понедельник, 23 апреля 2018 г.

105. Қори билан суҳбат


Валихон қорини крематорий-ўчоққа қалаб юборишдан олдин бир кеча Қароргоҳга олдирдим. Олдига диндан сайланган депутат пешво КГБга юборган маълумотномани  (бир варақ қоғозни) аста суриб қўйдим. Маълумотнома араб имлосида қўлда ёзилган эди.
                         Тақсир, қўлёзма эгаси сизга танишми? – деб ўсмоқчиладим.
                         Сотти Ўрис иқтидорли  ҳамҳужрамни ўзига агент қилиб ёллаганини тушимда кўрганман. Бироқ ўша воқеани, ҳа, энди, бир туш-да, деб ўйлар эдим.  Кейин қизини бериб, ҳамҳужрамнинг бошини силади. У нариги томонга тўла ўтиб кетди, номард. Афсус... – деб бошини сарак-сарак қилади Қори. Қоғозни ўқиб, кўзларини юмиб олади.
                         Тақсир, биз бир-биримизни кўрмаганмиз, билмаганмиз. Хоссатан, ман сизга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган эдим; нима учун мани “риёкор” деб атагансиз? Сабоқдошларингиз даврасида шу гапни айтганингиз ростми?
                         Рост, – деди Қори кўзларини очмасдан. – Сизни коммунистлар Юртменбоши этиб сайлаган машваратда Қуръони каримнинг муқовасига қўлингизни қўйиб туриб қасамёд қилдингиз. Муқовада “Қуръони карим” деб ёзилган эди-ю, ичида “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилаётган нутқ ва мақолалар тўпламингизнинг корректураси бор эди.
                         Рост, – дедим. – Қуръон муқовасининг ичида нима борлигини, тақсир, фақат ман билан ўша сабоқдошингиз – ҳозир мамлакатда пешво бўлиб турган кимса биларди. У сизга чақимчилик қилган. Сизнинг гапларингизни қуда тарафга, бизнинг гапимизни эса андижонликларга етказиб турган иккиюзламачи кимса тўғрисида нима деса бўлади?
                         Риёкор, – деди Қори.
                         Ман кўпроқ риёкорми, сабоқдошингизми?
                         Риёкорнинг катта-кичиги бўлмайди.
                         Хўш-хўш? Риё нима ўзи?
Қори бирпас манга ажабланиб тикилиб ўтиради. Сўнг қошларини чимириб гап бошлайди: 
                         Одамларга кўрсатиб ва эшиттириб тоат-ибодат қилиш риёдир. Риё шундай бир муҳим масъалаки, уни тушуниш ва тушунтириш шайхларнинг ҳақиқий ҳолини бизга очиб беради. Бизнинг миллат шайхларни пайғамбардек эъзозлайди. Шайхлар тўғрисидаги танқидий фикр-мулоҳазаларни одамлар ҳазм қилолмайди. Шу сабаб ман сўзни фазлу карам соҳиби бўлган бир муҳтарам зотга ҳавола этаман. У зотни Ислом олами айрича ҳурмат қилади, у киши Имом Ғаззолийдир. У зот “Иҳёу-улумид-дин” китобида риё тўғрисида бундай деган: “Билгинки, риё ҳаромдир, риёкорлар эса Оллоҳнинг душманидир”. Бу матлаб ояту ҳадисларда собит келган. Ояти каримада бундай дейилади: “Диққатсизлик қилиб намозни хато ўқиганлар ва риё қилганлар ҳалок бўлгувчилардир...” Яъни, Оллоҳнинг дийдорини сўраган киши солиҳ амаллар қилади, риёкорликка асло йўл қўймайди. Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, бир одам Расуллоҳдан сўради: “Қай бир нарсада нажот бор?” Пайғамбар жавоб берди: “Нажот банданинг ҳар бир тоатни одамлар кўриши учун эмас, балки Оллоҳ кўриши учунгина қилишидадир”. Яна дедиларки: “Ман гуноҳга гирофтор бўлишингиздан қўрқаманки, у кичик ширкка киради”. Одамлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” Улар жавоб бердилар: “Риё”.
Абу Имом ал-Боҳилийдан ривоят қиладилар: у бир куни масжидга борса, биров саждага бош қўйиб ҳўнг-ҳўнг йиғлаётган экан, уни кўриб: “Агар бу йиғи Оллоҳ учун бўлса, нега уйингда йиғламайсан?” дейди. “Йиғлаётганимни катта хотиним кўриб қолса, яқинда туғиш чоғида ўлган кенжа хотинини эслаб йиғлаяпти деб ўйлайди, кейин у манинг бошимга чиқиб олади”, деб ўзини оқлайди ожиз банда. Абу Имом ал-Боҳилий беихтиёр қаҳқаҳа отиб юборади...
Риё икки хил бўлади: 1) дунёвий ишлардаги риё; 2) диний амаллардаги риё. Буларнинг иккиси ҳам ҳаром, лекин диний амаллардаги риё ниҳоятда ёмондир. Диний амаллардаги риёни беш қисмга ажратиш мумкин: 1) бадан риёси; 2) шаклу ҳайъатдаги риё; 3) тилдаги риё; 4) амалдаги риё; 5) зиёрат ва суҳбатдаги риё. Бадан риёси шуки, киши ўзини оздириб-тўздириб, лаблари қуриб, соч-соқолларини тарамай ўстириб, тирноқларини олмай юради, токи одамлар уни кўриб, э-э воҳ, у доим Оллоҳ хаёлида бўлиб ўзига қарамас экан, деб ўйлашлари учун шундай қилади. Шакл ва ҳайъатдаги риёкор эса шайхлар каби сурф кийиб ёки чиркин-йиртиқ либосларга бурканиб юради; шу тарзда гўё дарвешларга мақбул кўринмоқчи бўлади. Тилда риёкорлар эса ҳар бир мажлисда илмдан сўзлаб, ибодат қилади; кўча-кўйда ҳам лабларини пичирлатиб юради. Дуч келган одамга кечаси ўқиган истихора намозини гапиради. Амалдаги риёкор кўпинча одамлар олдида узун намоз ўқиб, нафл намозини ҳам масжидда ўқийди. Зиёратдаги риё шуки, одам вақти-бевақти қачонлардир дунёдан ўтиб кетган зотларнинг мозорига ёки ҳали тирик бўлган улуғ зотларининг хонадонига дам-бадам бориб туради, токи одамлар фалончи фалончининг мозорига тез-тез бориб туради, фалончи фалончининг хонадонига хоҳлаган пайтида кириб бораверади, деб гап тарқалишини истайди...”
Ман фақат диний ишлардаги риё тўғрисида сўйладим, дунёвий амаллардаги риё эса, бошқоним, сизнинг ҳаётингизда тиқилиб ётибди.
                         Тилингиз заҳар эканини кўп эшитганман, тақсир,  – дедим. – Манимча, мусулмон одам тили билан ҳам ўзгаларга озор бермаслиги керак.
                         Шундоқ, – деди Валихон Қори бошини эгиб.
                         Мусулмонга дашном бериш фисқ-фасод саналса керак, – дедим яна қитиқ патига тегиб.
                         Шундоқ, – деб тасдиқлади Валихон Қори бошини қимирлатиб.
                         Демак, айбингизга иқрорсиз?
                         Маъзур кўрсинлар, қанақа айб тўғрисида гапиряптилар? – деди у бир оз чимирилиб.
                         Ие, боядан буён “шундоқ-шундоқ” деб тасдиқлаб ўтирдингиз-ку!
                         Ман умумий маънода тасдиқладим, хоссатан ҳеч нарсани тасдиқлаганим йўқ.
                         Хоссатан деб нимани назарда тутяпсиз, тақсир?
                         Сизни назарда тутяпман,  – деди у кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб.
                         Яъни, масалан?
                         Сиз мусулмон эмассиз, кофирсиз. Бояги гаплар эса мусулмонларга тегишли, сизга бу гапларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
                         Шунақами?.. Ўзим ҳам шунақа деб ўйлаган эдим... Ўжар эканингизни эшитган эдим, бироқ муросасиз муттаассиб эканингизни негадир тасаввур этолмасидим, – деб гилам остида турган тугмачани туфлим билан пайпаслаб топиб босдим.
Хонага Иноят Махсум кириб кириб келди.
– Ҳукм ижро этилсин, – дедим.
Валихон Қори бамайлихотир ўрнидан турди.
                         Хайрият, биз энди охиратда ҳам кўришмаймиз, – деди у ва хонани тарк этди.
Ман Валихон Қорини крематорий-ўчоқда куйдиртириб юбордим.
Манимча, охиратда кимнинг дўзахга тушишини ва кимнинг жаннати бўлишини Валихон Қори эмас, Оллоҳ белгиласа керак. Валихон Қори ҳеч бўлмаса бу дунёда дўзах азобини бошидан кечирди...  

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...