среда, 25 апреля 2018 г.

129. “Сталин” деб тили чиққан гўдак


Қаламкаш пичинг қилганда унчалик эътибор бермаган эдим. Ўзи ёқтирмагани учун камситяпти деб ўйладим. Сўнг “Букинист” дўконидан тўқ жигарранг китобча топиб келди. Муқоваси қаттиқ, формати 54x84/32, босма табоқ 2,25. Нусхаси 10.000 дона. Баҳоси 2 сўм 50 тийин. 1949 йилнинг 12 декабр куни Тошкент шаҳрида ёзиб тамомланган. Ўша йилнинг 13 декабр куни теришга берилган, 16 декабр куни босишга рухсат этилган. Буюртма №351. Шартнома №453-49. Ўздаврнашр – 1949, Тошкент. Биринчи босмахона, Ҳамза кўчаси, №33. Редактор Шароф Рашидов, рассом И. Икромов...
Ғафур Ғулом, “Иосиф Сталин”, Ода. 70 саҳифа. VI бобдан иборат. I боб –Дебоча, II боб – Владимир Ильич Ленин, III боб – Рус, IV боб – Москва, V боб – Икки Шарқ, VI боб – Юртменистон.
1949 йили қонхўр Иосиф Сталин 70 ёшга тўлади. Негадир доҳий шарафига қасида ёзишни Ғафур Ғулом хийла пайт пайсалга солиб юради. Шароф Рашидов ўша йили Ёзувчилар уюшмасининг раиси эди. Эҳтимол, доҳий тўғрисида ким қасида ёзиши мумкинлиги, Москвадан айнан кимга рухсат берилиши масаласи обдон муҳокама қилингач, Рашидов Юртменистондан ҳам битта шоирга ода ёзиш ҳуқуқини олиб беради. Ҳа, қасида эмас, “ода” ёзилади. Абдулла Қаҳҳор “Рашидов ўз оғзи билан эмас, лаганбардорлари оғзи билан мақтанади”, деганда, манимча, Шароф аканинг кучга тўлган даврини назарда тутган кўринади. Рашидов сиёсий фаолиятининг илк даврида ўзига қарашли лаганбардорлар қўли билан давлат раҳбарига ўринлатиб пахта қўяди.
Дарвоқе, Абдулла Қаҳҳорнинг Рашидов тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари тўғри бўлса-да, лекин беғараз эди дейиш қийин. Ғарази шундан иборатки, Қаҳҳор домла ўзининг юртдоши Ёдгор опа Насриддинованинг Юртменистон раҳбари бўлишини ич-ичидан истарди. Юртменистонни 1937 йилдан то 1953 йилгача фарғоналик Усмон Юсупов бошқарган; ҳамма жойда уни “Ота” деб ҳурмат қилишига одамлар кўникиб қолган эди. Қаҳҳор эркак сифатида Ёдгор Насриддинованинг ожиз томонларини яхши биларди, лекин Рашидовга қарши туриши мумкин бўлган йирик сиёсий шахс эканини ҳам тан оларди. Аслида, Қаҳҳор даврасидаги зиёлилар ўшлик Ҳабиб Абдуллаевни республика раҳбари бўлишини истарди. Ҳ. Абдуллаев академик, Ленин мукофоти лауреати эди. Агар унинг номзоди Москвада муҳокама этилса, казо-казолар тарафидан қўллаб-қувватланиши аниқ эди. Шароф ака эса қичийдиган жойини олдиндан қашлаб қўяди: Ҳабиб Абдуллаевни “Миллатчи! Миллий кадрларни илгари суриб, русларни орқага итариб қўйяпти!” деган айб билан Фанлар Академиясининг президенти лавозимидан четлаштиради, сўнг сиқувни янада кучайтириб, энди элликка қадам қўйган буқадек бақувват геолог олимни ажалидан беш кун бурун ўлдириб юборади ва енгил нафас олади. Ёдгор Насриддинованинг ҳам нозик жойидан ушлайди: опанинг ўғли “Пахтакор” ишқибозлари қаторида стадионда бошланган тўс-тўполонда қатнашади, миллатчилик руҳида бақир-чақир қилади, кўчада учраган ўрисларни уриб бурнини қонатади ва ҳоказо. Ё. Насриддинова жисмонан маҳв этилмайди-ю, лекин Юртменистонга қайтиб келмайдиган қилиб Москвага кўтариб юборилади.
Майдонда Қаҳҳор ёлғиз қолади. Ғафур Ғулом, Ойбек каби тенгдошлари дарҳол Шароф Рашидовнинг пинжига кириб олади.
Қисқаси, Шароф ака Ғафур Ғуломнинг қўли билан “ода” ёзиб Иосиф Сталин остига момиқ қўяди.
Иосиф Сталин, улуғ отамиз,
Ўзингиз бердингиз халқимизга ном,
Шунинг-чун ўзбеклар ҳар қутлуғ ишда
Азиз номингиздан олади илҳом.

Юртимиз посбони улуғ Сталин,
Илмимиз устози улуғ Сталин,
Дунё чароғбони улуғ Сталин,
Халқларнинг овози улуғ Сталин.

Иосиф Сталин, қадрдонимиз,
Шу жаҳон борича омон бўлингиз,
Жаҳонда яшаган халқлар бахтига
Абадий яшашда жаҳон бўлингиз!
Шак-шубҳасиз, бу ода зудлик билан рус тилига таржима қилиниб Москвада ҳам чоп этилади. Рус тилидаги мўъжаз китобчага ҳам Ш. Рашидов редактор бўлади. Албатта, Иосиф Сталин Тошкентнинг Бешоғоч даҳасида истиқомат қиладиган ўзбек шоири бир пайтлар маст-аласт ҳолатда “Иккита иплос урушяпти-ю, ўртада манинг қўчқордек ўғлим ўлиб кетди!” деб уввос тортиб йиғлаганини жуда яхши биларди. Майли, аччиқ устида оғзига келганини айтаверади, индаманглар, дейди НКВД комиссарига. Берия мум тишлаб қолади. Сталин Москвадан ташқарига чиқмаса ҳам, аммо Ғафур Ғуломнинг кўнглидан нималар кечаётганини беш қўлдай кўриб турарди. Дарҳақиқат, тез орада Сталин нақадар узоқни кўра олишига яна бир бора амин бўлади. Ғафур Ғулом “Улуғ Рус халқига” номли қасида ёзиб, дунёнинг олтидан бир қисмида яшайдиган халқларни ҳайратга солади.
Манинг оғам Рус бўлур,
Виждоним буюрганин
Шу шеърда ёза олсам
Виждондек дуруст бўлур...
Қўйинг, уёғини қўя турайлик, уёғини ҳам астойдил кавлаштираман десак сассиғи чиқаверади.
Шароф Рашидов бир йилдан сўнг – 1950 йилда Юртменистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси (парламант спикери) лавозимига тайинланади. Тўкқиз йилдан кейин республика бошқарувини батамом ўз қўлига олади. Абдулла Қаҳҳор “Тобутдан товуш”, “Ҳуснбузар”, “Синчалик” каби асарлар ёзиб қий-чув қилса-да, бироқ қўлидан амалий ҳеч нарса келмайди. Рашидов умрининг охиригача Юртменистоннинг “Ота”си бўлиб қолади.
Ғафур Ғулом ода-қасидага Рашидов айтиб туриб ёздирган хушомад сўзлардан ташқари ўзининг дилидаги гапларини ҳам қўшиб юборади:
Мирза Абдуқодир иккита ҳарфни
Бир-бирига қўшиб айтолмаса ҳам,
Улуғ бобомизнинг азиз номини
Ҳижосиз айтади, мукаммал, кўркам.

Эртаги минг йилнинг одамлари ҳам
Табаррук умримни қилурлар ҳавас.
Чунки ман Ленину Сталин билан
Замондош бўламан, жондош, ҳамнафас.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида адабиётга кириб келган аксарият истеъдодли қаламкашларнинг устози бўлган “бабник” Мунаққид дастлаб ғазабимга учраган бўлса-да, кейин яраш-яраш қилдик. Боз устига, у қорасон касалига йўлиқиб битта оёғидан жудо бўлди; руҳан тушкунликка тушиб қолган кезларида уни Юртменистон Қаҳрамони унвони билан сарафроз этдим. “Сарафроз” деган сўз манга ўхшаган ҳотамтой тарихий шахс учун атайлаб ўйлаб топилган бўлса керак. Мунаққид яхшиликни биладиган зот бўлиб чиқди: “Мани сарафроз этдингиз, энди ўла-ўлгунимча миннатдор қилиб қўйдингиз; Ҳусайн Бойқаро, агар подшоликни меросхўрлардан бирортасига топширадиган бўлсам, кейин умримнинг охиригача Нажмиддин Кубро хонақоҳида журобкашлик қиламан, улуғ шайх мозорини супуриб-сидириб юраман деб орзу қилади. Ман Қароргоҳингизда журобкашлик қилай десам, ўзим яримжонман. Аммо барибир қўлимдан келганча хизматингизни қиламан”, дейди. Дарҳақиқат, у Олтин юлдузни кўксига қадаб қўяётган чоғимда айтган лафзига вафо қилиб, орадан кўп ўтмасдан “Мустақиллик меъмори” номли рисола ёзиб камина шаънига ҳамд-сано ўқиди. Ўша рисолани Мунаққид “Невара-чевараларим келажакда, манинг бобом Юртменбоши билан замондош бўлган деб фахрланиб юрадилар. Ман бунга юз фойиз ишонаман!” деб тугатган эди. У рисолача чоп этилгач, иккинчи оёғидан ҳам жудо бўлади ва бандаликни бажо келтиради. Ман шу пайтгача Мунаққид теша тегмаган гап айтган деб юрардим. Маълум бўлишича, 1949 йилдаёқ Иосиф Сталин билан замондош, жондош, ҳамнафас шоир Ғафур Ғулом ода-қасида ёзиб, икки яшар ўғилчасини ҳам тарихга киритиб қўйган экан. Демак, Бедилнинг адаши 1947 йилда туғилган бўлади. У кимёгар олим сифатида ном таратади. Битта маслаҳатчим Бедил Ғуломовга “жиян” бўлар экан; академик олимни Мудофаа вазири лавозимига қайта-қайта тавсия этавергач, 53 яшар “эркин ижодкор”ни ҳарбий вазир этиб тайинладим. Билимдон, тарбия кўрган йигит эди. Ич-ичидан эркин инсон эди. Уни қайириб олиш осон бўлмайди. Чўлоқ Мунаққидни бир зарб билан оғдириб олдим, бироқ Бедил Ғуломов худди хода ютган одамга ўхшаб бўйнини эгмасдан бадном бўлиб кетди. Ман унга: “Қутурган итларни отиб ташла!” деб буйруқ бердим. “Кечирасиз, ман сизга итотар эмасман! Бу ишни жаллодларингизга буюраверинг!” деб гап қайтарса бўладими! Ваҳ, ваҳ-эй, унинг тилгинаси бурро эканини илгари билганимда-ку, нима қилишни ўзим билардим. Ўша бехосият ишни Холматга буюрдим, у қулоқ қоқмасдан буйруқни адо этиб қайтди. Фақат ноҳақ ўлдирилган махлуқларнинг уволи тутдими, ишқилиб, бўйни қийшайиб қолди. Уни истеъфога жўнатишга мажбур бўлдим. Хода ютган Мудофаа вазирини ҳам вазифасидан бўшатиб, устидан жиноий иш қўзғатиб юбордим. Ҳарбий трибунал терговчиси уни “Ватан хоини” моддаси бўйича айблади. Суд бошланди, жараён олти ой давом этди. Суд раиси ҳам қайсар эшак экан. Терговчи тўплаган маълумотларни ҳарбий прокуратурага қайтариб юборади. Прокурор яна эски ашуласини айтади. Охири Ҳакимхон тўра собиқ вазирни энг олий жазога ҳукм қилиш ўрнига суд залидан озодликка чиқариб юборади. Бу хабарни эшитиб фиғоним фалакка чиқиб кетди; рўпарамда қўл қовуштириб турган Иноят Махсумнинг башарасига тарсаки тортиб юбордим: “Йўқол, кўзимга кўринма!”
Судга раислик қилган Ҳакимхон тўра эрталаб хусусий боғчасида ўзини осиб ўлдирибди. Ёш жонига жабр қипти-да, деб роса ачиндим. Энди дўзахга тушади, афсус...
Хуллас, “Сталин” деб тили чиққан гўдак соқолига оқ оралаган чоғларида манга хийла бошоғриқ бўлди. Қип-қизил маддоҳ бўлган отасига Мирзо Улуғбек метроси бекатига яқин жойдаги боғда улкан ҳайкал ўрнатиб хато қилганимни кечикиб англадим. Кампирияк маслаҳатчим чалғитган экан. Пароканд ҳам бир оғиз айтмаганки, Ғафур Ғулом ғирт маддоҳ эди, унга ҳайкал қўйиб барака топмайсиз...
Хўп, ҳайкални бир кечада ағдариб, ўрнига газон эктириб қўйишим мумкин. Лекин жазодан қутулиб қолган собиқ ҳарбий вазирни нима қилсам экан?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...