среда, 18 апреля 2018 г.

93. Бойсари


Хоразм йўлларида заҳар ичиб ўлган марҳум устознинг қишлоқда қолиб кетган амакиваччасининг тантиқроқ битта қизига Бойсари уйланган эди. Қизгина ўйинқароқлик қилиб билмасдан жийда тиконини босиб олади. Тикон товонига санчилиб қолади. Жийданинг остида кўзларини юмиб ётиб, оҳ-воҳ қилиб тиконни сувчига суғуртиради; сувчи лойга беланган бўз иштонининг пойчасини шимариб, бир отим носни тилининг остига носқовоқдан тўкиб, кетмонни елкасига ташлаб пахтазор ёқасидаги ўқариқ бўйлаб уфққа қараб кетади. Қизгина дўхтирга боради: “Товонимдан қон оқяпти”, дейди. Дўхтир разм солиб қараса, товон тешилган, лекин қон тўхтаган экан. “Тиктиргани келдингизми?” деб сўрайди. “Ўзи битиб кетмайдими?” “Тешилган нарса битмайди, кўзярага ўхшаб из қолдиради. Хўш, тиктирасизми ёки...” “Қон тўхтабди-ку, энди тиктириб нима қиламан”, дейди қизгина. “Бўпти, эҳтиёт бўлинг, энди жийданинг остида ётманг”, деб дўхтир уни кузатиб қолади.
Ўша воқеа дўхтирнинг оғзидан одамларга тарқалади. Агар қизгина фалончи амаким бўлади демаганда ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қоларди, ҳеч ким унга эътибор бермасди. Билмасдан тиконни босиб қўйиб войвойлаб қоладиган беморлардан кўпи борми! Ҳаммаси дўхтирнинг эсида қолмайди. Аммо фалончининг амакиваччаси тантиқроқ қиз ўстирган бўлса, қизгина товонидан қон оқизиб гинеколог-дўхтирдан муолажа олиб кетса, асло одамларнинг эсидан чиқмайди. Эснаб ўтирган қоровул бўлса ҳам эслаб қолади.
Қиз қишлоққа қайтиб келар-келмас дув-дув гап тарқалади. Эрталабгача бўз иштонли сувчи ҳам кўч-кўронини тракторга юклаб, хотин, бола-чақаси билан тоғдан ошиб Тожикистонга ўтиб кетишга улгуради. Қизгина эса чошгоҳ маҳали бўхчасини қўлтиғига қисиб вилоят марказига равона бўлади. Вилоят марказида битта идорага фаррош бўлиб ишга жойлашади. Вахтёр хотиннинг уйида ижарада яшай бошлайди. Бойсари шу идорада югурдак эди. Ҳар қандай янгиликни биринчи бўлиб вахтёр билан югурдак эшитади, кейин бошқаларга тарқалади. Дув этиб мишмиш тарқаладию тиниб қолади. Мишмиш тингач Бойсари хаёлларига эрк беради: у юлдузларни кўзларди, осмонга сапчиб юлдузларни узиб олмоқчи бўларди, лекин бўйи етмасди, қўллари қисқалик қиларди. Бир оқшом атайлаб иш вақти тугагандан сўнг идорада ушланиб қолади, швабрада пол юваётган қизгинага ёрдам берган бўлади. Ўз-ўзидан гап очилади, гап гапга қовушади, этга эт, бетга бет қовушади. Униси туртиб юборади, буниси йиқилиб тушади. Тонг чоғи идорада яна мишмиш тарқалади. Мишмишлар икки ёшнинг “висол ва бахт оқшоми”га уланиб кетади. Юлдузни кўзлаган ёш келин-куёв вилоят марказини тарк этиб пойтахти азимга йўл олади. У замонларда марҳум устоз ўлмаган эди: “Қаранглар”, дейди шотирларига. Шотирлари келин-куёвга қарашиб юборади; куёв катта даврага тортилади, келин туғуруқхонага жўнатилади – ой-куни яқин қолган экан, туғуруқхонага аранг етиб боради. Тўнғич чақалоқ кўпроқ сувчига ўхшармиди, Бойсарига ўхшармиди – номаълум. “Кўпроқ амаки бобосига ўхшайди”, деб гап тарқатади Бойсари.
Марҳум устоз хоразмшоҳ мўғуллардан қочган йўлларда заҳар ичиб ўлган кунга қадар Бойсари катта давраларда парвоз қилиб юради. Сўнг пана-пасқам жойларда ризқини териб, бир кунини ўтказади. Талатом босилади, ҳаёт ўз изига тушиб кетади. Бойсари у ёқ-бу ёғини қоқиб инидан чиқиб келади. Даврага қўшилади, даврадан даврага ўтади, охири катта даврага яна кириб олади.
Ман илк бора танишган чоғларимда Бойсари битта Дўкончининг чотига кириб олган эди. Кўпинча уларни битта даврада кўрардим. Фақат ўзи билган йўллар билан манга яқинлашди. Уч-тўрт марта қўл бериб кўришдик. Кейин катта бир йиғинда дадил келиб қучоқлаб олди; ўпишиб кўришди. Ўпишганимиздан кейин депутат бўлди. Майли, депутат бўлсин, дедим. Ҳар ҳолда, марҳум устознинг амакиваччасининг қизига уйланган, домод деган номи бор. “Э-э, домодликни бошқаларга топширган”, деди бир куни Пароканд. “Шунақами?” дедим ажабланиб. “Шунақа”.
Майли, дедим, кўнгил ишига аралашиб бўлмайди. Юраверсин, дедим.
Мусулмончиликка рухсат берилгач, Бойсари хориждан миллион дона тасбеҳ келтириб сотди. Ўзи ҳам чиройли тасбеҳларни ўйнаб юришни яхши кўрарди. “Нима бало, сиз ҳам диндор бўлиб кетдингизми?” деб сўрардим ҳазиллашиб. “Йўқ, ака, биз реалист одамлармиз, аҳмақ одамлар динга ишонади”, дерди қатъият аралаш. “Худога-чи?” “Худога ҳам эси бор одам ишонмайди...”
Худога ишонмайдиган одамдан узоқроқ юрган маъқул. Бойсарини ўзимдан узоқлаштирдим. Дўкончини ҳам нари сурдим. Улар нари сурилган одамларга қўшилиб наъра тортди. Унини ўчирдим. Уни ўчгач, қулоқларим тинчиб қолди.
Қароргоҳимда махсус саломхона барпо этилди. Бўйи 20 м., эни 14 м. Ўртага узун стол қўйилган, столнинг икки четида юмшоқ стуллар бор. Саломхонанинг қоқ ўртасида қўл пулемётининг ўқи ҳам тешиб ўта олмайдиган ойна бор. Ойна шу қадар тиниқки, токи одам юриб келиб ўзини уриб олмагунча ўртада тўсиқ борлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Ўзим нариги томонда туриб жўрттага бировни имлаб ёнимга чақираман; имланган кимса ҳаллослаб кела бошлайди ва бирдан пешонаси ойнага урилиб ё чалқанчасига йиқилади, ёки шалоп этиб ойна остига тушади. Турган жойимда қорнимни чангаллаб куламан. Пешонаси ғурра бўлган кимсани дўхтирлар замбилга солиб саломхонадан опчиқиб кетади.
Негадир лоп этиб эсимга Бойсари тушиб қолди. Унга янги иншоотни кўрсатгим келди, шекилли. Дарҳол уни топиб келишди. Тиржайиб саломхонада пайдо бўлди. Хонанинг нариги бошида туриб қўлимни кўтардим. У жойида таққа тўхтади. Сохта табассум афт-ангорига ёпишиб қотиб қолди. Бирпас унга разм солиб: “Бери кел!” деб имладим. Бойсари юриб эмас, югуриб истиқболимга ошиқди. “Стоп!” деб қичқирдим. Ўқ ўтмас ойна товушни махсус кучайтиргич воситасида нариги томонга ўтказиб беради. Товушимни эшитиб Бойсари яна тўхтади. “Ёт! Эмаклаб юриб келасан!” дедим. Бойсари эмаклаб югуриб кела бошлади ва ойнага боши билан урилиб бақага ўхшаб ялпайиб қолди. Кулгим қистади-ю, ўзимни босдим. “Опчиқиб кетинглар”, дедим. Опчиқиб кетишди замбилга солиб. У билан нима тўғрисида гаплашиш мумкин? Худога ишонмайди, охиратга ишонмайди... Ўзини худо деб ўйлайдими, ўзини икки олам сарвари деб ўйлайдими?
Дунёда битта худо бор, битта пайғамбар бор. Бойсари ортиқчалик қилади. У илгари юлдузларга талпиниб яшар эди; эшитишимча, ҳозир бойларга ва бойликка талпиняпти. Энди Бойсарининг исми ҳам жисмига монанд бўлган кўринади, энди дўкончи бўлиши ҳам мумкин.
Бойсарини яна қандай йўсинда эрмак қилсам бўлар экан?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...