среда, 25 апреля 2018 г.

122. Муллавачча


Қибрайда битта муллавачча пайдо бўлди. Чеварчилик қилади. Аслида, чеварчилик эркакнинг иши эмас. Лекин муллавачча чевар – асосан эркакларнинг либосини тикади: костюм-шим, калта иштон, кўйлак, жойнамоз... Давлат томонидан очиб қўйилган “Модалар уйи” бу ёқда қолиб, одамлар муллаваччанинг уйига югурадиган бўлди.
Исми Жакбарали эмиш. Данғарадан келган. Қайси Данғарадан? Фарғонада ҳам Данғара бор, Тожикистоннинг Кўлоб вилоятида ҳам Данғара бор; Душанбе шаҳридан Султонобод қир-адирлари оралаб ошиб ўтилса, Ёвон пасттекислиги бошланади, Ёвон водийсининг адоғидан Данғара бошланиб кетади. Данғарада Кўҳистон такаси туғилган, у раҳбарлик қилган совхоз ҳам Данғарада жойлашган, Данғара халқи асосан чорвачилик билан машғул... Хайрият, Жакбарали нариги Данғарадан эмас, ўзимизнинг Данғарадан экан – фарғоналик. Исмини ким қўйган экан? Билмадим. Лекин камёб исмни топиб қўйишган. У илм истаб Тошкентга келади. Шарқшунослик институтида шартнома асосида бир йил таҳсил кўради. Қараса, тўловга ота-онасининг қўли қисқалик қилади. Ўқишни битирганидан сўнг шу соҳа бўйича ишлаб тирикчилик қилиб кетишига ҳам кўзи етмайди. Дипломли шарқшунослар тиқилиб ётибди. Боз устига, ётоқхонадан жой тегмайди. Қибрайдан ижарага (киралик) уй топади. Туман марказидан стадион тарафга қараб юрилса, ўнг томонда икки қаватли эски коттежлар бор; шу коттежлардан бирининг иккинчи қавати бўш ётган экан, эгаси ҳовлида истиқомат қилади, намозхон киши экан. Эридан битта боласи билан ажралиб келган уй эгасининг қизи чевар бўлиб, буюртмалар олиб ҳар хил (асосан болаларбоп) кийим тикар экан. Чеварнинг чизмалари коттежнинг битта хонасидаги стол устида сочилиб ётарди. Жакбарали бўш пайтларида ўша чизмаларни кўздан кечиради ва айрим чизмаларга ўзича ўзгартириш киритади. Чизмакашликдан зерикса, токчадан чанг босиб ётган “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” номли китобни (Абдулла Авлоний ёзган) варақлайдиган, сўнгра мук тушиб ётиб астойдил мутолаа қиладиган бўлади. Э-э, дунёда бўладиган гапни ёзадиган ёзувчи ҳам бор экан-ку, деб бағоят ҳайратланади. Шу пайтгача ўқиган китобларида ёзувчилар фақат аравани қуруқ опқочарди: Али Лаълини ёқтириб қолади, Лаъли эса Валини чўтлаб юрарди, чунки Валининг машинаси бор, отаси ҳам катта ишда ишлайди; Алининг қоп-қора мўйловидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Хўш, Лаъли кимга тегади? У Валига тегса бахтли бўладими ёки Алига тегиб ўз бахтини топадими?.. Тахминан, шунақа можаролардан иборат бўларди Жакбарали ўқиган китоблар. “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” ёқиб қолади унга. Ҳатто манинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” деган китобимдан ҳам зўр эмиш... Маникини у чучмалгина “нарса” деган эмиш. “Туркий Гулистон...” кичик-кичик бўлимчалардан иборат, ичи тўла ғиж-ғиж маъно.
“Кизб деб ёлғон сўзни айтилур. Ёлғончи кишилар “каззоб” дейилур. Пайғамбаримиз: “Ал каззобу ло уммат”, яъни, “ёлғончи манинг умматимдан эмас”, демишлар. Жаноби Ҳақ Қуръони каримда: “Ёлғонни имони йўқ кишилар сўйларлар”, демишдур. Расули акрам афандимиз фақат уч ерда ёлғоннинг мубоҳлигини баён қилиб, “бири – муҳораба замонида, иккинчиси – эр ва хотинни ризо қилмоқда, учинчиси – икки мўъмин орасини тузатмоқда ёлғон сўйлов жоиздир”, демишлар”.
“Нифоқ деб кишининг олдида бир хил, орқасидан бошқа бир сўзланадургон сўзни айтилур. Мундай кимса мунофиқ ёки иккиюзлама дейилур. Баъзи ҳийлакор, кўрнамак, ёлғончи мунофиқлар бўлурки, манфаати шахсиялари учун сизни қурбон қилур. Расули акрам афандимиз: “Қайси киши мусулмонлар орасига жудолик солса, биздан эмасдур”, демишлар...”
Жакбарали “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобини хатм қилгач, токчада “Намоз ўқиш қоидалари” номли мўъзажгина китобча пайдо бўлиб қолади. Бу китобча пайдо бўлганидан сўнг англайдики, ўзи ўқишга кетган пайтларида коттежга уй эгаси келиб кетади, унинг ётиш-туришини орқаворатдан назорат қилади; агар арақ ичадиган бўлса, бўш шишаларни топиб олса, уни ижарахонадан ҳайдаб чиқариши ҳам мумкин. Стол устида сочилиб ётадиган чизмалар йиғиштириб олинади. Ой охирида ижара ҳақи бериладиган муддат яқинлашганида якшанба куни оқшом чоғи уй эгаси бўлмиш оқсоқол Амаки ўрнига Моҳинур уч яшар ўғилчасини етаклаб коттежга кириб келади. Ўғилчасининг исми Нурсултон экан. Болакай бирпасда Жакбарали билан апоқ-чапоқ бўлиб кетади. Моҳинур жавонда қолган чизмасини олгани келган экан: “Адам касалхонага тушиб қолдилар, аҳволлари оғир”, деди. Бироқ ижара ҳақини олмади.
                         Тузалиб чиқса, ўзларига берасиз, – деди. – Сиз билан у киши оғзаки шартнома тузган, ман сизларнинг ишингизга аралашмайман.
Амаки вафот этади. Жакбарали дафн маросимида қатнашади. Қирқ кунгача ҳар пайшанба оқшомида марҳум хонадонига бориб ўзи билганича Қуръон тиловат қилиб қайтади. Баъзан унга эргашиб Нурсултон ҳам коттежга келарди, қоронғи тушгач ухлаб қоларди... Болакай Жакбарали билан Моҳинурни бир-бирига боғлаб қўяди. Жакбарали жувонга уйланади, жувоннинг касбини эгаллайди. Бир йилдан сўнг фарзанд кўришади. Қизалоққа “Гулора” деб исм қўядилар. Гулора нахичеванлик гўзал озар қизининг исми эди. Жакбарали Шўро тузумининг охирги йилларида ҳарбий хизматини Озарбойжон – Эрон чегарасида ўтаган, Гулорани ўшанда учратган, унга кўнгил қўйган эди. Бироқ Гулорани табризлик битта турк йигити бошини айлантириб, Истанбулга опкетиб қолади. Шундан сўнг Жакбарали ҳеч нарсага қизиқмай қўяди; Данғарада оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб юради. Муқим бирор иш билан шуғулланмайди. Охири Шарқшунослик институтига кириб форс тилини мукаммал ўрганмоқчи бўлади. Форс тилини ўрганиб, Истанбулга бориб Гулорани топмоқни кўнглига тугиб қўяди. Кейин мундоқ ўйлаб кўрса, хўш, Гулорани топиб нима қилади? Уни эридан ажратиб оладими?.. Хуллас, ўқишдан ҳам кўнгли совийди. Моҳинур шу кезларда кўнгил уйини ёритиб юборади гўё. Гулорани топади. Моҳинурга кўнгил қўяди. Намозни ўрганади. Ҳалол юриб, ҳалол туришни ўрганади. Қибрайда қўли гул чевар сифатида ном қозонади. Атроф-жавонибдан мижозлар ёғилиб кела бошлайди. Жакбаралининг ишлари юришиб кетади, аксарият мижозлари намозхон йигитлар эди...
Қибрайлик чевар йигитнинг довруғи Қароргоҳимга ҳам етиб келди. “Йўқотинглар! – дедим. – Қаматиб юборилсин!”
Подшонинг амри вожиб. Жакбарали уч-тўртта мижозларига қўшиб, диний экстремистик гуруҳнинг аъзоси сифатида ўн беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, мол-мулки мусодара этилди. Коттеж ҳам, ҳовли ҳам Моҳинурнинг номида экан. Шундай бўлса-да, кўчмас мулклари мусодара этилиб, Моҳинур иккита боласи билан кўчага ҳайдаб чиқарилди. Чолидан ажралгач хийла тўкилиб қолган кампир – Моҳинурнинг онаси бундай мусибатга чидамасдан омонатини топширибди. Одамлар кечагина алқаб юрадиган чеварни энди: “Шумоёқ муллаваччанинг касофати уриб, гулдай бир оила вайрон бўлди!” деб дийдиё қиладиган бўлди.
Оломон кўрганига эмас, эшитганига кўпроқ ишонади. Ман оломон психологиясини жуда яхши биламан; оломонни маймундек ўйнатаман. Ишқилиб, бу оломон халқ бўлмаса бас. Оломонга қирқ йил подшолик қилишим мумкин. Бироқ халқни қирқ кун ҳам қўй пода мисоли бошқариш амримаҳол.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...