҳайкалини (соф тиллодан, йигирма беш килограмм) ҳам Женева кўли ёқасидан қора кунларига атаб харид қилган муҳташам ҳовлисини безаш учун  Юртменистондан опчиқиб кетади. Аҳмадали деган академик-археолог шовқин кўтармоқчи бўлади. Дарров овозини ўчирдим.  Бошқа академикларга ҳам сабоқ бўлсин деб академиклар сайловини бекор қилдим. Мана, ўн йилдан буён кекса академиклар битта-битта ўляпти, лекин янгилари сайланмаяпти. Худо хоҳласа, яна беш-ўн йилдан сўнг Фанлар Академиясининг фахрий аъзоси сифатида битта ўзим қоламан.
        Валиаҳдкам, аста-секин музейлардан ноёб санъат дурдоналарини ҳам Женевадаги ҳовлисини безатиш учун ташиб чиқиб кетади. Юрманистонда миллий бойлик саналган ҳайкалчалар борми, картиналар борми, хуллас, энг камида миллион евро турадиган санъат асарлари Женева кўли ёқасидаги муҳташам сарой деворларининг безагига айланади. Ҳамма иш хамирдан қил суғургандек осонгина битади. Бироқ кўза кунда эмас, кунида синади.
        Юрманистонда дўппи тор келиб, валиаҳдкаларимга тож-тахтни қўшқўллаб топширишим мумкинлигига кўзим етмай қолади. Бу кетишда Юрманистон буюк келажакка эмас, жаҳаннамга шалоп этиб тушиб, ном-нишонсиз йўқолиб кетиши тобора равшанлашиб бораверади. Ман-ку, ўлгунимча тож-тахтимга ҳеч кимни яқинлаштирмайман. Ўлганимдан кейин ўттиз миллион бош қўй бўриларга ем бўладими, бир-бирини сузиб майиб қиладими, манга чикора! Лекин валиаҳдкаларим ўзларини қандай ҳимоя қилади? У пайтларда бошларида паноҳ бўладиган падари бузрукворлари бўлмайди. Шу учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган машмашани бошлаб бердим. Узоқни кўзлаб бошланган бу ишнинг, ишқилиб, охири бахайр бўлсин.
         Ўйлаб-ўйлаб вақт борида валиаҳдкаларимни ўзимдан узоқлаштиришга ҳаракат қилдим. Уларни ҳозир ўзимдан узоқлаштирмасам, ман ўлгандан кейин кеч бўлади: уларни оломон тошбўрон этиб юбориши турган гап.
         Ҳамма ишлар режа остида давом этаётган фарахбахш кунларда валиаҳдкаларим орасида жанжал чиқди. Улар бир-бирига жангавор қўчқордек ташланиб қолди. Тўғри, уларни ўзим қўчқор этиб тарбиялаган эдим. Афсуски, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаслигини негадир унутиб қўйган эканман. Мана, энди жумлаи жаҳон Юрманистондан чиққан иккита қиз-қўчқорнинг шохлашиб, бир-бирини қип-қизил қонга бўяётганини ҳайратланиб томоша қиляпти. Ҳазил-ҳазил билан бошланган даҳанаки жанглар тобора авж олиб, ҳаёт-мамот жангига айланиб кетди.
         Чамамда, кенжа валиаҳдкам эҳтиросларини жиловлай олмайдиган  Гугушани ер билан яксон қилмоқ учун Сафаралига Женева кўли ёқасидаги сарой калитини хуфёна ҳадя қилади. Сафарали эса қўлидаги калит билан дарвозани очиб кириб, Юрманистондан опчиқиб кетилган барча ноёб санъат асарларини Интернет тармоқлари орқали бутун дунёга эълон қилиб юборади. Ўзи ҳам ўша бебаҳо осори атиқалар ёнида суратга тушади.
         Қайтар дунё экан. Йигирма йил муқаддам Сафаралини азбаройи Душманнинг “думи” бўлгани учун шўро замонидаги беш тийинлик сариқ чақачалик қадр-қиммати бўлмаган музей экспонатини тилхат бериб пойтахтга келтиргани учун ёмонотлиқ қилиб, шу воқеа баҳонасида пашшадан фил ясаган эдим. Энди эса филдан пашша ясаш учун бор дунёмнинг ярмини беришга ҳам розиман. Ман-ку, розиман. Аммо отасининг молини талашаётган валиаҳдкаларим рози бўлармикан? Улар рози бўлмаса, ё биттасидан, ёки икковидан ҳам воз кечишимга тўғри келади. Балки, Ҳусайн Бойқаронинг йўлини (яъни, маст чоғимда Мўмин мирзога ўхшагансуюкли неварамни ўлимга буюриб юбораман) тутаман, шекилли. Унгача тўнғич валиаҳдкам инсофга келиб қолса кошкийди...
        Нима қилай, қайтар дунё экан, Сафарали!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...