понедельник, 23 апреля 2018 г.

107. Мажусийлар


Ҳозир мажусийликни тиклаб бўлмаса керак. Бутга сиғинадиган одамлар фақат бутга сиғинади, ўтга сиғинадиганлар эса ўтга сиғинади. Диний ҳис-туйғуларни ўлдириб ҳам, ўзгартириб ҳам бўлмайди. Валихон Қори яхши гапга ҳам кўнмади, ёмон гапга ҳам кўнмади, охири ўзига ўзи жабр қилди (мабодо нариги дунёда дўзахга тушадиган бўлса, яна куйиб кул бўладиган ҳеч нарсаси қолмади). Қайсар Қори тажрибаси кўрсатдики, солиҳ бандани ўзи тўғри деб билган йўлдан қайтариб бўлмас экан. Яхшиям, Юртменистонда солиҳ бандалар бармоқ билан санарли, холос. Ўнта чиқармикан?
Ҳомийларим билан узоқ ўйладик ва ташаббусни қўлга олишга қарор қилдик.
                         Вақт борида отни қамчилаш керак, дўстим! – дейишди.  – Одамларни тошга сиғинадиган этиб қўйиш керак.
                         Ҳозир ҳазилнинг вақтими, эй аҳли Мусо? – дедим тумтайиб.
У ўтирган ўрнида олдинга энгашиб қулоғимга пичирлади: шунақа-шунақа деди, ман бошимни қимирлатиб тасдиқ ишорасини англатдим. 
Дарҳақиқат, оғои Мусо жўяли маслаҳат берган эди: Юртменистон халқи етмиш йил давомида атеистик ҳаёт кечирди, худодан қайтди. Фақат чол-кампирлар ёки бекорчихўжалар диний маросимлар туфайли тирикчилик қилиб юрарди. Собит исломий эътиқод учун беш фарзни сидқидилдан адо этадиган мусулмон, боя айтганимдек, жуда оз эди. Хулласи калом, оломон солиҳ раҳнамога батамом ихлос қўйиб улгурмасидан бурун уни мақсадга мувофиқ йўлга буриб юбориш лозим. Мақсадга тўғри йўл (сиротал мустақим) элтмайди. Оломонга тўғри йўлдан  кўра, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўладиган йўл маъқул ҳисобланади.
Шуни мамнуният билан қайд этмоқ керакки, бугунги кунга келиб давлат билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари анча яхшиланди. Юртменистон ҳукумати мусулмонларнинг талаб-истакларини инобатга олиб, дин устидан тўла назоратни қўлга олди. Бу иш осонликча бўлмади албатта. Бунинг учун узоқ йил, босқичма-босқич, турли тадбирлар ёрдамида эришилди. Уларга пора ўлароқ: 1) мусулмон дунёсининг энг муқаддас ёдгорликларидан бири – халифа Усмоннинг “Мусҳафи” улар ихтиёрига қайтариб берилди; 2) қатор тарихий обидалар диний ташкилотлар ихтиёрига ўтказилди; 3) янги масжидлар очилди; 4) давлат диний асарларни чоп этишда ёрдам беряпти; 5) Макка ва Мадинани томоша қилишга борадиганлар кўпайди; 6) дин пешволари матбуот, радио ва телевидение орқали ўз қарашларини эмин-эркин баён этмоқда ва ҳоказо. Тақдирга шоён таҳсинларки, ҳозирги даврга келиб халқаро сиёсатда мафкуравий иқлимлар юмшади, сиёсий жоҳиллик, ялпи шуҳратпарастлик ортга чекиниб, ўзаро дўстлик, ишонч ва биродарликка кенг йўл очилмоқда. Биз хориж аҳли билан, тарихимиз ўзаро узвий боғланган қўшни давлатларнинг халқлари билан, дунёдаги барча тинчликсевар эллар билан илм, маданиятнинг ҳамжиҳатлик соҳаларидаги муносабатларимизни янада яхшилаш тарафдоримиз. Қадимги Турон ва Хуросон фарзандларининг жаҳон илму зиёсига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Форобий, Рудакий, Улуғбек, Жомий, Навоий, Бобур, Муҳаммад Солиҳ (бу падарлаънати, эски замон шоири бўлса ҳам, фамилияси қурғур янги замон шоирини эслатиб жиғимга тегади. Рўйхатдан ўчиришим, бошқалар ҳам эсламайдиган қилиб қўйишим керак шекилли. Ўрнига бирорта мўътадил жуҳуднинг отини, масалан, Радий Фишни тахаллус этиб қўймасам бўлмас), Шайбоқхон ва бошқа юзлаб зотларни жаҳон яхши билади. Қадимдан Шарқ халқларининг илмий-маданий алоқалари кучли бўлган. Бу ҳамкорлик янада ривожланиб, халқлар дўстлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилажак.
Демак, барча тарихий обидалар таъмирланиб, пештоқларига уч-тўрт калима арабча лавҳа битилиб фойдаланишга топширилиши керак... Қорақалпоғистоннинг Элликқаъа туманида машҳур ҳофиз Отажон Худойшукуров кўмилган қабр устига муҳташам мақбара барпо этилган. Мақбарага ҳофизнинг тор чалиб, бор товушда қўшиқ айтаётган сиймоси қоп-қора мармарга муҳрланиб ёпиштириб қўйилган. Мамнуният билан куйлаётган ҳофиз сиймоси киши кўнглида ёруғ ҳисларни қўзғатиб юборади. Гўё Отажон Худойшукуров нариги дунёда ҳам ялло қилиб юргандек таассурот уйғонади. Одамларга айнан шунақа нарсалар керак. Ҳозир нафақат Юртменистоннинг ҳамма бурчакларидан, ҳатто қўшни мамлакатлардан ҳам туристлар келиб Отажон Худойшукуров кўмилган мозорда жонлиқ сўйиб, қон чиқариб, диний ритуалларни адо этиб кетишяпти. Шийпонларда хўроз уриштириляпти, бедана уриштириляпти ва ҳоказо.
Юз йил, етмиш йил нарида ким кўмилган бўлса кўмилгандир, лекин биз қабр устига мақбара қуриб қўйишни эсдан чиқармайлик. Эски ёдгорликлар нураб кетган бўлса, уни ҳам тиклайлик. Янги ва янги масжидлар барпо этиб, атрофида туристларга хизмат кўрсатадиган замонавий маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари қад кўтарса, ишончим комилки, хорижий сайёҳлар ёпирилиб кела бошлайди. Бурноғи йили Марғилонда битта қўзичоқ ёнбошида “Аллоҳ” деган ёзув билан туғилгани тўғрисида мишмиш тарқалган заҳоти дастлаб Юртменистон аҳолиси, сўнгра аҳли Туркистон, охирида жумлаи жаҳон ўша томонга ёпирилиб кетганини ҳамма кўрди. Афсус, олти ойдан кейин қўзичоқ ширвоз бўлди, тўқли бўлди ва қўнғироқсимон жунлари ёйилиб, бояги илоҳий калима ҳам тарқалиб кетади.
Ҳалқимиз диний мутаассибликка мойил. Агар унга тезроқ бирорта эрмак топиб берилмаса, ўйлаб-нетиб ўтирмасдан ваҳҳобийлар оқимига ҳам, “Ҳизбут таҳрир” фирқасига ҳам қўшилиб кетаверади.
Бош вазирни чақириб, Юртменистондаги жами эски-туски ёдгорликлар рўйхатини тузиб чиқиш тўғрисида топшириқ бердим.
                         Ўлик кўмилган ёдгорликлар рўйхатга олинсинми ёки нураб кетган чолдеворлар ҳам подряд рўйхатга олинаверсинми? – деб сўради уч кундан сўнг Бош вазир.   
                         Ўлик кўмилган ёдгорликлар “биринчи категория” бўлсин, ўликсиз ёдгорликлар “иккинчи категория”га киритилсин, ҳайми?!
                         Ҳай.
Қирқ кундан сўнг рўйхат тайёр бўлди. Ўҳ-ҳў, мамлакат улкан қабристон экан-ку! Ўликли ёдгорликлар ўн икки мингта экан, ўликсиз ёдгорликлар эса ўн бир минг уч юз элликта эмиш.
                         Нега айнан ўн икки мингта ўликли ёдгорлик бор экан? – деб сўрадим. – Ё битта кам эмас, ёки битта кўп эмас?
                         Кам-кўстини тўғрилаб қўйдик, устоз, – деди Бош вазир.
                         Қандай қилиб? – дедим ажабланиб.
                         КГБ ва МВДнинг подвалларида уриб ўлдирилган диндорларнинг қабри устига ҳам зудлик билан кўркам мақбара тикланди. Янги мақбаралар ўликли ёдгорликлар рўйхатига киритилди. Агар номаъқул десангиз, устоз...
                         Маъқул, – дедим, – мажусийлар Оллоҳга эмас, мақбараларга сиғинади. Маъқул иш бўпти.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...