понедельник, 23 апреля 2018 г.

104. Ҳозиқ


Қўйғувчи боғирға ҳузн доғи қарилиқ,
Солғувчи ғаму бало сўроғи қарилиқ,
Тутқувчи тўло фано аёғи қарилиқ,
Ўлмак хабарин берғувчи доғи қарилиқ.

Қишин-ёзин чойхонада бедана уриштириб ўтирадиган чолларга ўхшаб мўъжазгина япасқи қўл телефонимни носқовоқдек белимга осиб юраман. Телефоним товуш чиқармайди, хат-хабар жўнатилса майин-майин титрайди, худди Оқбош мушугим каби “хур-хур-хур” этиб қўяди. Боя Сирдарё кўпригидан ўтаётганимизда белимдаги тасмамга осиб қўйилган телефоним титраган эди; олиб қарасам, тавба кардам, Тошкентда қолган Қаламкаш SMS жўнатибди – тўртлик. Айнан ўша чоқлардаги кайфиятимни ифодалайдиган тўртлик эди. Муаллифи ким экан? Ҳар ҳолда, ўтиб кетган классик шоирлардан биттаси бўлса керак. Ҳозирги бесоқол шоирлар ёши етмишдан ошиб кетса-да, ҳатто ўлим тўшагида ётган пайтларида ҳам ўлимни ўйламайди. Ўлимни ўйлайдиган одам бачканаликни йиғиштириб қўяди, лаганбардорликни йиғиштириб қўяди ва мангулик тадоригини кўра бошлайди. Бизнинг бесоқоллар эса... Э-э, эналарини урай ҳаммасини! Уларга ақл бўламан деб азиз бошимдаги сочларимдан айрилдим, юзларимга ажин тушди, тез-тез хаёлим қочадиган бўп қолдим.
“Ўлмак хабарин берғувчи доғи қарилиқ...”
Андижон ҳокими бўлмиш Раҳмонқули (Нодирабегимнинг отаси) қўлида жон берган Олимхон қабрини тавоф қилаётган чоғимда телефоним яна уч бора титради. Юзимга такрор фотиҳа тортиб Дахмаи шоҳонни тарк этдим. Қабристон ташқарисида машинамга ўтириб, телефонимни қўлимга олсам экранда “ҳазрат Навоий” деган ёзув турибди. Ўзим ҳам бояги тўртлик муаллифи Алишер Навоий бўлса керак деб ўйлаган эдим. Ўйлаган ўйим лоп этиб хаёлимдан ўтган эди-ю, лекин қатъий қарорга келмаган эдим. Боиси – хаёлим ўзимизнинг бесоқолларга кўчиб кетгани.
“Раҳмат!” деб жавоб йўллаб телефонимни ғилофга тиқиб, костюм тугмаларини қадаб олдим. Ич-ичимда Қаламкашдан миннатдор бўлдим. У манинг дилимда нима гап борлигини уч юз чақирим нарида туриб ҳам аниқ-равшан билган эди. Қойил. Аҳмаджон Одилов билан Қодирвой масаласида ҳам айнан кўнглимдагидек, манга ёқадиган жўяли маслаҳат берганидаёқ Қаламкашни мусоҳибликка танлаб хато қилмаганимни англаган эдим. Тўртлик эса қарорим тўғри эканини яна бир бора тасдиқлади.
Хон Ўрдасининг остонасида машинадан тушдим. Атлас лозим-кўйлак кийган қиз-жувонлар Ўрдага кириладиган ғиштин йўлканинг икки тарафида қалдирғочдек тизилиб турарди. Шаҳар ҳокими билан музей-қўриқхона директори истиқболимга пешвоз чиқди. Улар билан сўрашиб, қўлимни пешонамга соябон қилиб Ўрда пештоқига қарадим: нақши нигор ҳам араб имлосида ёзилган ҳуснихат 150 йилдан буён ярқираб турарди.
-1918 йилда армани дашноқлар Ўрдани замбаракдан тўпга тутганми? – деб сўрадим.
-Тақсир, – деб қўриқхона директори қўлини кўксига қўйиб, бошини эгди, – энди ўзингиздан қолар гап йўқ.
-Тушунмадим, нима демоқчисиз? – деб унга қарадим.
-1915 йилда Сариқамиш фожиасидан сўнг турклардан калтак еб қочган арманилар большевикларнинг қаватига кириб олиб қўқонлик ўзбеклардан ўчини олган. Ҳозир ўша гап бизда ҳам кўтарилса, Фарангистонда истиқомат қиладиган армани қўшиқчиси Шарл Азнаур мустақиллик байрами арафасида Юртменистонга ташриф буюриб, шаънимизга чиройли гаплар айтиб кетмаса керак... Маъзур тутинг, шундан истиҳола қип турибман, – деди директор.
-Телевидениеда берилаётган рекламани кўрган экансиз-да, – деб кулдим. – Тарихда бўлиб ўтган воқеалар учун муҳожир арманилар айбдор бўлмаса керак.
-Шунақа-ю, лекин турклардан хун талаб қилаётган дашноқлашган арманилар 1918 йилда Қўқонда Туркистон мухториятига қарши уюштирилган хунрезлик учун Гаагадаги Халқаро трибуналда ошкора жавоб бериши лозим...
Афтимни буриштирдим. Директор жиккаккина, маҳмадонагина ўрта яшар киши эди. Негадир шунақа одамларни жиним суймайди. Ҳокимнинг қўлтиғидан олиб Ўрдага кирдик. Музей-қўриқхонани хонама-хона томоша қила бошладик. Умархон ҳукмронлик қилган давр акс эттирилган хонада бошсиз одамнинг расми диққатимни тортди. Худди ЎзАнинг фотомухбири Сарвар Ўрмон олган рангли фотога ўхшарди: бошсиз одамнинг елкасига елвагай беқасам чопон ташланган, чопон ичидан оппоқ яктак кийилган, яктак қип-қизил қонга ботган, қондан билинар-билинмас буғ кўтарилмоқда эди. Расм тепасида икки қатор шеър битилган экан:
“Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат”.
Музей-қўриқхона директори орқамдан яқинлашиб:
-“Ўз қаддингга маломатдан кафан бичдинг, Бу либос қиёматгача эгнингда қолади”, – деб шивирлади. Ажабланиб унга қараб қўйдим. Давом этди: – Бировни ноҳақ ёмонлаб айтилган гап, мазаммат, таъна – маломат дейилади.
-Биламан, – дедим энсаб қотиб. – Сарзаниш, накўҳиш ҳам маломат ҳисобланади. Ҳар ки дурўғ гўяд, сазои ў маломат бошад, – дедим. – Тушунарлими?
-Бале, – деди директор.
-Мисра муаллифи ким?
-Жунайдулла Ҳозиқ, – деди директор.
-Ман иқтибос келтирганим мисранинг муаллифи ким деяпман?
-Ҳозиқ, – деб такрорлади директор.
Зардали оҳангда гапирган заҳотим директорнинг мияси тормозланиб қолганини пайқадим; энди у Ҳозиқ деган сўзни минг марта такрорлаши мумкин, аммо нима деяётганини асло англамайди.
-Бу ерда бирорта билимдон инсон борми? – деб сўрадим ҳокимдан.
Ҳоким дарҳол ҳув нарида қўл қовуштириб турган мўйсафидга ишора қилиб ёнига чақирди.
-Яҳёхон акамиз олтмиш йилдан буён музейда ишлайдилар, – деб ҳоким мўйсафидни манга таништирди.
Сўрашдим.
-Отахон, “Ҳар ки дурўғ гўяд, сазои ў маломат бошад” мисрасининг муаллифи ким деб сўрасам, бу киши Ҳозиқ деб жавоб берди. Шу тўғрими?
-Тўғри эмас, – деди Яҳёхон. – Чамамда, Муҳаммад Носир бошсиз одам расми устида ёзилган фарднинг муаллифини сўраяпсиз деб ўйлаган бўлса керак.
-Фард икки мисра бўладими?
-Ҳа, икки мисра бўлади, – деди Яҳёхон.
-Ман бир мисранинг муаллифини сўрадим. Демак, бу киши фарднинг неча мисра бўлишини ҳам билмас экан-да! – деб директорни ниқтаб кўрсатдим.
-Ҳозиқ, – деди директор икки қўлини кўксига қўйиб, бошини эгиб.
Хахолаб юбордим. Ҳоким ҳам кулимсиради.
-Кечирасиз, исмингиз ҳам Ҳозиқ эмасми? – деб пичинг қилдим.
-Ҳозиқ, – деди директор.
-Йўғ-э, бу киши Муҳаммад Носир, – деб изоҳ берди ҳоким. – Табъи назми ҳам бор, ҳар баҳорда музей ходимларини ҳовлисига тўплаб сумалак сайли ташкил қилади...
-Кўриниб турибди, адаши Носир Хисравни танимаса ҳам ташкилотчилик қобилияти борга ўхшайди, – деб директорга бошдан-оёқ разм солдим. – Майли, Муҳаммад Носирни шаҳар Байналмилал марказига раис этиб қўйинг; у ўша ерда миллий қадриятларимизни тарғиб этиб юрсин.
-Хўп бўлади, – деди ҳоким. Ёнимдан бир қадам ортга чекиниб: – Боринг, Сувюқмас ака, Байналмилал марказига бориб бир қозон сумалакдан нечта тош чиққанини санаб кўринг! Пешиндан кейин ўзим Марказга бориб сизни ташкилот ходимларига таништириб қайтаман, – деди.
Муҳаммад Носир орқаси билан тисарилиб хонадан чиқиб кетди.
-Демак, Яҳёхон ака, бу бошсиз одам Ҳозиқ экан. У анави фардни ёзиб Умархоннинг ғазабига учраганми? – деб сўрадим.
-Йў-ўқ, у киши амир Насруллонинг ғазабига учраган. Насруллохон Қўқонни 1842 йилда қонга ботиради; подшо Маъдалихонни, шаҳзодани, валиаҳдни ва Нодирабегимни сўйдиради. Бухорога қайтаётиб шоирларга ўзини мақтатиб қасидалар ёздиради. Охири Бухорога яқин қолган бир пайтда Ҳозиққа ҳам ўзининг қаҳрамонлиги тўғрисида қасида ёзишни буюради. Ҳозиқ эса бехос ана шу фардни баралла айтиб юборади: “Буриди бар қади худ аз маломат, Либосе то ба домони қиёмат”.
-Ҳозиқ бу фардни бехос айтиб юборганми?
-У Қўқонда рўй берган хунрезликни кўриб эс-ҳушини йўқотиб қўяди, Насруллодан чексиз нафратланади. Кўнглида амирга нисбатан қаҳр-ғазаб пайдо бўлади. Йўл-йўлакай ичида шеър тўқийди, ички кечинмаларини икки мисра шеърга жамлайди. Насрулло буюртма берган заҳоти ичидаги гап ташига чиқиб кетади... Ҳазрат Махдумдан (Жомий бободан) илҳомланган бўлса керак...
-Ҳа, тушунарли, – дедим. – Кейин амир шоирнинг бошини олдирган... Қочиб кетмаганми?
-Шаҳрисабзга қочиб борган. Аммо амир орқасидан каллакесарларини жўнатиб, Ҳозиқнинг бошини Бухорога олдириб келган. Танаси Шаҳрисабзда қолган.
-Ҳа-а, ўзим ҳам шунақа бўлса керак деб ўйлаган эдим. Хўп, у ёғи тушунарли. Лекин Ҳозиқнинг бошсиз жасади расми бу ерда нима қиляпти? – деб картина остига ёзиб қўйилган рассомнинг исм-фамилиясини ўқиб кўрдим: “Юмомали Сомоний”.
-Гап шундаки, 1822 йилда Умархон бетоб бўлиб ётган пайтда Ҳозиқ хос табиб эди, хонни муолажа қилади...
-Ҳозиқ муолажа қилгани учун ҳам Умархон ажалидан беш кун бурун, айни қирчиллаган ўттиз беш яшар чоғида ўлган экан-да!
-Қандай дардга чалинганини табиблар аниқлай олмайди.
-Нима, бу картина Кўҳистондан сотиб олинганми? – деб сўрадим ҳокимдан ва расм муаллифини бигиз қилиб кўрсатдим.
-Рассом маҳаллий ижодкорлардан бўлади, фақат исм-фамилияси Кўҳистон такасига адаш, холос.
-Яҳёхон ака, ўзингиз ётадиган хобхонага мана шу расмни осиб қўйишингиз мумкинми? – деб савол бердим.
-Йўқ, – деди Яҳёхон бошини эгиб. – Муҳаммад Носирга шу расм ноўрин турганини бир неча марта айтганмиз, – деб гапини тасдиқлатиш учун ҳокимга қаради.
-Ҳа, тўғри, бир неча марта директорга ман ҳам эътироз билдирганман, – деди ҳоким жонланиб.
-Ҳокимнинг эътирозини инобатга олмайдиган музей-қўриқхона директори Байналмилал марказга раҳбарлик қилиши мумкинми? – Ҳоким ҳам, Яҳёхон ҳам ерга қарайди. – Майлаш, маҳмадона директор масаласини ўзларинг ўйлаб кўринглар, – деб нариги хона томон йўл олдим.
Ўрдани айланиб юриб кўрганим ишратхонани таг-туги билан йўқотиб, ўрнига майса экиб қўйиш тўғрисида буйруқ бердим. Лаънати хонларнинг асосий умри ишратхонада ўтгани учун ҳам мамлакат хароб бўлган, ўзлари ҳам путурдан кетган: аксарият хонлар қирқ-эллик йил умр кўрган, холос.
Қўқондан ҳазин тортиб қайтдим.
  Кейин билсам, хоннинг оила аъзолари яшайдиган ички ҳовли “ҳарам” деб аталар экан. Ман бўлсам, “ҳарам”ни ишратхона деб ўйлаб буздириб юборибман. Афсусландим, начора, энди кеч бўлган эди.
“Ўлмак хабарин берғувчи доғи қарилиқ...”

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...