воскресенье, 29 апреля 2018 г.

159. Фоҳишалар – давлат таянчи


       “Огоҳлик – давр талаби” деган шиорни ўйлаб топдим. Барча йўловчи нақлиёт воситаларининг салонларига ўзбек ва рус тилларида ёзилган шу лавҳа ёпиштириб қўйилди. Айниқса,  метро бекатларида лавҳалар деворларни тўлдириб юборди; метро вагонлари ҳам реклама ўрнига одамлар кўнглига ғулғула соладиган шиор-лавҳа билан тўлдирилди. Шиор янада ишончли кўриниши учун метрога кириб чиқиладиган жойларга милиция кийимидаги сурбет ходимлар қўйилди. Ичкарида ҳам битта миршаб билан махсус хизмат ходими одамларнинг кичик сумкаларини титкилаб кўрадиган бўлди. Дастлаб, одамлар ғудур-ғудур қилиб кўрди. “Хизматчилик, опа... Хизматчилик, ака...” деб одамларнинг қитиғи ўлдирилди. Қайсар йўловчилар метродаги милицияхонага киритилиб обдан савол-жавоб қилингач, икки-уч соат вақти беҳуда ўтказилиб қўйиб юбориларди; хуллас, аста-секин ножўя тинтувга эътироз билдирадиган одам қолмади. Шу йўсин одамлар ҳукумат томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай бедодликка кўникма ҳосил қилди.
            Энди текинтомоқ қоравулларимни боқишим керак. Аксарият форма кийган бўйдор йигитлар энди йигирмага кирган ошқовоқ ҳўкизлар эди. Калласида ҳеч нарса йўқ, кўкрагида ҳеч нарса йўқ – қип-қизил манқуртлар. Худди ўргатилган итга ўхшайди. Улар қишлоқлардан териб-териб олинган. Иштаҳаси зўр, соғликларига тоғларда бошвоқсиз юрадиган қўтослар ҳам ҳавас қиларди. Уларни едириб-ичириш лозим. Маошини канда қилмаслик керак. Агар пойтахт шуларнинг қўли билан маҳкам ушлаб турилса, бошқа жойлардан миқ этган товуш чиқмайди.
            Тақирбош қоравулларимга отнинг калласидек маош тайинлаб қўйдим. Шу маош билан оиласини ҳам бемалол боқиши мумкин.
            Хўш, текинхўр қоравулларимга ўлиб кетган онажонимнинг мўрисидан маош топиб бераманми?
            Ҳалимбойни дингиллатдим. Кетига тепсам, ашағи шақиллайдиган бўлиб қолган экан. Зўрламадим. Кофирбойни сўроқладим. “Олмонияга қочиб кетган”,  деди Иноят Махсум. “Ие, шундоқ  демократик фуқаролик жамиятини ташлаб қочдими? Олмонияда пишириб қўйибдими? Олдир!” дедим. Иноят Махсум чайналди, ер чизди. “Нима гап?” дедим. “Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, олампаноҳ, шу топшириғингизни бажармасам...” деди. Ўрнимдан сапчиб туриб Иноят Махсумнинг кетига ўхшатиб икки марта тепдим. “Гапир!” дедим бўкириб. Кабинет бурчагига кетини ғижимлаб қочган Иноят Махсум: “Бу тўнғич валиаҳдкангиз билан боғлиқ нозик масала, хўжайин”, деди. “Бунга Кирзиё ҳам аралашганми?” деб сўрадим. “Аралашмаган бўлса керак. Кофирбойни валиаҳдка қочириб юборган”, деди...
  Кофирбой Юртменистондан қочиб кетган бўлса, демак, бу ерда ҳокимият бор экан, қонунлар устивор экан. Майли, х. с ним! – деб қўл силтадим. – Бор, тошингни тер, керак бўлсанг, ўзим чақираман, – деб Иноят Махсумни хонадан чиқариб юбордим.
   Пултопар Рустамни чақирдим.
Кучукларимни қандай боқсам экан? – деб сўрадим.
“Кит-кат” деган янги бодроқ чиққан. Жуда тўйимли, – деди Рустам.
         Башарасига тикилиб қарадим. У кўзларини олиб қочди. Хижолат бўлди. Ўзини гўлликка соляптими деб ўйладим. Йўқ, башарасидан жиннига ўхшайди-ю, лекин...
  “Кит-кат” кучукларнинг эмас, пишакларнинг озуқаси, Рустамбой! – дедим.  – Қолаверса, профессионал итбоқарларим бор. Агар кучукларни қандай боқиш тўғрисида маслаҳат керак бўлса, уларни ҳузуримга чорлаган бўлардим. Тузукми?
  Тузук, хўжайин, – деб қуллуқ қилди Рустам. – Дафъатан икки оёқли қоравулларни назарда тутаётганингиз кўнглимдан ўтди, аммо очиқ айтишга журъат қилолмадим. Узр.
  Хўш, зарбулмасалнинг мағзини чаққан бўлсанг, ечими нима бўлади?
  Ўйлаб кўриш керак, – деди. – Ўзи қанча кучукни боқиш керак?
  Ўн мингта, – дедим икки қўлим панжаларини кўрсатиб. – Қалай?
        Рустам ҳуштак чалиб, бошини сарак-сарак қилди.
  Кўп экан-да, сувкалар! – деб юборди нохос. Сўнг бирдан тилини тишлаб: – Кечирасиз, ёнингизда юравериб... тилим ҳам тойиб кетадиган бўп қопти, –  деди. – Эпласа бўлади... Бу дунёда бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Фақат ўлимга чора йўқ.
  Нимага шаъма қиляпсан, аблах! – деб шапалоқ тортиб юбордим. – Бу чол саксонга яқинлашиб қолди, эрта-индин барибир ўлади,  демоқчимисан?!
  Ўлай агар, ундай демоқчи эмасман! – деб тавалло қилди Рустам – Ишонмасангиз, қиблага қараб қасам ичишим мумкин.
  Яқин кел, – дедим жойимга бориб ўтиргач. Рустам яқин келди. – Бошингни эгиб тур, сувка! – дедим. Бошини эгиши билан тумшуғига мушт туширдим. Орқасига қалқиб кетди. – Тишинг синмадими? – деб сўрадим.
  Синмади.
  Нари тур, – дедим қўлимнинг орқаси билан ишора қилиб. – Хўш, ўн мингта кучукни қандай боқамиз? Ўйла, изла, топ!
  Ўйлаб қўйдим, – деди Рустам.
  Хўш?
  Агар тўнғич валиаҳдка чет эллардаги ҳисоб рақамларини ёпиб, вақтинча “дамка”га чиқиб турса, Дубайдан, Истанбулдан келаётган оқма валюталар шу ишга жалб этилиши мумкин.
  Қанақа оқма валюталар? – дедим. – Очиқроқ гапир.
  Фоҳишаларимиз ҳар йили икки миллиард доллар жўнатади...
  Йўғ-э?! Ростданми?!
  Рост. Араблар орасида, Туркияда ҳам бизнинг фоҳишаларимиз энг харидоргир товар бўп қолган.
  Ҳар йили икки миллиард доллар жўнатишадими? Оббо, азаматкалар-эй!
  Ҳа, шундай.
  Яшасин! Ишласа бўлар экан-ку!.. Хорижда юрган фоҳишаларимиз қанча ўзи?
  Ҳозирча юз минг атрофида.
        Демак, ҳар бири икки минг доллардан топар экан-да! Ёки йигирма мингдан топадими? – деб ўзимча хомчўт қилиб кўрдим.
        Аслида, ундан ҳам кўп топишади. Биз фақат расмий йўл билан кириб келаётган валютани ҳисоб-китоб қилиш имкониятига эгамиз.
        Яхши, – дедим. – Тўнғич валиаҳдкам  вақтинча “дамка”га чиқиб туради. Ўша пулнинг эллик фоизини кучукларга сарфлаймиз. Ҳайми?
        Хўжайин, агар рухсат берсангиз, фикримни айтсам.
        Айт, – дедим.
        Ишқилиб, кучукларингиз қутуриб кетмасмикан?
        Нега қутуради?
        Кучуклар киши бошига ўн минг доллардан олиб турса, қутуриб кетса керак. Юртменистонда ўртача иш ҳақи...
        Сен бола, бошимни қотирма! – дедим столни муштлаб. – Ишлаганидан кейин меҳнатига яраша ҳақ ҳам олиши керак-да! Одамларнинг қорнини қуруқ гап билан тўйдириб бўлмайди. Айниқса, кеча-кундуз очиқ жойда ёки ҳавоси булғанган ер остида қоққан қозиқдек қаққайиб турадиган този итларим сифатли овқатланиши керак.
        Икки миллиард долларни одамлардан тортиб олиш учун энг қамида ўн минг кишини қамаш керак, хўжайин.
        У ёғи билан ишинг бўлмасин, – дедим. – Диний ақидапарст террористлар билан кўпдан буён Айдарқул жиддий шуғулланяпти. Агар унга қўйиб берилса, кўчада турган симёғочларни ҳам террористлар деб оттириб юборишдан қайтмайди.
        Ундай бўлса, ман ўша маблағдан оқилона истифода этаман, – деди Рустам.
        Аслида, Рустамбой, фоҳишалар ҳар доим давлат таянчи бўлиб келган. Буни Мопассан ҳам яхши билган. “Дўндиқ” ҳикоясини ўқиганмисан?
        Йўқ, китоб ўқишга вақтим йўқ, хўжайин.
        Киносини ҳам кўрмаганмисан?
        Йўқ, кўрмаганман.
        Ана  шунақа-да! Булар на китоб ўқийди, на кино кўради! – дедим зардам қайнаб. – Булар учун ҳам ўзим китоб ўқишим керак, ўзим ётволиб кино кўришим керак. Э-э, булар қачон одам бўлар экан ўзи... Э-э йўқ, булар ҳеч қачон одам бўлмайди! – дедим қатъий оҳангда.
Рустамнинг кетига ҳам ўхшатиб тепиб кабинетимдан чиқариб юбордим.
        Раҳмат, хўжайин, – деб эшикни ёпди.
         Академикларнинг ўғли бўлсанг ўзингга! – дедим. – Керак бўлса, ман ҳам академикман. Хўш,  нима бўпти? Академикларнинг шохи бормикан?.. Чўнтагида ҳемири йўғ-у,  шох нима қилсин академикларда...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...