среда, 25 апреля 2018 г.

125. Қўрқитмачоқ


Мандан кейин Юртменистонни бошқарадиган одам маза қилади. Шаҳарларни қайта қурдим, халқнинг бурнидан ип ўтказиб олдим - уни қаёққа етакласам, ўша томонга қараб молга ўхшаб кетаверади. Фуқарони қўрқув билан умид ўртасида ушлаб турибман. Темур бобо ҳам шунақа қилган экан.
Қизларни 19 ёшга кирмагунча эрга бермаслик керак. Лицей ёки коллежни битирса, майли, эрга берилсин. Тўғри, қонун бўйича 17 яшар қизлар ҳам эрга тегиши мумкин. Аммо ман эрга тегиш  чегарасини яна икки йил орқага суриб қўймоқчиман. Нима учун? Кайвони хотинлар телевизорга чиқиб олиб ўз билганларича сафсата сотяпти. Сотқин маҳалла фаоллари ҳам, “Юртменбошининг таклифини қўллаб-қувватлаймиз!” деб жамоатчиликни баттар манга қарши оёқлантиряпти: “Нима, Юртменбошининг ўзи 17 яшар чоғида бировга хотин бўлиб кўрганмикан? 17 ёки 19 ёшида хотин бўлишнинг яхши-ёмонлигини эркак киши қаёқдан билади?” каби саволларга ҳеч ким аниқ жавоб қайтармайди-ю, аммо кимнинг томорқасига тош отилаётганини ҳамма билиб туради. Шундай қилиб, аҳоли ўртасида обрў-эътиборим путурдан кетаверади. Аслида, ман қизларни яна икки йил сақлаб ўтирсам, чет элларда мардикорчилик қилиб пул топиб қайтган йигитлар Юртменистонда ҳали-бери уйланишга кўзи етмасдан яна изига қайтиб кетади. Пуллар бу ёқда қолади, жамиятни алғов-далғов қиладиган бўйдоқлар эса мовий кўзли маллахонлар билан қовушиб, ҳийла ҳовуридан тушиб, инқилобий фикр-мулоҳазаларни миясидан чиқариб юборади.
Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, ишга яроқли бўлган аҳолининг ўн икки ярим фоизи қамалса, яна ўн икки ярим фоизи маҳбусларга қоровул бўлиши мумкин экан. Йигирма беш фоиз аҳоли иш билан таъминланса, бас, бошқалар хорижий юртлардан иш топиб олаверади. Маҳбусларни боқиш учун, форма кийиб юрадиган текинтомоқларга маош бериш учун хазинадан алоҳида маблағ ажратиш шарт эмас. Қўриқлаш хизмати ўзининг ёрдамчи хўжаликларини ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланса, давлатга қарам бўлмайди, боқиманда бўлмайди. Лекин маҳбуслар миқдорини ўн икки ярим фоиздан оширмаслик керак. Ўн икки ярим фоиз – оқилона кўрсаткич бўлиб, ундан кам бўлса ҳам, ошиб кетса ҳам мувозанат бузилади. Қанақа мувозанат бузилади? Кам бўлса, одамлар давлатдан қўрқмай қўяди. Ошиб кетса ҳам одамлар давлатдан қўрқмай қўяди. Нима учун? Аҳолининг катта қисми қамоқда бўлса, одамлар “кўпга келган тўй шунақа бўлади” деб ихтиёрий равишда жиноятчилар сафига қўшилиб кетади. Жиноят оддий ҳодисага айланиб, одамларда кўникма пайдо бўлади. Кўникма эса қўрқувни босиб кетади. Майиб бўлиб қолган қўрқув етакчилик қилолмайди. Ман бўлсам, қўрқув жамиятда етакчи куч бўлишини истайман.
Қўрқув миллий манталитетга айланиши учун боғчадан тарбиявий ишлар тўғри йўлга қўйилиши лозим. Ширгуруч емайдиган болалар аямасдан икки-уч тарсаки урилса, кейинги сафар бўтқани ҳам хўриллатиб ичадиган бўлади. Тушдан кейин ухлашни истамаган болакайга битта ғишт кўтартириб қўйиш керак; агар қўли толиб ғиштни ташлаб юборса, ўша ғишт билан ўзининг бошига ўзи урсин.
Шукр, йигирма йил давомида мустақиллик болалари вояга етди. Айрим кимсалар ҳозир 20-30 ёшда бўлган йигит-қизларни “палағда тухумдан чиққан жўжалар” дейди. Палағда тухумдан ҳеч қачон жўжа чиқмайди, палағда тухумдан бадбўй ҳид тарқалади, холос. Мустақиллик болалари ўтмишга боғланиб қолмаган, уларни келажак ҳам унчалик қизиқтирмайди. Улар еб-ичишни билади, севгини яхши кўради, сўнг ғундакка ўхшаб ётишни истайди. Туғилади, яшайди, ўлади. Тўғри, мустақиллик болаларини кучли авлод деб бўлмайди. Улар ҳатто ўзларини ҳимоя қилишга ҳам қодир эмас. Доим ҳимояга муҳтож бўлади. Мустақиллик болалари қўрқоқ ота-оналардан бино бўлган. Қўрқмас ота-оналардан бино бўлган болалар аллақачон Юртменистон ҳудудини тарк этган, ичкарида қолганлари эса узоқ муддатга қамалган.
Юртменбоши қачон ўлади? У қачон тахтдан тушади? Қачон демократик сайлов бўлади? Тахт вориси ким?
Одамлар орасида ўрмалаб юрадиган ҳамма гаплардан хабардор бўламан. Ҳм-м дейман, ўлимим яқин қолганини эшитган одамлар енгил нафас олар экан-да! Хўп, майли. Интернетда “оққон касалига йўлиққаним тўғрисида” махсус мақола эълон қилдирдим.
“Юртменбоши узоғи билан яна олти ой яшайди, жуда чўзилиб кетса, бир йил яшаши мумкин, сўнг ўлади. Ҳозир ҳар ҳафтада бир марта қонини алмаштиряпти. Мишмишларга қараганда, ёш болаларнинг қонини Олмониядан харид қилиб келиб қуйишаётган эмиш. Ёш болаларнинг қони тоза бўлади, бироқ касалга тез чалинади, иммунитети сустлашиб кетади. Бирорта касалга чалиниб қўққисдан ўлиб қолиши ҳам мумкин”.
“Юртменбоши ўлган куни тахтдан тушади”.
“Юртменбоши дафн этилгач, тўқсон кундан сўнг Юртменистонда демократик сайлов бўлади”.
“Юртменбоши ўлган куни тахт вориси ҳам заҳарлаб ўлдирилади”.
  Интернетда тарқатилган хабарга кўпчилик ишонади, озчилик ишонмайди.
Орадан олти ой ўтгач, ўша хабарга озчилик ишонади, кўпчилик ишончини йўқотади. Бир йилдан кейин ҳамма Интернетни бўралаб сўкадиган бўлиб қолади.
  Ман одамларни хавотирланиб яшашга ўргатдим: аҳолининг тенг ярми тўсатдан ўлиб қолишимдан хавотирланса, яна тенг ярми саксон йил яшашимдан хавотирланади. Узоқ умр кўриш қанчалик азоб эканини Юртменистон халқи жуда яхши билади.
  Ўлим ҳақида ўйламаслик керак.
  Одамнинг ёши бир жойга бориб қолгач, ўлим ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ экан. Баъзан кечалари ўрнимдан сапчиб туриб кетаман: ухлаб ётиб ўлиб қолсам нима бўлади? Ўзим учун Самарқандда барпо этилаётган мақбарага дафн этиламанми? Ўлигим хор бўлмайдими? Тупроғим совумасдан ман тузган давлат таназзулга юз тутмайдими?
  Чорак аср мобайнида ман одамларни қўрқитиб яшадим. Энди ўзимни ўзим қўрқита бошладим. Бу кетишда охири нима бўлар экан? Билмадим. Охири нима бўлишини худо билади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...