среда, 18 апреля 2018 г.

94. “Манинг дўстим Адольф, душманим Гитлер”


Олмонияда национал-социалистлар партияси ҳокимият тепасига келган дастлабки даврда фюрернинг шахсий матбуот котиби бўлган Эрнст Ханфштанглнинг “Hitler. The missing years” номли хотиралар китоби Екатеринбургдаги “Ультра. Культура” нашриётида бор-йўғи тўрт минг нусхада чоп этилган. Тошкентдаги “Китоб дунёси” магазинида сотилаётган китоблар рўйхатини кўздан кечириб ўтирсам, беихтиёр ўша китоб диққат-эътиборимни ўзига тортди. Дарҳол олдирдим.
Шу кунларда Олмония бизнинг Европадаги ягона иттифоқчимизга айланган; Евробирлик мажлисларида бизнинг шаънимизни ҳимоя қиляпти, халқаро ташкилотлар томонидан бизга қарши жорий этилган ҳар хил бемаъни эмбарголарни бекор қилиш учун куюнчаклик қиляпти. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, дейдилар. Бошқалар оғзини йиртиб ўтирган кезларда омилкор олмон бизнесманлари Марказий Осиё бозорига эмин-эркин ташриф буюриб қаймоқ ялаб юрибди, сут-қатиқ ичяпти, ҳарбий базасини янада мустаҳкамлаяпти. Олмония ҳеч қачон Марказий Осиёни батамом забт этиб ўзига бўйсундира олмайди, чунки бизга чегарадош эмас. Экспанцияни чегарадош буюк давлатлардан кутиш мумкин. Ўтиш даврида Олмония бизга керак, биз Олмонияга керакмиз. Эшагимизни лойдан ўтказиб олайлик, кейин Олмонияга ҳам катта кўчани кўрсатиб қўямиз: “Энди тўрт томонингиз қибла!” деймиз. Ҳозирча олмонларнинг мушугини “пишт!” демай турамиз.
Эҳтимол, яҳудий дўстларимга малол келар, лекин яхшими-ёмонми, Адольф Гитлер ХХ асрда яшаб ўтган буюк тарихий шахс ҳисобланади. У ёвуз даҳоми, Мефистофелми – бу бошқа масала. Тарихий шахслар устидан тарихнинг ўзи одилона ҳукм чиқаради.
Эрнст Ханфштангл ниҳоятда зийрак, кузатувчан матбуот котиби бўлган экан, унинг айрим фикр-мулоҳазалари ҳамон ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Хотира дафтаримга ундан иқтибос олмасам, гапларим асоссиздек туюлиши мумкин:
“У ватанпарварлик ва миллий ғурур масаласига батафсил тўхталади, сўзларини исботлаш учун Камол Отатурк ва Муссолини фаолиятини намуна этиб кўрсатади. Сўнгра яҳудийлар чайқов бозорини ҳар хил маҳсулотларга тўлдириб юборди, улар бизнинг мусибатимиз эвазига бойлик орттиряпти, дейди. Шу тариқа тингловчиларни ўзига ром этиб олади (41-бет).
Агар давлат миллатни ҳимоя қилишга ожиз бўлса, миллат ўзини ўзи ҳимоя қилишга мажбур бўлади, дейди у (45-бет).
У Буюк Фридрих ва француз инқилоби тўғрисидаги кўплаб тарихий китобларни эринмасдан мутолаа қилади. Олмонияда вужудга келган оғир аҳволни тарихий воқеалар билан қиёслайди. Кўп йиллар давомида Фридрих у яхши кўрадиган, тақлид этиб юрадиган қаҳрамонга айланади. Фридрих ўзини қачон тўхтатишни яхши биларди. Афсуски, Гитлер ҳокимиятни қўлга киритгач, Наполеон унинг сиёсий кумирига айланди. Наполеон эса ўзини қачон тўхтатишни мутлақо билмасди. Мана шу хато охир-оқибат Гитлерни ҳалокатга олиб боради (47-48-бетлар).
Гитлерни табиат гўзаллиги унчалик қизиқтирмасди. Ям-яшил дарахтлар, жилдираб оқаётган жилғалар, тоғлар унинг ҳис-туйғуларига ижобий таъсир этмасди. У том маънода шаҳарлик бўлиб, фақат бозорхоналарда ўзини эмин-эркин ҳис этарди. Ўзини орзулари ушалмаган архитектор-меъмор деб ҳисобларди. У янги ва янги муҳташам иншоотларнинг лойиҳасини чизиб ўтиришни яхши кўрарди, шаҳар манзараларини жонли тасвирларди (78-79-бетлар).
Ўзини мадҳ этиб ёзилган каттагина сийқа достонни ёд биларди. Маддоҳ шоир олмон тилидаги барча “итлер” қўшимчаси билан тугайдиган сўзлардан қофия ясаб боши-кети йўқ байтларни тизиб ташлаган эди. Гитлер кайфияти чоғ бўлиб турган пайтларда ўша достонни ўзига хос мақомга солиб масхараомуз тарзда ёдаки ўқиб берарди ва тингловчиларни кулдириб ичакларини узиб юборай дерди (79-80-бетлар).
Геринг билан Гесс бир-бирини жинидан баттар ёмон кўрарди, улар доим бир-бирига қарши тиш қайраб юрарди, бир-бирига қарши фитна уюштирарди. Гитлер эса уларни бир-бирига қарши гижгижлатиб қўйиб, ўз ишини битириб оларди, улардан устомонлик билан фойдаланарди (89-бет).
Ўша пайтларда “Қирол Фридрих” номли икки қисмли фильм жуда машҳур бўлади. Биз Зендингер дарвозаси майдонидаги кинотеатрда фильмни бирга томоша қилдик. Фильм охирида кекса қирол валиаҳд шаҳзоданинг бошини олдириб қатл этмоқчи бўлади. Томоша тугаб ташқарига чиққанимиздан сўнг Гитлер: “Фильмнинг энг яхши жойи ўша эпизод. Бу қадимий интизомнинг ёрқин намунасидир. Қаранг, ота ўз ўғлини қурбон қилишга ҳам тайёр турибди. Буюк ишлар қатъиятни, қаттиққўлликни талаб этади”, деди тантавор оҳангда (96-97-бетлар)”.
Эрнст Ханфштангл китобидан яна кўплаб иқтибос келтиришим мумкин, лекин Гитлер образини – инсоний ва сиёсий қиёфасини ўзимизга ёрқин тасаввур этишимиз учун юқорида келтирилган кўчирмалар кифоя қилса керак.
Манимча, халқаро майдонда музокара олиб борилаётган, муҳим стратегик шартномалар имзоланаётган пайтларда партнёр-шерикнинг кучли ва кучсиз томонларини яхши билиш лозим. Партнёр-шерикнинг тарихдаги ўрни, ҳозирги мавқеи албатта инобатга олиниши даркор. Шунда музокарани керакли ўзанга буриб юбориш ҳам, фойдали шартнома имзолаш ҳам осон кўчади. Албатта, бу фикр-мулоҳазаларимнинг Олмонияга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Уни ўзим учун хотира дафтаримга шунчаки қайд этиб қўйдим, холос.
Назаримда китоб номи “Манинг дўстим Адольф, душманим Гитлер” деб рус тилига нотўғри таржима қилинган. Аслида, “Гитлер билан ўтган кунларим” дейилса тўғрироқ бўларди.
Яна бир мулоҳаза. Агар Дукчи эшон ҳақида китоб ёзиб, сифатли қоғозга чоп этиб ҳар йили уюштириладиган Франкфуртдаги халқаро китоб ярмаркасига элтиб намойиш этилса, манимча, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки Ғарб ўқувчиларини экстремист тарихий шахслар – миллий қаҳрамонлар кўпроқ қизиқтиради. Китоб бозорининг ва умуман жаҳон бозорининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олишни биз олмон дўстларимиздан ўрганишимиз лозим.
Жаннат хола Меркел омон бўлса, юкимиз ерда қолмайди.
Пароканд Мирзо ҳам вақти-соати келиб хотира ёзармикан? Қандай ёзади? Қачон эълон қилади?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...