среда, 25 апреля 2018 г.

127B. Сартбой Сатторхонзода


Кўр ушлаганини қўймайди, кар эшитганини, дейдилар. Ман ҳам қулоғимга чалинган гапнинг охирига етказмай қўймайман. Хорун ар-Рашид қиёфасида кечаси Самарқанднинг хилватгоҳларини айланиб юриб, Бибихоним мадрасаси ҳовлисида мияси айниган сарт чолни учратиб, уч кеча у билан ҳамсуҳбат бўлиб кўп гапларни билиб олдим. Сўнг зарур давлат ишлари чиқиб қолди; тўртинчи кечага мўлжаллаб қўйилган мавзулар ҳамон кўнглимда тугун бўлиб турипти. Бу орада оиламизда мусибат рўй берди; акам вафот этди. Дарҳол Самарқандга етиб бордим. Таъзиядан сўнг илгари ҳар эҳтимолга қарши қурдириб қўйган қароргоҳимга бориб бирпас дам олдим. Сўнг ойнаклари қорайтирилган хизмат машинамни олдида учта, орқасида тўртта қўриқчи машиналар ўртасида Тошкентга жўнатдим. Одамлар машинада юртменбоши ўтирибди, деб ўйлашади. Ўзим эсам эски Абрамов булварида жойлашган “Президент” қароргоҳида қолдим. Хизматчиларни уй-уйларига жўнатиб, Иноят Махсум синовдан ўтказган махсус ходимларни постларга тақсимлаб қўйдик.
Ярим кечаси яна Хорун ар-Рашид қиёфасига кириб Бибихоним мадрасасига йўл олдим. Борсам, Сартбой чол мадраса равоғининг остига пўстак тўшаб, рўпарасига тўртта ғиштдан омонат ўчоқ ясаб гулхан ёқиб, чопонини юмалоқ қилиб қўлтиғи остига қисганча ёнбошлаб ётибди. Рўпарасида яна битта пўстак, кўза, сопол коса. Тошлавҳ ёнида тўхтаб тўрт тарафни кузатдим. Зоғ учмайди. Чолнинг паст товушдаги хиргойиси қулоғимга чалинди:

Ол хабар ул сарвиноз уйқусидан турганмикан?
Ногаҳон турган эса туш-муш, сўранг, кўрганмикан?..

“Ол-а, чол бало экан-ку!” деб қўйдим ичимда. Ҳамон қариб қуйилмаган кўринади. Ё кўзадаги жин ичига киргач, тилгинаси бурро бўлиб қолдимикан?
Чолни чўчитиб юбормай деб оҳиста томоқ қирдим.
– Ким у яхши одам? Бемалол келаверсинлар, – деб ўмганини кўтариб тошлавҳ томон қаради. Шарпамни сезгач: – Келаверсинлар, биё! Ана, кўза сизга мунтазир! – деб чордона қуриб ўтириб олди.
Кулимсираб бориб сўрашдим; ўрнидан турмоқчи бўлган эди, елкасидан босиб жойига ўтқазиб қўйдим. Бўш пўстакка ўтирдим. Юзимга фотиҳа тортдим. Чол кўзига ишора қилди.
– Яхши одам, мусалласни маҳтал этиб қўйманг, – деди. – Косангизни тўлдириб, би-ир симиринг!
Кўзадан косани тўлдириб, қип-қизил мусаллас қуйдим. Симирдим. Лаб-лунжимни кафтим билан артиб:
– Тозаси экан, Сартбой ака, тозаси экан. Ўзингиз пиширасизми?
– Илгари ўзим пиширардим, ҳозир шогирдим қўлимдан ҳунаримни олган.
– Муносиб шогирдингиз бор экан.
– Ҳа, шогирддан ёлчидим.
– Бу дейман, Сартбой ака, ўзлари ҳам куйган қуллардан экан-да!
– Кўнгли ёш, бўтам, кўнгил ёш! – деб Сартбой косасини тўлдириб мусаллас симиради. – Отамда тўртта хотин бўлган, бобомда олтита хотин бўлган. Катта бобоб – Мўъминжон саккизта хотин сақлаган экан...
– Олтита, саккизта хотин сақлаш қачон мумкин бўлган?
– Илгари ҳамма нарса мумкин эди.
– Қачон?
– Юрт мусулмонобод бўлган замонларни айтяпман, тақсир.
– Тўрттагача рухсат берилган, шекилли.
– Тўрттаси шаръий никоҳда туради; тўрттадан ортиб кетса, захирага қўйилади... Футболга қизиқасизми? – деб юмалоқланган чопонини қўлтиғига қисиб ёнбошлайди.
– Қизиқаман, онда-сонда “Бунёдкор”нинг ўйинларини томоша қилиб тураман.
– Демак, футбол қоидаларидан хабардорсиз.
– Хўш-хўш?
– Майдонда ҳар бир командада ўн биттадан ўйинчи ҳаракат қилади. Тўғрими?
– Тўғри.
– Бўпти-да! Эмасам, захирада ўтирган йигирмата ўйинчининг ҳаммаси майдонга тушиб кетса, тақсир, ит эгасини танимай қолади-ку!
– Тўғри, – деб мен ҳам ғужанак бўлиб пўстакка ёнбошлаб олдим.
– Хотинлар кўпайиб кетса, тўрттадан ортиқчаси захирага чиқариб қўйилади.
– Бирортаси жароҳат олса, захирада ўтирганлардан кимдир никоҳга киритиладими?
– Захирада ўтирган хотинни безовта қилмасдан янгисини никоҳга киритган маъқул. Ота-бобомлар шунақа қилган экан.
– Сиз оқсуяк экансиз-да.
– Бўлмасам-чи!
– Катта бобонгиз Мўъминхўжа бўлса, ўзингиз тўртинчи авлод бўласиз. Болангиз – бешинчиси, неварангиз – олтинчиси, чеварангиз – еттинчиси бўлади. Пиру бадавлат экансиз-ку!
– Шунақаман.
– Захирада нечта ўйинчингиз бор, Сартбой ака?
– Э-э, улар ҳисоб эмас, иккита ўйинчим кўз очиргани қўймайди.
– Кечаси шунинг учун уйдан қочиб чиқиб бомжга ўхшаб хилват жойларда тунаб юрасизми?
– Бўш кунларимда дайдиб оламан.
– Иккита хотиндан ҳам бўшайсизми?
– Ҳар бирига ҳафтада икки кундан сарфлайман, уч кун ўз ихтиёримда қолади. Шунга рози қилганман. Агар рози бўлишмаса, яна иккитасига қонунан уйланишга ҳаққим бор. Ёнларига яна иккитаси қўшилса, унда ҳар бирига бир кундан ажратиб, ўзимга барибир ҳафтада уч кунни қолдираман.
– Ие, сизнинг тақсимотингиз ажабтовур экан-ку, эшон бува!
– Бу энг адолатли тақсимот.
– Тўғри, сиз учун адолатли. Лекин ожизалар тўполон қилиб юбориши мумкин.
– Тўполон қилмайди. Ким тўполон қилса, захира ўриндиғидан жой олади; навбати келишини кута-кута қариб кетади.
– Оббо! – деб куламан. Кўзадан яна бир коса мусаллас қуйиб симираман.
Сартбой гулханга ўтин ташлайди.
– Муқимий яхши китоб, – дейди.
Нега бундай деганини тушунмадим. У яна ёнбошлаб хиргойи қилади:

Ол хабар ул сарвиноз уйқусидан турганмикан?
Ногаҳон турган эса туш-туш, сўранг, кўрганмикан?..

Эндит тушундим: Сартбой чол хиргойи қилаётган байт муаллифи Муқимий бўлса керак. Мен негадир уни Аҳад Қаюм ёзган бўлса керак деб гумон қилган эдим. Шу йигитга яқинда Юртменистон халқ шоири унвонини берсаммикан деб мўлжаллаб турибман.
Чол ўмганини кўтариб гулханга яна ўтин ташлайди, чордона қуриб ўтириб олади. У елкадор, суяклари йирик, жағ суяклари ёнларига бўртиб чиққан. Афт-башарасига кексалик нуқси урган, эти қочган бўлса-да, жисман ҳали путурдан кетмаган, баданида сўли бор.
– Менинг ўрнимда Сосо, сизнинг ўрнингизда Ҳитлар ўтирган, – деб косов билан ман ёнбошлаб ётган жойни кўрсатди.
– Уф-ф, қўйсангиз-чи! – деб кўзадан мусаллас қуйдим. – Яна эски ашулангизни айтяпсизми?
– Отам ўз оғзи билан гапириб берган, мен ўз қулоқларим билан эшитганман, – деб қулоғини кўрсатади. – Бир марта эмас, уч марта гапириб берган. Мени шу ерга эргаштириб келиб, эсида қолсин деб дона-дона қилиб гапириб берган.
Хафа бўлди, чоғи.
– Сизни ёлғончи деяётганим йўқ, ака. Фақат бошқа гаплардан гаплашайлик деган маънода...
– Бошқа қанақа гап бундан қизиқроқ бўлиши мумкин.
– Отангиз ким бўлган ўзи?
– Катта бобом Мўъминхўжа бўлган. У 1859 йилда ўз ажали билан ўлган. Орадан беш йил ўткач ўрислар Чимкентни босиб олган.
– Ие, ҳа-а, сиз Чимкентданмисиз?
Сартбой ғалати қараш қилади.
– Мен сизга нима деяпман-у, сиз нима деяпсиз!
– Узр, – деб қўлимни кўксимга қўйдим. – Яна бир марта узр сўрайман.
– Бобом тўғрисида эмас, катта бобом тўғрисида гапиряпман. Унинг исми шарифи Мўъминхўжа, бобом эса Ғаффорхўжа эди...
– Сиз бобонгиз Ғаффорхўжани кўрганмисиз?
Сартбой яна ёвқараш қилади. Дарҳол кўксимга қўлларимни қўйдим:
– Минг бора узр! – дедим.
– Боя ёш боладай шошқалоқ экан деб ўйловдим, энди гапди охиригача эшитмасдан ҳукм чиқариб юборадиган ғирт аҳмақ экан деган хулосага келиб бўлдим! – деб тескари ўгирилиб ёнбошлаб олади. – Бўлди, мен сиздан аразладим.
– Сартбой ака, қўйинг, аразламанг! Узр сўрадим-ку, яна нима қилай?
– Гапди ҳадеб бўлавермаслик керак. Мен ясама соқолингизди ҳурмат қилиб, худди Хўжаи Хизрдек сийлаяпман, сиз бўлсангиз... Нима, жосусга ўхшаб кампириякка ясама соқол ёпиштириб олганингизни ўтган сафар ҳам билганман. Грим қилишни ҳам билмас экансиз.
Орага ноқулай сукунат чўкади. Жуда ўсал бўлдим, аммо сир бой бермадим. Ич-ичимдан тан оламан, тўғри, мен шошқалоқлик қип қўйдим. Шу одатим чорак асрдан буён кўп панд берди: бу нуқсоним ўзимдан кўра бечора халқимга қимматга тушяпти. Саксонга кирсам, худо хоҳласа, оғир-вазмин бўлиб қоламан деб ўйлаган эдим. Йўқ худо хоҳламади шекилли, ҳамон бояги-боягидек – Бойхўжанинг таёғидекман.
– Ғаффорхўжа бобом ўрислар Чимкентни босиб олганда энди 18 яшар қизга уйланган, ҳали чилласи ҳам чиқмаган экан. У дунёнинг ишларидан этак силкиб, гўшангидан фақат таҳоратини янгилаб олиш учунгина ташқарига чиқар, бошқа пайт кенжа хотини билан қаллиқўйин билан машғул бўлар экан. Гап Ғаффорхўжа бобом тўғрисида кетяпти. Бу пайтда отам Сатторхон Бухорои шарифга бориб Мир Араб мадрасасида беш йил таҳсил олиб қайтган, азбаройи отасининг ҳурмати учун Чимкентга йигирма бир яшар йигит муфтий этиб тайинланган бўлади. “Ўрис келяпти; Авлиёота қўлдан кетипти, Туркистон бой берилди!” деган гапларга ҳам одамлар кўникиб қолади; Чимкентни ўрислар босиб ололмайди, чунки шаҳар қўрғони мустаҳкам, девор рўпарасидаги эни етмиш саржин, чуқурлиги етти саржин хандақ қазилган, ичи сувга тўлдирилган. Тўрт тарафи баланд девор ва сув тўлдирилган ҳандақ билан ўраб олинган шаҳарни ўрислар қиёматгача босиб ололмайди”, дейишарди. Бу гапга фақат Ғаффорхўжа бобом асло ишонмасди. Шу боис у қиёмат яқин қолганидан фойдаланиб ёш қизга уйланиб, гўшангидан чиқмасдан, дунёвий ишлар билан машғул бўлади. Қалай!
– Зўр! Бобонгиз салкам авлиё бўлган экан.
– Шаҳар муфтиси бўлдим деб отам – яъни, Сатторхон маъракалардан бўшамай қолади, ҳар куни уч-тўрт жойга худойига боради. Ялло қилиб юраверади. Ўрислар Чимкентни босиб олган куни ҳам Салимхўжа бойнинг маъракасида гўри-қиёматдан гапириб, ҳаммани ўз оғзига қаратиб ўтирган экан. Бирдан кўчада тасир-тусур ўқ товуши, отларнинг кишнагани эшитилиб қолади. Ўрислар катта дарвозадан шаҳарга бамайлихотир кириб келади. Кимдир шаҳар дарвозасини очиб беради. Салимхўжа бойнинг хонадонида фақат хизматкорлар билан хотин-қизлар қолади, холос. Бошқалар бир-бирининг устига чиқиб, дуч келган от-эшакка миниб қочади. Қоча-қоч бошланган чоғда отам Сатторхон ҳам битта отга миниб Тошкентни мўлжаллаб қочади. Бир илож қилиб Тошкентга етиб боради, қариндошлар хонадонида етмиш кун яшайди. Қараса, тинчлик. У аста-секин Чимкентга қайтади. Шаҳарга кирса, ўрислар бемалол шаҳар кўчаларида юрипти; одамлар ҳам ўз ишлари билан шуғулланяпти. Отам уч-тўрт кун уйдан кўчага чиқмайди. Кейин ҳокимнинг уйига бориб: “Нима қилай? Мен келдим”, дейди. “Келган бўлсанг, Сатторхон, муфтилигингни қилавер, ҳеч ким сени вазифангдан мазул қилмаган”, дейди ҳоким. “Ҳаммаси эскичасига қолдими?” деб сўрайди ишонқирамай отам. “Ҳа, эскичасига қолди, фақат кўча-кўйда ўристўраларни кўрсанг “салом” бериб ўтгин”, деб насиҳат қилади ҳоким. Отам муфтилик қилаверади. Дастлаб, кўча бошида ўрис келаётганини кўрса, дуч келган ҳовлига кириб, то ўрис тўра кетгунча яшириниб турадиган бўлади. Кейин кўникади: ўрисни кўриб қолса “издраска!” деб салом бериб ўтадиган бўлади. Маъракаларда амри маъруф қилса: “Ўрисларнинг келиши, мусулмонлар, худонинг иродасидир! Худонинг иродаси шундай бўлмаганда, оққулоқлар бу томонларга қадам босмасди. Энди тақдирга тан бериб, Оқ подшони дуо қилиб яшашимиз керак”, дейди. Бу гапни ҳеч ким унга “шундай дейсан!” деб ўргатмайди. Ўзининг ичидан шунақа гап чиқади. Сатторхон отамнинг гапи айрим одамларга маъқул келмайди: “Муфти ҳам дарров оққулоқларга ёқиш йўлига ўтиб олибди, аблаҳ!” дейдилар. Аммо тез орада Ўристўра отамни ҳузурига таклиф этиб, икки соат суҳбатлашади. “Шаънимизга яхши гаплар айтибсиз, эшон, раҳмат”, дейди. “Тақсир, сизлар Оқмасжидни олгандан сўнг бобом марҳум Мўъминхўжа бошимни силаб, “сизлар ўрисларнинг қўл остида фаровон ҳаёт кечирасизлар; афсуски, мен ўша кунларни кўрмайман”, деган. Мен у пайтлари 8-9 яшар бола эдим. Ишонмасангиз, одамлардан сўранг, бобом 12-13 йил бурун айтган гаплар кўпчиликнинг эсида бўлса керак”, дейди Сатторхон. “Ў-ў, бобонгиз авлиё экан-ку! Қайси гўрга дафн этилган?” деб сўрайди Ўристўра. “Ўзининг гўрига кўмилган”, дейди отам бир оз тараддудланиб. “Қаерда?” деб қайта сўрайди Ўристўра. “Чимкентда... – деб, бирдан саволни тушиниб қолади: – Тўнғизқўпди мозорига кўмилган”, дейди. “Рамзий маъноси бор мозор экан. Биз бобонгизди устига осмонўпар мақбара кўтариб, уни авлиё деб эълон қиламиз. Қарши бўлмайсизми?” деб кулимсирайди Ўристўра. “Бош устига, тақсир, бош устига!” деб қуллуқ қилади отам. “Демак, Тўнғизқўпди мозористони ҳадемай Туркистон мусулмонларининг қадамжосига айланиб қолади”, деб каромат килади Ўристўра. “Омин”, деб юзига фотиҳа тортади Сатторхон. Дарҳақиқат, Тўнғизқўпди мозори чалакофир, чаламусулмонларнинг зиёратгоҳига айланиб қолади.
– Ростдан ҳам Чимкентда Тўнғизқўпди мозори борми? – деб сўрадим ишонқирамай.
– Болшевиклар бузиб юборган. Ўткан асрнинг ўттизинчи йилларигача Чимкентдаги энг гавжум зиёратгоҳлардан бири Тўнғизқўпди мозори бўлган.
– Мен бўлсам, ҳазил бўлса керак деб ўйлаган эдим... Ўша эски мозор ўрнига анави Назарбойни дафн этиш керак, шунда зиёратгоҳнинг аввалги шукуҳи тикланиши мумкин.
Сартбой чол мийиғида кулиб, бу томонга ўгирилиб олади.
– Дашти Қипчоқ аҳолиси ўзларидан чиққан авлиёни ерга кўмишга қизғаниб, гўштини хомталаш қилиб қўя қолади, – деди.
– Ростданми?
– Бўлмасам-чи! Отам марҳум улар орасида ҳам яшаб кўрган. Битта онамиз қора-қирғизлардан эди. Исми Жарқиной бўлган.
– Ие, Худоёрхоннинг онаси ҳам Жарқиной эди.
– Шундоқ, тақсир. Лекин отам Худоёрхонни бино қилолмади.
– Нима учун?
– Чунки тўқсон яшар чоғи мени бино қилди. Тўқсон тўққизида ўн тўққиз яшар Жарқинойга уйланиб, бир йилдан сўнг севгидан зўриқиб ўлиб қолади.
– Шошманг, Сартбой ака, 1937 йилда Сталин билан Ҳитлернинг хуфёна учрашувига (апрел ойи охирларида) гувоҳ бўлган Сатторхон бобо ўшанда неча ёшда бўлган?
– Тўқсон тўрт яшар бўлган. Сталин билан Ҳитлерга савоб учун хизмат қилган. Уларни ҳам ўзига ўхшаб вақтинча узлатга чекинган дарвешлардан бўлса керак деб ўйлаган.
– Улардан бири Ҳитлер, бири Сталин эканини қаердан билиб қолган?
– Кетар чоғи қўнғизмўйлов Ҳитлер отамнинг қулоғига битта чек-қоғоз қистириб кетади. 1943 йилда жон таслим қилаётган отам: “Анави токчада битта қоғоз бор, уни давлатга топширинглар!” деб васият қилади. Мен ўн яшар бола эдим. Отамди худойиси ўткач токчада “Минг бир кеча” жилдлари орасида ётган қоғоз шўро идорасига элтиб берилади. Эртаси куни уйимизди НКВД босади, роса тинтув қилишади. “Яна борми?” дейишади ҳаммамизни битта хонага қамаб. “Нима борми?” дейди Жарқиной ҳайрон бўлиб. “Ўшанақа қоғоз-чек яна борми?” деб ўшқиради НКВД зобити. “Ҳожатхонага ўшанақа қоғозни кўтариб борарди”, дейди Жарқиной. “Ў-ў, бу чол Совет ҳокимиятини хонавайрон қип кетибди-ку!” деб зобит шапкасини ечиб, пешонаси терини рўмолчаси билан артади. Кейин аскарлар келиб ҳожатхонамизни элакдан ўтказишади; бутун маҳаллани нажосат ҳиди тутиб кетади. Ҳеч нарса топилмайди, шекилли. Жарқиной ҳар гал менга дуч келганда негадир қошини учириб, кўзини қисиб қўярди. Нега бундай қилаётганини у пайтларда мен тушунмаганман. Охири мени маҳкам қучоқлаб олиб: “Сени мен дунёга келтиришим керак эди. Лекин отанг ўқини олдинроқ отиб қўйган экан”, деб юзларимдан ўпавериб ҳўллаб юборган.
– Чек-қоғоз нима экан? Васиқами?
– Бир миллион АҚШ доллари экан. Ўша пулга ўнта танкни АҚШдан харид қилиб, биттасига Сатторхон Ғаффорхўжа номи ёзилиб Курск жангига киритиб юборилади. Курск ёйи жангларида илк бора Иккинчи жаҳон уруши жабҳасида Қизил Армия ғалабага эришади. Шундан кейин Сталиннинг ишлари юришиб кетади. Аслини олганда, Ҳитлернинг беминнат совғаси Олмониянинг мағлубиятига сабабчи бўлиб қолади.
– Оббо! – деб бош чайқайман. – Айбга буюрмайсиз, отангиз яна қандай каромат кўрсатган?
– Пичинг қиляпсизми? Эшонларни калака қилманг, тақсир, барака топмайсиз.
– Ўлай агар, калака қилаётганим йўқ! У кишининг ишлари афсонага ўхшайди...
– Николай замонларида отам Сатторхон Қўқонда қозилик қилган, Тошкентда ҳам қози бўлган. Умрининг охирги чорак қисмини Самарқандда ўтказади. Мана энди ўзингиз ҳисобини чиқариб олаверинг: 1943 йилда юз ёшга кириб ўлади, йигирма беш чегириб ташланса, етмиш беш қолади. Бизга етмиш беш керак эмас. Бизга қирқ учдан йигирма беш чегириб ташланса, қанча қолиши муҳим. Ўн саккиз қолади. Демак, Қўқонда Туркистон мухторияти қонга ботирилгач, отам Сатторхон тўппа-тўғри Самарқандга қочиб келиб жон сақлаб қолади.
– Ия, отангиз Туркистон мухториятини ҳам қўллаб-қувватлайдими?
– Отам ўзи эшон бўлса ҳам, лекин эшонларни умуман ёмон кўрарди. Улар “дин душманлари, олчоқ одамлар” дерди бояқиш. Шу учун эшонларга қарши чиқиб, Тошкентда ташкил этилган “Шўрои ислом” фирқасига ўчакишиб, Қўқонга бориб Мустафо Чўқай қаватига киради. У “беш маҳал тўнқайиб намоз ўқиш шарт эмас, Оллоҳ қалбимизда бўлса бас!” дерди.
– Демак, Сатторхон янги дин яратган экан-да! 1917 йилгача бу одам қандай қилиб Қўқон, Чимкент, Тошкент каби мусулмон шаҳарларида қозилик қилган? Одамлар уни тошбўрон қилиб ўлдириб юборишмаганми?
– Туркистонда ўрислар ҳукмрон бўлса, диндорлар сичқоннинг инини минг тангадан харид қилиб жуфтакни ростланган бўлса, тақсир, қози билган бўқини ерди-да! Боя айтдим-ку, отам эшонларни ёмон кўрарди. Ҳа, айтмоқчи, “Туркистанские Ведомости”, “Туркистон вилояти газети” рўзномаларига қирқ йил муҳаррир-раҳбар бўлган Н.П. Остроумовъ отам билан қалин ошна бўлган; ўша ўрис миссионер “Сартлар” китобида отамди иккита хотирасини чоп этган. Биттаси “Воспоминания Саттар-хана Абдулъ-Гафарова”, бошқаси “Мусулманские ишаны” деб аталади (Н.П. Остроумовъ, “Сарты”. Этнографические материалы. Издание второе, дополненное. съ портретами сартовъ. Издание книжного магазина “Букинистъ”. Ташкентъ. Типо-Литография торг, дома “Ф. и Г. Бр. Каменские. 1896. 190-215 ва 216-235 бетлар). Шунақа.
– Хотирангизга қойилман!
– Раҳмат. Мени туққан хотин олтмиш икки яшар бўлган. Онам марҳумани айтяпман. Агар мени ўн тўққиз яшар Жарқиной дунёга келтирганда борми, Худоёрхон бўлмасам ҳам, лекин тарихда ёрқин из қолдирадиган машҳур шахс бўлишим аниқ эди. Худога шукр, ёмон яшамадим. Сталин ўлган йили коммунистлар фирқасига аъзо бўлдим, ўттиз йил партия қаерга юборса “ест!” деб товонларимни бир-бирига уриштириб, “салла” деса, “калла” келтирдим. Охири бўлмади: Юрий Владимирович Андропов тўсатдан вафот этгач, биздан давлат қайтганини билдим; партбилетни астагина Анҳорга оқизиб юбордим. У пайтларда партбилетни йўқотиб қўйган бепарво коммунист партиядан ўчириларди. Мени ҳам партиядан ўчиришди. Осон қутулдим. Тақсир, ўзлари ҳам коммунист бўлсалар керак?
– Э-э, мен ХДП аъзосиман.
– Вақт борида этакни йиғиштириб олиш керак. Кеч қолсангиз, тақсир, оёқ остида қолиб кетасиз.
– Шунақами?
– Шунақа.
Сартбой чол нариги томонига ағдарилиб олиб, орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан хуррак ота бошлади. Ҳайрон бўлдим. Дунёнинг ҳамма машмашасини кўтариб юрган 83 яшар чол бунчалик хотиржам бўлиши мумкин экан-да! Ажаб-ажаб. У қаттиқроқ хуррак отиб юборган эди, ҳайҳот, орқасидан кетма-кет замбарак отилиб кетгандек бўлди. Энди буниси хотиржамликка хиёнат эди. Эсимга аскиячи ёзувчи Саид Аҳмад тушди. У дала-ҳовлида яшаш сабабини: “Хоҳлаган пайтимда варанглатиб қўйиб юборавераман. Қўшним эшитиб қолса, нима дер экан, деб истиҳола қилиб ўтирмайман”, деб изоҳлаган эди.
Кулиб-кулиб ўрнимдан туриб, Абрамов булвари томон йўл олдим.
Ой қўтонланган эди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...