среда, 18 апреля 2018 г.

96. H2O


Миллий гвардияда сув масаласига бағишланган отахонлар мажлиси ўтказилди. Вилоятларимизнинг чекка-чекка овулларида яшайдиган чоллар, ўртаяшар эркаклар уюшқоқлик билан пойтахтга етказиб келинди. Улар ёппасига Интерконтинентал меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Мажлисга нуфузли олимлар, дин пешволари, жамоат арбоблари ҳам таклиф этилди. Мажлис маърифий-оқартув мақомида бўлиб, миллий гвардия аскарларининг онгини юксалтириш ниятида ташкил этилган эди.
Мажлисхонага махсус камера ўрнатилган бўлиб, ман қароргоҳимда тўғридан-тўғри олиб берилаётган репортажни томоша қилиб ўтирардим.
Биринчи бўлиб кекса олимга сўз берилди. У салобат билан минбарга кўтарилиб ҳамма билан салом-алик қилди, сўнг қоп-қора доска-тахта ёнига бориб бўр билан сув формуласини катта қилиб ёзиб қўйди:
-H2O. Ҳаш икки О деб ўқилади, – деди тингловчиларга юзланиб. – Ҳаш (H) дегани водороднинг кимёвий белгиси ҳисобланади. Водород Д. И. Манделеев даврий системасининг VII гуруҳига мансуб кимёвий унсур, атом оғирлиги 1,0079. Водород малекуласи икки атомли. Рангсиз, ҳидсиз газ. Зичлиги 0,0899 г/л; 252,6 даража иссиқликда қайнайди. Қиздирилган ҳар хил унсурлар билан яхши бирикади. Хусусан, кислород билан бирикса сув ҳосил бўлади. Табиатда энг кўп тарқалган. Қуёш ва юлдузлар оғирлигининг етмиш фойизидан кўпроғини водород ташкил этади. Юлдузлараро муҳит ва туманликларнинг асосий қисми ҳам водороддан иборат... “О” белгиси эса кислороднинг кимёвий кўриниши бўлиб, Манделеев даврий системасининг VI гуруҳига мансубдир. Атом оғирлиги 15,9994. Бу ҳам рангсиз, ҳидсиз газ. Зичлиги 1,42897 г/л. Суюқланиш температураси 218,7 градус. 192,98 градусда қайнайди. Кислород Ер қобиғи оғирлигининг тенг ярмини ташкил этади. Сув таркибининг 88,8 фойизи ҳам кислороддан иборатдир. Шундоқ экан, азизлар, қандайдир кимёвий унсурлардан санам ясаб, уни улуғлаб сиғиниб ўтириш мақсадга мувофиқмикан? – деб олим сўзини риторик сўроқ билан якунлаб минбарни тарк этди.
Сездимки, у атайлаб “мақсадга мувофиқ” иборасини манга тақлидан талаффуз этди. Бошқаларга билдирмасдан манга ғойибона хушомад қилди.
Залда гулдурос қарсаклар янгради.
Салла ўраган миқти уламо минбарга кўтарилди ва кафтини очиб лабларини пичирлатиб узун дуо ўқиб юзига фотиҳа тортди. Сўнг таҳорат ҳақида гапирди, ғусл ҳақида гапирди, тозалик ва озодалик ҳақида гапирди.
-Халқимиз азал-азалдан тозаликка риоя қилиб келган, соғлом бўлишни истаган ҳар қандай банда аввало тозаликка амал қилиши керак, зеро, соғлом танда соғ ақл бўлади десам, ман кўпчиликнинг дилида турган гапни айтган бўламан. Фикримга қўшиласизларми? – деб нутқини якунлади.
Бу зот ҳам охирги гапида манга очиқ-ойдин тақлид қилди.
Залда яна гулдурос қарсаклар янгради.
Ола чопон кийган битта мўйсафид минбарга кўтарилди.
-Дунёда сувдан кўп нарса йўқ экан. Шундоқ бўлса, нима учун ҳар йили бизда қурғоқчилик бўлади? – деб атрофга маъноли разм солди.
Мажлисни олиб бораётган миллий гвардия командирининг маънавият бўйича ўринбосари ўтирган ўрнидан микрофонга чертиб:
-Отахон, мавзудан четга чиқилмасин, – деб огоҳлантирди.
-Хўп, яхши, – деб негадир лаб-лунжини кафти билан артиб олди мўйсафид. – Шу гапни бекор бошладим, билиб турибман. Лекин...
-Отахон, раҳмат сизга, ўтиринг, – деди ўринбосар.
Мўйсафид нима қилишини билмасдан каловланиб қолди. Иккита барваста аскар отахоннинг қўлтиғидан олиб оёқларини ерга теккизмасдан минбардан кўтариб тушиб кетди.
-Назаримда, ҳамма нарса тушунарли бўлди. Биз сувдан керакли жойда керакли миқдорда фойдаланишни ўрганишимиз лозим. Қадим замонларда сув кам бўлгани учун кесакдан фойдаланишга тўғри келган. Ҳозир ундай қилмаслик керак. Шу гапимни биргалашиб жиддий ўйлаб кўрсак, қарши эмасмисизлар? – деб ўринбосар залга маъноли тикилиб қолди.
Баччағар-эй, у ҳам манга ғойибона пахта қўйди.
Залда гулдурос қарсаклар янгради.
-Ижозат берсаларинг, сув масаласига махсус бағишланган отахонлар мажлисини ёпиқ деб эълон қиламан, кейинги мажлисимиз Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши масаласига бағишланади, – деб ўринбосар ўрнидан туриб ўнг қўлини кўксига қўйиб қаддини ғоз тутиб турди.
Магнитофондан мамлакат мадҳияси эшитила бошлади. Одамлар жўрттага лабларини қимирлатиб гўё мадҳияни жўр бўлиб куйлаётгандек ўзларини кўрсатишга ҳаракат қиларди...
Мажлис оқилона ташкил этилиб, кўтаринки руҳда якунланган бўлса-да, лекин кутилган натижа бериши даргумон эди. Шу боис “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг махсус сонини сув масаласига бағишлаш тўғрисида кўрсатма бердим.
Балки, орқа бўғзини кесакка артган одамга ўн саккиз минимал маош миқдорида жарима солган маъқулдир? Кейин жарима миқдори ҳар гал мустақиллик байрами арафасида юз фойиздан ошириб борилиши мумкин... Кескин чора кўрилмаса, миллий гвардияни Дишон қалъадан бошқа жойга кўчириб юборишга тўғри келади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...