понедельник, 23 апреля 2018 г.

108. Назарбеклик Фарҳод


Валихон Қорини қиблага қаратиб қўйиб кечирим сўратишим керак эди. Ёки юкуниб, деворда осиғлик турган портретимдан кечирим сўраётганини видеога олдириб, кейин ТВда қайта-қайта намойиш эттирсам, манимча, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳукмни ижро этишга сал-пал шошдик чоғи. КГБ подвалида яна беш-олти ой ётса, осмон узилиб ерга тушармиди! Ай, ўткан ишга саловат.
Назарбекдан яна битта Қори чиқибди. Фарҳод эмиш исми шарифи. Йигирма етти яшар. Лермонтов ёшида. Айнан дуэлда отишиб ўладиган ёшда экан. Муридларининг сон-саноғи йўқ эмиш. Ўзи тижорат билан шуғулланади. Йигирма фоиздан ортиқ фойда кўрмайди. Фойдаси ортиб кетса, дарҳол камтаъминланган оилаларга эҳсон қилади: бировнинг олий ўқув юртидаги шартнома пулини тўлайди, яна бировнинг қизини эрга беради ёки ўғлига хотин олиб беради. Ошиғи олчи эмиш. Ҳалол ишлаб, ҳалол яшаш мумкин эканини барчага кўзкўзлар эмиш.
                         Зимдан кузатинглар, текширинглар! – дедим ғазабим қайнаб. – Ўзбошимчалик билан бойиб кетган бўлса, беш вақт намозини канда қилмай ўқиётган бўлса, бунинг тагида бир сир бўлиши керак. Дарҳол унга зарба берилмаса, бошқалар ҳам ундан ўрнак олиб... беш вақт намоз ўқийдиган бўлади. Кейин намозхонларни бошқариб бўлмайди. Уларга қолса, жумани дам олиш куни деб эълон қилишим лозим; ўзимдан ҳам жума намозларини жамоат билан бирга ўқишимни талаб этадилар...
Кузатилди, текширилди. Қинғир ишлари йўқ экан. Тўғри юриб, тўғри турар экан. 
                         Хотини-чи? Хотини нечта экан?
                         Биттагина экан.
                         Мусулмон бўлса, қандай қилиб битта хотинга қаноат қилар экан?  Ё у чин мусулмон эмас, ёки хотинни тез-тез алмаштириб туради. Унинг қўлидан ўткан хотинлар топилсин!
Топилмади. На ортиқча хотин, на нуқсон бор. Оббо, лаънати-ей, бу Фарҳод деганлари роса бошоғриқ бўлди-ку! Уни нима қилсам экан?
                         Уй қамоғида сақласакмикан, нима дейсан, Иноят Махсум?
                         Муридлари етти иқлимдан ёпирилиб кела бошласа, кейин нима қиламиз? Ахир, Назарбекни узоқ муддатга қамал ҳолатида сақлай олмаймиз-ку! Ё Фарҳодни оломон ихтиёрига топшириш лозим бўлади, ёки оломонни қирғин қилишга тўғри келади. Ҳар икки ҳолатда ҳам биз ютмаймиз.
                         Шунақами? – дедим. Бирпас ўйлаб туриб: – Ҳамма муридларини рўйхатга олиш мумкинми? Муридлари орасида нечта агентинг бор?
                         Етарли деб ўйлардим... Лекин етарли эмас экан. Унинг муридлари қават-қават, ҳозир агентларим кириб бормаган янги қаватлари ҳам маълум бўлиб қолди.
                         Дарҳол жамиятдан ажратиб олинсин, ҳайми?
                         Ҳай, – деди Иноят Махсум қаддини ғоз тутиб.
                         СССРда қайта қуриш бошланиши арафасида Бухоро вилоятининг обком котиби А. Каримов ҳам жамиятдан ажратиб олиниб, сўнг кирдикорлари фош этилган эди. Биз ҳам шунақа қиламиз.
                         Хўп бўлади, – деб Иноят Махсум чест бериб хонадан чиқади.
Қамоққа олинса, бас, Фарҳод бизнинг ноғорамизга ўйнай бошлайди, деб ўйлаган эдим. Қаёқда! Бу қайсар эшак Валихон Қоридан ҳам ўтиб тушди. МВДнинг подвалида бир ҳафта оч қолдирилди. Кунига фақат бир литрдан сув бериб турилди. Ҳой, ишонасизми-йўқми, ўша сувнинг ярмини ичиб, ярмини таҳорат учун ишлатибди! Бунақасини ҳеч ким кўрмаган бўлса керак.
Гап сўралса, Расуллулоҳдан ривоят келтиради, ояти карималарнинг маъносини шарҳлаб беради. Кимдан сабоқ олган? Қаерда ўқиган? Тоҳир Йўлдош тирикми-ўликми? Эски муфтининг нечта китобини ўқиган?.. Бундай саволларга жўяли жавоб қайтариш ўрнига сафсата сота бошлайди. Терговчининг боши ванг бўлади. Энг ёмони – терговчи қирқ кундан сўнг Фарҳод ётган бир кишилик камерага кириб намоз ўқий бошлайди. Албатта, сир фош бўлган заҳоти терговчининг ковуши тўғрилаб қўйилди. Бунақаси бўлмаган эди.
                         Уриб кўринглар, – дедим.
Уриб кўришди. Фойдаси бўлмади. Жаноб пайғамбаримиздан бошқа бирорта зотнинг номини тилга олмайди. Янги терговчининг хуноби ошиб: “Юртменистоннинг биринчи Президенти ким?” деб сўрайди бир куни. “Йўлдош Охунбобоев”, деб жавоб беради безрайиб.
Терговчини чақириб: “Қулоғининг тагига тарсаки тортиб юбормадингми?!” деб қулоқ-чаккасига боплаб мушт туширдим. Бечора терговчи кутилмаганда зарба тушиб қолишини асло кутмаган экан, оёғи боши баробар кўтарилиб чиккалак ошиб йиқилди. Суннатига яна икки марта оч биқинига тепиб ҳам қўйдим. Ҳиқ-пиқ этиб тинчиб қолди.
Иноят Махсумни чақириб:
                         Энди нима қиламиз? – деб сўрадим.
                         Ўзингиз нима десангиз – шу, – деди у ерга қараб.
                         Бўпти, ўзини осиб қўйсин, – дедим, – бирйўла нариги дунёси ҳам куйиб кетсин... Демак, мандан кечирим сўрашни истамадими?
                         Асло истамади.
                         Яхши, – дедим. – Салласига ўзини осиб қўйсин! Хотинини камерага олиб кириб кўрсатилсин; гувоҳ иштирокида акт тузилгач, ўлик салла-сиртмоқдан ажратиб олинсин.
                         Хўп бўлади, – деди Иноят Махсум.
Фарҳоднинг мурдаси икки кун ўликхонада сақланди. Сўнг Назарбекдаги ҳовлисига элтиб берилди. Жанозага тумонат оломон тўпланади. Маййит қабрга қўйилгач, ғилоф кийиб олган махсус бўлинма аскарлари маросим қатнашчиларини дубинка билан калтаклаб, қўлларини қайириб, панжарали машиналарга тиқади. Ўнта машина жаноза қатнашчиларига тўлдирилади. Ўнта машина ўнта туман ички ишлар бўлинмасига тақсимланиб, хавфсизлик ходимлари томонидан тергов бошланади... Хуллас, назарбеклик Фарҳоднинг жанозасида қатнашган одамлардан икки юз киши қамалиб, улардан ўн еттитаси тергов жараёнида “ўзини осиб ўлдиради”, ўн киши эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади.
Фарҳоднинг жасади қўрғошин тобутда дафн этилади. Қариндош-уруғларига тобутни очиб кўришга хавфсизлик ходимлари рухсат бермайди. Ўткан асрнинг 80-йилларида Афғонистондан келтирилган қўрғошин тобутлар ҳам очиб кўрилмасдан дафн этиларди. Манга советнинг ўша тажрибаси қўл келди. Ва маҳаллий радикал террористларга қарши афғонистончасига қатъият билан уруш эълон қилдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...