понедельник, 30 апреля 2018 г.

163. Хўрозбой


Истиҳборат идораси Чақатой лақабли кўнгилли агентнинг бирталай чақувномаларини лутфан манга тақдим этди. Ман лутф қилдим: “Бўпти, танишиб кўраман, маъқул бўлса, ўша Чақатойни Истанбулга Консулни зимдан кузатиб юрадиган хуфя этиб юборамиз”, дедим.
Чақатойнинг чақувномалари асосан мухолифатнинг “чўкиб қолган” аъзолари ҳақида тўпланган маълумотлар экан. Эски мухолифатчилар ҳамон эътиқодидан қайтмаган, мавжуд тузумдан норози бўлса-да, фаол ҳаракат қилишдан тийилиб юрар эмиш. “Кўпи кетиб, ози қолди, ҳадемай Юртменбоши ҳам онасининг олдига равона бўлади, кейин қоратомоша бошланади, ўшанда ким ғоз-у, ким шоввоз эканини кўрамиз!” деб чучварани хом санайдилар. Оббо, азаматлар-эй! Майли, ўлимимни кутаверинглар, лекин ҳали-бери ўладиган аҳмоқ йўқ. Энг камида юз йил умр кўраман. Ана, алмисоқдан қолган комсомол чоллар юз йилдан умр кўряпти-ку! “Юзбой”ларга ҳар йили “Жасорат” медали беряпман...
Чақатойнинг чақувномалари орасидан қизиқ хабар чиқиб қолди: Хўрозбой деган мухтор миллат вакили Қуръони каримни ўз тилига таржима қипти. Буюк китобни аслиятдан эмас, юртманчадан ўгирибди. Яша, дедим ичимда, юртман тили аста-секин халқаро алоқа воситасига айланиб борса, ман ҳам Ленин бобога ўхшаб бутун дунё йўқсулларининг доҳийси бўлиб қолажакман. Омин!
Хўрозбоз хат-қалам соҳиби экан. Қайта қуриш даврида рухсат берилган долзарб мавзуларда жонбозлик кўрсатиб, мухтор миллатнинг тўй-маъракаларида тўрга чиқиб ўтирадиган бўлган. Яхши “отади”, унча-мунча ҳаваскор шоирлар бир ўтиришдан сўнг касалхонага тушиб қолади, қайтиб Хўрозбой бор жойда қорасини кўрсатмайди.
Чорбоғда Хўрозбой мани яхши кўрадиган муттаҳам қаламкашга қўшни бўпти. Қуръони карим таржимаси ниҳоясига етгани муносабати билан боғ-ҳовлида “итбазм” уюштирилади. Овулдан Бекназар оқин, қалъадан Сатторқул мўйлов ҳозиру нозир бўлади. Қўчқор сўйилади. Боғ-ҳовлининг кунботаридаги маҳалладан битта мулла чақиртирилади: пешинга қадар хатми Қуръон қилинади. Намозхон уч-тўртта меҳмон муллага қўшилиб масжидга жўнаб кетгач, ваннага сув тўлдириб совутиб қўйилган оқ-қизил шишалар дастурхонга думалатиб қўйилади. Ҳар ким таъби тортган ичимликни хурмачасига сиққунича истеъмол қилади. Меҳмонлар бир-бирига суяниб ухлаб қолади. Ким уйғонса, ёнида ўтирган шеригини туртиб уйғотиб, қўлига қадаҳ тутади: “Қани, олдик, дўст, шу Хўрозбой акамизнинг ота авлодидан, она авлодидан ўтган зотларнинг охирати обод бўлсин!” деб тилак айтилади. Қадаҳ сипқорилиб, газак қилингач: “Жуфт бўлсин, дўст,” деб шерик ҳам бояги қадаҳ сўзини айнан такрорлайди. Ичилгач, бир-бирига суяниб яна пинакка кетишади. Қайнатилган, қовурилган гўштларни дастёрлар пешма-пеш дастурхонга тортиқ этиб туради, еб-ичилган коса-товоқ йиғиштириб олинади, бўшаган шишалар эса токчаларга бўйсира этиб териб қўйилади. Зиёфат охирида неча шиша арақ ва коньяк ичилгани тўғрисида аниқ маълумот айтилади, сўнг шу маълумот мухтор миллат орасида тарқатилади.          
Агар ман пайғамбар бўлганимда борми, Хўрозбойни барча саҳобаларимга командир этиб қўярдим. Мана, бўлар экан-ку! Юртменистонда шайхлар, муфтилар, имомлар хотин-қизларини ҳижобга киритиб қўйган. Кўча-кўйда ҳам диндорларнинг хотинларидан ўрнак олиб рўмол ўраб юрган қиз-жувонлар кўпайиб кетди. Тўғри, ҳижобда қиз-жувонлар чиройли кўринади. Э-э, чиройли кўринмай...
Муфтига айтдим: “Ё хотинчанг ҳижобдан чиқсин, ёки постни бўшатиб қўй!” Муфти талабимни хотинига етказади. Хотини дастлаб боғ-кўчаларда ялангбош юриб кўради. Бир ҳафта очиқ-сочиқ юришни машқ қилгач: “Бўпти, хўжам, агар мани деб постингиздан ажраладиган бўлсангиз, жавобимни беринг, Самарқандга қайтиб кетаман”, дейди. Муфти қўрқоқ одам, хотинидан бундай гапни эшитгач, юрак-пураги ёрилгудек бўлиб Пароканд Мирзонинг ҳузурига вой-войлаб келади: “Нима қилай? Падари бузрукворимдан сўраб беринг, у киши нима деса, шуни қиламан”, дейди. Пароканд Мирзонинг манга айтган гапларини эшитиб бўлгач: “Талоғини берсин,  вассалом! Ёки талоғини бермасдан устига иккинчи хотин олсин. Мусулмончиликда тўрттагача хотин олиш мумкин-ку! Шундайми?” дедим. “Шундайликка шундай, ота, лекин масаланинг бошқа бир нозик томони ҳам бор”, деди Пароканд чайналиброқ. “Қанақа нозик жиҳати?” дедим кўз қисиб. “Гап шундаки, ота, отнинг калласидек маош оладиган генераллар кўпдан буён иккинчи хотин олиш учун муфти ҳазратдан фатво сўраб юришибди. Агар муфтининг ўзи иккинчи хотин олишни бошлаб берса, уларга ҳам Худо беради!” “Ҳа, гап бу ёқдами? –деб ўйланиб қолдим. – Хотинини Самарқандга қайтариб юбориб, ўзи бирорта аёл билан пинҳона дон олишиб юраверса бўлмасмикан?” “Йўқ, мусулмончиликда зинокорлик учун ўлим жазоси белгиланган: ё аёлни никоҳга олиш керак, ёки бехотин қолган кунидан эътиборан диний постни топшириши керак”, деди Пароканд. “Ие, бехотин одам муфти бўлиши мумкин эмасми? Муфтини постига ман тайинлайманми ёки?!” деб столни муштладим. “Хўп, ота, сиз нима десангиз шу”, деб Пароканд  эшик томон тисарилади. “Шошма, – дедим. Ўрнимдан туриб, хонада у ёқдан бу ёққа уч-тўрт марта бориб келдим. – Яқинда мухтор миллат тилига Қуръони каримни таржима қилган Хўрозбойни муфти этиб қўяқолсак бўлмасмикан?” Пароканд Мирзо бошини кўтармасдан: “Ўзингиз биласиз”, деди. “Бўпти, боравер, муфти шошмай турсин, жавобимни эртага айтаман”.
Пароканд Мирзо хонани тарк этгач, яна Чақатой жўнатган чақувномани қайтадан кўздан кечирдим: назаримда Хўрозбой муфтиликка ниҳоятда мос тушадиган номзод эди. Нима қилсам экан?
  Хўрозбойни муфти этиб тайинламасам-да, унга албатта бирорта каттароқ пост бераман.
  Ҳижобга ўраниб юрган хотин-қизларни кўриб, охири Ҳамзанинг “Паранжи сирлари” пэсасини “Жаҳон адабиёти” журналида қайта эълон қилиб, Академик театрда янгитдан саҳналаштириш лозим деган хулосага келдим. Бир ишора қилсам, Нажосат Маскани дарҳол улоқни олиб кетади; ҳаммасини ўзи уюштиради. Балки Мустақиллик майдонида худди ўткан асрнинг йигирманчи йилларида бўлгани каби ҳижоб ва паранжиларни гулханга ташлаб ёқиб юбориш лозимдир?
  Эҳ, Хўрозбой! Агар ман пайғамбар бўлганимда борми, сани барча саҳобаларимга командир этиб тайинлаб қўярдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...