воскресенье, 29 апреля 2018 г.

154. Эгилди-ю, лекин эмакламади


Охирзамон адиблари орасида адабиётга энг содиқ одам Шокир Бойбўта эканини Қаламкаш манга атрофлича тушунтириб берди. Гўё ман Шокирни минг йилдан буён биладигандек, унинг терисига кириб яшаётгандек ҳис эта бошладим ўзимни.
Дўрмондаги Ижод боғи депарасида турли залворли ва басавлат уйлар орасида қўли қисқалиги боис омонатроқ қилиб тикланган кулбаси бор эдики, узоқ-яқиндан Усмонхон муфтига дам солдиргани келадиган ҳавасманд муридлар дастлаб Шокирвойнинг чайласига дуч келиб бирпас тараддудланиб қоларди: ҳақиқий руҳоний буёқдами ё уёқдами? Муфти расмона кошонада истиқомат қилади; у риёзат чекишни, нафсга берилмасликни тарғиб этади, унинг гап-сўзларига чиппа-чин ишонган айрим лақмалар нафсига бир муштлаб, риёзат чекиб яшайди, атрофига ҳам ўзига ўхшаган дарвешларни тўплаб олади. Хўш, буларнинг қай бири дўзахга тушади-ю, қай бири жаннати?..
Шокирвойни соғинган одамлар кўримсиз кулбага топиниб боради. Ҳатто атайлаб “муфти ҳазратга дам солдириб кетаман!” деб ният қилиб келган айрим ихлосманд зотлар ҳам Шокирвойнинг кулбасига бош суқиб бир пиёла чойми, бир пиёла майми ичиб кетарди.
Бугун манинг хаёлимга уч-тўрт шиша арақ устида қурилган суҳбатлар эмас, Шокирвойнинг устида қалин беқасам чопон, лабида арзон ҳам сассиқ “Прима” ё “Астра” деган сигарет, босиб чекиб, босиб ишлаётган манзараси кўпроқ келади. Эски стол, эски ёзув мошинкаси, деворга илинган эски ов милтиғи...
Содиқ мусоҳибим Усмон Азимнинг отаюрти Бойсунни соғиниб ёзган бир шеъри борки, қадрдон дашти поездга эргашиб (қасмоқ бўлиб кетган шпалларга қоқилиб-нетиб) Тошкентга қадар судралиб эргашиб келади. Сал беўхшов туюлса-да, Шокирвой ҳам ўзи билган ва севган Қизилқияни ёзув столига кўчириб келган эди деб айтсам, манимча, муболаға бўлмаса керак.
Шокир Бойбўтанинг қолипга тушмаслиги дастлабки ҳикояларидан бошлаб танқидчиларни гарангситиб қўяди. Ашаддий мафкурапарастлар, гарчи кейинчалик коммунистик эътиқодидан тантанали равишда қайтган бўлса-да, бироқ ўша пайтларда ёзувчи қаҳрамонларини сингдира олмайди: “Ш. Бойбўта шўро одамларини атай қўпол ва тўпори, ҳатто овсар этиб тасвирлаяпти! Ғоявий жиҳатдан бўш-баёв қаҳрамонлар курашчан эмас, фақат каклик овлашни билади, холос”, деб ғавғо қилади. Ҳарбий хизматга бориб ҳукмрон фирқа аъзоси бўлиб қайтмаган, бепора олий ўқув юртига кириб беш йил қизлар даврасида юриб хийла кўнгилчан бўлиб қолган танқидчилар эса, унинг қаҳрамонлари характеридан кўра ёзув услубига кўпроқ эътибор берадиларки, Шокир Бойбўта содда ва беғубор қишлоқ одамларини қисқа ва лўнда жумлаю сўзлар билан (“янги бўёқлар”, “янгича нафас” каби сифатлар) моҳирона тасвирлаб беради.
Шокирвой адабиётга миллатнинг жайдари реалист ёзувчиси бўлиб киргани ҳақида сўз айтилмай қолди. Сабаби оддий – у ёзган нарсаларда замон талаб этмиш қуруқ маддоҳлик йўқ эди. Тўғри, у кейинчалик замона зайлига қараб “Юрак томчилари” номли қисса ёзади, аммо ўхшата олмайди. Агар ўша қиссаси кўнгилдагидек чиқса, муфтихонадан бериладиган текин йўлланмани қўлга киритиб, Чиллаширга қўшилиб Ҳижозга сафар этиши ҳам мумкин эди. Афсус, ундай бўлмади. Навоий бобо каби Шокирвой ҳам Ҳижоз сафарини қиёматга қолдиради.
Шокир Бойбўта дунёни қамраб оламан деб беҳуда чиранган ёзувчилардан фарқли ўлароқ фақат ўзи кўрган, ўзи билган нарсаларни ёзди. У кўрган ва билган нарсалар оммабоп китобларда ёзилмиш ҳаётга мутлақо ўхшамасди, яъники, ҳаётнинг ўзи эди. Унинг қаҳрамонлари тирик одамлар эди, баландпарвоз шиорларсиз, худо берган кунини худо берган ақлу идроки ва кучу уқувига муносиб ўтказарди, холос. Адашарди, лекин бир думалаб тузалиб қолмасди. Яхши одам яхшилигини, аблаҳ одам аблаҳлигини давом этказаверарди. Шокирвой ўзи тўқиб чиқарган одамларга зуғум ўтказмасди, ҳар кимнинг феъл-ҳуйига яраша ҳаракат ва сўз топиб бериб турарди, холос. Гўё у турфа масаллиқ солинган қирқ қулоқли қозон тепасида чўмич ушлаб турган баковулга ўхшарди: ҳар кимга косасига ё хурмачасига яраша “таом” улашарди.
Ёзувчининг маслаги битта эди – холислик. Баъзида, холисликни ошириб юборган пайтлари, Шокирвой ўта бераҳм одам бўлиб туюларди. Рост гапни айтишга келганда нафақат бошқаларни, ҳатто ўзини ҳам мутлақо аямасди. Масалан, маршал Будённий фуқаролар уруши поёнига етиб қолгач Қизилқия тарафларга қўшин тортиб келган кезлари ўзимиздан чиққан фаол комсомол хотин-қизлар билан дон олишиб юргани ҳақида ишончли одамлардан эшитган ишқий ҳикояларни ҳали кўзёрмаган ижодкор қизлар даврасида ҳам жинсий тафсилотлари билан бемалол гапириб бераверарди. Бетларига бўжама тошган бўйдоқ қизларга шунақа гаплар кўпроқ маъқул келишини у жуда яхши биларди.
XX асрда ёзувчи ва шоирларимиз кўп ёлғон сўзлади, асосан ёлғонни ёзди. Улар орасида ақлли ва талантли одамлар ҳам оз эмасди. Қолипдан, қуюшқондан чиқишга уринган, ёлғонни маслак этишдан ор қилган адиблар ноилож тарихга юз бурдилар. Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида авж олган “муҳаббат прозаси” ҳам мафкуравий қулликдан, ёлғондан қочиш истагида туғилган бўлиши мумкин. Бугун ман Шокир Бойбўта рост ёзишни, борини ёзишни қачон ўзига шиор этиб олган экан деб астойдил ўйлайман. У жуда кўп ўқигани аниқ. Дастлабки ёзган кичик асарларида Эрнест Хемингуэйнинг “телеграф услуби” таъсири сезилади. Бироқ, бу таъсирни тақлид деб бўлмайди. Шокирвойнинг “Шолохов” деган лақаби бўларди (табиийки, Маҳмуд Саъдий қўйган). Ман унинг асарларида Шолохов таъсирини асло сезмаганман. Умуман, Шокирвой ва унинг тенгдошлари расмона ёзишга жазм қилган пайтларда маърифатли одам билиши шарт ҳисобланган яхши ёзувчиларнинг каттагина рўйхати бор эди. Булар Чехов, Тургенев, Толстой бобо, Мопассан, Селинжер, Фолкнер, Стейнбек, Ремарк, Шолохов, Булгаков ва бошқалар.
Шокирвой уларни ўқиган, албатта. Балки улардан туртки олган бўлиши ҳам мумкин. Лекин кўп китоб ўқиган одамларнинг ҳаммаси ёзувчи бўлиб кетавермаганидек, бир-икки туртки билан (қалбини титратган гўзаллик таъсирида) оёққа турган ижодкорни шу пайтгача ҳеч ким учратмаган бўлса керак.
Узоқ Қизилқиядан умид билан Тошкентга келган мағрур ўспирин худо бермиш зеҳни ва теран идрокини (беихтиёр Ҳамлет тимсоли ёдга тушади) атай Сўзга бахш этгани – адабиётнинг бахтидир. Агар у ёшлик чоғларида СССР халқ артисти Наби Раҳимовнинг орқасидан эргашиб актёр бўлиб кетганида борми, эҳтимол, ундан Халқ артисти чиқиши мумкин эди. Бироқ, ҳамон ўзбек адабиёти “муҳаббат прозаси”дан нари ўтолмаган; Ҳидоят Отахон ибораси билан айтганда, адабиётнинг ғийбатдан фарқи қолмаган бўларди. Ҳозир эса, ҳартугул, ўзбек адабиётининг довруғи Тўйтепадан нарига ҳам ўтган, шекилли.
Бутун масъулиятни бўйнимга олиб айтишим мумкинки, Шокир Бойбўта умр бўйи борини ёзди, дунёни безаб-бежаб кўрсатишдан қочди. Фақирона кун кечирди, лекин мандан бошқа инсон боласига бош эгмади.
Ҳа, дарвоқе, унинг манга эгилиши ҳам осон бўлмаган. Қўлбола асарларимни тарғиб қиладиган Марказ ташкил этилгач, унинг фикр тарқатувчи карнайи бўлмиш рангли журнал мунтазам равишда чоп этиладиган бўлди. Ходимларига отнинг калласидек маош тайинланди, гонорар ҳам отнинг калласидек бўлмаса-да, ҳар ҳолда отнинг “қора белбоғи”дан кам эмасди. Ўша журнал раҳбарига махсус топшириқ берилдики, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарим тўғрисида айнан Шокир Бойбўта икки-уч тобоқ ҳажмида эссенамо бирор нарса ёзиб берса, тилаганини тиласин – бермаган номард! Жарида раҳбарлигини яхши кўрадиган Сувюқмас Дўрмондаги Ижод боғи депарасига роса қатнайди ва ахийри Шокирвойни кўндиради: “Бўпти, Юртменбошининг ўзи тўғрисида эмас, китоби ҳақида бир нарса ёзиб бераман. Майли, уч-тўрт миллион берсин”, дейди. Тез орада мафкуравий китобимга бағишланган “Кўрнинг ҳассаси” деган мақола-эссе ҳар ҳафтада бир чиқадиган жаридада эълон қилинади. Ман ҳам ваъдага вафо қилиб Шокирвойни “Дўстлик” ордени (икки-уч миллион пули ҳам бор) билан тақдирладим. Фармон эълон қилингач: “Юртменбоши мани сотиб олмоқчи бўлди, лекин ман сотилмадим! Бор-йўғи битта эссе ёзиб бердим; падхалимчилик қилганим учун эмас, ҳалол ёзувчи бўлганим учун орден олдим. Лўлининг эшагини суғориб пулини олиш керак!” деб кулбасига келиб-кетадиган одамларга вайсаб ўтирадиган одат чиқаради.
Ажабо, сотилиш бундан ортиқ бўладими?
Ҳай, дедим, барибир Шокирвойни бир мартага бўлса ҳам эгдим-ку! Майли, уни бошқа ювундихўрлар каби масхара қилиб эмаклатмадим, ўз ҳолига қўйиб бердим. Чунки бедавороқ дардга мубтало бўлганини билган эдим. Билганини қилсин...
Назаримда, ман анча илгари Шокирвойни эгиб олиб хизмат қилдирганимни Қаламкаш билмасди. Шу боис марҳум ёзувчини манга идеал ижодкор сифатида таърифлаб, роппа-роса икки ярим соат тўхтамасдан гапирди. Индамадим. Қўйиб бердим. Агар гапини бўлиб қўйсам, кейин ўйлаб гапирадиган бўп қолади. Манга ўйлаб гапирилган доно гаплар керак эмас, манга ижод аҳлининг сир-асрорини очиб берадиган, уларнинг кучли ва кучсиз томонларини яққол кўрсатадиган маълумот керак. Кейин нима қилишни ўзим биламан... Майли, уёғини айтмайман, уёғини ИТАР-ТАСС тарқатган расмий маълумотдан билиб оларсиз, ватандош!
Баъзан айрим ишларим ўзимга ҳам эриш туюлади. Масалан, адабиёт жабҳасини олиб кўрайлик. Нима, адабиёт тўғрисида ҳам битта ўзим бош қотиришим керакми?!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...