среда, 25 апреля 2018 г.

128. Ўй босган эшаклар


Талабалик йилларимдан соат ўнда ётиб, эрталаб барвақт уйғонишни одат қилганман. Мундоқ хомчўт қилиб кўрсам, салкам олтмиш йилдан буён қатъий жадвал бўйича яшаётган эканман. Одам уйқусини тартибга солса, сўнгра нафсини ҳам бемалол ўз иродасига бўйсундириши мумкин. Ҳайвоний нафс исканжасида яшайдиган кимсаларни ҳар мақомга йўрғалатиш осон бўлади. Албатта, “бўрдоқилар”ни биринчи планга (муҳим раҳбарлик лавозимларига) чиқариб бўлмайди. “Йиққан-тергандан қўрқма, егандан қўрқ” деган мақола бор. Йиғиб-терадиган галварснинг мол-мулкини бир кун келиб бемалол мусодара қилиш мумкин, еб қўйган одамнинг мол-мулкини эса шудгордан қидириш керак; ўшанда ҳам аллақачон маҳаллий ўғитга айланиб тупроққа қўшилиб кетган бўлади.
Август ойида эрталаб роппа-роса тўртда уйғонаман, ой охирига бориб тўртдан ўттиз дақиқа ўтганда уйғонаман. Ҳар куни бир дақиқа кўпроқ ухлайман. Яъни, кун қисқариб боргани сари уйқум ҳам ўз-ўзидан узайиб бораверади. Демак, табиатга ҳамоҳанг ҳаёт кечирар эканман, ман аллақачон табиатнинг ажралмас бир парчасига айланиб қолганман.
Тарки одат – амримаҳол. Олтмиш йиллик одат темир қоида ҳисобланади. Бу қоидани бузиб ҳам, ундан чекиниб ҳам бўлмайди.
Турасолиб бадантарбия билан шуғулланмайман. Аввал баданимни қизитиб оламан, ён-атрофни яёв сайр этиб қайтаман. Кейинги йилларда хуфёна лаҳим-ерости йўлидан гоҳ Бўзсув қирғоғидан, гоҳ Чирчиқ бўйларидан чиқиб далайўлларда тупроқ кечиб юраман, нотаниш қишлоқларни оралайман. Яна лаҳим-ерости йўли орқали Қароргоҳимга хуфёна қайтиб олиш учун чиққан жойимдан олислаб кетмасликка ҳаракат қиламан. Устини ажриқ қоплаган тўшама туйнукдан олислаб кетсам, электр токини тақсимлайдиган трансформаторлар жойлашган (панжара билан ўраб қўйилган) ҳудудга монтёрлар келиб қолиши мумкин. Кейин улар ишларини битириб кетгунча ўша атрофда тентираб юришим керак бўлади. Баъзан монтёрлар айнан трансформаторлар остидаги ажриқзорга ёнбошлаб олиб “қиттак-қиттак” қилади; бир шиша арақни консервадан бўшаган банкага қуйиб ичишади. Қибрай тумани электр тармоқлари бошқармаси бошлиғига сигнал қилиб, тўрт-бешта алкаш монтёрнинг баҳридан ўтишга тўғри келди. Албатта, бола-чақаси бор электрчилар кўчага ҳайдаб юборилмади; маҳалла-кўйга хизмат кўрсатадиган бўлди.
Куз – маҳзун фасл. Юрак-бағирга ҳузн доғини муҳрлаб қўяди. Бу ёқда киши ёши ҳам куз фаслига ўхшайди. Табиатдан сира-сира ажралгим келмайди. Ярим қулоч таёқчамни (дайди ит-пит учраб қолса қўрқитиш учун олиб юраман) белимга тираб, икки қўлим тирсагини икки томондан таёқчадан ўтказиб сайр қилишни яхши кўраман. Қароргоҳга чегарадош ерлар боғ-роғ бўлиб кетган. Аксарият ҳосилдор ерларни Холматвойнинг қариндош-уруғлари тақсимлаб олган. Ҳикмат исмли битта жияни Дўрмон ижод уйига бораверишдаги йигирма беш гектар ерни қирқ тўққиз йилга ижарага олиб, боғ яратибди. Асосан гилос, қисман олхўри экибди. Баҳорда ниҳолчалар гуллаб, нишона берибди. Аммо расмона мевага кириши учун яна уч-тўрт йил бор экан.
Бир куни Бўзсув ёқалаб Қарамурт қишлоғидан чиқиб қолдим. Қишлоқ оралаб кетдим. Одамлар ўртаҳол ҳаёт кечирар экан: қутуриб кетган бойлари ҳам йўқ, ҳассасига таяниб қолган қашшоқ хонадон ҳам учрамади. Ҳовли-жойлар деярли бир хил кўринишда. Янги қад кўтарган иморатлар бор. Қишлоқнинг Киночилар оромгоҳига туташ қисмида маҳаллий аҳолига ажратилган томорқаларни четдан келган бойваччалар сотиб олиб данғиллама қасрлар барпо этибди. Ажабо, ўртаҳол ҳаёт кечирадиган аҳоли орасида ҳаромхўр бойлар қандай қилиб хотиржам яшаши мумкин? Бойларнинг болалари одмигина кийиниб юрадиган меҳнаткашларнинг фарзандлари  билан қандай муомала қилади?
Ҳикматвой гарчи ўзи ижарага ер олиб боғ яратган бўлса-да, боғини водийдан келган чорикор деҳқонларга ижарага бериб қўйибди. Водийлик деҳқонлар Наврўз арафасида келиб то кеч кузгача (қор тушгунча) пайкал бошига тиклаб олган омонат бостирма-чайлада умргузаронлик қилар экан. Наманганнинг Олмос қишлоғидан келган киши: “Ака, Ленин бобо ҳам асосий ишни чайладан бошлаган”, дейди ҳазил аралаш. “Бир гектар ер учун қанча ижара ҳақи тўлайсиз?” деб сўрадим. “Бўлади, ака, нолимайман. Манга ҳам қолади, Ҳикматвойга ҳам қолади. Буёғи тижорат сири”, деб кўз қисиб қўяди. Бола-чақаси, ҳатто бешикда ётган чақалоқ ҳам саккиз ой мобайнида бостирма-чайлада ҳаёт кечиради. Ҳув нарига гуваладан ҳожатхона қуриб қўйилган. Тандир, ўчоқ эса бостирмага яқин жойда экан. Хайрият, ариқчадан жилдираб сув оқяпти. Ювиниб олиш мумкин. Ғусл қилиш учун пақирдаги сувни кўтариб қуюқ боғ оралаб ичкари киришга тўғри келса керак. Ит ётиш – мирза туриш деб шуни айтадилар-да! Дастёр бўлиб қолган болалар экин-тикинларни чопиқ қилади, сув тарайди, ўғитлайди, помидор теради, бақлажон теради, бодринг теради, булғор қалампири теради ва ҳоказо. Ишқилиб, ота-она ҳам, бола-бақра ҳам тинч ўтирмайди. Битта манқа кампир эса бостирма-чайлада чақалоқ билан товуқларга қараб ўтиради; эрта тонгдан кампир шовқин-сурон кўтариб қарғашни бошлайди, ярим кечагача жағи тинмаса керак.
– Икромхон, болалар мактаб-пактабга бормайдими? – деб сўрайман.
– Тўрт синфни тамомлаган, хат-саводи бор. Ортиқчаси ортиқчалик қилади. Ўқишдан нима фойда бор? Ана, шартнома асосида ҳукуматга миллион-миллион сўм тўлаб олий ўқув юртини тугатиб “қизил диплом” олиб келган қанчадан-қанча йигит-қизлар ё Қозоғистон билан Россияга бориб, ёки ўзимизда мардикорчилик қилиб юрибди. Шундоқ бўлгач, ошно, ўқишдан нима фойда!
                         Диплом кўринишидаги билимни пишириб ейманми!
– Ҳа-а, кам бўлманг!
Кетар чоғим:
– Икромхон, Олмосда парилар яшайди дейишади, шу гап ростми? – деб ўсмоқчилаб сўрадим.
                         Э-э, парилар Кореянинг карисларига эрга тегиб кетяпти! – деб қўл силтади Икромхон хуноби ошиб. – Ўрисга тегса ҳам бир нави эди...
Икромхон омоч қўшилган эшакни картошка жўягига тўғрилаб: “Чўх, жонивор!” деб хивич билан шап этказиб кетига урди.
Ман Қароргоҳ атрофидаги у ёғи Чотқолга қадар чўзилиб кетган, бу ёғи Қозоғистон чегарасига бориб қадалган қишлоқларни, ям-яшил далаларни кезиб юриб бир нарсага гувоҳ бўлдим: тонг саҳарда пайкал бошида қозиққа боғлаб қўйилган ёки бостирма ёнида турган арава ғилдирагига боғланган эшаклар бошини эгиб ўйланиб туради. Байтал ҳам, ҳанги ҳам бошини эгиб ўйга ботиб тураверади. Эшакларни гўё ўй босиб қолганга ўхшарди. Хўтиклар ҳам ўйлашни ўрганиб олган, улар ҳам ўй суриб туришни яхши кўрарди. Тавба кардам, деб ёқамни ушлайман. Омоч тортадиган эшаклар ҳам, аравага қўшиладиган эшаклар ҳам ўй суради. Оқ эшак ҳам, қора эшак ҳам, кулранг ёки қўнғир эшак ҳам ўйлайди. Улар тун бўйи ўйланиб чиқса керак. Отлар тик туриб ухлаши мумкин. Эшаклар эса тик туриб ўйлайди.
Мўмин-қобил халқимиз бор, меҳнаткаш халқ. Хайриятки, шу халқ ўйлашни билмайди. Агар ўйлашни ўрганиб олса борми, эшакка ўхшаб ҳанграйвериб дунёни бузиб юборарди.
Манимча, онгли ҳаёт кечириш керак.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...