среда, 25 апреля 2018 г.

119. Пайғамбар эмасман, лекин...


Қамоқда ётган қайсар диндорларнинг хотинлари, бўйи етиб қолган қизлари, мўлжалимга кўра, фоҳиша бўлиб кетиши керак эди. Ёппасига фоҳиша бўлмаса, эллик фоизи бузилиб кетиши лозим эди. Бироқ, натижа ман кутгандек бўлмади. Иноят Махсумга дарҳол суриштирув ўтказиш тўғрисида топшириқ бердим:
                         Объектив ва субъектив сабаблари аниқлансин! – дедим. – Телевизорда фақат ёлғон гапиришади, матбуотда ҳам фақат ёлғон гапларни ёзишади. Лекин сан манга тўғрисини айтасан, ростни айтасан! – дедим столни муштлаб. – Агар ёшликдаги кучим бўлганида, бола, ҳозир тумшуғингга боплаб туширган бўлардим.
Кафтимга тупуриб, муштумимни тугиб Иноят Махсумнинг тумшуғига тираб туриб тишларимни ғижирлатдим. Иноят Махсум киприк қоқмасдан қаддини ғоз қилиб тураверди. Бирдан меҳрим товланиб кетди, унинг юзларини силадим, елкасига қоқиб қўйдим, шундан кейин Иноят Махсум киприк қоқди, лаблари ўз-ўзидан қийшайиб кетяпти. Қарасам, кўзларида ҳалқа-ҳалқа ёш пайдо бўпти.
                         Кечирасиз, – деди паст товушда. Товуши хиёл титрарди. – Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳаммасини уч кунда тўғрилайман...
                         Майли, бор, ман санга ишонаман, – деб изимга қайтиб креслога ястаниб ўтириб олдим.
“Маърифат” газетасини очсам, Қайипназар Тўлакнинг “Пайғамбаримизни асрайлик” номли бир саҳифали эссеси эълон қилинибди. Ғам-ташвишларни унутиб, эссени астойдил мутолаа қила бошладим.
“Ҳозир ман сизларга ҳаж сафари чоғида эшитганим бир тарихий воқеа тўғрисида гапириб бермоқчиман. Уҳуд жанги бошланиши арафасида ислом лашкари тоққа чиқиб кофирларга қарши юзма-юз бўлиб саф тортади. Ислом аскарининг чап тарафида бир торгина дара-йўлак бор эди. Ҳазрати Расули алайҳиссалом жанг қизиган пайтда кофирлар шу дарадан ҳужум қилмасин, деган мулоҳаза билан Абдуллоҳ ибн Жобир бошлиқ 50 нафар камончини даранинг бошига қўйиб, амр қилдиларким, “Шу жойдан қимирламанг, душманга дарадан йўл берманг!” Жанг чоғи кофирларнинг лашкарига хийла шикаст етади, буни кўрган камончилар Пайғамбарнинг буйруғини эсидан чиқариб, мағлуб бўлаётган душманнинг мол-мулкини талон-тарож қилишга киришиб кетади. Бу манзарани олисдан кузатиб турган ғаним дарҳол 200 суворийси билан ўша дарадан ўтиб Абдуллоҳ ибн Жобирни шаҳид қилиб, мусулмонларга ҳужум уюштиради, натижада ислом лашкари шикаст топади. Саҳобалар бу фалокатни кўриб: “Аллоҳ бизга нусратни ваъда қилган эди. Бизникилар нега мағлубиятга учради?” дея бошлайди бир-бирига. Уларнинг гапларига жавоб тариқасида қуйидаги оят нозил бўлади: “Вақтики, Уҳуд кунида, Бадр кунида кофирларга етган мусибат сизга етди, сиз бир-бирингизга, бизга бу мусибат қаердан етди, дедингиз. Айт, эй Муҳаммад, бу мусибат сизга ўзингиздан етди, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”. Шу оятдан англашиладики, бизнинг хор-зор бўлишимизга ўзимиз сабабчимиз, биродарлар. Чунки ўз замонасида айрим мусулмонлар Пайғамбаримиз кўрсатмаларини бекамикўст бажаришни қандай қилиб (нафсга берилиб) эсидан чиқариб қўйган бўлса, биз ҳам Юртменбошимизнинг йўл-йўриқларини кўп ҳолларда эсимиздан чиқариб қўймоқдамиз. “Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир, мусибат эса ўзингдан”, дейилади Қуръони каримда. Яъни, айрим оилалар бошига тушаётган мусибатларга ўша оиланинг ўзи сабабчидир, кимнинг хонадонига қут-барака ёғилаётган бўлса, унга Юртменбошимиз сабабчидир. Юртменбоши – шу замоннинг пайғамбаридир десам, менимча, бу фикримни кўпчилик қўллаб-қувватласа керак. Биз ўзимизнинг пайғамбаримизни асрамоғимиз лозим. Яшасин, охирзамон пайғамбари – Юртменбошимиз!”
Газетани ёпиб стол четига ташладим. Билдим, Пароканд Мирзо атайлаб шу газетани столимнинг устига қўйиб чиқиб кетган: Қайипназар Тўлакнинг эссесини ўқисам, ич-ичимдан хурсанд бўлишимни у билган. Ҳа, тўғри, хурсанд бўлдим. Бироқ, ман пайғамбар эмасман, буни ўзим ҳам биламан, бошқалар ҳам билади. Лекин... Оббо, лаънати Қайипназар-эй! У манинг қитиғим қаердалигини яхши билади: Совет тузумининг охирги йилларида Москвада халқ депутатларининг йиғинларида баъзан ёнма-ён ўтириб қолардик, гапимиз гапимизга қовушиб, соатлаб суҳбатлашардик, нозик мавзуларда пичир-пичир қилиб фикр алмашардик. У пайтларда ман бор-йўғи битта вилоятнинг омонат раҳбари эдим, холос. Юртменистондан депутатликка сайланган аксарият халқ ноиблари ман билан зўрға қўл учида сўрашарди, Қайипназар оға эса аввал-бошдан иззат-ҳурматимни ўрнига қўярди... Осмондан чалпак ёғиб, мутлақо кутилмаганда Юртменистон раҳбари бўлиб қолдим, яна кутилмаганда мустақил ҳукмдор мақомига ноил бўлдим. Қайипназар оғани дарҳол фахрий маслаҳатчилар сафига қўшиб олдим. Тунов куни хуфяларим жўнатган чақувномаларни кўздан кечириб ўтирсам: “Қайипназар Тўлак бир гуруҳ ижод аҳли орасида, “Юртменбошини охирзамон пайғамбари деб эълон қилиш керак. Агар ким мана шу гапни биринчи бўлиб айтса, ўша одам Юртменистон Қаҳрамони бўлади. Чунки Юртменбоши ўзини пайғамбар деб аталишини жуда-жуда истаяпти. Лекин айтолмаяпти. Мен унинг кўнглида нима борлигини яхши биламан”, деди. Тез кунларда Қайипназар Тўлак матбуотда Юртменбошини пайғамбар деб эълон қилиб юбориши мумкин. Бу воқеага мусулмонлар қандай қарайди? Мусулмонлар Қайипназар Тўлакни муртад, деб эълон қилмайдими?” деган парчага дуч келган эдим. Мана, Қайипназар оға ижодкорлар орасида синовдан ўтган фикр-мулоҳазаларини жуда чиройли қилиб ёзиб чиқибди. Ён дафтаримга: “Бу йил мустақиллик байрами арафасида Қайипназар Тўлакка албатта Юртменистон Қаҳрамони унвони берилиши керак!” деб қайд этиб қўйдим.
Кўнглим хийла равшан тортди.
Тушдан кейин мириқиб ухлаб олдим. Уйғониб ҳовузда чўмилдим. Зўр иштаҳа билан овқатланиб, боғ сайрига чиқдим. Теракзор оралаб юрсам, орқа тарафдан бировнинг томоқ қирганини эшитдим. Қарасам, Иноят Махсум қаппайган қорнига қўлларини қўйиб, ўзини муте кўрсатиб, хижолатомуз жилмайиб турарди.
                         Нима гап? – деб ёнига бордим.
                         Аниқладим, – деди. – Эрталабки топшириғингиз бажарилди.
                         Хўш-хўш?
                         Қамоқда ётган диндорларнинг хотинлари, бўйи етган қизлари ёппасига фоҳиша бўлиб кетмаётганига сабаб, биринчидан, аксарият диндорлар жоҳилият даврида (яъни, Шўро замонида) олган хотинларини қўйиб, омон-омон замонда ўз хоҳишига кўра муслима бўлган қизларга уйланган экан. Иккинчидан, Қўқонга (бошига мусибат тушган оилаларга) Андижон билан Ўш моддий ва молиявий томондан ёрдам беряпти...
                         Аҳ, ҳали шунақами?! Ўзим ҳам шунақа бўлса керак деб ўйлаган эдим! – дедим тишларимни ғиширлатиб. – Шошмай турсин, Андижонни ҳам, Ўшни ҳам тавбасига таянтираман! Ҳали 1990 йилдаги Ўш-Ўзган воқеалари ҳолва бўп қолади: шунақаям кўркам томоша уюштираманки, бай-бай, бутун дунё ҳайрат бармоғини тишлаб қолади.
Иноят Махсумга раҳмат айтиб, боғ сайрини давом эттирдим. Пайғамбар эмасман-у, лекин баъзан каромат қилсам, юз фоиз тўғри бўлиб чиқади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...