воскресенье, 29 апреля 2018 г.

142. Имомга суиқасд


Дўппи тор келиб қолди.
Анжирзорлик авлиё гўрида ётган жойида исён кўтарди. Уни гўрга тиқсак қутуламиз деб ўйлаган эдик. Хато қилган эканмиз, чучварани хом санабмиз. Ёмғир ёғиб ўткач, эрта баҳорда қир-адирларни қўзиқорин қандай қоплаб олса, Анжирзордан чиққан авлиёнинг думлари ҳам мамлакатни ёппасига исканжага олди. Илгари битта Шайх ўн минг нафар муридни бошқариб турган бўлса, энди Мингбошиларнинг ўзи ўттизтадан ошиб кетди! Ўнбошилар нечта?! Юзбошилар нечта?! Яхшиямки, элликбошиси йўқ, понсад йўқ! Ўнбошилар тўғридан-тўғри юзбошига бўйсунади, юзбошилар мингбошига бўйсунади, мингбошилар эса марҳум шайхнинг ноиби Ҳожимуродга итоат этади. Шайх тирик пайтидаёқ ўзидан кейин қоладиган ноибига барча юзбошиларни байъат келтирган экан.
Анжирзордан чиққан авлиё пухта тизим-структура яратган бўлиб, ўнта мурид битта ўнбошини танирди ва унга бўйсунарди; ўнта ўнбоши эса битта юзбошини танирди ва унга бўйсунарди; ўнта юзбоши эса битта мингбошини танирди ва фақат унга бўйсунарди. Албатта, мингбошилар ҳам бир-бирини яхши танимаса керак. Ҳаммаси бўлиб, тахминан, ўттизта мингбоши бор. Ҳар бир мингбоши ўз ҳолича ноиб Ҳожимуродга итоат этади. Ноиб Ҳожимурод Доғистоннинг Дарбанд шаҳрида истиқомат қилади. Унинг тўртта хотини, қирқта қўриқчиси бор эмиш. Қароргоҳи денгиз сатҳидан тўрт минг метр баландликда жойлашган қадимий қалъадир.
Ноиб Ҳожимуродни жисман маҳв этиш масаласида В. П.га мурожаат этдим.
– Медвед нима деди?
– Медведга индаганим йўқ, – дедим. – Айтайми Айиқвойга?
– Айтсангиз, бизнинг ички ишимизга аралашманг, дейди. Энди сабр қиласиз, келаси йил баҳорида парламант сайловини ўтказиб олсак, худо хоҳласа, ўша масъала билан ўзим шуғулланаман.
– Раҳмат, Жаҳонгир ака!
– Ҳозирча арининг инига чўп тиқмай туринг, ҳайми?
                         Ҳай.
Телефон гўшагини уясига қўйиб иягимни тутамлаганимча ўйланиб қолдим: Ҳожимуродни Жаҳонгир Йўлчиевнинг ўзи барпо этмаганмикан, ишқилиб? Бен Лодинни АҚШ қандай барпо этган бўлса, Ҳожимуродни ҳам Йўлчиев яратган бўлиши мумкин-ку! 2005 йилнинг баҳорида Андижонда оммавий равишда итларни оттириб юборгач, нажот истаб Сочига вой-войлаб борган эдим. Шунда у: “Бўпти, тўрт йилдан кейин нафақага чиқасиз; ўрнингизга ким бўлишидан ёки ўрнингизга кимни қўйишингиздан қатъи назар, у бизнинг ноиб бўлади, биз кўрсатган йўлдан юради, унгача босқичма-босқич Юртменистонни иқтисодий жиҳатдан Россияга қарам қилиб берасиз, ҳайми?” деб кўз қисиб қўйган эди. Ман ўшанда ҳазиллашяпти деб ўйлаб, дарҳол рози бўлган эдим. Чунки СССРнинг қайта тикланишига нафақат АҚШ, ҳатто бутун дунёдаги прогрессив кучлар тиш-тирноғигача қарши бўлишини жуда яхши билардим. Тўғри, Сочида имзоланган шартномага кўра, Россиянинг “Лукойл” ширкатига тасарруфимдаги газ захирасининг эллик фойизини қирқ тўққиз йил муддатга ижарага берганман. Қирқ тўққиз йил мобайнида “Лукойл” бизга дунёнинг исталган жойидан бошпана олиб беради. Яъни, эллик кишилик оила аъзоларимиз, хизматчиларимиз, қўриқчиларимиз бемалол яшайдиган ҳовли-жой билан таъминлайди. Хавфсизлигимиз юз фойиз кафолатланади. Юз миллиард АҚШ доллари миқдорида сармояси бўлган “Лукойл” шартнома шартларининг бажарилишига юз йилгача кафил бўлади.
Шундоқ. Ҳа. Лекин шундоқ қолурмикан?
Ноиб Ҳожимуродга қўлимиз етмайди, шекилли. Бироқ, мингбошиларга қўлимиз етади. Иноят Махсум билан хомчўт этиб кўрсак, ҳозирча улар ўттиз нафар экан. Уй адреслари аниқ. Замонавий Нақшбандия тариқати бутун Юртменистонни саратон касалига ўхшаб қамраб олгунча қараб ўтиравермасдан профилактик тадбир ўтказишга қарор қилдик.
Пойтахт ёшлари масжидларга серқатнов бўлиб қолган. Сабаби, уларнинг севимли Қори окоси бор. Гарчанд Қори око фақат битта марказий масжиднинг имоми бўлса-да, унинг амри маъруфларини эшитиш учун мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан ҳам ёшлар оқиб келади. Қори око энг “ходовой” отарчи каби доим маъракама-маърака чопиб юради. Икки соатлик маърузаси учун нақд минг доллар хайрия олади. Тўғри, у пулни қўлига ушламайди, мухлислари чўнтагига тиқиб қўяди.
Қори око “либерал” диндор ҳисобланади. У радикал оқимларга қўшилмайди.
Ваҳ-ваҳ-эй! Қори окони бир оқшом ёвуз ниятли кишилар пичоқлаб кетади. Ўн уч жойидан пичоқ еган Қори око худонинг марҳамати туфайли тирик қолади. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилади, зарурий дори-дармонлар тўхтовсиз етказиб берилади. Қори оконинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Касалхонадан уйига қайтган Қори око дарҳол телемухбирларга интервью беради:
-Ҳурматлик Юртменбошимизнинг тинчликсевар доно сиёсатини қўллаб-қувватлаганим учун мани қора ниятли кишилар пичоқлаб кетди. Пичоқлаган қотилларнинг афт-башарасини жуда яхши эслаб қолганман. Ҳозир тергов давом этяпти. Терговга халақит бермаслик учун қотилларнинг ташқи кўриниши, гап-сўзларида ишлатилган шевага хос иборалар тўғрисида мухбир укаларимизга ортиқча бир нарса дея олмайман. Фақат бир нарсани комил ишонч билан айтаманки, Юртменбошимизнинг меҳр-муҳаббатлари шарофати билан ман тирик қолдим. Кеча-кундуз Юртменбошимизни дуо қилиб ётибман. Илойим, у киши дунё тургунча турсин, овмин!
“Ахборот”дан кейин эфирга узатилган интервьюни Иноят Махсум икковимиз бирга томоша қилдик. Телевизорни ўчириб:
– Қоқбош қорини тирик қолдириш шартмиди? – деб сўрадим. – Яратган Эгамдан бошқа зот дунё тургунча турмаслигини авом билмаса ҳам, лекин Қуръони каримнинг ўзбекча нусхасига муҳаррирлик қилган нуктадон инсон билиши керак. Нега ундай деди? Жўрттага пичинг қилдими? Шу йўсин Ҳожимуродга сигнал бераётган бўлмасин тағин?
– Йўғ-э, у анжирзорлик авлиё билан ҳамфикр бўлмаган, исломда фақат шариатни маҳкам тутади, оқимларга тоқат қилолмайди.
– Шошма! Сценарий бўйича Қори око тирик қолиши керакмиди?
– Йўқ, – деб ерга қаради Иноят Махсум.
– Нега тирик қолди?! Энди биз Қори око кўрсатган кимсаларни жазолаймизми? Мингбошилар нима бўлади? Юзбошилар-чи?! – Столни муштлаб ўрнимдан сапчиб туриб кетдим. Хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошладим. – У ёқда Йўлчиев ҳам мускулини таранг қилиб тираб турибди...
– Нима, хато тузатилсинми? – деди Иноят Махсум.
– Қандай килиб? – Иноят Махсум бошмалдоғи билан бўйнини кесиб кўрсатган заҳоти жон-поним чикиб кетди. – Нима деяпсан, аҳмақ! – деб башарасига тарсаки тортиб юбордим. – Бутун дунёнинг олдида мани шарманда қилмоқчимисан, аблаҳ?! – Югуриб бориб кетига ўхшатиб икки марта тепдим. – Йўқол, эртага пешингача мингбошиларнинг ҳаммаси Истиҳборат идорасининг подвалида ётиши керак. Уқдингми?
– Уқдим.
                         Бор йўқол, мараз!
Иноят Махсум билтанглаб ташқарига чиқиб кетди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...