среда, 25 апреля 2018 г.

138. Мадам


Серҳаяжон битта мадам бор. Ҳаяжон туфайли илгари билмасдан тиконни босиб олган. Йўқ, тикон уни ҳаяжонлантириб туриб... Майли, илгари нима бўлса бўлгандир, ўтган ишга саловат. Биз янги даврга қадам қўйдик, янги даврнинг янги қаҳрамонлари бўлиши керак. Янги даврни янги қаҳрамонлар яратади. Мадам янги даврга янги эр билан қадам қўяди. Эрини тинмасдан машқ қилдириб юқори табақага қўшади. Юқори табақа талабларидан бири – Оқсаройга яқин бўлишдан иборат. Қандай қилиб Оқсаройга яқин бўлиш мумкин? Холанинг эри истиҳборат идорасида ёки Юртменбоши девонида ишласа, Оқсаройга яқинлашиш мумкин. Мадам ёшлик чоқларида ҳаяжонга берилиб тиконни босиб, товонини қонатиб олгач, истиҳборат идорасида ва Марказқўмда ишлайдиган қариндош-уруғлари ундан бир-бир юз ўгиради. Марказқўм ходимлари битта-биттадан Юртменбоши девонига ўтиб ишга жойлашади. Яъни, янги даврга мослашади. Аммо улар мадамни ҳам, унинг янги эрини ҳам тан олмайди. Шунақа бўлишини мадам биларди. У бошқача йўл тутади: эрининг таржимаи ҳолидан максимал даражада унумли фойдаланади. Эр “афғон уруши”да қатнашган, Шимолий Афғонистонда “жўқ”лаб гапирадиган маҳаллий аҳоли орасида (ўзбеклар) КГБнинг махсус топшириқларини бажариб қайтган эди. Эрининг исми Мўминқул бўлиб, исми жисмига асло мос келмасди. Сурбетликда Мўминқул шайтонга ҳам дарс берарди, мунофиқлик бобида Дажжолдан сабоқ олган. Шимолий Афғонистонда шўравийлар тузумини ёқтирмайдиган не-не азаматларнинг хонадони тун чоғида олислардан отилган замбарак ўқларидан ёниб кул бўлади, гўдаклардан ном-нишон ҳам қолмайди. Эртаси куни одамлар бўмбабўронга учраган хонадон харобалари остида ёниб-ёниб қорайиб кетган суяк қолдиқларини йиғиб-териб дафн қилишарди. Мўминқул ҳам дафн маросимида қатнашиб, етти кундан сўнг бошқа қишлоқ ё кентга равона бўларди. У мудом кулранг эшакка яйдоқ миниб, оёқларини икки томонлама саланглатиб юрарди. Елкасида тўрва бўларди. Тўрвада қотган нон, батарейка билан ишлайдиган эски радиоси бўлиб, ўша радионинг мурвати буралса бас, замбаракнинг ўқи келиб тушадиган координат-нуқта аниқ белгилаб олинарди. Мўминқул юрган йўлида: “Тонг яқин, жўралар, оппоқ тонг яқин... Тонг яқин, тонг яқин, оппоқ тонг яқин...” деб минғирлаб юрарди. Куппа-кундузи ҳам, ярим кечаси ҳам ўша бўлтак-бўлтак улама гапни ҳар мақомга солиб хиргойи қилишдан чарчамасди. Одамлар баъзан Мўминқулнинг қўшма гапларидан рамзий маъно изларди: “Ҳа, тез орада ё подшо ўлади, ёки эшак ўлади”, дейишарди. “Подшо ўлсин, эшак ҳали ўзимга кўп керак бўлади”, деб Мўминқул эшакнинг бўйнига шап-шап этказиб уриб қўярди. Хуллас, Мўминқул “афғон уруши”дан жанговар Қизил Юлдуз орденини кўкрагига тақиб Юртменистонга қайтади. Аниқроғи, уни Термиз шаҳридаги ҳарбий гарнизонда Москвадан етиб келган генерал кутиб олади ва қисм командирининг кабинетида орденни гимнастёрка кўкрагига тақиб қўяди. Шу орден туфайли Тошкентдаги университетга имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади. Кейин отаси уни сочи супурги, қўли косов битта қизга уйлантириб қўяди. Келинчак ғирт қишлоқи эди, у пойтахтдаги ҳаётга кўника олмайди, ҳомиласи билан қишлоққа қайтиб кетади. Мўминқул келинчакни излаб бормайди; ундан кўра янги хотин топиш осон ва қулай эди. Шундай қилади: ҳар хил тадбир-маъракаларда осмонга қараб кўтаринки руҳда гапирадиган, кўзларини сузиб шеър ўқийдиган шоира қизни ижарахонасига таклиф этиб, таппа босади. Бўлар иш бўлгач, даҳлизга чиқиб ювиниб-тараниб қайтади ва: “Характеримиз тўғри келмас экан”, дейди безрайиб. “Вой шўри-им!” деб тиззаларини қучоқлаб юм-юм йиғлайди шоира. “Энди нима қиламан?!” деб уввос тортади шоира. Мўминқул унинг қўлига ўн сўмлик қип-қизил қоғоз пулни тутқазиб: “Гинеколог врачга учрашиб, мадам, бўлган воқеани гапириб берсангиз, иложини қилади”. Шоира ёшли кўзларини унга тикиб, бирдан йиғидан тўхтайди, пулни башарасига улоқтириб: “Ярамас! Аблаҳ! Қонхўр!..” деб сўкиб-сўкиб иштончасини қўлтиғига қистириб ижарахонани шаҳд билан тарк этади...
Ўша шоира кейинчалик ҳам уч-тўртта қўлдан ўтади: ҳатто Лондондаги Кембриж университетини битириб, энди ўсаман деб турган битта бойваччага шаръий хотин ҳам бўлиб кўради. Охири барибир от айланиб қозиғини топади – яна Мўминқулга дуч келади: “Тамом, ман сизни одам қиламан”, дейди. “Ман энди ўн сўмга кўниб кетадиган аҳмақ қиз эмасман! Энди ман сизни ҳеч кимга бермайман!” дейди. Университетни битириб, кўрларнинг “Бир сафда” деган журналида югурдак бўлиб ишлаб юрган Мўминқул дарҳол ҳарбийларнинг “Ватанпарвар” газетасига ишга жойлаштирилади. Оммабоп газетада “Ман нима учун мухолифатни ёмон кўраман?” деган бир саҳифа мақоласи эълон қилинади. Бетамизроқ газетада босилган мақолани Оқсаройнинг ноғорасига ўйнайдиган уч-тўртта газета ҳам кўчириб босади. Дунёда Мўминқул деган қаламкаш-журналист борлигини ўша кўчириб босилган мақолага кўзим тушгач билганман. У Мадамнинг эри эканини кейинчалик эшитдим.
“Мўминқулга бирорта тармоқ газетасини беринглар, – дедим Пароканд Мирзога. – Ҳарбий соҳага яқинлашмасин, солиқ-полиқ ёки адлия-падлия соҳасида ризқини териб юрсин”, дедим.
Пароканд айтганимни дарҳол бажо келтирди, Мўминқул битта тармоқ газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди.
Мадам эса мухолифат фаоллари сафидан ўрин олди. Манга мухолифат сафида ҳам ўзимга қарашли ишончли одамларим бўлиши керак. Эри ҳукумат тизимидаги газетада раҳбар бўлса, хотини мухолифат сафида бўлиши мумкинми? Нега мумкин бўлмасин?! Ана, қайта қуриш ва ошкоралик йилларида Хўроз шоир партбилетини отиб юборади, Чиллашир эса коммунистлар сафида қолади. Тўғри, Хўроз билан Чиллашир эр-хотин бўлмаган, улар кундошга ўхшарди, ҳозир ҳам кундошдан фарқ қилмайди – мани бир-биридан рашк қилади. Дунёда эркакларнинг бунақа тоифаси ҳам борлигини илгари, ўлай агар, тасаввур ҳам қилолмасдим. Шунақаси ҳам бўлар экан. Бу тоифа “хотинак” дейилса керак.
Майли, мавзудан четга чиқмайлик. Демак, Мадамга қайтаман. У Юртменистон ичкарисида қолган ўн-ўн беш нафар мухолифат вакилларидан биттаси, худди отнинг қашқасига ўхшайди. Барча халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқларининг чет эллардаги уюшмалари Мадамни яхши танийди. Уни тез-тез хорижга таклиф этиб туришади. Мадам хоҳлаган гапини гапириб, хоҳлаган одами билан учрашиб қайтади. Кейинги гал Радий Фиш билан учрашиб, унинг “Жалолиддин Румий” номли турк тилида қайта нашр этилган романига дастхат ёздириб келди...
Ман Мадамдан хўрак сифатида, эридан эса гаровга тикилган дов сифатида фойдаланаман. Мўминқулдан осонгина воз кечишим мумкин, аммо Мадамдан воз кечолмайман. У манга доим керак. Эҳтимол, эр-хотин бир-бирига унчалик керак бўлмаслиги мумкиндир, аммо Ҳукмдорга Мадам тоифасидаги хўрак доим керак бўлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...