воскресенье, 29 апреля 2018 г.

153. Кўза


Келин-куёв “чиллақочди” этиб бориб Янгийўлнинг Қовунчи қишлоғида бир ҳафта туриб қайтди. Улар қайтаётганда Омонгул манга аталган ғаройиб совға юборибди. Ўша ғаройиботни Қаламкаш манга топширди.
Совға – оддийгина сопол кўза эди. Қадимда тунука пақир танқис бўлган кезларда сув ташиш ва сақлаш учун ишлатиладиган қорни катта, бўғзи ингичка, икки томонида ҳам дастаси бор идиш кўза дейилган. Ҳозирги замонда рўза тутмаган одам кўза дейилади. Кўза замонавий рўзғорда кам ишлатилади.
Ман музейларда кўрганим кўзаларнинг дастаси битта эди. Бунда иккита даста бор. Баландлиги бир яшар болакайнинг бўйича келади.
Кўтариб оғирлигини чамалаб кўрсам, уч-тўрт килодек туюлди. Остига қарасам, тўрт қатор рубоий ёзилган экан. Рубоий тагида муаллиф имзоси турибди. Арабча имлони ман фақат нақш сифатида томоша қиламан, холос. Ўқишга тишим ўтмайди. Агар лотин имлосининг ўрнига араб имлоси жорий қилинса, шак-шубҳасиз, араб имлосида ўқиб-ёзишни ҳам ўрганиб олган бўлардим. Ҳозирча Қаламкашнинг беминнат ёрдамидан фойдаландим. У тўртликни ифодали ўқиб берди:
Ин кўза чу ман ошиқи зоре будаст,
Дар банди сари зулфи нигоре будаст.
Ин даста, ки бар гардани ў мебиний,
Дастест, ки бар гардани ёре будаст.
– Бале, Дўст! – дедим бошимни чайқаб. – Офарен, Дўст!
– Таржима қилиб берайми? – деди Қаламкаш.
– Нимани?
– Рубоийни-да.
– Мангами? Ҳеч кераги йўқ. Рубоий таржима қилинса, Дўст, оҳори тўкилади. Ман юз фойиз тушунаман. Ёшлиги Самарқандда ўтган кучук ҳам, хўтик ҳам форсийни она тилидек тўкис билади. Ҳа, шунақа. Муаллифи ким экан? Хайёмми?
– Йўқ, Худоёрхон ибн Шералихон деб ёзилган.
– Бўлмаган гап! Қанақасига бу рубоийнинг муаллифи Худоёрхон ибн Шералихон бўлади? Ахир...
– Билмадим, – деди Қаламкаш хижолатомуз. – Ҳартугул, кўзанинг остига шундай деб ёзилган.
– Хўп, майли, кўндим, ман рози. Хўш, кўзанинг тарихини яна бир бор шошмасдан гапириб беринг, илтимос. Ўзи шу тарихга ишонса бўладими?
– Оғиздан оғизга ўтиб келган тарихга ишонса ҳам бўлади, ишонмаса ҳам. Ҳаммаси хоҳишга боғлиқ; хоҳиш бўлса ишонасиз, хоҳиш бўлмаса ишонмайсиз. Қалай?
– Бўпти. Гапиринг-чи! Иштаҳа овқат маҳали келади. Ажаб эмаски, тарих ёқиб қолса, кўнгилда ўз-ўзидан ишонч ҳам пайдо бўлар балки.
Қаламкаш ҳикоясининг қисқача баёни мундай:
1861 йилда Қўқон хони Худоёрхон тож-тахтдан мосуво бўлади, ўгай акаси Маллахон ундан тож-тахтни тортиб олади. Бухоро амиридан эски хон ёрдам сўрайди. Шимол тарафда Рус қўшинлари бирин-кетин Авлиёота, Туркистон, Олмаота каби шаҳарларни ишғол қилиб, Тошкент остонасига келиб қолган. Тошкентни амирлашкар Алимқул ҳимоя қилади. Тенгсиз жангда амирлашкар шаҳид бўлади. Водийда кенжа хотини Қурмонжон додхоҳ бева бўлиб қолади. Майли, уёғини қўя турайлик. Буёқда Худоёрхон Бухоро амиридан кўмак олиб акасининг устига қўшин тортиб келади; Қўқон хонлигида ака-ука ўртасида тож-тахт учун аҳмақона жанг-жадал авж олиб кетади. Беҳуда қонлар тўкилади. Худоёрхон Риштон депарасида Маллахонни пистирмада пойлаб ётган пайтларда нуроний бир чол пайдо бўлади.
– Болам, эртага бахт-иқболинг порлайди. Аканг ўлдирилади, сан охирги марта тахтга ўтирасан. Аммо абадул-абад иснодга қоласан. Чунки мамлакатни ўз қўлинг билан кофирларга топширасан. Бошбошдоқлик, поёни кўринмайдиган хунрезлик сани ниҳоятда ҳолдан тойдиради; шоҳ бўлиб яшагандан кўра, кофирлар қўл остида мардикор-гастарбайтер бўлиб яшашни афзал кўриб қоласан. Бироқ, орадан бир юзу ўттиз йил ўтгач, бу юртдан матонатли ва жасур бир зот чиқиб мамлакат озодлигини қайтариб олади. Санга маслаҳатим шуки, риштонлик Самандар Қўқонбой ўғли деган кулолга битта кўза ясатиб, остига манави рубоийни ёздириб, ўзингдан кейин Фарғонада қоладиган бирорта зоти тоза оилага мерос этиб қолдиргин. Кўза ўз эгасини 130 йилдан кейин топажак. Аммо ўз эгаси аниқ бўлганидан кейин ҳам яна йигирма йил ишончли қўлдан кетишни истамагандек кўмилган жойида ётаверади. Сандан мана шу кўза ёдгорлик бўлиб қолади. Кўзанинг ўзига хос сеҳр-синоати бўлади. Уни фақат эгаси билади. Эгаси юртга озодлик олиб беради, – деб эзма чол ғойиб бўлади.
Худоёрхон эртаси куни Сўхда рўй берган жанг чоғида Маллахон устидан ғалаба қозонади. Акасини сўхлик тожиклар ўртага олиб уриб ўлдиради. Тож-тахтни қайтариб олган Худоёр негадир Қўқонга бориб тахтга ўтиришга шошилмайди. Риштонда тажрибали кулоллар билан обдон маслаҳат қилиб, ниҳоят, дутурлик Самандар Қўқонбой деган истараси иссиқ кулолга нозик буюртма беради. Самандар қирқ кун деганда кўза ясаб, тагига бояги рубоийни ёзиб, матн остига “Худоёрхон ибн Шералихон” номини ҳам тиркаб қўяди.
Эстафета таёқчасига ўхшаб 130 йил мобайнида қўлдан қўлга ўтиб юрган кўза, ниҳоят, Чеҳрагулнинг отасига мерос бўлиб қолади. Сафармурод Патилахон-Омонгулга уйланадию Шўро аскарлари сафида Афғонистонга байналмилал бурчини адо этгани жўнайди. Саланг довонида танки билан Кобул тарафга ошиб ўтаётган чоғда портлаб кетади. Яхшиямки, кўзани кимошди савдоси натижасида қўлга киритган Қовунчи қишлоғидаги ҳовлисига кўмаётган пайтида Омонгулга сопол матаҳ сирини айтиб қўйган экан. Қаранг-а, йигирма йилгача Омонгул кўза борлигини паққос эсидан чиқариб юборади. Қачонки, келинлик либосидаги қизи Чеҳрагул куёви билан “чиллақочди” этиб ота хонадонига меҳмон бўлиб келган пайтдагина лоп этиб эрининг гаплари эсига тушиб қолади ва Исмат Читтак деган тракторчи йигитга ҳовлида чуқур кавлатиб кўзани синдирмай-нетмай чиқариб олади.
Кўзани айлантириб томоша қиламан, уёқ-буёғига чертиб кўраман. Манга аталган қанақа сир-синоати бор экан деб ҳайрон бўламан.
– Балки рубоий муаллифи Худоёрхон эмас, Умар Хайём эканини аниқлаб, кўза остидаги хатони тузатиб қўйиш – манга тандир? – дейман.
– У сир-пир эмас, чаласавод кулолнинг хатоси. Аксарият кулоллар мақтанчоқ бўлади, бўлган-бўлмаган гапларни қориштириб лоф уришни яхши кўради.
Кўзанинг ичини кўздан кечириб, оғзидан пуфлаб кўрдим.
– Жин, чиқмайсанми? Жин, чиқ! – дедим кўзанинг оғзига оғзимни тираб.
Сўнг кўзани нари суриб, энди ўрнимдан турмоқчи бўлган пайтимда кўза ичидан қалин акс садоми, дўрилдоқ товушми эшитилиб қолди:
                         Дажжол, Дажжол, Дажжол...
Ҳайрон бўлиб Қаламкашга қарадим. Қаламкаш елка қисди. Ман яна кўзани диваннинг ёнидан стол устига олиб қўйдим-да, оғзига оғзимни тираб:
                         Жин, чиқмайсанми? Жин, чиқ! – деб ўзим бемалол диванга суяниб ўтирдим.
Бирпасдан сўнг кўзадан бўғиқ товуш чиқди:
– Дажжол, Дажжол, Дажжол...
Қаламкаш кулимсираб кўзанинг ичини астойдил кўздан кечирди. У ҳам кўзанинг оғзига оғзини тираб:
– Жин, чиқмайсанми? Жин, чиқ! – деди.
Орадан уч-тўрт дақиқа ўтди. Кўзадан ҳеч қандай сас-садо чиқмади. Ман яна бояги ҳолатда, бояги гапимни такрорладим. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас кўзадан:
                         Дажжол, Дажжол, Дажжол, – деган йўғон товуш эшитилди.
Ҳар сафар Дажжол деган сўз фақат уч марта такрорланарди.
– Қизиқ-ку! – деди Қаламкаш ажабланиб. – Бунақаси ҳам бўлар экан-да, тавба!
– Шу тобда битта нарса эсимга кепқолди. Сиз мабодо атеист эмасмисиз? – деб сўрадим.
– Атеистман, – деди Қаламкаш. – Кўп диндор ошноларим бор, шуларнинг ички ва ташқи дунёси билан яқиндан танишганимдан сўнг, тавба, атеист бўп қолганман.
– Худога ҳам ишонмайсизми?
– Йўқ, ишонмайман.
– Ростдан ҳам ишонмайсизми?
– Ишонмайман-да, нима қилай ишонмасам! – деб Қаламкаш қўлларини икки томонга ёзиб юборди. – Диндорлар билан ошночилик қилмай юрсам, балки сал-пал ишонармидим...
Ғалати ҳолатга тушиб қолдим.
– Майли, – дедим кўзани диван ёнига олиб қўяр эканман. – ТВнинг “Ёшлар” каналида Ҳайрат Қўчқор деган маҳмадона бир йигит ишлайди. Ўшанга айтинг, шу кўза тўғрисида ҳужжатли фильм яратсин, ҳайми?
– Кечирасиз, тақсир, Ҳайрат Қўчқор фақат маҳмадоналик қилишни билади, холос. Бу ишни бирорта профессионал режиссёрга топшириш керак, – деди Қаламкаш.
– Йўқ, айнан Ҳайрат Қўчқорга топширасиз! Кейинги пайтларда у товонимни астойдил яламоқчи бўп юрибди. Майли, ялаб кўрсин, армонда қолмасин тағин. Режиссёр-пежиссёрни ўзи топади. Ҳайми?
– Ҳай.
– Боринг, – дедим. – Кўзани Қароргоҳга элтиб қўяман. Уни бирорта оператор келиб суратга опкетса кифоя, кейин фильмнинг керакли жойларига монтаж этиб улаб юборишаверади.
– Тушундим, – деб Қаламкаш хонадан чиқди.
Орадан ўн кун ўтгач, “Сирли кўза” номли ҳужжатли фильм ТВнинг барча каналлари орқали бир вақтда эфирга узатилди. Сценарий муаллифи Қаламкаш эди, Ҳайрат Қўчқор эса бурнининг учини терлатиб гоҳ Қўқоннинг Ўрдасида деворга суяниб, “тарихга саёҳат қилса”, гоҳ Риштондаги битта кулолнинг дўконида иш жараёнини жимгина кузатиб ўтиради. Фильмда кўзанинг лойи Одам Ато билан Момо Ҳавво яратилган жойдан олинганига жумлаи жаҳон ишонтирилади. Бу ҳақда Исроил давлатининг элчисидан интервью олинади. Фаластиннинг элчиси ҳам Одам Ато билан Момо Ҳаввонинг лойи Қуддус яқинидаги масжид ёнидаги ҳандақдан  олинганини тасдиқлайди.
– Шу муқаддас кўзанинг, илоҳий кўзанинг ҳақиқий эгаси, қонуний эгаси ким, биласизми, замондош? Наҳотки, билмасангиз? – деб сирли илжаяди Ҳайрат Қўчқор. Хийла сукут сақлаб қўшиб қўяди: – Мустақиллик меъмори ким?.. Ҳа-а, балли, мустақиллик меъмори ким бўлса, сирли кўзанинг эгаси ҳам ўша буюк зотдир!
Экранда ман кўринаман. Яқинда асрий чинорлар таг-туги билан кесиб ташланган майдонда Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, пешонамга қўлимни соябон қилиб от устида ўтирган соҳибқиронга узоқ вақт тикилиб қоламан. Сўнг қайта-қайта таъзим бажо келтириб, ортимга бурилиб ҳув нарида кўриниб турган оппоқ Форумлар саройи томон оҳиста одимлаб йўл оламан.
Мусаффо осмон кўринади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...