среда, 18 апреля 2018 г.

95. Бўлажак сенаторлар


Йил охирида Олий Мажлиснинг юқори ва қуйи палатасига сайлов бўлади. Қуйи Қонунчилик палатасидаги ўринлар “чўнтак”ларим ўртасида Иноятли ва ҳаққоний тақсимланган. Ҳамма депутатларга гувоҳнома ёзилган, фақат тантанали тарзда тарқатиб берилса бас. Сайловолди кампанияси матбуотда, радио ва телевидениеда пешма-пеш ёритиляпти. Халқаро кузатувчилар сафида олмониялик Бундестаг аъзолари ҳам мамлакатимизга пинҳона ташриф буюрган, ҳозир тарихий шаҳарларимизни зиёрат этиб юришибди. Бу ёғидан кўнглим тўқ. Бироқ, бўлажак сенаторлар масаласида ҳали қатъий бир тўхтамга келганим йўқ. Конституция бўйича ўзим маълум миқдор сенаторларни тайинлайман. Тайинлаш сайловга нисбатан қийин бўлар экан. Сайловда “сайлаб-сайлаб” танлаб олиш имконияти бўлади, тайинлаш чоғида тайинли одамлар обдон текшириб кўрилса, тутуруқсизлиги маълум бўлиб қолаверади. Хунобим ошиб кетади.
Манга бағишлаб энг катта достон ёзган шоир, афсуски, ўлиб кетган. Хўроз билан Чиллашир эса эл-юрт назаридан қолган. Назардан қолган сенаторлар сиёсий мурда ҳисобланади, улардан ҳеч қандай наф бўлмайди. Қани, кўраман, агар янги тузган рўйхатимда жой ортиб қолса, майли, уларни ҳам шатакка ўхшатиб Сенатга илдириб қўяман.
1. Сарбадор кал бўлса ҳам, лекин садоқатли одам. Уни бирорта жамғармага ё уюшмага  раис этиб, кейин сенаторликка тайинлайман.
2. Қуёшбек ўзича муғомбирлик қилмоқчи бўлади, аммо қайнатма шўрвани қотиради. Кўп бора депутат бўлган, тажриба тўплаган. Майли, бу дунёда армони қолмасин, сенатор бўлақолсин.
3. Кампирияк манга керак. Калбошни муттасил назорат этиб туриш Иноят Махсумга оғирлик қилади, уни Кампириякка қўйиб бераман. Ўзи ёпиштиради.
4. Бойсари “тур!” десам туради, “ёт!” десам ётади. Итга ўхшайди. Битта итни боғловда ушлаб турсам, ҳартугул, вақти-соати келганда фойдаси тегиб қоларди. Давра кўрган. Четга суриб қўйганимдан буён соч-соқоли оқарибди. Ҳар ҳафтада бўяб қўяди. Майли, уни ҳам ноумид қилмайман.
5. Аҳмад Хоразмий (?).
Кўчага қарашли битта одамни ҳам рўйхатга қўшиб қўйишим керак. Бироқ, уни бешинчи ўринда рўйхатга киритсам бўлмас, кейинроқ киритаман. Ҳар ҳолда, кўздан йироқ тургани маъқул.
Бўлажак сенаторларнинг хомаки рўйхатини стол тортмасига тиқиб қўйдим. Кресло суянчиғига ўзимни ташлаб бирпас кўзларимни юмиб ўтирдим. Пароканд кўз ўнгимда гавдаланди: наҳотки, ман ўлиб кетганимдан кейин шу махсумча ҳам Эрнст Ханфштанлга ўхшаб хотира ёзади? Уни сенатор этиб ўзимдан узоқлаштирсам қандай бўлар экан? Сенаторлар орасида бўладиган ҳар хил гап-сўзларни оқизмай-томизмай етказиб турармиди...
Керишиб ўрнимдан турдим, жағ суякларимни қисирлатиб эснадим. Уйқум келяпти. Энди аср бўлди. Аср билан шом ўртасида ухлаб бўлмайди. Одам ланж бўлиб уйғонади. Кейин узун тунни қандай ўтказишни билмасдан тўлғониб чиқишга тўғри келади. Яхшиси, боғни бир айланиб келаман.
Негадир Хушмат эсимга тушиб қолди. “Қандолатчилик” журналида Қаламкашга қарши кетма-кет мақолалар эълон қиляпти. Бўрсиққа ўхшаб бир нарсага ёпишса, асло қўйиб юбормайди: бошига урсанг баттар ёпишади, охирида ёпишган жойини узиб олади. Қаламкаш унга эътибор бермасдан тўғри қиляпти. Хушматни ҳам сенатор этиб қўйсаммикан?.. Жуда енгилтак йигит-да, одамни шарманда қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.
Теракзор ёнидан ўтиб кетаётиб лаҳимдан чиққан тупроқ уюмига кўз қиримни ташладим. Жойида турибди, устига терак япроқлари тўкилибди. Тўхтаб теракларга қарадим: япроқлари учидан сарғайиб тўкила бошлаган эди. Дарахт япроқлари остидан тўкилса қиш қаттиқ келадими ёки учидан тўкилса?..
Ўйланиб йўлка бўйлаб кетавердим. Қулоғимга қув-қув йўтал товуши эшитилди. Йўтал отхона ортидаги йўнғичқазордан келарди. Ўша томонга бурилдим. Пайкал адоғида Аҳмад Хоразмий чалғида йўнғичқа ўряпти. Пешанасини оппоқ дуррача билан танғиб боғлаб олган. Бедапоя ўртасида темир чойнак, чойнак қопқоғига пиёла тўнтариб қўйилган. Боғбонни анчадан бери кўрмаган эдим. Пайкалга тушиб ёнига бордим. Салом-алик қилдик. У ўримдан тўхтаб чалғи тиғини бир сиқим беда билан обдон артди. Сўнг остига қалинроқ беда тўшаб ўтирди. Пешбоғини ечиб юз-кўзларини артди, ўзини елпиди. Тиззаларини қучоқлаб ерга қараб ўтирарди.
-Аҳмад оға, от ўлган бўлса, энди беданинг нима кераги бор? – дедим.
-Ман ўлганим йўқ-ку, – деди бош кўтармасдан. – Ўриб, қуритиб ғарам қилиб қўяман. Эмасам, увол бўлади... От ўлган бўлса ҳам насибаси қолган.
-Янги туркманбошидан илтимос қилайми, яна бирорта от юборсинми?
Жавоб бермади, фақат юзимга тикилиб бош чайқади.
-Аҳмад оға, сенатор бўлишни хоҳлайсизми? – Бир оз сукут сақлаб давом этдим: – Биламан, сиз ҳалол одамсиз, ҳалол одамлар Юқори палатада қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлади. Қолаверса, битта Рим императори (Юлий Цезар бўлса керак) ўзининг отини ҳам сенатор этиб тайинлаган, энди ман отбоқаримни сенатор этиб тайинласам, ҳеч ким ҳеч нарса демайди.
-Ман отбоқар эмасман, боғбонман. Отбоқар билан итбоқар бошқа одам – Мелибой. Ўшани сенатор қилинг, мани сиёсатга аралаштирманг.
-Хўп, маслаҳатингизни ўйлаб кўраман, – деб чўнқайиб ўтирган жойимдан турдим.
-Шошманг, аризам нима бўляпти? – деб сўради бошини кўтариб.
-Суриштирдим, яқинда ижобий ҳал бўлиб қолса керак.
-Раҳмат, – деди синиқ товушда.
Йўлкага чиқдим.
Наҳотки, бу одам ҳам Саудия Арабистони орқали АҚШга қочиб кетишга жиддий аҳд қилган бўлса? Балки, сенатор этиб қўйсам ниятидан қайтар?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...