среда, 25 апреля 2018 г.

114. Фитна


1991 йилнинг 21 август куни Москвада “Путч” мағлубиятга учради. СССР Мудофаа вазири Язов, КГБ раиси Крючков, Ички Ишлар вазири Пуго (ўзини ўлдиради), вице-президент Янаев, Бош вазир Павлов, Олий Кенгаш раиси Лукяновлар қамоққа олингач, СССР эгасиз қолади. М. С. Горбачёв ҳамон СССРнинг президенти лавозимини эгаллаб турган бўлса-да, лекин мамлакат бошқарувини Россия президенти Борис Ельцин ўз қўлига олган эди. Горбачёв ҳам Борис Николаевичнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолади. СССР ўз-ўзидан тарқалиб кетади. Тўғри, декабрь ойигача Горбачёв ҳамон мамлакатнинг расмий раҳбари бўлиб туради. Қачон, Россия президенти Борис Ельцин, Украина президенти Кравчук, Белорусия Олий Кенгашининг раиси Шушкевич овлоқ ўрмонда ичкиликбозлик қилиб ўтириб “СССРни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қонун”га имзо чекиб юборишгач, охир-оқибат М. С. Горбачёв ҳам телевизорга чиқиб йўқ мамлакатнинг президенти лавозимидан истеъфо беради.
Юртменистон гўё улкан поезднинг ярим йўлда составидан узилиб қолган вагонига ўхшарди. На олдига кетишни биларди, на орқага. Дарҳол мустақиллик эълон қилишга тўғри келади. Акс ҳолда бошбошдоқлик бошланиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Юртменистон ҳудудидаги бойликлар талон-тарож қилиниши равшан бўлиб қолади.
Хабарингиз бор, биз сўнги пайтгача Иттифоқ шартномасини имзолашга тарафдор бўлиб келдик. Агар бу Иттифоқнинг конфедерация асосида ҳақиқатан ҳам тенг, Мустақил давлатлар иттифоқи бўлишига ишонч бўлганида биз бугунги кунда ҳам ўша фикримиздан қайтмас эдик. Биз 1991 йилнинг март ойида ўтказилган референдумда ҳам аҳолининг тўқсон фоизи Иттифоқ таркибида қолишни қўллаб-қувватлаб овоз беришини таъминлаганмиз. Иттифоқдан ажралиб чиқишни фақат “Бирлик” ҳаракати билан “Эрк” партияси ёқлаб чиқди, холос. Бугун халқимизга шу нарса аёнки, ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришишнинг ягона йўли бор. У ҳам бўлса – республиканинг мустақиллигига эришишдир. Бугундан эътиборан Юртменистон мустақил республикадир. 1 сентябрни Мустақиллик куни – умумхалқ байрами деб эълон қилинишини таклиф этаман. Бу байрам абадулабад бўлсин!
Ман Юртменистонда коммунистларнинг раҳбари лавозимига тайинланган чоғимда узоғи билан беш-олти йилдан сўнг истеъфога чиқиб, қолган умримни бирорта учинчи ё тўртинчи даражали лавозимда (Ёдгорликларни қўриқлаш идорасидами ёки Нуронийлар жамиятидами) тинчгина ўтказсам бас, дўппимни осмонга отиб қувонар эдим, деб ўзимча хомчўт қилганман. Аммо вазият 1991 йилда содир бўлган “Путч”дан сўнг кескин ўзгариб кетади. Етти ухлаб тушимга кирмаган ҳодисалар содир бўлади. Юртменистон мустақил бўлиб қолади. Болтиқбўйи республикалари бир неча йил давомида мустақиллик учун курашади, жон олиб, жон беради. Озарлар, гуржилар, чеченлар ҳам қўлига қурол олиб мустақиллик учун курашга отланади. Ўрта Осиёда истиқомат қиладиган турк халқлари эса маҳаллий раҳбарларнинг кучли босими остида миқ этган товуш чиқармайди, товуш чиқарган одам боласи дарҳол жиноий жавобгарликка тортиларди. Бизга мустақиллик осмондан тушади. Унинг қадрини одамлар ҳис этмайди, қимматини ҳам кўпчилик билмайди.
Майли, худойимга беадад шукрлар бўлсин, биз мустақил бўлиб қолдик.
Аста-секин бошқарув жиловини қўлга олдим. Атрофимдан мустақил фикрлайдиган одамларни узоқлаштирдим. Мамлакат мустақил бўлди, ман ҳам мустақил равишда мамлакатни бошқаришим керак. Ҳокимият шерикчиликни ёмон кўради. Ҳокимиятга шерик чиқса, ундан ажралиб қоласан.
Радий Фиш билан энди фақат парламант мажлислари чоғида кўришиб қолардик, холос. У кўпинча сўз сўраб минбарга кўтариларди-да, раҳбариятни танқид қиларди. Ман парламант раисига тайинлаб қўйдим: “Радий Фишга камроқ сўз берилсин, у гапираётганда депутатлар полни тепиб тўполон кўтариб юборсин, унинг нима деяётганини одамлар эшитмасин, ҳайми?!” “Ҳай”, деди гулдурак товушли парламант раиси. Радий Фишни кабинетимга ҳам, хос хонамга ҳам таклиф этмай қўйдим. Шундоқ ҳам ташвишларим бошимдан ошиб ётарди, унинг дийдиёларини эшитиб ўтиришга энди тоб-тоқатим йўқ эди.
Олий Мажлиснинг навбатдаги йиғилиши бошланган заҳоти доим кўзларимга жавдираб ўтирадиган, нигоҳимиз тўқнашиб қолса, ялтоқланиб тиржаядиган битта депутат сўз олиб: “Ўртоқлар, бугун ташкилий масала кўрилади. Юртменбошини лавозимидан четлаштириш керак, деган таклиф бор. Ман таклифни овозга қўйиш лозим деб ҳисоблайман”, деса бўладими?! Дастлаб, қулоқларимга ишонмадим. Қарасам, навбатдаги депутат ҳам минбарга кўтарилиб, бояги таклифни қўллаб-қувватлаяпти. Яна уч-тўртта депутат (асосан собиқ вице-президентнинг тарафдорлари ва пойтахт гуруҳи зимдан бирлашиб олган экан) “импичмант”ни дарҳол овозга қўйиш керак, деди. Тамом, деб ўйладим, энди Ёдгорликларни қўриқлаш идораси ҳам, Нуронийлар жамияти ҳам санга насиб этмайди; худди Руминия диктатори Николае Чаушеску каби тўхтовсиз отиб ташлашмаса, қолган умринг қамоқда ўтса ҳам шукр қилгин, галварс!
Кутилмаганда Радий Фиш минбарга кўтарилиб: “Ман ҳозир кўзларимга ҳам, қулоқларимга ҳам ишонмаяпман! Доим Юртменбошини қўллаб-қувватлайдиган, унга уялмасдан пахта қўядиган депутатлар бирдан унга қарши бош кўтарганини кўриб, ўртоқлар, ҳайрон бўлиб ўтирибман. Сизларга нима бўлди? Виждонларинг уйғониб қолдими? Йўқ, сизларда виждон борлигига ман аллақачон ишонмай қўйганман. Сизлар қандайдир ғаразли мақсадни кўзлаб, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун ҳозир Юртменбошини лавозимидан четлаштиришни истаяпсиз. Ман бунга қаршиман. Юртменбошини бу лавозимга халқ сайлаган, уни фақат халқ бу лавозимдан олиб ташлаши мумкин. Бу масалани референдум ҳал қилади, ҳозир импичмант масаласини овозга қўйиш мавжуд қонунга хилофдир...” дейди. Ёпирай! Наҳотки, уч юзта депутат орасида Радий Фишдан бошқа дўстим бўлмаса?!
Танаффус эълон қилинди. Танаффусдан сўнг фитначилар орасида парокандалик бошланди, ишончсизлик авж олиб, бирин-кетин минбарга кўтарилган фитначи-депутатлар мандан узр сўраб, шерикларининг устига мағзава ағдара бошлади.
Фитна амалга ошмай қолади. Ман ўз лавозимимда яна йигирма йил... йўқ, хоҳлаганимча йил ўтираман.
Олий Мажлис йиғилиши тугагач, Радий Фишни четдаги хонага таклиф этиб: “Ман сизнинг яхшилигингизни, дўстим, ҳеч қачон унутмайман!” деб уни бағримга босиб йиғлаб юбордим...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...