понедельник, 23 апреля 2018 г.

106. Фюрернинг ошноси

ЦУМ қоптонида жойлашган “Китоб дунёси” дўконидан Анна Мария Зигмунд хонимнинг “Фюрернинг ошноси” (“Des Führers bester Freund”, Мюнхен, 2003 й.; Москва, “АСТ.АСТРЕЛЬ”, 2006 й.) китобини излаб топдим. Адольф Гитлер шахсиятига негадир ёшлигимдан қизиқаман. Талабалик давримда Гитлерни қоралаб ишланган фильмларни кинотеатрда қайта-қайта томоша қилсам ҳам асло зерикмасдим. Ажабки, ижобий қаҳрамонлар эмас, Гитлер образи узоқ вақтгача эсимда қоларди. Битта фильмда Гитлер Шарқий жабҳада (Россия ҳудудида) мағлубиятга учраган қўмондонларини бир сафга тизиб қўйиб: “Сан, чўчқалар, манинг даҳомга муносиб эмассан! Кўрамиз ҳали, тарих олдида ҳаммангди юзинг шувит бўлиб қолади!” деб жиғибийрон бўлиб генералу маршалларнинг погонларини юлиб олади. Фюрер ниҳоятда қатъиятли инсон бўлган. Ўз олдига қўйган мақсад сари дадил интилган. “Майн Кампф” китобида илгари сурган ғояларига умрининг охиригача содиқ қолган. Назаримда, Гитлер жозибадор шахс эди, жозибаси туфайли боши берк кўчага кириб қолган олмон халқини ўз орқасидан эргаштира олган. У том маънодаги доҳий эди. Тўғрироғи, ёвуз доҳий эди.
Тарихчи олиманинг эътироф этишича, узоқ давом этган ҳокимият учун кураш йилларида Эмил Морис деган йигит Гитлерга садоқат билан қуролбардорлик қилади. Биргаликда қамоқда ётади, “Майн Кампф” асарининг қораламасини оққа кўчириб беради; сўнг қўлёзмани қамоқхонадан яширинча ташқарига чиқарилишига ҳам кўмаклашади. Озодликда “Майн Кампф” қайта ишланади, “Ремингтон” ёзув машинкасида оққа кўчирилиб босмахонага топширилади. Фюрер асарининг илк нусхаси кўчирилган ёзув машинкаси муаллиф томонидан кейинчалик Эмил Морисга ҳадя этилади.
Эмил Морис ниҳоятда ёқимтой йигит эди; мўйлов ҳам қўйиб олади, ўзи қорачадан келган туркка ўхшарди. Олмонияда миллиятчилар партияси ҳокимиятни қўлга олгач маълум бўладики, Эмилнинг катта бобоси Шери Морис яҳудий бўлган экан. Ваҳ, ваҳ-эй, деб ёстиқдек жилдтахламни кўтариб Гитлернинг ҳузурига киради хавфсизлик хизмати раиси Гиммлер. Гиммлер тўплаган маълумотларни синчиклаб кўздан кечириб чиққан Гитлер ўйлаб-ўйлаб Эмил Морисга “фахрий оқсуяк” унвонини беради ва эски ошносини ирқий сабабга кўра таъқиб этишни Гиммлерга узил-кесил ман этади. Гитлер ҳокимият тепасида турган йилларда Эмил Морис хавфсизлик хизмати штандартенфюрери унвонига сазовор бўлади, ҳеч ким унинг мушугини “пишт!” демайди.
Гитлер гарчи Эмил Морисдан йигирма ёш катта бўлса-да, ҳаёт синовларидан мардонавор ўтган ошносига ўзини сенсирашга – “сен” деб мурожаат этишга расман рухсат бериб қўяди.
Эмил Морис ҳеч қачон Гитлерга хиёнат қилмайди, ҳар доим унга содиқ бўлиб қолади. Йигирманчи йилларда Гитлер қамалиб кетгач айрим сафдошлари ўзга фирқаларга қўшилиб олади. Эмил Морис эса фюрерга қасамёд матнини яратади. Йиғин чоғлари ёки йиғин якунида ҳамма жўр бўлиб: “Шу тобда то умримизнинг охиригача фюрерга содиқ бўлишга қасамёд этамиз! Ё ҳаёт, ё мамот! Яшасин Гитлер!” деб қичқиради.
Қичқириқ муаллифи Эмил Морис эди.
Гитлер хотин-қизлар билан ишқий муносабатларини ҳам Морис орқали йўлга қўяр эди. 1925 йил 27 феврал куни миллиятчилар фирқасининг қайта тикланиши шарафига уюштирилган байрам тантаналари чоғида оташин нутқ сўзлаган Гитлер оломон орасидан креслога чиқиб олиб гапларини тинглаётган ёқимтой қизни кўриб қолади. У нутқини тўхтатмаган ҳолда Эмил Морисга кўзи билан сирли имо-ишора қилади. Морис дарҳол фюрер ёнига бориб оломонга назар соладию гап нима ҳақда кетаётганини илғайди ва одамлар орасидан уриниб-суриниб ўтиб бориб ўша қизнинг қулоғига бир нималар деб пичирлайди. Қиз тишларининг оқини кўрсатиб жилмаяди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўзини Ада Кляйн деб таништирган қиз миллиятчиларнинг “Бюргер-бройкеллер” газетаси таҳририятида ишлай бошлайди. Албатта, уни Морис ишга жойлаб қўйган. Таҳририятда Гитлер Ада билан танишади ва қизни шаҳар ташқарисига сайрга таклиф этади. Улар овлоқ жойларда ҳеч ким танимайдиган меҳмонхоналарда тез-тез учрашиб юрадиган бўлади.
Орадан хийла вақт ўтгач Берхтесгаден деган қишлоқда Гитлер энди ўн олти ёшга қадам қўйган гўзал қиз билан танишади. Бу гўзалнинг исми шарифи Мария Рейтер бўлиб, у ўзидан роппа-роса йигирма ёш катта бўлган эркакни жонидан ҳам ортиқ севиб қолади. Морис севишганларни машинада Берхтесгаден атрофларини сайр қилдиради. Янги йилни Мариянинг опасининг уйида нишонлайдилар. Ошиқ-маъшуқлар эртаси куни тушгача хобхонадан чиқмайди. Кейин Гитлер Марияни Мюнхенга таклиф этади ва биргаликда театрга кириб “Цирк маликаси” спектаклини томоша қиладилар. Бир йилдан сўнг Гитлер ёш севгилиси билан алоқасини тўсатдан узиб қўяди. Чунки фюрернинг ишқий саргузаштлари овоза бўлиб кетади. Аммо у ҳокимиятни қўлга олгач дарҳол Марияни излаб топади ва пана-паналарда учрашиб юради.
Хуллас, ошно Гитлернинг энг нозик сир-асрорларидан хабардор бўлади.
Венада Гитлернинг отадош синглиси Ангела Раубал истиқомат қиларди. Ангеланинг онасига бева ота Гитлер Адольфнинг онаси вафот этганидан кейин уйланган; битта қизалоқ дунёга келгач эр-хотин бирин-кетин вафот этиб кетган эди. Адольф ўгай синглиси билан у Раубал исмли эркакка турмушга чиқиб бир қиз ва бир ўғил кўрганидан сўнг эри ўлиб бева бўлиб қолган пайтларида учрашади. Гели исмли қиз жияни тоғасига, айниқса,  ўзгача меҳр қўяди. Илк бор тоғасини кўрган чоғларида Гели энди ўн олтидан ўтган, ўн еттига етган қиз эди.
Эмил Гитлерни Венага машинада олиб боради ва Гели билан учрашади. Кейин Гитлер синглисини болалари билан Веймарга миллиятчилар фирқасининг қурултойига таклиф этади. Албатта, Ангела билан Гелига қурултойда авж олган баҳс-мунозараларнинг қизиғи йўқ эди. Энди ўн учга қадам қўйган Лео эса меҳмонхона деразасидан қараб кўчада ғиз-ғиз ўтаётган ҳар хил машиналарни санаб ўтиришни яхши кўрарди. Қурултой кун бўйи давом этарди, оқшом пайтида делегатлар шарафига зиёфат уюштирилади. Мусиқа янграйди, ёшлар рақс бошлайди. Эмил ҳам бир неча бора Гели билан рақсга тушади. Кейин улар яширинча учрашиб юради. Бир-бирига кўнгил қўяди. 1931 йилда Гели йигирма бир ёшга тўлади. Тоғасининг таклифи билан Венадан Мюнхенга кўчиб келиб, Гитлернинг шинам хонадонида истиқомат қила бошлайди. Ажойиб кунларнинг бирида Гели билан Эмил гапни бир жойга қўйиб ибодатхонага боради ва яширинча никоҳ ўқитиб келади. Улар турмуш қуришга қатъий қарор қилади. Оқшом чоғи Гитлерга янгиликни айтадилар. “Тоғам бағоят хурсанд бўлади”, деб ўйлайди Гели. Эмил ҳам фюрер хурсанд бўлади деб ўйлайди.
Афсуски, севишганлар чучварани хом санаган экан.
Янгиликни эшитган заҳоти Гитлер бирдан қутуриб кетади, оғзидан боди кириб шоди чиқа бошлайди. Ҳатто ғаладонда турган тўппончасини чиқариб Эмилга ўқталади: “Эртагаёқ ўша ибодатхонага бориб никоҳни бекор қилиб келмасанг, жуҳудвачча, мандан ўпкалама!” деб дағдаға қилади. Гелининг ялиниб-ёлворишлари ҳам, йиғлаб-сиқташлари ҳам Гитлерга кор қилмайди. Икки ёш эртаси куни ибодатхонага бориб никоҳни бекор қилиб қайтади. Гели бир неча кунгача тоғаси билан гаплашмай юради, Эмил эса Гитлер хонадонига қадам босмай қўяди.
Орадан икки йил ўтгач, Гели тоғасининг Мюнхендаги уйида жонига қасд қилади – ўзини отиб ўлдиради. Ўлим сабабини ҳеч ким аниқ билмайди. Биров ундай дейди, биров бундай дейди...
Битта тахминга кўра, Гитлернинг ўзи Гелини яхши кўрарди, ҳатто унга уйланмоқчи бўлган, жиянини ҳам рози қилган, фақат тўй куни яқинлашган пайтда Ева Браун билан тоғаси дон олишиб юришини Гели билиб қолади ва бевафоликка чидай олмасдан ўзини ўлдиради.
Яна бир тахминга кўра, Гитлер жиянининг қўлини сўрайди, бироқ қатъий рад жавобини олади. Бундай бўлишини кутмаган фюрер жаҳл устида Гелини отиб қўяди.
Бошқа кўп тахминлар ҳам бор. Аммо бирорта тахмин тасдиқланмайди. Тахминни тасдиқлайдиган асосий гувоҳ Гели эди. Унинг жасади Вена шаҳри четидаги эски қабристонга дафн этилади. Гитлер Гелининг қабрини уч марта зиёрат қилади. Лекин негадир мозор бошига қабртош ўрнатишни истамайди.
1933 йилда фашистлар фирқаси сайловда ғолиб чиқиб ҳукуматни қўлга олгач, Гитлер эски гина-кудуратни унутиб ошносини яна ёнига чақиради ва унга иқтидорига яраша лавозим беради. Иккинчи жаҳон уруши бошланади. Урушда Олмония қақшатқич мағлубиятга учрайди. Нюрнбергда халқаро трибунал гитлерчиларни суд қилади, бир қанча кўзга кўринган давлат арбоблари қилмишига яраша жазоланади. Урушдан кейинги йилларда тирик қолган Гитлер сафдошларининг бир қисми “Майн Кампф”да илгари сурилган ғояларни ёқлаб хотира китоб ёзади, айримлари эса Гитлернинг гўрига ғишт қалаш билан машғул бўлади. Эмил Морис эса ҳибсхонада ётган уч йил мобайнида иложининг борича камроқ гапиришга, фюрерни камроқ қоралашга ҳаракат қилади. Охир-оқибат Эмил Морис тўрт йилга озодликдан маҳрум этилади, мол-мулкининг 30 фоизи тикланиш жамғармаси фойдасига мусодара этилади. Айбланувчининг адвокати доктор Карл Дурст суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят аризаси ёзади. Бироқ, суд ҳукми ўз кучида қолади. Эмил Морис тўрт йил қамоқда ётиб қайтади. Шундан кейин умрининг охиригача ўзининг эски касби бўлмиш соатсозлик билан машғул бўлади. Эмил Морис 1972 йилнинг 6 феврал куни 76 ёшида вафот этади.
Таниш-билишлар Эмил Морис умрининг охиригача фюрер хотирасига содиқ қолганини гапириб юришади.
...Эмил Морисга ўхшаган биттагина ошном бўлса, бу дунёдан беармон ўтардим.
Тарихий шахсни рус тилида “Гитлер”  деб ёзишад, аслиятда эса “Ҳитлер”  шаклида ёзилади. Қай бири тўғри?..  

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...