среда, 25 апреля 2018 г.

112. Қўқон


Пойтахтдан кейин Самарқанд, Бухоро, Андижон каби йирик шаҳарлар бор. Қўқон эса Фарғона вилоятидаги кичик бир шаҳар, холос. Лекин 1875 йилгача хонликинг пойтахти бўлган. Ҳозир хонлик давридаги шукуҳидан ном-нишон қолмаган. Шаҳар аҳолиси ҳунармандчилик ва тижорат билан тирикчилик қилади. У ерда саботли дин пешволари пайдо бўлади, уларнинг издошлари пайдо бўлади. Улар териб-териб қамалди, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Лекин  Қўқон барибир водийда собит эътиқод маркази бўлиб қолаверади. Кўпчилик шу томонга интилади, шу томонга муслима  қизлар келин бўлиб тушади.
Нима қилмоқ керак?
Қўқоннинг бошини эгиб қўйиш керак. Номусдан бошини кўтариб юра олмайдиган зтиб қўйиш керак.                  
Кекирса момақалдироқ бошланиб, осмонни тешиб юборадиган навқирон Ҳожи қўлга олинди. Унинг келиб чиқиши, асли, Ўратепа тожикларидан. Етти авлод нариси тожик бўлган, оилада ўзбекча гапиришади, калон боболари тожик эканини унутиб ҳам юборишган. Аммо ташқи қиёфада, юз-кўзларида тожикларга хос бўлган хусусиятлар (қиррабурун, қайрилма қош, қизил юз каби) сақланиб қолган. Қизлари чиройли, йигитлари кўркам бўлади. Ҳожи ўттиз беш ёшлардаги барваста йигит. Қоп-қора бежирим соқоли ўзига ярашган. Жисмонан бақувват, соғлом. Ичмайди, чекмайди. Беайб – парвардигор, дейдилар. Бу дунёда нуқсонсиз одам бўлмаса керак. Ҳожининг нуқсони – отаси. Ота нашаванд, узоқ йиллардан буён наша чекади. Кенжа ўғил ҳам нашаванд. Боз устига, ота-бола ими-жимида нашафурушлик билан шуғулланади.
Ҳожининг номзоди Олий Мажлис депутатлигига кўрсатилади. Унга муқобил этиб тўрт киши қўйилади. Ҳожи мутлақо кўпчиликнинг овозини олиб биринчи турдаёқ ғолиб чиқади. Аммо Марказий сайлов комиссияси биринчи тур натижаларини бекор қилиб, Ҳожини иккинчи турга қолдиради. Унга шаҳардаги хусусий касалхона бошлиғи алтернатив номзод бўлиб қолади. Иккинчи турга уч кун қолганда Ҳожининг отаси билан укаси қамоққа олинади; уйлари тинтув қилинганида икки кило “қорадори” топилади. Хавфсизлик хизматининг таклифига кўра, Ҳожи дарҳол ўз номзодини қайтариб олади, шифокор Олий Мажлисга депутат этиб сайланади. Тергов жараёнида ота билан кенжа ўғил ўзларининг айбларига иқрор бўлади. Ҳожи жуда ўйланиб қолади.
– Ҳожи ака, Қўқондаги наркосавдони ўзингиз назорат қиласиз. Агар сиз шу ишни қўлга олмасангиз, уни бошқа бирор кимса ўз қўлига олади. Яхшиси, ўзингиз олинг шу ишни, – деб таклиф қиладилар.
– Эвазига қандай хизмат буюрилади?
– Отангиз билан укангизнинг устидан қўзғатилган жиноий иш тўхтатилади, улар озодликка чиқариб юборилади.
 – Шу холосми? – деб сўрайди Ҳожи ишонқирамай.
                         Шаҳар осойишталигини сақлаш учун қандай чора-тадбир лозим бўлса, биз сиз билан маслаҳатлашиб иш қиламиз, доим сиздан йўл-йўриқ сўраб турамиз, – дейди хавфсизлик хизматининг бошлиғи. – Шу холос.
Ҳожи хавфсизлик хизматининг таклифини қабул қилади, аста-секин ҳамкорлик қилишга киришади.
Бир куни Андижондан даъватчи келиб, Ҳожини сўрайди. Ҳожи дарвозасини очмайди: “Ҳозир Самарқандда эдим. Носирхон деган шогирдим сизни уйига олиб кетади, меҳмон қилади”, дейди. Носирхон даъватчини уйига олиб кетади, уч-тўртта биродарини чақириб андижонлик даъватчини меҳмон қилади, ярим кечагача қандай қилиб жамиятни ўзгартириш, одамларни қай йўсин куфрдан қайтариш бўйича баҳс-мунозара бўлади. Эрталаб Носирхоннинг уйини махсус хизмат гуруҳи босади: даъватчи ҳам, уй эгаси ҳам қўлга олинади. Суҳбатда қатнашган қўқонлик йигитлар ҳам тутиб келтирилади. Дастлаб, суҳбатдошлар тўрт киши бўлади, сўнг уларнинг сони саккиз кишига етади, суд чоғида улар ўн олти кишидан иборат жиноий гуруҳни ташкил этади.
Бошқа бир куни Ўшдан даъватчи келади. Ҳожи бу сафар Бухорода бўлади... Қўқондан яна ўн олтита диндор йигит қамалади...
Хуллас, Қўқондаги ўзига тўқ намозхон йигитлар териб-териб олинади. Айримлари тавба-тазарру қилгач, бир-икки йил қамоқда ётгач озодликка чиқариб юборилади. Айбига иқрор бўлмаган намозхон йигитларнинг оиласи бузилиб кетади. Ёш келинчаклар маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб: “Эрим манинг талоғимни бермаса, ман унинг талоғини бераман!” дейди ошкора. Келинчак жонли телекўрсатув пайтида намойишкорона ҳижобини ечиб улоқтиради, бошини очиб телестудияни тарк этади.
Қамоқда ётган эридан намойишкорона воз кечишга журъат қилолмаган муслима келинчаклар ҳартомонлама сиқувга олиниб, охир-оқибат фоҳишага айлантириб юборилади. Иснодга чидамаган оила аъзолари Қўқондан бош олиб чиқиб кетади. Айрим собита келинчаклар эса ўзларини ўлдиради ва ҳоказо.
Қўқонда тожиклар билан ўзбеклар орасида зимдан адоват пайдо бўлади. Ўзбеклар кўпчилик, лекин тожиклар хавфсизлик хизмати идорасини эгаллаб олган: милиса,  прокуратура ходимларининг кўпчилиги ҳам Фарғонага ташқаридан келган тожиклардир. Улар бир-бирини мудом таъқиб қилади, бир-бирининг устидан керакли жойларга доим чақувнома жўнатиб туради.
Ҳожи ўзини сипо тутиб, Қўқонда камроқ кўзга ташланади. Тез-тез чет элларга чиқадиган бўлиб қолади. У кейинги пайтларда хийла жонланиб қолган мухолифатнинг ядросига кириб боришга ҳаракат қиляпти...
Халқни оқилона бошқариш учун орага нифоқ солиш керак. Агар “сен тожик, сен ўзбек!” деб ажратишнинг иложи бўлмаса, “сен у ёқлик, сен бу ёқлик!” деб ажратиб қўйилса, улар бир-бирининг гўштини еб ётаверади. Тошкентдаги олий ўқув юртларида ҳам “Қўқон тажрибаси” жорий қилиниб, вилоятлардан келган ўқитувчи-профессорларга муайян вилоятдан келиб ўқиётган талабалар бириктириб қўйилди: шундай қилиб, вилоятлар ўртасида йўқ бўлиб кетаётган айирмачилик (“Сурқаш”, “Фан” каби) қайтадан жонлантирилади... Ўқитувчи-профессорлар ўзига қарашли талабаларни тўплаб: “Қизларингни “Сурқаш” йигитлари очомлаб юрибди-ку!.. “ФАН” қизлари яна “Фонд Форум” мукофотини олди; санлар ҳам Гулноранинг назарига тушиш учун кўкракларингни очиб юрсаларинг ўласанларми!” деб “амри маъруф” қилади... Москва бизни – Марказий Осиё республикарини қандай қилиб бир-биримизга ашаддий душман этиб қўйган бўлса, ман ҳам Юртменистондаги вилоятлар аҳолисини (айниқса, ёшларни) бир-бирига муросасиз мухолиф-рақобатчига айлантириб қўйдим десам, тўғри гапирган бўламан.
Муҳими – Қўқонни тити-пити этиб юбордим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...