среда, 25 апреля 2018 г.

127б. Бунёдкорим ким?


Манга бу воқеани мияси айниб қолган битта 83 яшар  сарт чол гапириб берган эди.
1937 йилда 15 апрелгача   Юртменистон бўйича 220.000 гектар ерга чигит экиб бўлинган эди. У пайтларда ғирдираги тишли трактор орқасига икки-учтадан чигит экадиган тиркама улаб, тиркамада биттадан колхозчи ўтириб олиб  қадама агрегатни назорат қилиб кетар эди.
            Францияда 83 ёшида Париж Коммунаси нинг ветерани Дезошамп 1937 йилда ўз ажали билан вафот этади. Дезошамп 16-17 яшар ўсмир чоғида отасига эргашиб коммуначилар қўлига ўтиб қолган Париж шаҳрига боради; баррикадалар ортида туриб ҳукумат кучларига қарши курашади, полициячиларни тошбўрон қилади. Коммуна мағлубиятга учрагач Карл Маркс Англияга жуфтакни ростлайди, Фридрих Энгельс қайси гўрга гумдон бўлганини ҳеч ким билмайди. Инқилобнинг икки доҳийси сичқоннинг инини минг франкдан ижарага олиб, сўнг бамайлихотир қиёфасини ўзгартириб Франция сарҳадларини тарк этади: Бундан кейин фақат инқилобнинг назарий масалалари билан шуғулланамиз, ҳайми? дейди Карл Маркс. Ҳай, ўртоқ, ўзинг, юр, йўқсулларга йўлбошчилик қилмасак улар адашиб қолади, деб бошимни қотирмаганингда ҳозир Лондонда хотиржамгина пирра ўйнаб ўтирган бўлардик, деб ўпкалайди Фридрих Энгельс. Бўпти, бойвачча, мен бўлмаганимда сен аллақачон қуморвоз бўп кетардинг! Қаватимга кириб бутун дунё йўқсулларининг доҳийси бўлдинг, кам бўлмадинг! Ҳеч бўлмаса, Фрид, соқол қўйишни ўрганиб олдинг-ку! Бўлмаса, шу чоққача бесоқол бўп юрардинг! деб аския қилади пихини ёрган Карл Маркс.
            Ишқилиб, Маркс билан Энгельс ҳазил-ҳузул қилиб, аҳмоқ полициячиларни чалғитиб ўзларини этикдўз қиёфасига киритиб тўс-тўполон  Францияни ихтиёрий равишда тарк этаётган чоғларда бечора Дезошамп отаси билан полиция қўлига тушган, иккови ҳам ўлар ҳолатга етгунча таёқ еган, беҳуш бўлгач, битта юк кемасининг палубасига ўтин юклагандек ирғитилиб, мамлакатдан бадарға этиб юборилган эди. Ота бечора муҳожирликда ўлиб кетади, Дезошампнинг ўзи эса 1880 йилда умумий амнистия эълон қилингач Францияга қайтиб келиб , 57 йил  давомида Карл Маркс билан Фридрих Энгельснинг гўрига ғишт қалаб, уларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб ўтади.
            1917 йил октябр ойи охирларида тасодифан Петроградга келиб қолган америкалик журналист  Жон Рид ўзи гувоҳ бўлган инқилобий воқеаларни жамлаб Дунёни титратган ўн кун номли китоб қилиб нашр эттириб бойиб кетади. Китоби АҚШда қайта-қайта чоп этилади, чет тилларга таржима қилинади. Жумладан, рус тилига ҳам ўгирилиб, кўп бора нашр этилади. Жон Риднинг ўзи эса инқилобий Россиянинг фахрий гражданига айланиб қолади.
Ленин 1924 йилда ўлади.
            1925 йилдан эътиборан чекистлар ҳар хил баҳоналар топиб Жон Риднинг ўзини Россиядан чиқариб юборади. Баҳоналардан бири Жон Рид хотинбоз экан! Болшевиклар ҳайрон бўлиб: Ие, ҳаммамиз хотинбозмиз-ку! деб бир-бирига қараб кулади. Тўғри, лекин биз Миллатлар министри Иосиф Сталиннинг котибаси билан дон олишиб юрмаймиз-да! деб кўз қисади болшевик. Бу гапинг тўғри, ошна, ҳеч ким олдида турган ошни олдириб қўйишни истамайди...
            Дунёни титратган ўн кун номли китоб аста-секин кўринмай қолади.
            Аслида, Жон Рид китобида Сталин номи умуман тилга олинмаган, гўё Сталин инқилоб кунлари яшириниб олгандек туюлар эди.
            Ёғли жой бўш қолмайди.
            Кремлда Анри Барбарос деган қўнғизмўйлов ёзувчи ўралашиб қолади. Француз экан. Лекин французга унчалик ўхшамасди. Француз бўлса ҳам яҳудий ёки арманни қони аралашган бўлса керак. Қўнғизнусха мўйлов қўйиб олганига қараганда, томирида эллик фоиз олмон қони оқаётган бўлиши ҳам мумкин.
            Хуллас, шундай қилиб, қиличини яланғочлаб 1937 йил кириб келади.
            Элбек Правда Востока газетасининг янги йил сонида Пушкинни ўзининг устози деб эълон қилади. Биз Усмон Носир, Ойбек, Мажидий тўртовмиз Ўзбекнома достонини ёзишга киришамиз, деб ваъда беради. Орадан уч-тўрт ой ўтар-ўтмас достончилардан учтаси қамоққа олинади ва дом-дараксиз гумдон этиб юборилади. Улар орасидан фақат Ойбек қамалмай қолади. Нима учун? Балки тўрттасидан биттаси НКВДнинг агенти бўлгандир. У ким эди? Тирик қолган Ойбек агентмиди ёки агент ҳам кўпга келган тўйга қўшилиб кетганми?..
            Правда Востоканинг ўша сонида шоир Усмон Носир янги йилда Ленин тўғрисида достон ёзажагини, доҳий тўғрисидаги достонига ҳужжат тўплаш учун тез орада Москвага жўнаб кетмоқчи эканини маълум қилади.
            Усмон Носир 25 яшар йигит эди. У Ленин тўғрисида достон ёзишга улгурмайди. Агар у Сталин тўғрисида достон ёзишга ваъда берганида борми, шак-шубҳасиз, тирик қоларди.Бироқ, тирик мурдага айланиб қоларди. Чунки устоз Абдурауф Фитрат ҳаёт эди; у Усмон Носирнинг башарасига қарамай қўярди. Фитрат домланинг назаридан қолгандан кўра, Усмон Носир ўлимни афзал кўрган. Абдулла Қодирий ёки Абдулҳамид Чўлпон азбаройи ёш шоирни ўз укаларидек яхши кўргани учун сир бой бермасдан эскичасига меҳрибонлик корсатиб юришлари мумкин эди-ю, аммо ... Усмон Носир мунофиқлар замони келганини англайди. Англайди-ю, муроса қилиш ўрнига масхара қилишни бошлаб юборади: Вей, йигитлар, Сталин ҳам Қўқондаги этикдўз яҳудий ошнамга қуйиб қўйгандек ўхшар экан! деб бемалол аскияни босаверади.
            Дарвоқе, ман гоҳ-гоҳ бўлажак жуфти ҳалолимни кузатиб Қўқонга бориб қолардим. Ўшанда Чорсудан Лесопарк томон яёв юриб қолсак, йўлнинг ўнг томонида дўкончаси олдига ўриндиқ қўйиб, ўтган-кетганнинг оёқ кийимларини ямаб ўтирган яҳудий этикдўзни кўп кўрганман. Шу одам ҳақиқатдан ҳам Сталинга қуйиб қўйгандек ўхшарди. Усмон Носир назарда тутган этикдўз шу киши эдими ёки шу этикдўзнинг отаси эдими? Билмадим.
            Правда Востока тахламини варақлаб ўтириб, жувормарг бўлиб кетган шоирнинг янгроқ аскияларини аниқ-равшан эшитгандек бўламан.
            1937 йилда Кремлда ўралашиб юрадиган Анри Барбароснинг /аслида, Барбюс экан/ Сталин номли китоби дўконларнинг пештахталарида пайдо бўлади. Барбароснинг китобида буюк Сталиннинг ҳаёти ва кураши тўғрисида ҳикоя қилинади. Бу китоб советлар мамлакатининг социализм сари ҳаракати ҳақида ёзилган. Барбароснинг китоби янги дунёнинг жанговар қуролидир, эзилган халқларнинг байроғидир. Шак-шубҳасиз, бу китоб инқилобий адабиёт хазинасидан муносиб ўрин олажак.
            Анри Барбарос  иккита сигирни эмаётган бузоққа ўхшарди. Ташқи кўринишидан Адолф Ҳитлерни эслатарди, фюрерга ошкора тақдид қиларди. Мўйловига қўнғиз шаклини берарди, сочлари сийраклашиб қолган бўлса-да, ўнг томонга эмас, чап томонга қаратиб тараб юрарди ёки умуман тарамасдан тўзитиб юраверарди. Айни чоғда тамаки тутатиш бўйича Иосиф Сталинга тақлид қиларди. Тўғри, у муштукка тамаки тиқиб чекмасди. Балки йўғон сигара чекарди. Мишмишларга қараганда, Сталин ўз кабинетида гаплашиб ўтирган чоғларида фақат Анри Барбаросга тамаки тутатишга изн бериб қўйган экан.
            Анри Барбарос эмадиган битта сигир Иосиф Сталин бўлса, иккинчи сигир Адолф Ҳитлер эди.
            Бир куни Ҳитлернинг Тарғиботчи вазири Гиббелс Сталин китобини Фюрер ҳузурига кўтариб киради. У доим ўзини жон куйдириб ишлаётган этиб кўрсатарди. Гимлер, Герининг ва бошқа Учинчи рейх устунлари устамон Гиббелсни кундошларидек ёмон кўришарди, Фюрернинг меҳр-муҳаббатини ундан қизғанишарди. Гиббелс Фюрер ҳузуридан яйраб-яшнаб чиқиб кетаётганини хуфялар хабар берган заҳоти бечоралар ўзларини қўярга жой тополмай қолишарди, қандай қилиб Фюрернинг кўнглини овлашни билишмасди, бечоралар.
            -Хўш, нима қилмоқ керак? дейди Фюрер Сталин китобини варақлаб. Французча ўқисам, бошим оғрийди.
            -Юртбошим! Бошингизни оғритмаслик учун ҳам шу китобни олмончага таржима қилдириб қўйдим. Туркистондан Олмонияга ўқишга келиб, олмадеккина олмон қизга уйланиб ерлашиб қолган Искандар Боймирза деган ношир ўзининг Олмон замин зиё ширкатида эрта-индин Сталин китобини супермуқовада чоп этиб беради, - дейди Гиббелс.
            Ҳитлер ўрнидан сапчиб туриб кетади. Столни муштлайди, афтини қийшайтириб бақиради:
            -Аҳмақ! Олмонияда коммунизмни пропаганда қилмоқчимисан! Бу ёқда мен коммунизмга қарши курашаётган бўлсам, болшевикларни жинимдан баттар ёмон кўришимни ҳам биласан! Қандай қилиб менинг юзимга оёқ қўйдинг, нонкўр!
            Гиббелс Фюрернинг бақир-чақирларини бошини эгиб, миқ этмасдан эшитади. Итининг феъли эгасига маълум, дейдилар. Ниҳоят, Фюрер ҳовуридан тушиб жойига ўтиради. Оёқларини чалкаштириб, кўз остидан Гиббелсга қарайди, столни чертиб кулимсирайди. Бошини сарак-сарак қилади.
            -Гапир, - дейди Фюрер. Яна нимани бошладинг?
            Гиббелс ўйлаб қўйган режасини қоғозга тушириб келган эди. Уч-тўрт варақни Фюрернинг олдига қўйиб, ўзи хона ўртасига бориб туради.
            -Тушунарли, - деб чеҳраси ёришиб ўрнидан туради Фюрер. Ҳаммаси тушунарли. -У хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди. Гиббелснинг рўпарасига келиб тўхтайди, кўзларига тикилиб туриб: - Барбарос сир сақлай оладими? дейди.
            -Сақлайди, - дейди ишонч билан. Оғзидан гуллаб қўйса, ўзига қийин бўлади.
            -Тўғри, - деб Фюрер яна хона бўйлаб юриб кетади. Тўғри, ўзига қийин бўлади. Хона ўртасида тўхтаб ўйланиб қолади. Минг бир кеча Алиф Лайло Лайло эртаклари эсимга тушиб, бирзумгина ўзимни Хорун ар-Рашид қиёфасида ҳис этиб тўлқинланиб кетдим, - дейди ҳаяжонланиб.
            -Худди шундай, - дейди Гиббелс қаддини ғоз қилиб, товонларини бир-бирига уриштирар экан.
            -Демак, китобнинг охирги бетига Муаллифнинг шахсий кутубхонаси учун босиб берилди. “Сотилмайди деб ёзиб қўйилади.
            -Худди шундай.
            -Яна Хизмат юзасидан фойдаланиш мумкин деб ҳам ёзиб қўйиш керак.
            -Хўп бўлади, - деб Гиббелс товонларини бир-бирига уриштиради. Бу гап орамизда қолгани маъқул деб ўйлайман.
            -Тушунмадим. Нима демоқчисан? деб Фюрер хона ўртасида тўхтайди.
            Гиббелс аста-аста унинг ёнига бориб шивирлайди:
            -Юртбошим, деворнинг ҳам қулоғи бор, - деб эшик ва шифтга ишора қилади. Мен режаларимни бекорга қоғозда ифодалаганим йўқ, овозимизни анавилар эшитмаётганига кафолат беролмайман.
            Фюрер жилмаяди, бош чайқайди.
            -Ваҳима қилма, - дейди. – Ваҳимачисан! Майли, ҳушёр бўлиш керак, -- деб елкасига қоқиб қўяди.
            -Огоҳлик давр талаби, фюрерим! деб Гиббелс яна товонларини бир-бирига уриб, ўнг қўлини рўпарасига чўзиб қичқиради: - Яшасин Ҳитлер!
            -Яшасин Ҳитлер! деб юборади Фюрер ҳам беихтиёр. У аста жойига бориб ўтиради. – Искандар Боймирза кимнинг қизига уйланган? – деб столни чертди.
            -Ислом динини қабул қилган бовариялик фабрикантнинг қизига уйланган.
            -Фабрикант исломни қабул қилганми?
            -Худди шундай.
            -Исо Масиҳнинг битта гапи бор. Эсингдами?
            -Қайси гапи, фюрерим?
            -“Мен игнанинг тешигидан туянинг ўтиб кетишига ишонсам ишонаманки, лекин бойларнинг жаннатга тушишига шубҳаланаман, деган.
            -Худди шундай.
            -Ислом йўлида юрган бойлар ҳеч қачон охиратни эсидан чиқармайди. Бизникилар эса нариги дунёни паққос эсидан чиқариб юборади.
            -Худди шундай.
            -Бўпти, боравер. Лекин... деб фюрер қоғоз-қалам олиб бир нималар ёзиб, варақни Гиббелсга узатади; нигоҳи билан эшик билан шифтни кўрсатади. Гиббелс қоғозга кўз югуртиргач: - Туя кўрдингми? деб сўрайди.
            -Йўқ! деб Гиббелс товонларини бир-бирига уради. Яшасин Ҳитлер!
            -Яшасин Ҳитлер!
            Гиббелс хонани тарк этгач, режа баён қилинган варақларни такрор ўқиб кўради. Ичида Гиббелсга яна бир бора таҳсин ўқийди. Агар уни кундошлари билан зимдан бир-бирига қайраб турмасам, бошимга чиқиб олади, деб мўйловини қашлаб қўяди. Аслида, мўйлови қичимайди, лекин ўзига маъқул келадиган бирорта ишни қойиллатиб қўйса, албатта мўйловини қашлаб қўярди.
            Хуллас, Гиббелснинг режаси бўйича, Анри Барбаросга етти ухлаб тушида кўрмаган миқдорда гонорар таклиф қилинади. Гап қуруқ бўлмаслиги учун АҚШдаги битта қудратли банкдан Анри Барбарос / паспорти бўйича аниқ маълумотлар қайд этилади, албатта/ номига ҳисоб дафтарчаси очилиб, ваъда қилинган маблағ долларга чақилиб қўйилади. Сўнг унинг зиммасига нозик  миссия юкланади: яъни, Анри Барбарос Ҳитлер билан Сталин ўртасида хуфя хат ташувчи бўлади. Муҳрланган, сурғучланган конвертларни очмайди. Очишни хаёлига ҳам келтирмайди.
            Охир-оқибат ўзаро келишувга мувофиқ Сталин билан Ҳитлер соқолини ўстириб,  турист қиёфасида Самарқандга келади. Улар Гўри Амир мозорида 1937 йилда 19 апрелдан 20 апрелга ўтар кечаси учрашади. Ўртада ҳеч қандай гувоҳ, ҳеч қандай таржимон бўлмайди. Сталин ҳам, Ҳитлер ҳам турк тилида равон гаплаша оларди. Сталин, табиийки, кўп йиллар Бокуда яширинча инқилобий /қароқчилик қилган/ фаолият олиб борган; Ризо муаллим исмли озарбайжон ошнаси уни бир неча марта ўлимдан сақлаб қолган. Кейинчалик ҳокимият жиловини қўлига олгач , озарбайжон ошнасини хуфёна қатл эттириб юборади... Ҳитлер эса Олмонияда истиқомат қиладиган турклардан кўп нарсаларни ўрганади, лекин ўрганган нарсаларининг тескарисини қилади.
            Испанияда гражданлар уруши авж олган палла эди. Социалистлар сайловда ғолиб келиб ҳокимиятни қўлга олган бўлса-да, генерал Франко бошчилигидаги ҳарбийлар социалистик ҳукуматга бўйсунишни истамайди. Совет Иттифоқи эса социалистларни гижгижлаб, уларга қурол-яроқ етказиб туради, ҳарбий куч ҳам юборади. Ҳитлер билан Сталин хуфя ёзишмалар орқали ўзаро келишиб, Испаниянинг ички ишларига аралашувни тўхтатишга қарор қилади. Бир-бирининг гўштини еб ўлмайдими, бизга нима! дейишади. Аралашмаслик сиёсати айнан 19 апрелдан 20 апрелга ўтар кечаси кучга киради. Дўстим Адолф, бу менинг туғилган кунингга совғам бўлсин! деб хуфя хат йўллайди Сталин.
            Улар бир-бирининг лафзига ишонгани учун ҳам ҳеч иккиланмасдан Самарқандда учрашишга рози бўладилар. Амир Темур иккови учун ҳам ҳавас қилса арзийдиган соҳиби салтанат бўлган. Иккови ҳам Амир Темур руҳидан мадад олишни истарди.
            Ўшанда Иосиф Сталин 59 яшар, Адолф Ҳитлер эса 48 яшар эди.
            Улар бир ҳафта мобайнида ҳар оқшом гоҳ Гўри Амир мозорида, гоҳ Регистон майдонида, баъзан Бибихоним мадрасаси ҳовлисида, гулхан ёқиб ўтириб, ой ботгунча суҳбатлашади. Суҳбат мавзуси чекланмаган, чегараланмаган эди. Дунёнинг тақдирини гулхан атрофида ўтириб ҳал этадилар. Дунёни Самарқандда тақсимлаб оладилар.
Ҳозир Полша ҳудудига кириб қолган Ғарбий Украина, Ғарбий Белорусия; Руминияга қарам бўлиб қолган Бессарабия, Молдова, Болтиқбўйи республикалари, тахминан, йигирма миллион аҳолиси билан Сталин салтанатининг таркибига киритилади. Йигирма миллиондан беш-олти миллионини минус қилсам, баробар ўн беш миллион бўлади. Яъни, ўшанда ҳам ўн беш миллион фойда қиламан, деб дарҳол ичида хомчўт қилиб кўради Иосиф Сталин. У аниқ ҳисоб-китобни яхши кўрарди. Шу тобда оддий арифметика бекорга хаёлидан кечмади: эрта-индин В.М. Молотов номидан ўзи уч кеча-кундуз ухламасдан ёзиб берган бир ярим босма тобоқ мақола Правда газетасида эълон қилинади, кейин директива-кўрсатма-қонун тусини олган мақолани барча қўғирчоқ иттифоқдош  республикалар таржима қилиб нашр қилишади. Мақола номи Бизнинг вазифамиз тротскийчиларга ва бошка зараркунандачиларга, диверсант ва жосусларга қарши курашмоқдир деб аталади. Унга сирдош дўсти Ҳитлер олижаноблик билан инъом этаётган йигирма миллион аҳоли Совет Иттифоқи таркибига кириб қолса, шак-шубҳасиз, улар орасида чет элларнинг жосуслари ҳам бўлади; Сталин Анри Барбарос воситачилигида хуфя музокаралар бошлаган заҳоти... қичийдиган жойларини олдиндан қашлаб қўйган эди. Энди бемалол оммавий қатли ом уюштириши мумкин. Усмон Носир, Элбек, Мажидий каби ўзларини, сассиб-бижғиб кетмасин деб мўмиёлаб қўйилган, Ленин қучоғига отиб жон сақлаб қолмоқчи бўлаётган уддабуронларнинг ҳам баҳридан ўтиб юборади. Тахмин қилишича, биринчи ўримда беш миллион одамнинг боши кетади. Ягода ҳам ўзининг ўроқчиларига қўшилиб қатл этилгач, Ежов раҳбарлиги остида иккинчи ўрим бошланади; иккинчи ўримда ҳам беш миллион калла кетса, ўроқчиларга қўшилиб Ежовнинг ўзи ҳам асфаласофилинга жўнатилади. Сўнг Тифлисдан Берияни чақириб, дарҳол Ойболта гуруҳи тузилади; бу гуруҳга эроний эканини яшириб юрадиган эски чекист Мирзиёнхўжа ҳам тиркаб қўйилса, хўб ажойиб томошалар кўрсатиши мумкин. Ишқилиб, Совет Иттифоқида уч марта тозалов ўтказиб олинса бас, кейин қиёматгача бемалол Исо алайҳиссаломнинг ердаги сояси бўлиб юраверади... 
            Гаплари гапларига қовушиб қолгач, қора кишмишдан тайёрланган мусалласни эрмак қилиб, гулхан атрофида ёнбошлаб ётишади. Ҳар бирининг олдида биттадан кўза, биттадан сопол коса. Ҳар ким ўзи мусаллас қуйиб, ўзи ичади. Ҳар бирининг олдида биттадан косов, ҳар ким истаган пайтида гулханга ўтин қалаб, кавлаб қўярди.
            -Мусаллас чанқоқни қондириши мумкин, дўстим, - дейди Сталин. Лекин ҳокимият ҳеч қачон чанқоқни қондирмас экан. Сен ҳали ёшсан, буни билмайсан.
            -Сосо, ёш бўлсам ҳам катта давлатга бошлиқман... Иштаҳам очилиб кетди, - деб Ҳитлер кўзадан яна бир коса мусаллас қуйиб симиради. Энди биз тарихда ном қолдириш тўғрисида кўпроқ ўйлашимиз керак. Ҳокимиятни то тирик эканмиз ҳеч ким биздан тортиб ололмайди.
            -Тўғри, ҳокимиятни ҳеч кимга бермаймиз... Сталин ҳам кўзадан бир коса мусаллас қуйиб симиради. Лаб-лунжини кафти билан артиб қўяди. Умуман олганда, дўстим, аҳмақ одам ҳокимиятни ўз ихтиёри билан бировга беради.
            -Тўғри, Сосо, биз аҳмақ эмасмиз.
            -Рузвелт аҳмаққа ўхшайди, - дейди Сталин.
            -Черчилл ҳам ғирт аҳмақ! дейди Ҳитлер.
            -Э-э, нимасини айтасан, уларнинг қай бирини айтасан!
            -Лекин Отатурк аҳмақ эмас, - дейди Ҳитлер. У ҳокимиятни ҳеч кимга бермайди.
            -Мажбур бўлади ташлаб кетишга, - дейди Сталин муштугини тутатиб оғзига олиб боради, оғиз-бурнидан паға-паға тутун чиқаради.
            -Йўғ-э, - дейди Ҳитлер ҳайрон бўлиб, ёнбошлаб ётган жойида бошини кўтариб қарайди.
            -Оғир бетоб, тузалиши қийин.
            -Ҳа-а, шундай демайсанми, Сосо, мен қандай қилиб Отатурк ҳокимиятини бировга бериб қўяр экан деб ҳайрон бўлиб ётибман! То тирик экан ҳокимиятни у ҳам ҳеч кимга бермайди.
            -Йўқ, ўзига қолса бермасди. Лекин орқалаб опкетолмайди-да!
            -Ҳа, шуниси бор-да! Ҳокимиятни орқалаб опкетиб бўлмайди.
            -Бўлмаса, ҳеч кимга ташлаб ҳам кетмасдик-а!
            -Бўлмасам-чи! деб кулади Ҳитлер. Гулханга ўтин ташлайди.
            Шу пайт йирик тошлавҳ томонда шарпа кўринади. Шарпа ўзини тошлавҳ орқасига олади.
            -Ким у? дейди Сталин ўша томонга қараб.
            Ҳитлер ҳам тошлавҳ томонга қарайди.
            -Кўрсат ўзингни! Бўлмаса, ҳозир отиб ташлайман! деб Сталин қоронғиликка тўппончасини ўқталади.
            -Отманг, отманг! Мен муштипар хотинман! Эрим қамалиб қолди. Бир этак болаларим билан қолдим. Илтимос, ёрдам беринглар! – деган аёл кишининг товуши эшитилади.
            -Оббо! Шу ерда ҳам тинч қўйишмайди,- деб дўнғиллайди Сталин.
-Майли, Сосо, сен безовта бўлма. Мен ҳозир уни рози қилиб қайтаман, - дея Ҳитлер чўнтагини кавлаганча қоронғилик томон кетади.
Тошлавҳ орқасига ўтиб кўринмай қолади.
Сатторхон ҳадя қилган носқовоқни пўстак остидан пайпаслаб топади; тиқинини попукларидан тортиб очади ва тилининг остига бир отим нос тўкади, лабини чўччайтириб остки лаби ва милклари орасига тушиб қолган носни тили билан нари-бери суриб тил остига тўдалаб қўяди. Кайф тил остидан бош мияга узатилишини собиқ коллеж регистратори Сатторхон Абдуғаффоров жон куйдириб унга тушунтирган, ўзининг ҳаёт ҳикоясини дастурхон қилишга ҳам улгурган эди: “Мусофир, мен тўқсон тўртга кирдим, олти йилдан сўнг юзга кираман, кенжа болам тўрт яшар бўлди; тўнғич ўғлим етмиш тўрт яшар, ҳаммаси бўлиб ўн тўққизта ўғил-қизим, бир юзу олтмишта неварам, бир минг етти юзта чеварам бор, кейингиларининг саноғини ўзим ҳам билмайман, саноқдан адашиб кетаман, хуллас, бир сурув бўлганмиз; саксон йилдан буён нос чекаман, Бухорога бориб Мир Араб мадрасасида таҳсил кўриб юрган пайтларим ургутлик сабоқдошим Маматқулдан ўргандим ҳа”, деб Сталинга уқдирган. Кўзларини юмиб хаёл сураётган Сосо гўё ўтирган жойида еттинчи осмонга кўтарилиб кетгандек ҳис этади ўзини, мусалласдан ҳам носнинг кайфи кучли эканини дарров билади, тил остидан сўлак ажралиб чиқади, оғзи қўланса суюқликка тўлиб қолади. Киприклари орасидан тошлавҳ томон тикилиб, қошларини чимиради, хавотирланади, кайфи учади; ковушини оёғига илиб дўсти Адолф Ҳитлер бедана юриш этиб кетган йўналишни тусмол қилиб ҳаракатланади. Ойдинга чиқиб юз қадамча юргач таққа тўхтайди: дўсти тошлавҳ остида қип-яланғоқ битта жувонни пийпалаётган экан. Кўз кўзга тушади; Ҳитлер тез-тез бош силкийди, жилмаяди. Жувоннинг тошлавҳ устига ирғитиб юборилган қизил иштони ойдинда чўғдай товланиб кўзни қамаштирарди; жун босган икки оёғи Ҳитлернинг елкасида, Ҳитлернинг ўзи эса даҳа чоғи катта уйқуга кетган ипак қурти мисоли икки қўлини ерга тираганча гажак ҳолатида қотиб қолади. Бирпас шу манзарага тикилиб турган Сталин беихтиёр бошини сарак-сарак қилади, мийиғида кулиб тошлавҳ ёнига боради, оёқ устига ўтиради; ҳансираб нафас олаётган Ҳитлернинг иссиқ ҳовури гуп этиб димоғига урилади; ундан ўлган мушукнинг ҳиди келарди; Сталин бурнини елпиб чўккалайди ва жувоннинг бошини маҳкам ушлаб бир оз кўтаради-да, ёнламасига энгашиб жувоннинг оғзидан тишлаб-тишлаб ўпади, ўпаётганда ўзининг оғиз бўшлиғида бўтқага ўхшаб қолган носини тили билан суриб-суриб жувоннинг оғзига ўтказиб, орқасидан пуфлаб юборади. Жувон кўзларини бақрайтириб, бошини силтамоқчи, қаршилик кўрсатмоқчи бўлади, аммо Сталин унинг бошини янада маҳкамроқ сиқиб олади, уни қулт-қулт ютинишга мажбур қилади. Ҳадемай нос жувонни маст-гарангситиб қўяди, у кўзларини юмиб, аъзои баданини батамом бўшаштириб юборади. Сталин ўрнидан туриб нари кетади. Ҳитлер ҳансираганча силтанишга тушади.
Сталин жойига қайтиб, лаб-лунжини кафти билан артиб, кўзадан бир коса мусаллас қуйиб ютоқиб симиради. Косани қўйиб, мўйловини мамнуният билан силаганича ёнбошлаб олади.
Орадан ўн дақиқача вақт ўтади. Сўнг Ҳитлер шимининг тасмасини тортиб боғлаганча қайтиб келиб ўз ўрнига ёнбошлайди.
-Ҳа, тинчликми? деб сўрайди Сталин ўзини гўлликка солиб, муштугининг кулини гулханга қоқиб.
-Пул берсам, бекорга олмайман, дейди. Бўпти, дедим. Тағин мени хунасаякан деб кетмасин дея бирпас пийпаладим.
-Оббо! деб Сталин бош чайқайди. Одам бунчалик иззатталаб бўлмаслиги керак, дўстим!
-Ўзи берган пулимни отиб юбориб, жадал кета бошлади-да! Кейин...Тўнғиз юмалаган жойда туки тўкилиб қолади.
-Э-э...Ҳокимият эгаси нафсини тийиши керак.
-Узр, Сосо, бир оз қизишиб кетдим, шекилли.
-Ҳа, шунақа бўлди...
Улар етти кеча суҳбатлашиб, турист қиёфасида Самарқандни тарк этади.
1937 йилнинг 25 апрел куни Сталин билан Ҳитлер махсус поезднинг махсус вагонларида Самарқанддан Ашхобод томон йўл олади.
Манга одам боласи ишонмайдиган бу ҳикояни Бибихоним мадрасасининг 83 яшар сарт қоравули айтиб берган. Қирқ йил муқаддам шунақа ишлар бўлган, болам, деган эди у. Чол бечоранинг мияси айниб қолган бўлса керак. Лекин ўша мияси айниган сарт чолнинг ҳикояси хотирамга умрбод муҳрланиб қолади. Дарвоқе, руслар Туркистонни босиб олгач, сартларни аёвсиз қатли ом қилган. Бу чол ўша қирғиндан омон қолган эркакдан бино бўлган ягона нусха эди. Исми ҳам Сартбой эди...
Тасодифий жинсий яқинлашувдан тасодифий зурёд бино бўлиши мумкинми?
Яна қайдам.
Одамнинг ишонгиси келмайди. Аммо эзма чолнинг гапларини қайта-қайта чўтга солиб кўрсам, Ҳитлер билан Сталин Самарқанддан жўнаб кетгач, орадан роппа-роса тўққиз ойу тўққиз кун ўтгач мен туғилган эканман. Бу ҳодиса тасодиф бўлса, кунма-кун ҳам тўғри келадими!
Боз устига, мен туғилган чоғимда илгари шаҳардаги марказий кўмир омборида мудирлик қилган отам камомад туфайли қамалиб, Устюртдаги Жаслиқ қамоқхонасида қутурган қоравуллар томонидан уриб ўлдирилганига уч йил бўлган экан.
Бу гапларни бировга айтиб бўлмайди. Лекин хотира дафтаримнинг бир чеккасига илдириб қўйсам, эҳтимол, келажакда тадқиқотларим учун асқатиб қолиши мумкин.
Наҳотки, менинг бунёдкорим... йўғ-э, барибир ҳеч ишонгим келмайди.       Тахминий биологик падарим шарафига Бунёдкор футбол клубини ташкил этиб қўйдим. Жарақ-жарақ пул сарфласам ҳам, ярамаслар, халқаро майдонда ўзини кўрсата олмаяпти. Нима қилсам экан-а? Ҳайронман.  

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...