среда, 18 апреля 2018 г.

98. Суюрғол


Мустақилликдан олдинги “мустақиллик” даврида подшолар салтанатга садоқат билан хизмат қилиб алоҳида ўрнак кўрсатган фуқароларга ер-мулк инъом этган, махсус ёрлиқ ёзиб остига муҳр босиб берган. Шундай ёрлиқ “суюрғол” дейилган. Суюрғол муддатсиз ҳисобланган, ер-мулк эгаси етти пуштига – токи авлоди қирилиб кетгунча мерос қолдириш ҳуқуқига эга бўлган. Замонлар ўзгарган, подшонинг авлодлари бир-бирини еб адо қилган, янги сулола ҳукмронлиги бошланган. Агар суюрғол соҳиби сиёсатга аралашмаган бўлса, қисқаси, жорий этилган қонунлар бўйича давлат жиноятчиси ҳисобланмаса, бемалол эски имтиёзлардан фойдаланган. Суюрғол берган подшо ўлиб кетган бўлса-да, лекин унинг лафзи қолган, подшонинг лафзи бекор қилинса ҳар қандай ҳукмдор эл наздида бебурд бўлиб қоларди. Шу боис марҳум подшонинг лафзи ҳам тахтда ўтирган подшонинг фармони каби қонуний кучга эга бўлган. Тож-тахт даъвогарлари мухолифатни бирлаштириб подшога қарши суиқасд уюштирган, подшони ўлдирган, меросхўрларни тиғдан ўтказган, аммо лафзига хиёнат қилмаган. Подшонинг лафзи ҳалол бўлган. Лафзга барча бирдек риоя этган.
Суюрғол муддатсиз кучга эга эди. Лафз эскирмаганидек, суюрғол ҳам эскирмасди. Алалхусус, темурийзода подшолар томонидан берилган суюрғол шайбонийлар замонида ҳам ўз кучини сақлаб қолади. Суюрғол бекор қилинса, ҳокимиятга ишонч йўқоларди.
Тарихдан сабоқ олиш керак. Тарихнинг ўрнак бўладиган томонлари ҳам бор. Ўтмишни ёмонлаб, у томонга ғириллатиб тош отишдан ҳеч қандай фойда йўқ.
Мустақилликдан сўнг колхоз-совхозлар тугатилди, уларнинг ўрнида фермер-деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. Ер-мулкни ҳеч ким тортиб олгани йўқ, ер-мулк ҳақиқий эгасига қайтарилди. Ер – ишлаганники, от – минганники. Шўро замонида ер давлат мулки ҳисобланарди. Ҳозир ер қирқ тўққиз йил муддатга ижарага берилган. Қирқ тўққиз йилдан сўнг ер ижарачиларнинг хусусий мулкига айланади. Тўғри, тақсимот чоғида шошмашошарликка йўл қўйилган экан: беш-ўн гектар ерга эга бўлган фермер-деҳқон хўжаликлари ҳам ўз ҳолича мустақил бўлиб олди. Уларда на техника бор, на ишчи кучи етарли. Оқибатда фойда ўрнига зарар кўрди, охири бўйнигача қарзга ботиб қолди. Энди нима қилиш керак? Биттаю битта оқилона йўл қолди – фермер-деҳқон хўжаликларини йириклаштириш лозим. Хўжаликлар йириклаштирилди; майда хўжаликлар бирлаштирилиб энг камида икки юз гектар ерга эга бўлган йирик хўжалик ташкил этилди.
Ерни давлат тортиб олгани йўқ, ер ҳамон ўз эгасида қолган. Фақат ерга эгалик шакли ўзгарди. Боз устига, давлат кўп машаққатларни ўз зиммасига олди: уруғлик, минерал ўғит, техника учун ёқилғи етказиб берилади; ҳосил кўтарасига сотиб олинади, хом ашёни қайта ишлаш, омборхонада сақлаш каби даҳмазалардан деҳқонлар қутқарилган. Айтайлик, пахта толасини жаҳон бозорига чиқариб сотиш жиддий муаммога айланган бир пайтда деҳқонлар дўпписини осмонга отиб хурсанд бўлса арзийди. Чунки улар Ливерпулдаги ўйинларда иштирок этмайди. Ливерпул жуда чатоқ шаҳар, яқинда “Ливерпул” командаси “Манчестер Юнайтед”ни қақшатқич мағлубиятга учратди. Агар уларга “Пахтакор” рўпара келиб қолса борми, шармандаю шармисор этиб, қайтиб майдонга тушмайдиган қилиб юборишади. Албатта, ман ҳозир кўчма маънода ўхшатиш қиляпман; тўғри маънода айтадиган бўлсам, пахтакорларга ҳам ҳавас қилиб бўлмайдиган ҳолат юз бериши мумкин эди.
Деҳқонлар “фермер” деган ном олгандан буён мазза қиляпти. Ерга экади, тикади, ҳосилни йиғиштириб олади, тайёр харидорга маҳсулотини сотади, вассалом! Кейин қиш бўйи “гап” ейдими ёки тишининг кирини сўриб ётадими – ихтиёри ўзида. Ҳозир фермерман деган одамнинг остида икки-учтадан енгил машина бор, қўраси тўла мол-қўй, бўй етган қизларини пешма-пеш эрга беряпти, бўй етган ўғилларини пешма-пеш уйлантиряпти. Савол берсангиз: “Худога шукр, олтмишта қорамолим, юзта майда молим, ўттизта неварам, тўққизта чеварам бор”, деб тамшаниб қўяди. Ўз ҳаётидан мамнун бўлган деҳқонни дунёнинг қайси мамлакатида учратгансиз? Европа деҳқонлари доим забастовка қилгани қилган; америкалик фермерлар умумий аҳоли сонининг уч фойизини ҳам ташкил этмайди, шу боис миқ этиб товуш чиқаришмайди, юзта одам тўпланган жойда учта одам маст-аласт бўлиб қийқириб юрса ёки оғзидан боди кириб-шоди чиқиб думалаб ётса, ким ҳам эътибор берарди!
Мамлакатимизда ер деҳқонларга суюрғол этиб берилган. Яъни, мерос этиб қолдириладиган хусусий мулкдек бир гап: ота-она оламдан ўтиб кетса, бола-чақа эгалик қилади, бола-чақа оламдан ўтса, невара-чевара эга чиқади. Худога шукр, ҳар бир оилада энг камида ўнта бола-чақа, ўттизта невара, тўққизтадан чевара бор. Буюк келажак эгалари шулар эмасми? Улар биздан кўра доно, биздан кўра ақлли ва биздан кўра албатта бахтлироқ бўлмайдими?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...