понедельник, 23 апреля 2018 г.

109. Собитали


Унинг отаси машҳур шоир Ғафур Ғуломга қўшилиб улфатчилик қилиб юрадиган қозоқ адиби Собит Муқоновга ғойибона мухлис бўлиб қолади. Собит оғанинг бирорта китобини ўқимаган бўлса-да, Ғафур Ғулом Ўшдаги чойхонада ширакайф ҳолатда ошнасининг елкасига қўлини ташлаб: “Йўлдош ота бизни урушдан опқолган, агар Ҳитлер билан Исталинди жанжалига аралашганимизда на Собит тирик қоларди, на ман! Келинглар, Йўлдош отанинг соғлиги учун ҳам би-ир қадаҳ кўтарайлик!” деб тост айтади. Ҳамма академик шоирнинг қадаҳ сўзи учун арақ ичади. Ўша пайтда “соғлиги учун” тост айтилган Йўлдош Охунбобоевнинг ўлиб кетганига йигирма йил бўлган эди (у 1944 йилда вафот этган). Чойхонада Йўлдош отанинг меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлган водийликлар ҳам бор экан; улар “Ўзбекистоннинг биринчи президенти” аллақачон омонатини топширганини шерикларига шипшийди. Даврада пичир-пичир бошланади. Гап айланиб Ғафур Ғуломнинг қулоғига ҳам етиб келади. Собит Муқонов тенгма-тенг улфатчилик қилиб ўтирган бўлса-да, ниҳоятда зийрак зот экан, у навбатдаги қадаҳ сўзини олиб: “Тўғри, Йўлдош ота жисман вафот этган, аммо у орамизда руҳан тип-тирик юрибди! Йўлдош отанинг руҳи ҳамиша барҳаёт бўлсин!” деб тост айтади.
Хуллас, ана шунақа улфатчиликдан сўнг чойхоначи Маҳмуд мўйлов ярим кечаси довдираброқ уйига борса, хотини йўқ – болалари чорпояда айқаш-уйқаш бўлиб ухлаб ётибди. Ичкаридан уйқусираб қўшни кампир – Рисолат момо чиқади. “Тинчликми?” дейди. “Суюнчи беринг, Маҳмуджон, Тамарахон кўпайишди, ўғилли бўлдиларинг!” деб ҳовучини очиб яқинлашади. Маҳмуд мўйлов шимининг чуқур чўнтагидан бир ҳовуч беш-ўн тийинлик чақа олиб узатади (у пайтлари бир чойнак чой беш тийин, битта оби нон ўн тийин турарди). Кампир уни алқаб-алқаб уйига чиқиб кетади. Эртаси куни Маҳмуд мўйлов туғуруқхонага боришдан олдин Шўро шуъбасига учрашиб чақалоққа гувоҳнома олади, ўғилга “Собитали” деб исм қўяди. Сўнг гувоҳномани кўтариб туғуруқхонага боради; деразадан хотинини кўради, гувоҳномани кўзкўзлаб: “Собитали муборак бўлсин!” дейди тиржайиб. Ҳозиргина жилмайиб ял-ял ёниб турган хотин бирдан тундлашиб йиғи-сиғи қилади: “Бечора ўғлимни энди ҳамма “қозоқ” деб камситадими? Агар шоирларга ҳавас қилган бўлсангиз, дадаси, қўқонлик Муқимий ёки Фурқатнинг номини танласангиз ҳам бўларди-ку!” дейди. “Эй, эсипаст хотин, қозоқнинг буғдойи яхши, чорваси яхши, Туркистони яхши, ўзи ёмон бўлдими?! Қўй, дийдиё қилма! Қўқонлик шоирлар қочиб кетмайди! Улар шу ерда! – деб кўкрагига муштлайди. – Майли, сазанг ўлмасин, кейинги ўғлингга ўзинг Муқимжон деб исм қўясан! Лекин ман ҳозир Собиталининг отини бошқа қўя олмайман. Ҳозирдан чақалоқнинг отини бошқа қўядиган бўлсам, хотин, бу бола субутсиз бўлиб вояга етади, мунофиқ бўлади, қўрқоқ бўлади! Агар сен шуни истасанг...” “Хўп, дадаси, ман мунофиқ ўғилнинг онаси бўлишни истамайман”, деб тақдирга тан беради хотин.
Бироқ оилада бошқа ўғил фарзанд дунёга келмайди. Она учун “Муқимжон” деган исм армон бўлиб қолади. Шунинг учун бўлса керак, онаизор баъзан ўғлини “мардуми Фарғона бу, Муқимий бу!” деб эркалайдиган бўлади. Дастлаб, катта болалар ҳам Собиталини “Муқимжон” деб чақириб юради, бора-бора тенг-тўшлари орасида ҳам ўзининг гувоҳномадаги исми қоғозда қолиб, иккинчи исми билан оғизга тушиб кетади.
Ўша Собитали покдомон йигит бўлиб вояга етади. Ҳужрада таҳсил кўради. Ўн икки ёшида Қуръони каримнинг Таборак сурасигача ёд олади. Ўрта мактабда ҳам “аъло” баҳоларга ўқийди. Ленин номидаги ТошДУнинг Нафис адабиёт бўлимига ўз кучи билан ўқишга киради. Талабалар орасида ҳам биринчилардан бўлади, мудом биринчиликка интилади. Кўнгилга яқин ўртоқларига “Эски ўзбек ёзуви”дан бепул сабоқ бериб юради. Таътил чоқлари яна Сулаймонтоғ этакларига қайтиб, ҳужрада таҳсилини давом эттиради. Университетни “қизил диплом” билан тамомлайди, аспирантурага қабул қилинади. Бироқ номзодлик диссертациясини ёқлашга улгурмайди. Чунки мамлакатда қайта қуриш ва ошкоралик бошланиб кетади. Чет эллардан ҳар хил исломий адабиётлар кириб келади. Аксарият диний қўлланмалар араб тилида бўлиб, уларни малакали таржима қилмоқ лозим эди. Собиталига мўмай пул эвазига таржималар таклиф этилади. Қўлида пул пайдо бўлади. Пул эса жим ётмайди, жим турмайди – кишини ҳар хил кўчаларга бошлайди. Биринчи кўча – нафс. Ёш йигитнинг нафси – хотин. Ота-она олиб берган хотин Собиталининг кўзига хунук кўрина бошлайди. Чиройлисига уйланади. Ундан битта бола кўргач, яна-да чиройлиси учраб қолади. Унисини қўйиб, бунисига уйланади... Пули кўпайиб кетади. Шахсий машина сотиб олади, ундан кейин ҳовли-жой... Энди қўлини қаерга узатса етар эди. Жуда кўп зиёлилар Собиталидан диний сабоқ олади. Атеистик жамиятнинг остига сув кетади, жамият омонат бўлиб қолади. Ажабки, биринчи бўлиб кечаги фаол атеистлар беш вақт намоз ўқиш қоидаларини ўрганади, жойнамоз сотиб олади.
Собиталининг обрў-эътибори ошиб кетади. Маърака-маросимларда уни тўрга чиқарадиган бўладилар. Ота-оналар фарзандларини унга шогирдликка беради...
Осмондан чалпак ёғилади. Лоп этиб Юртменистон мустақил бўлиб олади. Ол-а!
Кўзадан жин чиқиб кетади. Жинни кўзага қайтариб киритиш учун жинкашлардан оқилона фойдаланиш лозим эди, жинкашларни бу томонга оғдириб олиш лозим эди. Собиталига қармоқ ташланади. Дастлаб, қармоққа чап бериб юради. Қорни тўқ балиқ хўракка эътибор бермайди. Хўракка оч балиқ илинади. Шу боис қармоқ балиқнинг тумшуғини мўлжалга олиб ирғитилиши керак. Қармоқ тумшуққа санчилиб қолгач, у ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Шундай бўлади.
Собитали сидқидилдан қуда томон билан ҳамкорлик қила бошлайди. Аввало, элликта диндор тўғрисида батафсил маълумот беради. Сўнг юзта диндорнинг ҳаёт ҳикояси пайдо бўлади. Охирида уларнинг сони икки юзтага етади. “ Бас, – дедим, – шу ёғи ҳам етади. Икки юз иккига кўпайтирилса, тўрт юз бўлади, тўрт юз иккига кўпайтирилса, саккиз юз бўлади, саккиз юз иккига кўпайтирилса...” Хуллас, хавфсизлик хизмати ходимлари ўн йилга етиб ортадиган иш билан таъминланади.
Собиталига махсус (албатта, гизли-махфий) амнистия эълон қилдим: “Етарли миқдорда валюта билан таъминланиб, ўзи хоҳлаган чет эл мамлакатига чиқариб юборилсин! Истаса, оила аъзоларини ҳам олиб чиқиб кетсин! Шахсан ўзим изн бермасам, Собиталини ҳеч ким безовта қилмасин...”
Чет элларда яна-тағин мухолифат ғимирлаб қолди. Энди Собиталини безовта қиламан, шекилли.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...