воскресенье, 29 апреля 2018 г.

150. Ошга марҳамат!


Болалар ширинликка ўч бўлади. Ширинлик масаласида болалар учун меъёр йўқ.
– Ман подшо бўлсам, бобожон, ўзимга шоколад заводи қуриб оламан! – дейди икки яшар неварам.
Ширинликка ўч неварам кўп касал бўлади. Куз ўрталарида қаттиқ шамоллаб қолди; қирқ кун бир хонада ётиб муолажа олди. Тузалиб чиққач:
– Қоғозли қанд ёмон, – деди тақсимчада турган ширинликни қўли билан кўрсатиб. – Йўталиб қолади, томоғи оғрийди. Ман қанд емайди. – Тақсимчани чойқошиқ билан уриб-уриб қўяди.
Сезиб турибман, унга ойиси қанд ейишни таъқиқлаб қўйган, аммо унинг юраги эзилиб кетяпти; агар меҳмонхонага бесўроқ кириб келишини билганимда дастурхондан ширинликларни йиғиштириб қўярдим, бола бечоранинг юрагини эзмаган бўлардим.
                         Ойисига айтмайди, момосига айтмайди, – деб бир дона қандни қоғозидан ажратиб оғзига солиб қўйдим.
Неварам лунжини шишириб қандни сўриб меҳмонхонадан югуриб чиқиб кетди. Йўлакдан товуши қулоғимга чалинди:
                         Бобожон мани меҳмон қилади, ман ҳам бобожонни яхши кўради.
Ана шунақа гаплар.
Чорак асрдан бери ошга, ошхўрликка қарши курашаман. Айниқса, наҳорги ошлар ҳар қандай эсли-ҳушли одамнинг тинка-мадорини қуритиб юборади. Чоллар ҳам бомдод намозини чала-чулпа ўқийдию ошга югуради. Баъзан уч-тўртта жойга бориб ош ейдиган ошхўрларга раҳмим келади. Тонг саҳарда оғир ҳазм бўладиган ошга тўйиб олган шўртумшуқ ишхонасига келиб битта стулда михланиб ўтиради. Ошқозонда оғриқ бошланади...
Тўй-маъракаларда исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, ман махсус қарор чиқардим.
                         Ҳой, барака топкурлар, тўй-ҳашамнинг чиқимини камайтиринглар, ортиқча чиқимнинг ўрнига болаларингни чет элларга жўнатиб ўқитинглар! Данғиллама иморат қуриш ўрнига ўзларинг курортларга боринглар, денгиз бўйларида дам олиб қайтинглар!
Э-э, гапиравериб жағимда жағ қолмади. Кошкийди одамларнинг қулоғига гап кирса! Бўлмаганга бўлишмаслик керак экан, Юсуфбек ҳожи тўғри айтган экан: “Бўлмағанга бўлишқан одам охирида масхараи олам бўлади!”
Арзимаган матоҳ – орден ё медал учун одамлар бир-бирини ғажиб юборишдан ҳам қайтмайди. Шўро даврига қараганда орден ва медаллар миқдорини ўн баробар кўпайтирдим. Илгари ҳар йили юз-юз эллик киши ҳар хил орден-медал билан тақдирланган бўлса, ҳозир минг-бир ярим минг киши кўкрагига темир-терсак тақади. Баъзи одамлар икки-уч бора орден олса ҳам тўймайди. Яна бераман. Ширинликка ўч бола нафси қонмагунча дастурхондан кўз узмайди. Одамлар эса нафсини қондириш учун ҳеч нарсадан қайтмайди: керак бўлса, бир-бирини сотади, ҳатто шаръий хотинларини хўжайинларига қўшиб ҳам қўяверади.
Ман чорак асрдан буён шундай халқни бошқариб келяпман. Дунёнинг юздан ортиқ мамлакати билан дипломатик алоқа ўрнатдик, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳригача темирйўл ўтказдик, газ-нефт мустақиллигига эришдик. Барча ютуқлар ўзимизники, аммо эртадан кейин нима бўлади? Ҳеч ким бу дунёда устун бўлиб қолмайди. Бир кун келиб ҳамма ўлади, ман ҳам ўламан. Дунё тургунча барибир турмайман. Кейин нима бўлади? Агар жасадим Чиғатой қабристонига дафн этилса, мухолифат вакилларидан бирови ҳокимиятни кўлга олган заҳоти ўлигимни Самарқандга элтиб яширинча кўмиб қайтадими? Балки, чирий бошлаган жасадим крематорий ўчоғида куйдириб юборилар, ким билади дейсиз! Одамлардан ҳар балони кутиш мумкин. Шахсан ман мухолифатдан ўзим ва оила аъзоларим учун ҳеч кандай яхшилик кутмайман. Улар хуморидан чиққунча ўч олади. Фақат мандан эмас, мустақиллик йилларида мол-мулк орттирган ўзига тўқ барча тўнғизлардан ўч олади. Ишқилиб, кўзим тупроққа тўлган заҳоти мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетмаса гўргайди! Ўшанда бу халқ манинг қадримга етади, “бизнинг энг катта ютуғимиз бу тинчлик, тинчлик ва яна тинчлик” деб бекорга жон куйдирмаганимни ўшанда англаб етишади.
Ошга ва ошхўрликка қарши курашда ман енгилдим, шекилли. Аслида, ошга ҳам, ошхўрликка ҳам қарши курашмаслик керак экан. Дарвоқе, собиқ Иттифоқда ошкоралик авж олган кезларда “Гулхан” журналининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган Чиллаширга мухолифат фаолларидан биттаси учрашиб: “Сафимизга қўшилинг, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун курашамиз, Москвадан ҳуррият талаб қиламиз!” дейди. Шунда Чиллашир: “Э-э, ука, ғўр экансан, қийшайиб қолган деворни тираб қоламан десанг, ўзинг ҳам чолдувол остида қолиб кетасан. Ундан кўра ўша деворни қулаётган томонига қараб итариш керак, шунда ютасан”, деб маслаҳат беради. Шундай деган ва шундай позицияда охиригача қаттиқ турган муртадга ман Юртменистон Қаҳрамони деган юксак унвонни бердим. Унга унвон бериб, олдига суяк ташлаб ўзимнинг ашуламни айттирдим, ноғорамга роса ўйнатдим. Охири бўйдоқлар фойдаланадиган анави резина матаҳ каби ахлатдонга улоқтириб юбордим. Энди у “Тазарру” деган шеър ёзиб одамларнинг раҳмини келтирмоқчи бўляпти.
Ошхўрликнинг ўзига яраша гашти бор экан. Уни ейишдан ташқари тайёрлаш жараёни кишига бошқача завқ беради. Дастлаб, гўшт суякдан ажратилади, лўнда-лўнда қилиб тўғралади. Сабзи сомон шаклида, думба эса ёнғоқ йириклигида, пиёз икки паллага ажратилиб, кейин паррак-паррак қилиб тўғралади. Саримсоқнинг энг сиртқи пўсти тозаланади, ўзаги пичоқ учида секин-секин уриб чиқариб ташланади. Тўғралган думба қозонда эритилади, жиззаси олинади, ёғ беш-олти дақиқа доғ қилинади; ёғдан оқ тутун чиқа бошлагач, қозонга уч-тўрт дона йирик туз ташланади, ёғ яхши доғ бўлганида туз чарсиллаб ёрилади. Сўнгра қозонга суяк ва пиёз ташланади. Суяк ва пиёз қизартириб қовурилганидан кейин гўшт солиб қовурилади. Бунда қовурилган пиёзни гўштнинг устига олиб қўйиш керак. Акс ҳолда қорайиб куйиб кетади. Кейин қозонга сабзи, унинг устидан зиравор солинади. Зиравор қовурилгач, сабзи “ўлади”, қизғиш тусга киради. Зирбакка сув қуйилади. Бир килограмм гуруч дамлаш мўлжалланса, бир литр сув қуйилади. Девзира гуруч кўпроқ сув ичади. Ивитилган гуруч эса камроқ сув талаб қилади. Туз ташланади, зирбак ярим соатча милдиратиб қайнатилади. Зирбак пишганидан кейин уч-тўрт марта ювилган (сув остидан гуруч яққол кўрингунча ювиш лозим) гуруч қозонга бир текисда солиниб, усти капгир билан текисланади ва яна қайноқ сув қуйилади. Сувни капгирнинг устидан қуйиш керак, акс ҳолда сув гуруч қатламини ўйиб юбориши мумкин. Қуйилган сувнинг сатҳи гуручнинг юзидан бир-бир ярим сантиметр, ўрта бармоқнинг биринчи бўғинича баланд бўлиши лозим. Сув солинганидан кейин олов кучайтирилади; қозоннинг ҳамма жойи бир хилда қайнашига эътибор бериш керак, гуручнинг бир хил пишиши учун бунинг катта аҳамияти бор. Гуруч сувни батамом тортганидан сўнг (буни капгир билан уриб кўриб билиш мумкин: сув обдон тортилган бўлса, капгир билан урилганда дўпиллаган товуш чиқади), қозоннинг бир чеккасидан бошлаб гуруч капгир билан секин-аста ағдарилади, усти текисланади, уч-тўрт дақиқадан сўнг гуручни капгир билан ўртага тўплаш керак. Беш-ўн дақиқадан кейин гуруч иккинчи марта ағдарилади, усти текисланади ва дамчўп ёки қошиқнинг дастаси бир неча жойига урилади-да, қозоннинг зичлаб ёпиладиган қопқоғи ёки дамгир (тоғора) қозондан буғни чиқармайдиган қилиб жипс ёпилади. Ош шу тарзда йигирма дақиқа чамаси “дам едирилади”. Қозон тагидаги чўғ тортиб олиниб, икки дона тараша ёниб турса бас. Агар ош газ плитасида пиширилса, олов жуда пастлатиб қўйилади, иложи бўлса, қозоннинг остига бирор темир гардиш қўйиш керак. Ош керагича дам еганидан кейин дамгир тоғора олинади. Ош аралаштирилади, лаганга сузилиб, устига гўшти чиройли қилиб қўйилади.
Тўрт-беш киши чойхонада ош қилмоқчи бўлса, бир кг. гуруч, бир кг. гўшт, 300 гр. думба, бир кг. қирқилган сабзи (қизил ёки сариқ сабзи таъбга қараб танланади), тўрт дона саримсоқ, тўрт дона пиёз, бир-икки кафт зира керак бўлади.
Айтмоқчи, куз охирларида чойхонага борилса, олтиариқлик Анвар Обиджондан икки кило турпни Қўйлиқ бозоридан харид қилиб қайтиш ҳам эсдан чиқмасин.
Қани, ошга марҳамат!
Одамлар ошга, ошхўрликка овора бўлиб чарсиллаб турган ижтимоий муаммоларни камроқ ўйлайди; маиший икир-чикирларга ўралашиб қолган эркаклар бачкана бўп қолади, хотинчалиш, хотинак ёки бирйўла ҳезалак бўлади-қолади.
“Қўй қўмондон бўлган шерлар галасидан шер қўмондон бўлган қўй пода афзал”, деган экан Наполеон.
Манимча, шерлар галасидан кўра қўй подага қўмондонлик қилган афзал, афзал бўлмаса ҳам осонроқ, енгилроқ.
Одамлар очдан ўлмаса бас, мамлакат йўқолиб кетмайди. Қорнидан бошқа дарди бўлмаган одамларни бошқариш қийин эмас. Одамларнинг нафсини қондириш осон, бироқ маънавий эҳтиёжини қондириш ниҳоятда мушкул. Эрк ва эркинлик, жўражон, маънавий эҳтиёж ҳисобланади. Шундай эҳтиёжлар манга кўп бошоғриқ бўлди. Ҳозирги тажрибаларим илгари бўлганда борми, ўзим Юртменистоннинг бош ошпази бўлиб олардим!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...