среда, 25 апреля 2018 г.

127. Нажосат маскани


Марғилонда ибтидоий ипакчилик саноати қачон пайдо бўлганини ҳеч ким билмайди. Республикамизда пиллакорларнинг бозори касод бўлди. Марғилонда эса ипакчилик соҳаси батамом хусусийлашиб кетди, хонадонларда тадбиркорлик авж олди. Ажаб, ўтган асрнинг 60-йилларида атлас ишлаб чиқарадиган хусусий дастгоҳ яратган Довуд Иброҳим исмли киши олий жазога ҳукм этилган экан.
Марғилон тажрибасини бошқа шаҳарларда ҳам жорий этиб бўлмайдими? Ёки бошқа жойларда ипак қуртини боқиш қийинми? Ипак қурти қанақа бўлади ўзи?
Ипак қуртининг боши ташқи томондан қаттиқ хитин қобиқ билан қопланган бўлади. Хитин – ҳужайралар ажратадиган структурасиз оқсил модда ҳисобланади.
Умуман, ипак қуртининг танаси уч қисмдан иборат – бош, кўкрак ва қорин. Қорни мўгузсимон найза билан тугалланган. Қуртнинг боши ёстиқни эслатади. Биринчи ва иккинчи ёшдаги қуртнинг боши ялтироқ қора, улғайганидан кейин эса оч кулранг тусга киради. Бошнинг икки ён томонида олтитадан оддий кўзачалар ва мўйловчалар бор. Оғиз бўшлиғининг айланасида бир жуфт устки ва бир жуфт остки жағлар мавжуд.
Қуртнинг танаси бўғим – сегмантлардан тузилган. Боши яқинидаги дастлабки учта бўғим қуртнинг кўкрагини, қолган тўққизта бўғим эса қорнини ташкил этади. Кўкрак бўғимлари орасидаги чегара қорин томонидан кўриниб туради, қуртнинг орқасида эса бўғимлари туташиб кетган. Кўпчилик қуртларда кўкракнинг олдинги бўғимида махсус нақш бўлади, бу нақш “ниқоб” деб аталади. Қориннинг иккинчи ва бешинчи бўғимларида яримойсимон икки жуфт доғ бор.
Қорин тананинг олтидан беш қисмини ишғол қилади. Қориннинг саккизинчи бўғимида орқага қайрилган найзача – пих бор. Соғлом қуртларнинг найзачаси таранг бўлса, касал қуртларнинг найзачаси бўшашиб қолади.
Қуртнинг орқа чиқариш тешикчаси тўққизинчи бўғимда жойлашган бўлиб, уни устки томондан учбурчак шаклидаги клапан бекитиб туради. Клапаннинг сирти ва четлари дағал тукчалар билан қопланган.
Қориннинг терисида тўртта кичкина думалоқ доғ бўлиб, ҳар бир доғнинг ўртасида нуқта бор. Бу доғлар “ишиват дисклари” деб аталади. Дискларнинг биринчи жуфти саккизинчи бўғимда, иккинчи жуфти эса тўққизинчи бўғимда жойлашган. Бундай дисклар фақат урғочи ипак қуртида бўлади ва жинсий белги ҳисобланади. Бешинчи ёшдаги қуртларда бундай доғлар яққол кўриниб туради.
Қурт танасининг ён томонларида, биринчи кўкрак бўғими билан қориннинг саккизинчи бўғимида биттадан қора доғ бор. Бу доғлар ҳашаротнинг нафас оладиган бурнидир.
Ипак қурти уруғдан чиққан ҳамоно озиқлана бошлайди. Иккинчи ва учинчи куни иштаҳаси зўрайиб кўп озуқа ейди, сўнгра озиқланишни камайтиради. Тўртинчи ёки бешинчи куни овқатдан қолади. Шу кунлари қурт ўсиб, танасининг узунлиги икки ярим баробар ортиб кетади. Натижада пўсти торлик қилиб қолади ва пўст ташлашга эҳтиёж сезади. Қурт қулай жой топиб, ўзини ўша жойга ипак моддаси билан боғлаб “уйқуга толади”. Ипак қурти ухлаётганда пўст ташлашга ҳозирлик кўради. Олдинги бўғимлари шишиб шаффоф бўлиб қолади. Айни пайтда пўст ҳужайралари жадал кўпайиб, хитин қатлами пайдо бўлади. Эски қуриб қолган хитин қатлами янги қатламдан секин-секин ажралади, бунга пўст ташлаш безларидан чиқаётган суюқлик ёрдам беради. Мазкур суюқлик эски пўстнинг остки қатламини эритади. Ўртадаги ва устки қатламлар эса пўст шаклида кўчиб тушади.
Одатда, қурт боқиш даври 29-34 кун давом этади. Бешинчи ёш охирида қурт пилла ўрайди.
Тахминан, ўттиз кун мобайнида қурт танасининг узунлиги ўттиз баробар, оғирлиги эса ўн-ўн тўрт баробар ортиб кетади.
Ажаб-ажаб, ман “Пиллачилик қўлланмаси”ни мутолаа қиляпман-у, лекин кўз олдимда Жадид Ризо билан Собур Мирзо гавдаланади. Кейин уларнинг ёнига Шалтоқ шоир, Суннат Ношир, Иноят Махсум қўшилади. Жадид Ризо билан Собур Мирзо уч-тўрт йил давомида етилиб, ҳар бири салкам икки юз килограммдан тош босадиган бўлади. Шалтоқ шоир билан Суннат Ношир даромад келтирадиган вазифага тайинланган заҳоти чўчқага ўхшаб семириб кетади. Иноят Махсумнинг семизлиги эса касалликдан бошқа нарса эмас.
Жадид Ризо телевизорга чиқиб олиб маънавият мавзусида соатлаб сафсата сотади, баъзан давра суҳбатларини бошқаради. Калласи яхши ишлайди. Керак бўлса, Японияда рўй берган табиий офатларни ҳам ман илгари сурган ғояларга келтириб боғлайди ва: “Юртменбоши келажакни кўра олгани учун ҳам сунамига ўхшаган табиий офатлар Юртменистонни четлаб ўтяпти”, деб хулоса чиқаради, қизиғар!
Собур Мирзога “босмачи”лик соҳасини ишониб топшириб қўйганман. Ўзига томорқа очиб (“Юртменистон” нашриёти), тендердан келадиган фойдани ими-жимида ўзлаштира бошлаган пайтдан эътиборан қорин қўйиб юборади. Ўзимча мўлжал қилиб юрибманки, ҳамкасблари орасида ҳам, жамоатчилик орасида ҳам бурди кетиб қолган Чиллаширни вазифасидан четлаштириб, “Жосуслар уюшмаси”ни (Ҳ. Қодирий ибораси) ҳам Собур Мирзонинг ихтиёрига топширсам, ҳамма хурсанд бўлса керак.
Тирик вазнининг олтмиш-етмиш фоизи нажосат бўлган тавиялар нафис адабиётни бошқарса, маънавиятдан сабоқ бериб ўтирса, манимча, Жонсарак Мирзога памфлет учун яна битта мавзу топилади. Майли, Жонсарак памфлет ёзса ёзаверсин, энди унинг жажжи дурдоналарини пешма-пеш эълон қиладиган бирорта минбар йўқ. Эҳтимол, сақлаб қўйса, ўлимидан кейин сайланмасида бола-чақалари нашр этиши мумкин.
Ман ўйлаган мавзуни Навоий бобо тўрт қатор шеърда аллақачон михлаб қўйган экан:
“Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур.
Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки эр ўғлига қорин душмандур”.
Офарин, бобо, офарин! Ман бўлсам, “Пиллачилик қўлланмаси”ни титкилаб фаровонлик тўғрисида беҳуда бош қотириб ўтирибман-а! Ебтўймас бу халққа атлас ҳайф, ипак ҳайф! Топганини қорнига тиқиб, кетини кесакка артиб юраверсин...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...