среда, 18 апреля 2018 г.

91. Ҳожатхона


Ойдин оқшомда сайр этиб юрган чоғларим баъзан бадбўй ҳид димоғимга урилади. Қароргоҳ атрофида – йигирма чақирим радиусда бирорта аспал заводи ҳам, кимёвий корхона ёки товуқхона ҳам йўқ, борлари аллақачон кўчириб юборилган. Фақат аҳоли яшайдиган қўнимгоҳлар стратегик аҳамиятга (“живой щит”) эга бўлгани учун ўз ўрнида қолдирилган; барча қўнимгоҳлар замонавий лойиҳалар асосида, энг сўнгги ҳарбий мудофаа чора-тадбирлари ҳисобга олинган ҳолда қайта қурилган. Қўнимгоҳларда миллий гвардия зобитларининг оила аъзолари жойлаштирилган. Одатда, шамол тескари эсаётган кезларда бадбўй ҳид димоқни ёриб юбораман дерди. Демак, ўша ҳид Чотқол тоғларидан эмас, миллий гвардия казармалари жойлашган Дишон қалъа тарафдан келарди. Дарвоқе, қароргоҳ ҳам миллий анъаналар асосида қайта бунёд этилган; Хива хонлари тажрибаларидан ижодий фойдаланиб, эски қароргоҳ хийла кенгайтирилган, ички ва ташқи даҳаларга бўлинган. Ички даҳа “Ичан қалъа”, ташқи даҳа эса “Дишон қалъа” деб аталади. Ман Ичан қалъада яшайман, Дишон қалъада миллий гвардия ўз бурчини адо этади. Дишон қалъа деворлари эски ҳолатидан икки пахса чамаси юқори кўтарилган. Девор устидан қават-қават тиконли сим ўтказилган, симларга кечалари электр токи улаб қўйилади.
Гоҳи-гоҳида субҳи козибда уйғониб кетадиган одатим бор. Кейин ҳадеганда уйқим келавермайди. Далай Лама совға қилган чакмонни елкамга елвагай ташлаб боғ сайрига чиқиб кетаман. Агар шамол ёки шабада тескари тарафдан эсаётган бўлса, бадбўй ҳид димоғимга гуп этиб урилган заҳоти бурнимга рўмолчамни босиб изимга қайтаман.
Бу ниманинг ҳиди бўлиши мумкин? Кўп ўйладим, хотираларимни ағдар-тўнтар этиб кўрдим ва расмий давлат сафари билан биринчи марта Ҳиндистонга борганим лоп этиб эсимга тушиб қолди. Ўшанда самолётимиз Деҳлидаги халқаро аэропортга қўнгач, трапнинг юқори майдончасига қадам қўйган заҳотим димоғимга гуп этиб бадбўй ҳид урилган, ман беихтиёр ўзимни ичкарига олган эдим. “Нима бу?” деб сўраган эдим стюардессадан. “Мушки анбар, шекилли”, деб жавоб беради дурагай қиз кўзларини пирпиратиб. “Киприкларинг ясама эмасми?” деб ҳазил аралаш ёноғига бармоғим билан чертиб қўйиб, кулимсираб яна трап майдончасига чиққан эдим. Маълум бўлишича, Деҳлининг ҳамма жойидан ҳожатхона ҳиди уфуриб турар экан. Чунки миллион-миллион одам кўча-кўйда дуч келган жойда бўшаниб кетаверар экан. Бу нарса миллий анъана тусига кирган, асло айб ҳисобланмас экан.
Калаванинг учи Дишон қалъада эканини англаб етдим. Иноят Махсумга махфий топшириқ бериб Ичан қалъадан Дишон қалъага лаҳим қаздирдим. Лаҳим ўт ўчирувчилар кучли босим остида сув сепиб илма-тешик этиб юборган отхона ичидан бошланди. Иш кечаси бошланиб тонг саҳарда тўхтатилди. Кундузи отхонага тўпланиб қолган тупроқ теракзорга элтиб ёйиб ташланарди. Қирқ кеча-кундуздан сўнг лаҳим тайёр бўлди. Дишон қалъада тўрт оёқли темир устун кўтариб турган ўн тонналик сув бочкаси бор эди. Бочкада ҳар эҳтимолга қарши доим сув захираси сақланарди. Устун остида бир туп наъматак ўсиб жинғилга айланиб кетган. Лаҳимнинг охири шу жинғил остидан чиқди. Тахтадан қопқоқ ясалиб, устига бостириб қўйилди. Қопқоқ хазон тусига бўялган. Қопқоқ аста кўтарилиб орқасига қайириб қўйилса, бутун Дишон қалъа кафтдагидек кўриниб турарди. Агар битта террорист қўл пулемётини судраб лаҳимдан чиқариб олса борми, ҳар куни эрталаб маълум бир вақтда сафга тизилиб турадиган миллий гвардияни битта қолдирмай қириб ташлаши ҳеч гап эмас. Худога шукр, Дишон қалъада бундай лаҳим борлигини мандан бошқа ҳеч ким билмайди. Иноят Махсум лаҳим қазиб берган тўрт нафар мардикор йигитни дунёнинг тўрт тарафига узоқ муддатли командировкага жўнатган. Улар 2014 йилдан 2015 йилга ўтар кечаси командировкадан қайтиши мумкин ва қайтмаслиги ҳам мумкин. У ёғига худо пошшо. Лаҳим борлигини биладиган Иноят Махсум эса, ишончим комилки, бу сирни ўзи билан нариги дунёга олиб кетади. Яна қайдам. Бир марта ифлослик қилган одам қайтиб ифлослик қилмайди деб кафолат беролмайман.
Эрта тонгда ёки оқшом чоғи тўсатдан заҳартанг қилмоқчи бўлган кишидек иштонимни тиззамга тушириб отхона харобасига жадал юриб кириб кетаман. Орқамдан эргашиб киришга адютантимнинг юраги бетламайди. Бир-икки марта деворнинг нураган жойидан ичкарига мўралаган эди, кафтимга туфлаб шунақаям ўхшатиб башарасига мушт туширдимки, бурни пачоқланиб ўн беш кун уйида ётиб муолажа олиб қайтди. Шу-шу, бир-икки соат йўқ бўлиб кетсам ҳам отхонага яқин йўламайдиган бўлди.
Дастлаб, Дишон қалъани Ичон қалъа билан ажратиб турадиган баланд деворга сап-сариқ тусда бармоқ қалинлигида ёзиб қўйилган гап-сўзларни ўқиб ёқамни ушладим: “Зарина, ман сени севаман!” “Кўпайсин, қайдасан, жонгинам!” “Жўрақул, sms жўнат!” “Дембел давай, сувка!” “Чиллашир, бу ерда сенга пишириб қўйибдими!” “Ялоқхўр, энди мандан ўпкалама!..”
Эртаси куни майда ҳарфларда ёзилган гап-сўзларни ҳам бемалол ўқиш учун Хитой раиси шахсан совға қилган дурбинни бўйнимга осиб лаҳимдан бош чиқардим. Ёзувлардан кўра, гап-сўзлар нима билан ёзилгани кўпроқ мани ҳайрон қолдирди: ёзувлар ёғли пўқда ёзилган эди, ёмғир-қорда ҳам ўчиб кетмасдан деворга чиппа-чип ёпишиб қолган эди. Миллий гвардиячилар бир ҳовуч иссиқ ахлатни девор ёнига кўтариб бориб кўрсаткич бармоғи билан кўнглидаги гапини эринмасдан деворга муҳрлаб қўяр экан.
Тонгда кўрганим манзара мани баттар ҳайратга солди: роппа-роса соат олтида сурнай садоси янграган заҳоти ярим-яланғоч гвардиячилар ташқарига отилиб чиқиб газон экилган майсазорга ёйилиб кетади; ҳар ким дуч келган жойга иштонини ечиб ўтиради, сараси қистамаган йигитлар тўғри бориб деворга қаратиб чоптириб қайтади. Сара қилаётган битта йигит: “Чори, ортиқча кесак борми?” деб сўрайди. “Латип, ўзим олти қиррасига артиб зўрға тозаладим; майсага ишқалаб кетавермайсанми?!” “Эшон, сенда ортиқча кесак борга ўхшайди, биттасини отиб юбор!” “Тошбой сўраб қўйган, ҳув нарида Ўткир ҳам йиғламсираб ўтирибди, унга бермасам хафа бўлади”. “Майли, Итбосарга бер, ман бир иложини қиларман; кеча ишлатган кесагим қуриб қопти...”
Нонуштадан кейин миллий гвардия командирини қароргоҳга олдирдим. Қўлини чаккасига тираб рапорт бераётган пайтида башарасига тарсаки тортиб юбордим.
-Ҳе-е, амирларингни ҳам урдим, тўраларингни ҳам урдим! – дедим. – Нега туалетларни ишлатиб қўймайсан?!
-Қайси бирини қилай? – деб гап қайтарган заҳоти нариги бетига ҳам тарсаки туширдим.
-Кругом! – деб буюрдим. Орқасига қайрилар-қайрилмас, кетига хуморимдан чиққунча роса тепдим. Ҳар тепганимда турган жойида бўкчиб-бўкчиб тушарди.
Хуморимдан чиқиб креслога бориб ўтирдим. Командир воқеани бир чеккадан ҳикоя қилиб берди.
Маълум бўлишича, миллий гвардияга бўйи бир юзу саксон см.дан кам бўлмаган йигитлар олис овуллардан тўплаб келинган. Олис овулларда ҳожатхона бўлмайди; ҳовли-жой деган гап йўқ, ҳар ким хоҳлаган жойига ўтириб кетаверади. Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, қўл жангига, мерганликка, ҳар қандай буйруқни сўзсиз адо этишга ўргатилган гвардиячиларни замонавий ҳожатхоналардан фойдаланишга асло ўргатиб бўлмабди. Улар ҳатто иссиқ сувда эмас, совуқ сувда ювинади; ювинганда ҳам унитаздан оқиб тушадиган сувда оғзини чайиб, бет-қўлини туалет қоғозига артиб чиқади. “Нега ундай қиляпсан?” деб сўралса, “Сувга тупуриб бўлмайди-ю, унга чоптирадиган бўлсам, отам мани оқ қилиб юборади”, деб жавоб беради. Улар худодан қўрқмайди, жазодан қўрқмайди, аммо отасидан ўлгудек қўрқади...
Командирнинг кетига яна бир марта ўхшатиб тепиб кузатдим. Демак, гвардиячиларнинг оталарини қўлга олиш керак экан деб хулоса чиқардим. Мияси айниган чолларни қандай қилиб қўлга олиш мумкин? Эҳ, ҳозир Ҳасанали бўлганда-ку, мушкулим хийла осон бўларди-я!.. У бир куни: “Агар ман Юртменбоши бўлиб қолсам, аҳолига ўз хисобимдан замонавий қулайликларга эга бўлган ҳожатхона қуриб берардим”,  деган эди. Аҳоли замонавий ҳожатхонадан  не мақсадда фойдаланади? Деворига Юртменбошини сўкиб ҳар хил гапларни нажас билан ёзиб қўймайдими?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...